ЗАҲРИ ҚОТИЛ… (2-қисм)

0

 

 

* * *

 

Йўлнинг икки чети бедазор эди. Икки маҳбус жонҳолатда машинадан сакраб, ўзларини бедазор ичига уришди. Машина эса, юз метрлар нари бориб қирғоққа қулаган, лекин мотор ўчмагани сабабми, ҳамон ғилдираклари пириллаб айланарди…

— Тезроқ югур, — бақирди Малла. — қўлга тушсак оғзимиздан отишади! Тезроқ юр, оғайни!..

Йўлдош Маллага нисбатан анча енгил ва ихчам эди. Шунинг учун ёнида ҳарсиллаганча қўли кишанли бўлгани сабаб тиззалаб бораётган Маллага қараб кулиб қўйди.

— Менга буйруқ бергунча, ўзинг тезроқ ҳаракат қил! Қара, нафасинг томоғингга тиқилиб бўпсан-ку! Тағин милицияда ишлаганман деб мақтанасан…

— Э, ўчир овозингни!.. — хириллаб бақирди Малла. — Ҳозир бунақа гапларнинг мавриди эмас…

Шу пайт йўл томондан машина шовқини эшитилгандай бўлди. Анча узоқлашиб қолишган экан. Малла ўзини бедалар остига ташлаб Йўлдошни ҳам елкасидан тортиб ётқизди ва аста бошини кўтариб йўл тарафга қаради.

— Ие, милисалар-ку!.. — шивирлади у. — Вой қанжиқлар-ей, қайдан ҳид олиб қола қолишди?.. Қара, анави турма машинаси ёнида тўхташди!.. Хў-ўш, тўрт киши экан, ошна… Нима қилдик энди?.. Итлариям боракан. Аниқ бизни қидириб келишган булар…

Йўлдош ҳам бошини кўтариб йўл четидаги милиция машинасига кўз ташлади. Ҳақиқатан тўрт милиционернинг атрофида иккита овчарка турар, улар итларни ағанаб ётган машина ичкарисига киришга ундашарди…

— Пешонага нима ёзилган бўлса, ўшани кўрамиз. — деди Йўлдош уф тортиб.

— Йўқ, бунақаси кетмайди. — ғудранди Малла. — Кетдик, ҳов анави ёқни кўраяпсанми? Бедазор ёнидан зовур оқиб ўтибди. Кўпригиям каттагинага ўхшайди. Биз эсон-омон ўша ёққа етиб олсак, кўприкнинг ичига кириб кетамиз…

— Бўпти, жилдик!..

Маҳбуслар тиззалай-тиззалай яна олдинга силжий бошлашди…

Кетиб боришаркан, тез-тез милиция машинасига навбатма-навбат кўз ташлаб қўйишар, сўнгра тағин судралишда давом этишарди.

— Итдан тарқаган манави кишан ёмон халал бераяпти-да! — сўкинди Малла кўприкка яқин келиб қорни билан суви тизза бўйи келадиган зовурга тушиб бораётиб. — Қандай қилиб қутулиш мумкин-а?..

— Қара, кўприк остидан труба ўтибди. — деди Йўлдош боши билан ишора қилиб. — Буям бизнинг бахтимиз. Ментлар ўлгандаям топа олишмайди… Агар ўша ерга кириб олсак, кишанниям бир амаллаб йўқ қилармиз…

Трубанинг узунлиги тахминан эллик метрлар келар, ичкари зах ва қоронғи эди.

Улар ўртасигача бориб тўхташди-да, бир четга суяниб қулоқларини динг қилишди. Гарчи сув оҳиста шилдираб оқаётган бўлса-да, ташқари дунёни ҳам бемалол эшитиш мумкин…

— Ҳалиям турибди шекилли ярамаслар. — деди Малла юқорини кўрсатиб. — Тезроқ кета қолса ўлармикан?..

— Кетади-да, кетмай қаерга борарди… Хў-ўш, манави кишанларни қандай ечдик энди-а? — Йўлдош тобора кучлироқ оғриб бораётган қўлларини силкий-силкий сув остидан нимадир қидирган бўлди. — Иккаламиз ҳам чўлоқдан баттармиз…

— Ҳа, нимасини айтасан?!. — норози тўнғиллади Малла. — Жа қийин бўлади ечиш… Лекин… Бир марта бошимга тушган… Қиррали тошминан кесиб ташлагандим.

