ШИҚИР… (15-қисм)

0

 

 

* * *

 

Янгаси аламидан куйиб кетган, шекилли, тўйга келмади. Тоғаям қорасини кўрсатмади. Ҳартугул, Шарофат ваъдасида туриб, тўйдан бир кун аввал етиб келди.

— Аямнинг икки марта турмада ўтириб чиққан укаси қазо қилди. Ўзиям кўринишидан от ҳуркарди. Роса ичибди-да, уйига етиб келолмай, йўлда ухлаб қопти. Дўхтирлар юраги хуруж қилган, дейишибди. Ўша тоғамни сираям ёқтирмасдим. Шунинг учун таъзиясигаям бормадим. Бу ёққа эса: «Дугонамникига бориб келаман», деб баҳона қилиб, уйдан чиқиб кетдим. Бўлмаса, рухсат беришмасди-да. Сиз хавотирланманг, барибир, улар мени қидиришмайди. Отам тоғамникидан беш-олти кунсиз келмайди. Қани, кеп ҳам кўрсин-чи, аям еб қўяр агар, — деди у ортиқча саволга ҳожат қолдирмай.

Муҳиддин Шарофатнинг келганидан хурсанд бўлди.

— Ака, — деди Шарофат, — янгам билан бугун кўришсам бўладими? Тўйга кийишга бирорта кўйлак олишим керак. Янгам шаҳарнинг қизи. Ёрдам берарди-да.

— Янгангнинг иши бошидан ошиб ётибди. Сенга бошқа қизларни қўшиб бераман, хавотир олма, — деди Муҳиддин унга қараб кулимсираб.

Сўнг Шарофатни дўконга бошлаб борди. Қиз ҳайрон бўлиб, расталарга олазарак боқарди. Муҳиддин дўкон ходимларидан бирини ёнига чорлади. Шарофат бундан янада ажабланди.

— Бу қиз менинг синглим бўлади, — деди Муҳиддин сочи калта, қош-кўзини эринмай бўяган, бир қарашда ҳар қандай эркакни ўзига ром эта оладиган чиройли қизга юзланиб. — Ишингизни йиғиштиринг-да, бирга бозорга бориб, кийим танлашига ёрдам бериб юборинг. Ўзи пул ишлатмасин. Қани, мен билан хонамга юринг-чи, пул бериб юбораман.

Шарофат ҳангу манг бўлиб қолди. Бунақаси етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Буйруқ олган қизга эргашиб, у ҳам беихтиёр Муҳиддиннинг хонасига кирди. Акаси сейфни очиб, бир даста пулни олди-да, санаб ҳам ўтирмай, ходимасига тутқазди. Қиз кийимларини алмаштириб келишини айтиб, дарров хонадан чиқиб кетди.

— Ака, — деди ҳамон ҳайратдан ўзига келолмаётган Шарофат, — сиз шу дўконнинг хўжайинимисиз?

Муҳиддин мийиғида кулди.

— Шундай бўп қолди, Шарофат. Лекин буни қишлоқдагиларга айта кўрма, хўпми?..

Бахтиёрликдан Муҳиддиннинг юраги қувончга тўлди. Айниқса, ресторанда ҳамманинг кўз ўнгида Дилзоданинг бармоғига узук тақаётганда, бошқача бўлиб кетди. «Қанийди, ота-онам тирик бўлиб, шундай бахтли кунимни кўрганда», деб хаёлидан ўтказди ва кўнглидаги ўксик томоғига тиқилди. Йигитнинг хаёли бир зумга узоқ-узоқларга парвоз қилди. Ўзини ота-онаси бағрида тургандек ҳис этди. Ҳаёти кўз олдидан кино тасмасидек бир-бир ўта бошлади. Сўнг шундай кунга етгани учун юрагига ўзгача шукроналик инди. Бирдан енгил тортди. Ўзгача шодмонлик билан бармоғига узук тақаётган соҳибжамолга тикилди. Ҳаммадан мафтункор қиз билан нигоҳи тўқнаш келди.

— Келинг, рақсга тушамиз, — деди.

Унинг гапини куёвжўралар, келиндугоналар эшитиб, бараварига қарсак чалиб юборишди. Сокин мусиқа янгради. Келиннинг нозик қўллари куёвнинг елкасида бўлди, йигитнинг бақувват қўллари қизнинг белини қучди. Меҳмонлар, мезбонлар ўринларидан туриб, мусиқага мос равишда қарсак чала бошлашди.

— Жоним, мен жудаям бахтиёрман. Сизни бахтли қилишга, фақат файзли кунлар кўришингизга ваъда бераман, — деди Дилзода ёрининг қулоғига шивирлаб.

