«Қонундаги ўғри» Аслан Қобуладзе Россиядан қувиб солинди…

0

 

Сўнгги маълумотларга қараганда, жиноят оламида «Аслан Батумский» лақаби билан машҳур грузиялик ўғрибоши яқинда Россиядан Туркияга ҳайдаб солинди. Уни полициячилар Домодедово аэропортида самолётга чиқариб қўйишди. Энди 53 ёшли Қобуладзе Россия ичкарисига умрининг охиригача киритилмайди.

Охирги марта ўғрибоши Россия турмасида наркотик савдосида айбланиб, 6 йил-у 10 ойлик жазо муддатини ўтаганди. Ўшанда Грузия ҳам унга нисбатан жиноий иш қўзғатган. Шу сабабли ўғрибоши озодликка чиққач, 13 ой давомида ватанига кетмади. Кейинчалик учинчи давлатга чиқариб юборилди.

Шу нарса маълумки, Туркияда ҳозир Батуми ўғрибошиси сифатида аллақачон тан олинган 37 ёшли Миндия Горадзе яшаб турибди. У Батумскийнинг асосий ва хавфли рақиби саналади.

Расмий хабарларга кўра, Батумский «Қонундаги ўғри» мақомига эга бўлиш учун илк бор 1992 йили уриниб кўрган. Лекин асосий ўғрибоши Зураб Цинцадзедан бесўроқ бу ишга қўл ургани, қолаверса, қимордан қарзи борлиги учун уриниши беҳуда кетган. Иккинчи марта 1999 йили турмада бирга жазо муддатини ўтаган Дато Какулия Батумскийга «Тож» кийдирмоқчи бўлди. Аммо яна Цинцадзе тақиқлади. Фақат учинчи мартагина 2000 йили «Қонундаги ўғри» мақомига эга бўлди.

2018 йил 16 февралда қирғизистонлик 43 ёшли «Қонундаги ўғри» Қамчибек Кўлибоевга ҳам Россия ичкарисига кириш тақиқлаб қўйилган. Қамчибек жиноят дунёсида «Қамчи» лақаби билан машҳур.