— Ие, — ҳайрон бўлиб унга тикилди Йўлдош. — ҳали бу қочишинг биринчисимасми?

Малла совуқ тиржайиб қўйди.

— Сен нима деб ўйловдинг? Бутун умрим қочишминан ўтаяпти. Илгари икки марта қочганман турмадан… Лекин ҳар сафар тутиб олаверишган.

— Бу гал ҳам қўлга тушсанг-чи?

— Э, йў-ўқ, бу сафар аҳмоғи йўқ. Ўлсам ўламанки, у одамхўрларнинг қўлига тушмайман…

— Менга қара, шу сувда зах тортиб ўтираверамизми? — оёғидан совуқ ўта бошлади шекилли, Йўлдош турган ерида бир-икки депсиниб қўйди.

— Ўтирмай қайга борардинг? — деди Малла. — Ташқарига чиқдинг, анави итлари дарров ҳид олади. Чидайсан. Ундан кўра, сув остини секин қидириб кўрайлик. Балки биронта тош топармиз.

— Тош топганда нима ўзгарарди? Қўлларимизнинг аҳволини қара!

— Бе, шунгаям ақлинг етмайдими? Тажрибасизлигинг шу ердан маълум. Сен топгин, ўзим амаллайман. Буниям йўли бор.

Йўлдош пастга энгашиб сув остини текшира бошлади. Аксига олгандек, тош дегани топила қолмасди…

Шу тобда ташқарида итларнинг безовта вовиллаши эшитилгандек туюлди.

— Тсс! — Малла ҳушёр тортиб Йўлдошга бош ирғади. — Шалоплатишни бас қил, ошна! Эшитаяпсанми, тепада ментларнинг итлари изғий бошлади!?.

— Ҳа, эшитдим. — шивирлади Йўлдош. — Секин-секин нариги бошига юраверсакмикан?

— Йўқ, шу ерда турамиз. Бизни кўришмайди. Қолаверса, ит зоти сувга тушишни ёқтирмайди. Айниқса, овчаркалар жуда айёр бўлади. Жим тур!..

Хайрият, итлар бир муддат уёқдан-буёққа чопиб акиллашди-да, даф бўлишди. Маллани билмайди-ку, Йўлдош бўлганича бўлди. Тер чиқмаган жойи қолмади ўзиям…

— Худога шукр-ей, — атрофни яна сукунат қоплагани ҳамоно биринчи бўлиб Йўлдош енгил тин олди. — бир асради. Дастлабки имтиҳондан ўтдик ҳисоб.

— Ҳа, гапинг тўғри. Сен биринчи таъқибдан эсон-омон ўтдинг. Оҳ, яримта бўлгандами ҳозир. Ювардик!..

— Яримтага бало борми? Энди нима қилишни ўйлаб кўриш керак. Кечасиминан шу сув ичида ўтирмаймиз-ку, ахир!..

Малла кулиб юборди.

— Мабодо ўтирсак нима бўлади? Ўлиб қоласанми?

— Сенга кулиш бўлса бас. Нима бўлгандаям иссиқ жонмиз. Иккаламиздаям ҳарқалай калла ишлаб турибди. Бир иложини топиш зарур-да!..

— Сен жуда бўш чиқиб қолдинг. — танқид қилган бўлди Малла. — Битта тошниям эплаб топиб беролмадинг.

— Нима, мен сенга вассалмидим? Изла ўзинг ҳам!.. Ў ўзингни бошлиқ деб хаёл қилаяпсанми бу ерда?

— Албатта. Чунки, сен менсиз ерминан битта бўп кетасан. Мана, мисол учун, қўлингдаги кишанни менсиз ҳаётда ечолмайсан.

— Балки ечарман? Ҳарқалай менам сен ишлаган ўша милисада озми-кўпми хизмат қилганман. Баъзи нарсаларни биламан.

— Йўқ, одам милисада ишлаганиминан тажрибали, учқур бўлиб қолмайди. Бунинг учун бошидан мана бунақанги кунларни кечириши керак.

— Бўлди, жа ўзингни мақтайверма! Ҳали кўрамиз аҳволингни.

— Гап йўқ, кўрсак кўраверамиз…

Малла қулоғини қайтадан динг қилиб ўзича ташқаридан хабар олган бўлди. Тинчлик.

