Ҳиндистонлик сиам эгизаклари бир-биридан ажралишни хоҳлашмаяпти…

0

 

Улар Ҳиндистоннинг Чхаттисгарх штатида яшовчи Шиванат ва Шиврам Сахулардир. Бу сиам эгизаклари ҳозир 18 ёшни қаршилади.

— Биз бир-биримиздан ажралишни истамаймиз, — дейишмоқда улар. — Ажратиш ниятлари бўлса, гўдаклигимизда ажратишлари керак эди. Ҳозирги кунгача кўп врачлар бизга жарроҳлик амалиёти ёрдамида ажралишни таклиф этишди. Биз бош тортдик. Чунки худонинг ўзи бизга шундай иноят ато этди. Иккимизнинг танамиз алоҳида бўлса-да, руҳимиз битта…

Бу эгизаклар танаси қорин қисмидан бирлашиб кетган. Шунинг учун уларнинг ўпкаси, юраги ва қўллари алоҳида. Лекин оёқлар ва ошқозон битта. Икковлари биргаликда кундалик ишларни қойиллатиб бажаришади. Ҳатто, биргаликда югуришни ҳам ўзлаштиришган. Шиванат ва Шиврамлар оддий мактабда таълим олишди. Фақат аъло баҳоларга ўқишган. Чўмилиш амалини адо қилишда эгизаклар бир-бирларини чўмилтиришади. Зиналардан югурган ҳолда туша олишади. Овқатланишда ҳам сира муаммо йўқ.

2014 йили интернетда уларнинг кундалик ҳаёти ҳақида лавҳа берилганди. Шундан кейин кўплаб врачлар уларга жарроҳлик амалиёти ёрдамида ажралишни таклиф этди. Лекин эгизаклар бош тортишди.