ШИҚИР… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Сизга бекор қўнғироқ қилдим, шекилли, — деди Дилзода Муҳиддинга уялибгина қараб қўяркан, — овора қип қўйдим.

— Сира овора бўлганим йўқ. Агар телефон қилмаганингизда, шундай ажойиб хушхабарни энг биринчи менга айтмаганингиз учун сиздан хафа бўлардим, — дея кулимсираб чуқур нафас олди йигит. Чунки ёпишиб турган кофтаси, жинси шими ўзига ярашиб, қадди-қоматини янада кўркам қилиб юборган қиздан ширин хушбўй атир ҳиди келаётган эди.

— Менинг турмушга чиқаётганим сиз учун хушхабарми? — деб бирдан юришдан тўхтади Дилзода.

— Албатта, чунки кимга эрга тегишингизни биламан, — деди бамайлихотир Муҳиддин.

— Кимга экан? — деди қизара бошлаган Дилзода.

— Менга-да.

— Қанақасига сизга бўлсин? Айтдим-ку, қариндошларимиз оқ ўраб кетишди, деб.

— Нима бўпти? Ўша ўралган оқни қайтариб ўзларига ўраб юборасиз.

— Нега энди? Ҳе йўқ, бе йўқ, қайтаравераманми?

— Нима қилибди?

— Тавба, сиз ҳали менга ҳеч нима демаган бўлсангиз. Яна…

— Айтаман. Озгина бир-бировимизга кўникиб олайлик, деб кутаётгандим. Қарасам, бир нимадан қуруқ қолгандай турмушга чиқмоқчи бўляпсиз.

— Муҳиддин ака, устимдан кулиш учун мени бу ерга олиб келдингизми?

— Менга тегинг. Қўйинг ўша қариндошингизни. Ҳозир Ўжарқул отага телефон қиламан. Бугуннинг ўзида уйларингга совчи бўп боради. Кейин иш пишади.

— Муҳиддин ака, рости, сизни сира тушунолмаяпман. Аниқроғи, майнавозчилик қилаётганга ўхшайсиз.

— Юринг, табака еймиз. Баҳонада бемалол гаплашиб оламиз.

Дилзода индамади. У энди, ҳақиқатан ҳам, қизариб кетганди. Муҳиддинни биринчи кундан ёқтириб қолганини ҳаммадан яширса ҳам, ўзидан яширолмасди, албатта. Аммо йигитнинг ишдан бошқасини билмаётгани унинг аламини келтирди. Шу алам устида бугунги совчиларга розилик бериб юборди. Кейин хонасига кириб ўзидан-ўзи йиғлади. Шунда миясига бир фикр келди ва меросхўрни чақиб олиш учун унинг телефон рақамини терди. Муҳиддиннинг овозини эшитгач эса, ўз-ўзидан юмшаб, учрашувга розилик бериб қўйди. Бунга сабаб йигитга нисбатан бефарқ эмаслиги бўлса, иккинчи томондан, туғилганидан бери камбағалликда яшаётгани учун қийналиб кетганди. Отаси заводда ишлайди. Онаси мактабда. Икковиям фақат ойликка кун кўради. Дилзоданинг икки синглиси ва икки укаси бор. Улар кетма-кет вояга етишяпти. Демак, вақти келиб, уйланаман, турмушга чиқаман, ўқийман, дейди. Улардан олдин ота уйини тарк этиб кетадиган Дилзоданинг кейинги ҳаётиям кундай равшан. Чунки унга уйланмоқчи бўлган қариндоши ҳам худди отаси каби заводда оддий слесар экан. Демак, у ҳам ойликка термилган.

Дилзоданинг яхши еб-ичгиси, ора-чора кечки овқатни ресторанда қилгиси, машина мингиси келади. Ахир одам ҳаётга бир марта келади-ку. Шу бир марталик ҳаётни фақат камбағалликда ўтказиш шартми?.. Муҳиддин билан Ўжарқул отанинг ўзаро гап-сўзларини чала бўлса ҳам эшитди. Англагани шу бўлдики, қария кутилмаганда пайдо бўлган бу йигитга дўконини бутунлай бермоқчи… Тўғри, аввал ҳам биттаси келувди. Лекин унинг боши маишатдан чиқмаган, устига-устак, дўконда ишлаётганларнинг барини бўшатиб юборганди. Муҳиддин бўлса, тиним билмай ишлаяпти. Дўконда мижоз кўпайди. Демак, унинг келажаги порлоқ. Агар қиз шу йигитга турмушга чиқса, ҳамма орзулари ушалади.