— Энди сен бирпас шу ерда тур. — деди Йўлдошга. — Мен секин чиқаман-да, «разведка» қип келаман.

— Яхши.

Малла сувни шалоплатганча ташқарига йўл олди…

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча кеч ҳам тушди. Малла дайдий-дайдий яқин орада биронтаям уй тополмади. Топсам бир амаллаб тунни ўша ерда ўтказамиз деб хаёл қилганди. Афсуски, уй дегани анча олисда экан. Уёқларга эса, қамоқдан қочган одам боришга қўрқади. Ким биларди? Шаҳарга яқин қолади. Биронтаси сезиб қолиб сотиб қўйса…

Шунга яраша ўткир учли бир тош топди. Севинганча труба ичига қайтиб кириб бир четга суяниб олди-да, тошни бармоғига қистириб астойдил кишанни кеса бошлади. Лекин бу иш осон эмас. Шундоқ ҳам қисилиб турган қўллар симиллаб оғрийди. Устига устак бармоқларга тош қистириб қимирлатилаверилса, оғриқ баттарлашади…

Йўқ, Малла бало экан. Бир соатча дам олиб-дам олиб охири кишанларни ўртасидан кесиб ташлади. Ана шу маҳал чунонам енгил тортиб кетдики, сал қурса сакраб ўйинга тушиб юбораёзди.

— Ана, энди сеникини кесамиз. — деди у Йўлдошни четга итариб. — Қимирламайсан. Қўлингни тўполонда кесиб қўймай яна…

— Тезроқ фақат. Мен… Ҳожатга бормасам бўлмайди.

— Э, ҳаёт кўрганмисан ўзинг? Шу ернинг ўзида чиқаравермайсанми ҳожатингни!.. — ҳиринглаб кулди Малла шеригининг елкасига турткилаб. — Сув бўлса оқиб турибди. Қанақанги ифлос нарса бўлсаям, ғинг демай оқизиб кетаверади. Ў мендан уялаяпсанми?..

— Бор-э, — тескари қараб сувга тупурди Йўлдош. — уяладиган даврим ўтиб кетган… Гап деб гапираверакан-да одам!.. Сувгаям ҳожат чиқарадими одам? Гуноҳи азим-ку!..

— Оббо, тақводор бўп кет-э!.. Ҳозир гуноҳни ўйлаб ўтирадиган пайтми?.. Нима қилиб бўлсаям жон сақласанг, ўшанинг ўзи катта гап…

— Бўпти, ишинг бўлмасин. Тезроқ кес кессанг!.. Қўллар симиллаб кетаяпти…

Бу гал Малла ярим соат деганда Йўлдошнинг қўлидаги кишанни кесиб олди. Яримта бўлиб қолган кишанни ирими деб ўзларидан узоқроққа итқитишди-да, орқасидан тош ҳам отиб қўйишди…

— Хўш, энди нима қилдик? — сўради Йўлдош кўкариб кетган билакларини ушлаб-ушлаб қўяркан. — Эрталабгача шу сувда ўтириб чиқамиз шекилли.

— Албатта… Локигин, қорин қурғур қулдираб кетаяпти.

— Овқатдан гапирмай тур. — деди Йўлдош ютиниб. — Эрталаб анавиларнинг ювиндисига ноз қилибман…

— Ҳечқиси йўқ. Ҳали шундай кунлар келсинки… Тўхта…

Малла кутилмаганда ҳушёр тортиб ташқарига юрди. — Бир нарса эсимга тушиб кетди… Сен шу ерда кутиб тур, ҳозир қайтаман…

Йўлдош ҳеч нарсага тушунмай елка қисди-ю, ўзи ҳам Малланинг орқасидан юрди…

 

* * *

 

— Сен бекор чиқдинг! — Йўлдошга танбеҳ берди Малла. — Ўзим аввал бамайлахотир чамалаб олмоқчийдим.

— Нимани чамалайсан қоронғида?

— Биласанми, шу ерларга қачонлардир келгандайман… Аммо сира эслай олмаяпман. Негадир танишдай-да!..

— Э, бўладиган гапдан гапирсанг-чи! — қўл силтади Йўлдош. — Одамнинг қорни очиб турганда баттар иштаҳани қўзғайсан-а!..