— Сиз мендан ҳам бахтли бўласиз. Дунёда ҳеч ким сизга тенглашолмайди, — дея жавоб берди Муҳиддин ҳам.

Мусиқа тугагач, келин-куёв ўзлари учун ажратилган жойга бориб ўтиришди.

Бу пайтда ўртани олиб борувчи радио сухандони Ортиқ Воҳид микрофонни қўлига олган ва бир-биридан ширин сўзлар билан келин-куёвни табриклашни бошлаб юборганди.

Дарвоқе, Ортиқ Воҳид тўғрисида ғалати гап юради. Эмишки, у эфир орқали бир қиз билан танишибди. Овози ширали, бунинг устига, сухандон жаноблари бўйдоқ эмасми, дарров сўзлардан гулчамбар ясаб, қизни маҳлиё қилиб қўйибди. Ортиқ Воҳидни ўйлаб, тунлари оромини йўқотган қиз йигитни шаҳарнинг қоқ марказидаги супермаркет ёнига учрашувга таклиф қилибди. Йигитнинг бир ярим метр бўйи икки қаричга ўсибди. Беҳад қувониб, дарров уйига бориб, кийимларини қайтадан дазмоллаб, соқолини қайта қиртишлаб, атир сепиб, учрашув жойига югурибди. Ярим соат кутибди, бир соат кутибди. Лекин қиздан дарак бўлавермабди. Ниҳоят, ҳафсаласи пир бўлиб, ғам-андуҳга ботиб, энди кетмоқчи бўлиб турганида, қип-қизил хориж машинаси супермаркет ёнига тўхтабди ва машинадан сочларини алламбало қилиб турмаклаган, лаблари ғунчадай, сарвдек қоматини кўзкўзлаб калта юбка кийган иккита қиз тушиб келибди. Умидлари яна куртак ота бошлаган Ортиқвой уларга яқинлашибди.

— Диля, шу ишингни қўйиб тур, Ортиқ акам кетиб қолади деб сенга неча марта айтдим, қулоқ солмадинг. Теперь как его найду? Хафа бўлган бўлсалар керак, — дебди қоп-қора силлиқ сочлари очиқ елкасини ёпиб турган соҳибжамол.

Бу гапни эшитган Ортиқвойнинг юраги гупиллаб кетибди.

— Йигит киши бир соат куБахтиёра, нима қип эркак бўп юрибди, Гу-ул? — дейди иккинчи қиз ҳам.

Улар қўлида гул билан ўзларига яқинлашиб келаётган Ортиқвойга эътибор ҳам беришмайди.

— Салом, қизлар, — дейди оғзи қулоғига етгудек тиржайган йигит, — мен Ортиқ Воҳидман.

Шу ондаёқ икки қиз ҳам унга тикилиб, кўзларини катта-катта очганча қотиб қолишади. Сўнг бир дунё орзу-умид билан учрашув жойига келган Ортиқвойга бошдан-оёқ қараб чиқишади ва кутилмаганда иккаласи ҳам хандон отиб кулиб юборишади.

— Фу-у-у, — дея лабини буради Гул деганлари ва афтини буриштириб, машинага ўтиради-да, дугонаси билан бирга жўнаб қолади.

Йигит музлайди… Шундан сўнг Ортиқ Воҳид эфир орқали қизлар билан танишмай қўйди. Танишсаям, учрашувга бормайди.

Ҳозир у даврани олиб бораяпти. Оддий гапларни ҳам шеърдек ифода билан гапиради у. Одамлар бу сўзамол йигитга тикилиб қолишган. Бироқ Муҳиддин унга эътибор бермайди. У ўз бахтидан сармаст. Ора-чора гўзаллар гўзали Дилзодага зимдан қараб қўяди. Шундай қиз унга насиб қилганига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмайди.

Сўнг меҳмонларга югуриб-елиб хизмат қилаётганларга кўз ташлади ва кутилмаганда Раънони кўриб қолди. Қиз маъюс эди. Келин-куёвга алам билан тикилиб ўтирар, Муҳиддиннинг ўзига қарашини кутарди. Мана, уларнинг нигоҳи тўқнашди. «Нега бунақа бўлди, Муҳиддин ака? Нега сиз ўзгани танладингиз? Мен ёнингизда эдим-ку… Озгина эътибор берганингизда, сизники бўлардим… Ёнингиздагининг чиройига учдингизми? Неча йил чиройига маҳлиё бўп яшайсиз?.. Ҳаммасига ўзим сабабчиман… Мени кечиринг! Сизни севаман, севганим учун кечиринг! Дағаллик қилганимнинг бош сабабчиси ҳам, аслида, мана шу эди!» хаёлидан ўтказарди Раъно. «Элчини жўнатибди-да, мўйловбой. «Бор кўр, қанақа тўй қиларкан? Тўйига нечта одам келаркан?» деган бўлса ҳам ажабланмайман. Ундан бошқа нима фикр ҳам чиқиши мумкин? Мана, Раъноой, кўринг, томоша қилинг, кейин бориб, шефингизга гапириб беринг», ўйларди Муҳиддин.