Кўзи билан ер сузиб турган қизга қараб Муҳиддин:

— Сизнинг дилингизни оғритиб қўйдим, шекилли. Менимча, ўзингиз ёқтирган одамга турмушга чиқмоқчи бўлаяпсиз-у, мен сизни йўлдан ураётганга ўхшайман, — деди.

Дилзода нигоҳини ердан узиб, йигитга қаради.

— Менинг ҳалигача яхши кўрган йигитим бўлмаган, — дея чуқур хўрсинди у.

— Юринг унда, ҳозир биз учун пиширилган табака совийди. Кейин ҳар доимгидай мен оч қоламан, — деди Муҳиддин кулиб.

Қаҳвахонада қиз билан йигит тамадди қилиб бўлишгунча, асосан, Муҳиддин гапирди. Ора-чора бир нималарни сўраб қўймаганини айтмаганда, Дилзода уни жимгина тинглаб ўтирди.

— Ростини айтайми? — дея жилмайди Муҳиддин хизматчи қиз унинг олдидаги бўшаган ликопчани олиб кетганидан кейин.

— Нима, шу пайтгача ёлғон гапираётганмидингиз? — дея қиз стакандаги шарбатни қўлига олди.

— Йўғ-э, рост гапираётувдим. Лекин ҳозир бошқа нарсани айтмоқчиман. Хуллас, мана шу ерда биринчи марта ўтиришим. Ҳар сафар кафенинг ёнидан ўтиб кетардим. Қорни тўйиб, кекириб чиқаётганларга ҳавас билан қараб қўярдим. Ҳозир табака еяпман-у, шу нарса эсимга тушиб қолса, денг.

— Ишонмайман. Ўжарқул Рустамовичдай бойваччанинг қариндоши бунақа жойлардан шунчаки ўтиб кетмайди.

Муҳиддин кулди. Бармоғини столга уриб, қизга бироз қараб турди-да, Ўжарқул ота билан қандай танишгани, кейин қариянинг дўкон совға қилгани ҳақида сўзлай кетди.

Дилзоданинг бутун вужуди қулоққа айланганди. Гоҳ қошлари чимирилар, гоҳ киприклари пирпирар, гоҳида эса ранги бироз оқарарди. Муҳиддин бўлса, гапиргани сайин қизишиб борарди.

— Мен тиланчига ўхшаб қолдим, — деди у ҳикоясининг охирида асабийлашиб, чўнтагидаги сигарет қутисини олиб стол устига қўяркан.

— Йўқ, унақа деманг, — деди бирдан Дилзода, — бу тиланчиликка кирмайди. Мерос деса бўлади. Чунки сиз унинг ёнига илтимос қилиб бормагансиз-ку. Агар сиз бўлмаганингизда, эҳтимол, бошқа бировга берган бўларди.

— Балки… Лекин алам қилаётгани — сиз мени ёлғиз қолдириб кетаётганингиз. Ўзим оддий журналист бўлсам, осмондан тушгандай битта дўкон қўлимга тушиб қолган бўлса. Уни энди сизсиз қандай бошқараман? Агар ҳамма мени бараварига алдашга тушиб кетса борми, тамом, тўрт кунда дўкондан асар ҳам қолмайди.

— Сиз менга шунинг учун уйланмоқчимисиз?

Муҳиддин бошини қашлади. Сигаретдан бир дона олиб, аввал бармоқлари орасида озгина эзғилаб турди-да, сўнг лабига қистирди. Дилзоданинг нигоҳи эса ерга қадалди. Шу ҳолида у Муҳиддиннинг кўзига ҳар доимгидан-да гўзалроқ кўриниб кетди. «Номард, нималар деяпсан? Қизнинг кўнглини вайрон қилдинг-ку. Бу қиз ҳеч вақт бойлик учун турмушга чиқадиганларданмас», хаёлидан ўтказди. Сўнг:

— Мен бойлик учун дунёга келган эмасман. Бошқаларни ҳам шундай ўйлайман. Сизни, ҳақиқатан ҳам, ёқтираман. Бунга ҳозир яна бир карра ишонч ҳосил қилдим, — деди.