Малла узоқ-узоқларга бирпас тикилиб тургандан сўнг бош чайқай-чайқай, орқага қайтди.

— Юр, барибир эслай олмадим. Тонг отсин, яхшилаб текшириб кўраман…

Икковлашиб яна труба ичига киришди. Ўз бўлишига қарамай, сув тун бўлгани сабабми, барибир муздай эди. Йўлдош ҳам оёғидаги туфлисини ечиб қўлтиғига қистирган кўйи жим ўтирар, шу тобда кўз олдидан қизчаси, хотини пир-пир ўтиб юраги орзиқарди…

— Ҳойнаҳой, хотиним роса сиқилаётгандир. — кўнглидан ўтказди у бемалол труба четига суяниб сигарет тутата бошлаган Маллага кўз қирини ташлаб. — Қизим шундоғам инжиқлик қилиб юрганди. Мени соғиниб ичикиб-нетиб юрмасин-да ишқилиб!.. Тўхта, қочганим аллақачон тарқалгани аниқ. Гўрсўхталар хотинимни сиқувга олишмаётганмикан?.. Э, йўқ, жа борса, уйни тинтишади. Аёл кишини нимаям қила олишарди…

— Қара, қара! — Йўлдош Малланинг турткисидан чўчиб бошини кўтарди.

— Нима?.. Нима бўлди?

— Ҳов анави тешикни кўраяпсанми? — Малла қўли билан икки метрлар наридаги катта чойнакнинг оғзидай келадиган тешикни кўрсатди. — Кўрдингми?

— Ҳа, кўрдим.

— Яхшилаб қара, ичидан чиқиб келаётган ялтироқ нарсаниям кўрдингми?

— Ие, илон-ку! — беихтиёр бақириб юборди Йўлдош. — Қара катталигини!.. Ие, биз томонга қараб сузаяпти.

— Индама. — уни тинчлантирган бўлди Малла. — Агар, илонга тегинмасанг, сенга зиён етказмайди. Бу сув илони. Заҳри кўп бўлади. Қимирламай туравер-чи, нима қиларкин!..

Илон аста уларнинг рўпарасига сузиб келиб тўхтади. Йўлдош яна тешик томон қараган эдики…

— Оғайни, ана, шериклариям чиқиб келишаяпти!..

Ҳақиқатан, тешикдан бир неча ўнлаб катта-кичик илонлар сув юзига чиқиб тўппа-тўғри икки маҳбус томон сузиб келишарди…

Йўлдош ҳам, Малла ҳам қимир этмай тураверишди. Айниқса, Йўлдош қаттиқроқ нафас олишга қўрқарди…

Илонлар тўдаси атрофда айланиб сузган бўлишди-ю, кутилмаганда икки маҳбусни ўраб олишди. Каттаси бўлса керак, бояги биринчи бўлиб тешикдан чиққан улкан илон аста сирғалиб келиб Йўлдошнинг оёқларига ўрала бошлади…

Шу лаҳзаларда Йўлдош гўёки бу ёруғ дунёда эмасди. Пешонасида пайдо бўлган совуқ тер бўйниларигача оқиб туша бошлаганди. Оёқлари эса, мисоли ерда эмас. Гавдаси ҳавода муаллақдек сезарди ўзини…

Илон Йўлдошнинг ўнг оёғига тўлиқ ўралиб олгач, бошини кўтариб худди мазах қилаётган каби вишиллаб-вишиллаб қўйди. Бу қилиғи энди ошиб тушганди. Йўлдошнинг тиззалари билинар-билинмас қалтираб йиқилар ҳолатга етди…

Маллага нима бўлди, билмайди. Фақат кўрдики, у ҳам ўрнидан қимирламай қотиб турибди…

Хайрият, Худо раҳм қилдими, ё илонга инсоф бердими, вишиллашдан тўхтаб, қандай ўралган бўлса, шундай оҳисталик билан Йўлдошнинг оёғидан сирғалиб сувга тушди-да, тешик томон сузиб кетди. Воҳ, у кета бошлаши билан қолган илонлар ҳам кетидан эргашишди…

— Илтимос, шу ердан ташқарига чиқиб кетайлик! — илонлар тешикка кириб ғойиб бўлгач, Маллани туртди Йўлдош.

Малла ҳам бўлганича бўлган экан чамаси, бехосдан қалқиб кетди.