— Кимга қараяпсиз? — сўраб қолди бир маҳал ёнгинасида бахтдан маст бўлиб ўтирган Дилзода.

— Одамларнинг суқланиб қарашини кўриб, бизга кўзлари тегиб қолмасмикан, деб ўйлаяпман. Айтганча, дадамиз кўринмайдиларми? — деди Муҳиддин гап ўзанини бошқа томонга буриб.

— Мен ҳам ҳайронман. Лекин келишлари керак эди. Ойим: «Борадилар», деб айтганди. Балки, ичкари хонага киргандирлар. Уйдагилардан бирортаси келиб қолса, сўраб кўраман.

Муҳиддин унга бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилди.

Худди шу пайт уларнинг ёнига Шарофат келди. У замонавий кийимда роса очилиб кетган эди.

Шарофат аввал янгасининг, сўнг Муҳиддиннинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб табриклади. Кейин Муҳиддиннинг қулоғига:

— Кўнглим жудаям ғаш, уйдагилардан бирортаси кеп қолмасайди, деб қўрқаяпман, — деди шивирлаб.

— Адресни билишадими?

Шарофат елка қисди ва кўзининг таги билан ака-сингилни кузатиб ўтирган келинчакка жилмайиб қараб қўйди-да, даврадан чиқиб кетди.

 

***

 

Кеч соат ўндан ошганида, ёр-ёр мусиқаси остида келин-куёв ўринларидан туришди. Меҳмонлар ҳурмати учун рақсга тушишди. Сўнг уйга равона бўлишди.

Тўйдан сўнг Муҳиддин бор-йўғи икки кун уйида ўтира олди. Чунки уй саҳарлабдан хотин-халажга тўларди. Асосан, Дилзоданинг қариндош-уруғи.

Учинчи куни у чидаб туролмади.

— Дўкондан хабар олиб келайин, — дея баҳона қилди Дилзодага.

— Жоним, сиз кетсангиз, зерикиб қоламан, — деди келинчак гўё хафа бўлгандай.

— Зерикмайсиз, хоним. Мен бораман-у, қайтаман. Кейин анави шақилдоқ Шарофат ҳам зерикишингизга йўл қўймайди. Бечора акам қачон бирон жойга кетаркан-у, мен янгам билан маза қилиб гаплашиб ўтирарканман, деб юрибди.

— Барибир, у сизнинг ўрнингизни босолмайди-да. Кейин уйдагилар ҳам бугун эртароқ кетишмоқчи.

— Бораман-у, қайтаман.

Ҳа, Муҳиддин дўконга борди-ю, дарров ортига қайтди. Лекин шу фурсат ичида қуёш уфққа ёнбошлашга улгурганди.

Кечаси Дилзода тескари ўгирилиб олди.

— Ёлғончисиз, ваъдабозсиз. Ҳалитдан шунақа алдайдиган бўлсангиз, бир ойдан кейин нима бўлади? — деди у аразлаб.

Лекин унинг арази узоққа чўзилмади. Муҳиддин маҳкам бағрига босиб, лабидан устма-уст бўса олиши билан эсидан чиқди-кетди.

Эртасига Шарофат қишлоққа отланди.

— Уйга етиб боришинг билан қўнғироқ қилгин, — деб тайинлади унга Муҳиддин. Бироқ бир ҳафта ҳеч қандай қўнғироқ бўлмади. Яна икки кун ўтгандан кейингина телефон гўшагидан Шарофатнинг овози эшитилди. У ота-онаси аямай дўппослашганини, Муҳиддин олиб берган кўйлакни йиртиб ташлашганини айтиб, роса йиғлади. Муҳиддиннинг ичидан зил кетди. Ғазаби қўзиб, қўллари муштга айланди. «Агар ёнимда бўлганида, тоғам эканига ҳам қараб ўтирмасдим, ҳезалак», дея хаёлидан ўтказди. Сўнг яхши гаплар билан Шарофатнинг кўнглини кўтарди.