Дилзода чиройли кўзини унга қадади ва ўта нозиклик, ўзгача бир маданият билан йигитнинг бармоқлари орасидаги сигаретни олиб қўйиб:

— Мен турмушга чиқадиган одам сигарет чекмаслиги керак, — деди.

Муҳиддиннинг кўнгли ёришиб, юзида табассум пайдо бўлди.

— Ура, — деб қизнинг қўли устига қўлини қўйди, — ура!

— Жиннивой, — дея жилмайди Дилзода, — одамлар қараяпти.

— Қараса қарасин! Кўриб қўйсин мен қандай қизга уйланаётганимни!.. Ювамиз, шампань виноси ичамиз!

— Тисс, — қиз кўрсаткич бармоғини лабига теккизди, — бугун эмас!

— Нега?!

— Мен уйимдагиларга айтайин. Жанжал бошланиб тугасин, ундан кейин…

— Шошманг, хоним! Нега энди жанжал бўлиши керак экан? Ҳозир силлиққина битирамиз ҳамма ишни, — деб Муҳиддин қўл телефонидан Ўжарқул отанинг телефон рақамини терди. Чақирув анча вақт давом этди. Лекин Ўжарқул ота телефонга жавоб қайтармади.

— Бугун қайта-қайта қўнғироқ қилишга ҳақим бор. Бугун мен уйланадиган қизим ҳақида унга айтишим керак. У мен учун, барибир, совчи бўлиб боради, — деди Муҳиддин ва яна қўнғироқ қилди. Бу сафар Ўжарқул отанинг телефонидан бошқа одамнинг овози эшитилди.

— Кечирасиз, Ўжарқул Рустамович…

Кутилмаганда Муҳиддин сўзлашдан тўхтади. Юзидаги табассум ўрнини қайғули қиёфа эгаллади. Ранги оқариб қовоғи уйилди.

— Қачон? — деб сўради жуда паст товушда.

— Жони узилганига бир соат бўлди, — деди бегона одам. Сўнг телефонни ўчириб қўйди.

Муҳиддиннинг нигоҳи ғамгин тортиб, кўзидан ёш сизиб чиқди ва беихтиёр ўрнидан турди.

— Тинчликми? — сўради Дилзода йигитнинг тусидаги ўзгаришни кўриб.

***

 

Муҳиддин қизга маъюс тикилиб, қулт этиб ютинди. Ҳаво етмаётгандай, кўйлагининг тугмаларини ечди. Кейин бўшашиб қайтиб жойига ўтираркан, бошини кафтларининг орасига олиб, чуқур хўрсинди.

— Мени қўрқитманг, Муҳиддин ака, ҳозир юрагим ёрилиб кетади. Айтинг, нима бўлди ўзи?! — деди Дилзода йиғлагудек бўлиб.

Муҳиддин нигоҳини ердан узиб, қизга қаради.

— Ўжарқул ота… — дея яна чуқур хўрсинди ва гапиришдан тўхтаб, бир муддат сукут сақлади.

— Нима бўпти Ўжарқул отага?! — деди тоқатсизланиб Дилзода.

— Бандаликни бажо келтирибди, — дея Муҳиддин кўзидаги ёшни артди.

— Нега? — деди қиз ранги оқариб. — Нега унақа бўлади?!

— Кетдик… Ҳозироқ уйига етиб боришим керак, — деб Муҳиддин ўрнидан турди.

Улар сершовқин кўчага чиққанларидан кейин Муҳиддин икки юзи олмадай қизарган Дилзодага бир муддат тикилиб турди-да:

— Сизни уйингизгача кузатиб қўймаганимдан афсусдаман, — деди хижолатли овозда.

— Ҳали кузатасиз. Мен сиз билан бирга бораман, — дея жавоб берди Дилзода.

— Кеч бўп қолди. Бунинг устига, қиз боласиз. Ҳозир уйингизга бораверинг. Кечқурун… Шошманг, йўлимиз бир-ку. Ҳозир такси тўхтатайин, — деб Муҳиддин бир-бирини қувиб, зувиллаб ўтаётган машиналар томонга ўгирилди.