— Нима?.. Бир нарса дегандай бўлдингми?..

Йўлдош унинг чўчиб кетганини кўриб кулиб юборди.

— Ҳа, ўртоқ тажрибали маҳбус, сизга нима бўлди? — ҳамон кулгидан ўзини тўхтатолмай Маллани туртди у. — Боя жа устимдан кулаётгандинг-ку!.. Илон менинг оёғимга ўралибди-ю, буёқда акам адойи тамом бўпти…

— Бўлди-да энди! — норози тўнғиллади Малла. — Кўрдим, чаккимассан. Индамай туриб берганинг яхши бўлди. Чунки, илонларнинг каттаси сени синаб кўрди. Худо кўрсатмасин, ҳатто қимирлаб юборганингдаям тамом бўлардик.

— Нима бўларди?

— Нима бўлардимиш… Биринчи бўлиб оёғингдаги илон сени чақарди. Қолганлари менга ташланишарди. Кўрмадинг-да, оғзиларини очиб менга тикилганларини!.. Бўпти, юр, таваккал йўлга тушамиз. Ажабмас, Худо йўлимизни очса…

 

* * *

 

— Ҳой, Малла, чўнтакдаги манави савил тўппончани нима қилай? — йўл-йўлакай сўради Йўлдош.

— Ие, ҳалиям кўтариб юрибсанми?

— Ҳа, ўзинг-чи?

— Мен аллақачон итқитворганман… Йўқот, бошимизга бало бўлмасин!

Йўлдош итоаткорона чўнтагидан тўппончани чиқариб бедазор ичига отди…

— Айтмадимми, — ҳалигина узоқ кўринган уйлар энди анча яқинлашиб қолганди. — бу ерларни биламан деб!..

— Хўш, қаердан биласан? — Маллага савол назари билан боқди Йўлдош.

— Илгариги сафар турмадан қочганимда, мана шу кўриниб турган маҳаллага келгандим тўғри. Бир аёл бор. Жуда кетворган. Ўша жонимни сақлаб қолган… Кейин… Ўзиям турли туман енгилтак қизларни уйида сақларкан. Роса кайф қилганман…

— Нима, ўша ерга мениям бошлаб бормоқчимисан?

— Албатта. Шу уйдан бўлак паноҳимиз йўқ.

— Йўқ, — Йўлдош бирдан юришдан тўхтади. — менинг бузуқиларга тоқатим йўқ, бормайман.

— Бормайсанми? — Малла бирдан орқасига ўгирилиб Йўлдошнинг ёқасидан олди. — Бор, кетавер! Сениям шерик қилиб юрибманми мен аҳмоқ!?. Бор, нега қараб турибсан?.. Лекин билиб қўй, катта йўлга чиқиб ҳам улгурмайсан. Қўлга олишади…

Йўлдош ўйланиб қолди…

Бир жиҳатдан Малланинг гапида жон бордек туюларди. Қочди-қочди, энди ортга йўл йўқ. Порахўр деб қамашган бўлса, қўлга тушди дегунча бўйнига ундан-да баттарроқ айбни илиб қўйишади. Унда Худо билади турмадан қачон чиқади-ю, қачон оиласининг бағрига қайтади…

— Майли, борганим бўлсин. — деди бош эгиб ниҳоят. — Ҳозир қаергаям бораман… Кетдик, бошла!..

— Мана бу бошқа гап…

Малла қишлоққа кириб келишгунча жим юриб борди. Фақат кўримсизгина, дарвозаси қинғир-қийшиқ тахталардан қурилган уй рўпарасига етганларидагина Йўлдошга юзланди.

— Мана, кошонага етиб келдик! Юр, бардам бўл!..

 

* * *

 

Йўлдош ҳовлига киришлари ҳамоно ижирғанишга тушди. Чунки ҳовлининг ўзидан бу аёл қанақалиги кўриниб турарди.

— Падарига лаънат! — ичида сўкинди у хонага кираверишда сочилиб ётган эски латта-путта, бузуқи эркак-аёллар ишлатадиган турли чарм идишларга нафрат аралаш тикилиб қараркан. — Қандай кунларга қолдим? Бир умр оиласига содиқ қолган одам энди шу суюқоёқлар билан бир хонада ухлайманми?..

— Э, юрсанг-чи, эркак! — Малла Йўлдошни туртиб ичкарига киритди.