Муҳиддинга ҳақиқатан омад кулиб боққанга ўхшарди. Чунки ўз-ўзидан дўкони янада гавжумлашиб кетди. Машина сотиб олди. Ёшлар газетасига ишга ўтди. Ҳар ҳафта саҳифа-саҳифа мақолалари эълон қилина бошлади. Булардан ҳам унинг кўнглини осмон қадар кўтарган нарса Дилзоданинг ҳомиладор бўлгани эди. Муҳиддин еру кўкка сиғмасдан, шиддат билан, завқ-шавқ билан ишларди. Чарчоқ нималигини билмасди. Кечқурун ҳамма юмушларини адо этиб, уйига қайтиб келганида эса хотинининг кундан-кунга катталашиб бораётган қорнини меҳр билан силарди. «Ўғил бўлади, менинг суянчиғим бўлади», дерди жилмайиб. Истаганини худо рўёбга чиқарди, Дилзодага ҳақиқатан ҳам ўғил фарзанд ато этди.

Муҳиддин бахт унга ҳар томондан тинимсиз ёғилади, деб сира ўйламаганди. Шу боисдан баъзан қўрқувга ҳам тушар, бировнинг кўзи тегиб қолмасин, деб Дилзода билан ўғлини кўча айланишгаям чиқармас, ўзиям дўконга борган заҳоти хонасига қамалиб оларди-ю, кун адоғигача ходимларига кўриниш бермасди. Таҳририятга эса узоғи билан бир-икки соатгагина борарди. Ёзганларини топширар, муҳаррир билан учрашар, адабиёт тўғрисида суҳбатлашар ва чиқиб кетар эди.

Ўғли эндигина бир ёшга тўлиб, ҳар хил қилиқлар чиқарган маҳали эса яна битта дўкон сотиб олди. Буниси биринчисидан бироз кичкина эди. Лекин ўз пулига олган, бировнинг ҳадяси эмасди. Айнан мана шу томони уни янада қувонтирарди. Энди унинг юмуши икки ҳисса ошиб кетган, бош қашишга вақти йўқ. Ҳали у дўконга, ҳали бу дўконга, ҳали таҳририятга чопар, кечга бориб, чарчаганидан тили осилиб, уйига зўрға судралиб етиб келарди.

Шундай кунларнинг бирида тўсатдан юзи шишган, иккала кўзи ҳам қизарган Шарофат пайдо бўлди. Уни кўрган Муҳиддин ҳайратдан қотди.

— Нима бўлди? — сўради у синглисига ачиниш билан қараркан.

— Ака, сиз сўраманг, мен айтмайин. Мени эрга бериб юборишганидан бехабарсиз. Сизларни тўйга айтмоқчийдим. Лекин аям: «Агар хабар берсанг, берган сутимга розимасман», деди, — дея Шарофат йиғлаб юборди. Дилзода уни бағрига босиб, сочини силади ва қайғули қиёфада эрига қаради.

— Лекин… лекин, — деди Муҳиддин алланечук бўлиб, — сени ким бу аҳволга солди? Нимага юзингни соғ жойи қолмаган?

— Қўйинг, Муҳиддин ака, эшикдан кириши билан сўроққа тутманг. Аввал нафасини ростлаб олсин, кейин сўрайсиз, — деб Дилзода қайнсинглисини ичкарига бошлади.

Дарҳақиқат, Шарофатнинг ўзига келишига анча вақт кетди. У чўмилиб чиққанидан кейин ҳам бир пиёла чойни неча бор ҳиқиллаб, кўзидан ёшини дув-дув оқизиб ичди. Ана шундан кейингина Муҳиддин хотини айтгандай сўроққа тутди.

— Мени Чори савдогарнинг ўғлига беришди. Туман марказида турадиган. Аввал бизнинг қишлоқда яшаган экан. Ҳозир савдогарчилик орқасидан бойиб кетибди. Ошхонаси, бозорда иккита точкаси бор экан. Тўғри, қайнотам бой. Тошкентдаги бойлардай бой бўлмасаям, райондаги бойлардан. Лекин боласи ғирт алкаш экан. Ичмаган куни йўқ. Тўйимиз куниям ётиб қолгунича ичувди. Келин бўлганимга бир ой бўлмасдан, мени урадиган одат чиқарди. Ярим йил базўр чидадим. Уйга борсам, аям: «Шунга шунча ваҳимами? Ҳали шошма, қуйилиб қолади», деб яна эримникига обориб ташлайди. «Ҳали сен уйдан мени рухсатимсиз чиқадиган бўлдингми?» деб эрим аям кетар-кетмас дўппослашга тушиб кетади. Кеча ёмон урди. Ерга ётқизволиб, устимга чиқиб сакради. Ичларим эзилиб кетди, акажон! — дея увиллаб йиғлаб юборди Шарофат.

Унинг йиғисини кўрган Муҳиддиннинг ҳам кўзидан ёш чиқиб кетаёзди. Дилзода эса аллақачон йиғини бошлаб юборган эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