 

* * *

 

Ўжарқул отанинг маҳалласида кўчанинг икки юзида машиналар қаторлашиб турар, уларнинг аксарияти хорижники эди. Муҳиддиннинг ичидан бир нима чирт этиб узилди. Шу ерга етгунича: «Ўжарқул отанинг телефони бошқа бировнинг қўлига тушиб қолган-у, ўша одам менга беўхшов ҳазил қилган… Балки унинг Ўжарқул отада қасди бордир», деб ўзини овутиб келаётганди. Аммо тизилиб турган уловларни кўриб, кўнгли ғаш тортди. Дарвозага яқинлашгач, дарвозахонанинг деворларига қадаб қўйилган столларда хомуш ўтирган одамларга кўзи тушиб, юрак уриши тезлашди. «Рост экан-да», деган ўй ўтди кўнглидан. Битта-битта босиб ўтирганларга яқинлашди. Улардан бир-иккитаси ўрнидан туриб, Муҳиддинга жой кўрсатишди. Отасидай азиз бўлиб қолган инсоннинг ўлганига ҳалигача ишонгиси келмаётган Муҳиддин стулга омонатгина ўтириб, юзига фотиҳа тортди.

— Эртага соат ўн бирда чиқарамиз, — деди Муҳиддиннинг ёнидаги киши пичирлаб.

Йигит қилт этмади. У бир нуқтага термилиб қолган, чаккасидаги томирлари бўртиб чиққани чироқ ёруғида шундоққина кўриниб турарди. У анча вақтгача шу алпозда ўтирди. Бел боғлаб турганлар унинг қилт этмай ўтиришига ажабланиб қараб қўяётганини илғагач:

— Ота менга қадрли эдилар, — деб атрофга кўз ташлади ва чуқур хўрсиниб ўрнидан турди. — Эрталабгача шу ерда бўламан. Отамнинг таъзиясига бегоналардай келиб кетмайман. Агар бирор хизмат бўлса…

Йиғилганлар бир-бирига маъноли қараб қўйишди. Зеро Муҳиддин бу ерга келгунча мерос ҳақида гап бўлганди. «Бойнинг ўлими кўпчиликка байрам бўлади, — девди бир киши, — қараб туринглар, беш-бегоналар ҳам меросхўр бўп чиқади». Муҳиддиннинг гап-сўзлари ва ўзини тутиши ана шу гапнинг исботи бўлиб турганди. Бошқаларига нисбатан ёши улуғроқ, мўйлови оқарган киши унинг ёнига келиб, секин сўради:

— Ука, у киши сизга қанақа ота бўлади?

— Тутинган отам, — деди Муҳиддин томоғига бир нима тиқилгандек зўрға гапириб.

— Ҳимм, шундайми? — деди ҳалиги киши. Сўнг йигитга бир муддат тараддудланиб тикилиб тургач, гапини давом эттирди: — Ука, ҳозир бунақа гапларнинг ўрни эмас. Раҳматлини дафн этайлик, ундан сўнг ҳаммамиз ўтириб, бафуржа келишиб, гаплашиб оламиз.

Муҳиддин ҳеч нарсага тушунмай, ҳайрон бўлиб суҳбатдошига қаради.

— Кўринишингиздан тушунган, ақлли болага ўхшайсиз, ука. Ҳозир уйингизга бораверинг.

— Нега? Шунчаки кетавераманми? Ота менга шунчаки одам эмасди. Маъракаларида…

— Ҳов бола, — деб уларга яқин келди нарироқда уларнинг суҳбатини эшитиб турган киши, — боравер дегандан кейин боравер-да. Нима қиласан гапни кўпайтириб? Шунчакими, бошқами, ҳозир бу ердан туёғингни шиқиллат. Йўқса, йигитлар яхшилаб кузатиб қўйишади.

Муҳиддин ичидан зил кетди. Зўрға ўрнидан туриб, бошини хам қилганча бир-бир босиб таъзияхонадан узоқлашди.