— Вой, ака, келинглар! Хуш кепсизлар! — Йўлдош кўрдики, рўпарасида юзларини оппоқ рўмол билан бекитиб олган-у, фақат кўзлари очиқ қолган ўрта яшар бир аёл кулиб турибди.

— Кўриниши чаккимас. — кўнглидан ўтказди у аёлга бошдан-оёқ разм соларкан. — Дўмбоққина экан. Бунақалар манаман деган эркакниям эритиб юборишга қодир… Йўқ, нималар деяпман ўзим? Шайтонга ҳай беришим лозим. Уёқда… Хотиним менга кўзлари тўрт бўлиб ўтирган бўлса-ю, мен суюқоёқларминан айш қилиб юрсам… Қизиқ, нега юзларини рўмол билан тўсиб олдийкин?.. Янада сирлироқ кўрнай деганмикан?.. Ўлиб кетмайдими?..

— Қани, муллака, ичкарига марҳамат! — Йўлдошнинг хаёлини бўлиб юборди аёл. — Чарчагансизлар. Ҳозир сизларга ўз қўлларимминан ош сузиб чиқаман…

— Оҳ, — Малла аёлга яқин келиб орқасига бир-икки шапатилаб қўйди. — ҳақиқий Оқиласан-да! Исминг жисмингга монанд… Бугун… Манави акангни бир маза қилдирасан-да!.. Хўш, нима дединг?.. Буям ўзимиздан. Оғзингга сиққанини беради…

— Вой, қаттиқ урманг-да! — ҳиринглаб кулди Оқила. — Баданим чарммиди сизга?.. Қочи-инг!.. Малалака, қочин-инг! Мен ош сузиб чиқай. Кейин гаплашаверамиз…

— Жононларинг кўринмайди? — Малла аёлни қўйиб юбориб ичкарига мўралади. — Ҳайдаб юбордингми ё?

— Вой, йў-ўқ, ўлибманми ҳайдаб? Мижозларни хурсанд қилишга кетишган. Ҳализамон кеп қолишади…

Йўлдош кўрсатилган жойга ўтириб бошини чангаллади. Одамнинг кўзи очиқ бўлгандан кейин кўравераркан-да!.. Девор остига тахлаб қўйилган эски-туски кўрпачалар, шундоқ стол устида қалашиб ётган ювиқсиз идиш-товоқлар ғашига тегар, аммо… На илож? Нима бўлганда ҳам ҳозир у қувғинда. Чидашдан бўлак имкони йўқ…

— Зўр эканми? — бехосдан уни туртиб қўйди Малла тиржайиб. — Агар буниси ёқмаса, ҳали ёшгиналари келади. Истаганингни танлаб олаверасан.

— Сен жинни бўлганмисан? — Маллани жеркиб берди Йўлдош. — Умримда бунақанги иш қилмаганман….

— Қўйсанг-чи, нима, фариштамидинг? Сенам ҳамма қатори эркаксан. Қара, шундай кетворган, лўмбиллаган аёл атрофингда парвона бўлса-ю, сен ноз қилиб ўтирсанг… Вей, булар-чи, нафақат уйини, керак бўлса, жониниям беради бизга. Ҳа, бардам бўл!..

— Сен хоҳлаганингни қилишинг мумкин. — деди Йўлдош. — Аммо мени зўрлама. Барибир фойдаси йўқ. Қоринни тўйдирсам, тўйиб ухласам бас. Шунинг ўзи етади.

— Бекорларнинг бештасини айтибсан. Кемага тушганнинг жони битта. Сенга бекордан-бекорга жой, овқат бераётгани йўқ бу аёл. Эвазига унинг ҳожатини чиқаришинг лозим… Бечора эркакка ўч. Сира тўймайди.

— Бор-э, ўзингам жа бузилиб кетганлар хилидан экансан…

— Яхши ўтирибсизларми? — Оқила товоқда буғи чиқиб турган ошни келтириб столга қўйди ва ювиқсиз идишларни бир четга суриш асносида ўзига ҳирс билан тикилиб турган Маллага билинар-билинмас кўз қисиб қўйди. Бу шу кеча «маишат» катта бўлишидан бир дарак эди.