У туни билан тўлғониб чиқди. Кўзига сира уйқу келмади. Ўжарқул отанинг қариндошлари уни нега қувиб солганини анча пайтгача тушунолмади. Отанинг уйида ўзига қилинган муомалани қайта-қайта хаёлида жонлантириб, неча бор таҳлил этди. Ниҳоят, отанинг қариндошлари нима учун ундан тезроқ қутулишга интилганини англади. Англади-ю, аламдан додлаб юборди: «Шунчалик ҳам паст кетадими одам дегани! Мен марҳумдан бирор нима ундириб қолиш мақсадида борганмидим?! Шунақа болага ўхшайманми?!» деб ўзига ўзи гапириниб, ўрнидан сапчиб турди-да, чироқни ёқди. Эшик ёнидаги михга илинган костюмининг чўнтагидан сигарет олиб лабига қистирди. Чамаси икки соатлар дераза ёнида турди. Беш-олтита сигарет чекди. Шундан сўнг қайтиб тўшакка ётди-ю, ухлаб қолди. Тушига Ўжарқул ота кирибди. У бошдан оёқ оппоқ либос кийган, жилмайиб турарди. Муҳиддин унинг қўлини ушлаб салом беришга ҳарчанд уринмасин, ёнига яқинлашолмасди. «Сени уйимдан қувиб солганлар мендан узоқлашган, бегоналашган қариндошларим бўлади. Тағин уларнинг гапига ишониб, дўконни бериб қўйма. Агар шундай қилсанг, руҳим чирқирайди-я», деди ота. У гапираётганда, негадир лаблари қимирламасди. Бошда қандай жилмайиб турган бўлса, шундайлигича тураверди. Муҳиддиннинг қулоғига эса отанинг гаплари аниқ-тиниқ эшитилди. Ўзи ҳам бир нималар демоққа оғиз жуфтлади, лекин улгуролмади. Ўжарқул ота кўздан ғойиб бўлди.

Муҳиддин уйғониб кетди. Унинг юраги тез-тез урар, бошида ҳам оғриқ бордай эди. Ёстиғининг ёнида турган телефони эса тинимсиз жирингларди. Йигит кўзини ишқалаб, телефонни қўлига олди-да, яшил тугмачасини босди.

— Хайрият, — деган овоз келди шу ондаёқ, — сиздан хавотир олаётгандим.

— Дилзода, — деди Муҳиддин ва дераза томонга қараб, аллақачон тонг отганини кўрди, — ухлаб қопман. Соат неча бўлди?

— Тўққиз.

— Эй, кечга қопман-ку. Вақт бунча тез ўтиб кетмаса… Сиз қаердасиз?

— Дўкондаман.

— Мен ҳозир таъзияга бораман. Бугун дўконга бориш-бормаслигимни билмайман, ўзингиз кўз-қулоқ бўп туринг.

— Хўп. Ҳа, айтганча, Муҳиддин ака, чой ичволинг. Оч юрманг, хўпми?

— Бўпти…

Муҳиддин шоша-пиша ўрнидан туриб дарров ювиниб келди. Апил-тапил кийиниб ташқарига чиқди.

У Ўжарқул отанинг уйига яқинлашиб кўрсаки, тумонат одам йиғилган. Отанинг дарвозаси олдида белини боғлаб марҳумнинг энг яқин кишиларидай турмоқчи эди. Бироқ бунинг сира иложи йўқ экан. Аллақачон яқинлари, яқинликка даъвогарлар эгаллаб бўлишибди. Муҳиддин анча берида тўхтади…

Роппа-роса ўн бирда тобут ҳовлидан олиб чиқилди. Муҳиддин тобут кўтариш мақсадида унга яқинлашмоқчи бўлди, аммо иложини қилолмади. Қўлдан-қўлга ўтиб келаётган тобут кўз очиб юмгунча анча берида турган усти очиқ юк машинасига олиб чиқилди.

Масжидда жаноза ўқилгач, марҳум қабристонга элтилганидан сўнг, ҳартугул, Муҳиддин тобутни кўтаришга улгурди. Шунда ҳам узоғи билан уч-тўрт қадам… У шу тариқа Ўжарқул ота билан видолашди.

Дўконга қайтиб келганда, тинка-мадори қуриганди. Бир томондан қорни очқаган, иккинчи томондан асаби бузилган. Бугун унга биров қаттиқ гапирмаган, жеркимаганди, мотам маросими рисоладагидек ўтганди. Лекин у ўзини қадрдонининг ёнидан четлатилган одамдек ҳис этаётганди. Шу боис ҳам асаби бузилган, кўнгли ғаш эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

 

loading...