 

* * *

 

— Ошна, бўшашма! — Малла тўрга ўтиб олганча тиззасига Оқилани ўтқазиб нуқул Йўлдошга тегажоғлик қилар, пиёладаги ароқнинг ярмини ўзи ичиб, ярмини аёлга тутарди. — Ароқдан ичсанг-чи, намунча қовоғингдан қор ёғмаса? Ич!

— Ичаяпман-ку, — жеркиб берди уни Йўлдош. — нима, ёш боламидим? Керагини ичаман, кераксизини…

— Оқила, бор, акангнинг ҳам кўнглини ол! — тўсатдан аёлни ўрнидан турғазиб Йўлдош томонга итарди Малла. — Қара, кайфияти йўқ. Чунки, биз жуда чарчаганмиз.

Аёл ўрдак юриш қилиб бориб меҳмоннинг тиззасига чўкмоқчи бўлди. Аммо Йўлдош шу ондаёқ уни нари суриб ўрнидан туриб кетди.

— Вей, Малла, — деди зарда билан. — устимдан кулмагин дедим-ку сенга! Айш қилгинг келаяптими, ўзинг қилавер! Менга халал берма!

— Вой-бў, — заҳархандалик билан кулиб қўйди Малла. — ноз қилаяптиларми? Ё… Анави жойлари сал анақароқми-а? Ха-ха-ха-ха!..

— Нима дединг? Вой ифлос-ей, сени одам деб юрсам… Исботлаб берайми анақамаслигини?.. Ҳозир ўзингни…

— Қўлингни торт! — елкасидан тутиб урғазмоқчи бўлган Йўлдошни итариб юборди Малла. — Индамаган сари ҳаддингдан ошаверма!..

— Қўйинглар, жанжаллашманглар! — орага суқилди Оқила. — Маллака, майли, меҳмонингизнинг кайфиятлари йўқ шекилли. Нариги хонага жой тўшаб бераман. Дам ола қолсинлар!

— Менга жой кккерак эмас. — деди Йўлдош йўлакка чиқиб апил-тапил ботинкасини кияркан. — Кетаман. Бу ярамас билан шерик бўлгандан кўра…

— Кетаман дейсанми? — янада қаттиқроқ кулди Малла. — Огоҳлантириб қўяй, қўлга тушсанг, мени сотиб юрма!

— Мен сенга ўхшаган майда одаммасман. Сотибмиш…

— Бекор қилаяпсан кетиб. Шундай маишатхонани ташлаб-а?.. Эҳ, яхшилик ёқмайдиган одам экансан ўзинг ҳам.

— Маишатинг ўзингга сийлов. Яхши қол!..

— Бўпти, омадингни берсин!.. Лекин барибир бекор қилаяпсан. Мана мени айтди дерсан, икки чақири ҳам юрмай қўлга тушасан.

— Бу менинг ишим, яхши қол!

Йўлдош елкасига костюмини ташлади-да, ташқарига чопди. Ортидан эса, ичкари эшикнинг тарақлаб ёпилгани эшитилди…

 

* * *

 

Ярим тун. Икки ёни далалардан иборат йўл кимсасиз эди. Бу йўлдан чамаси кечалари ўткинчиларнинг ҳам оёғи узилса керакки, мана, тахминан ўн дақиқача йўл босибди ҳамки, биронта чироққа кўзи тушмади…

— Кечир мени, Мавжуда, — хаёлан қизчаси Мавлуданинг қиқирлаб кулишларини, вафодор хотинининг майин жилмайиб туришларини кўз олдига келтираркан, шивирларди Йўлдош. — қисмат мени шунақанги бузуқ аёллар тўдаси ичига ҳам киритиб қўйди. Лекин сенга хиёнат қилмадим. Бундан ўлганим афзал. Майли, қўлга тушсам, тушарман, яна беш-олти йил қўшиб ҳам беришар. Барибир сенга содиқ қоламан. Чунки сен шунга арзийсан. Ажойиб, меҳрибон, садоқатли аёлсан… Мендан хавотир олма, соппа-соғман. Жин урармиди мени. Ҳозир кимсасиз, нотаниш кўчаларда бир ўзим ёлғиз дайдиб, милисалар кўзидан қочиб юрибман. Билмадим, қанча вақт шу тахлит дайдийман. Бир нарсани аниқ биламанки, мен ҳеч қачон пора олмаганман. Бу душманларимнинг иши, ҳа! Ўша пиёнистадан пул олиш тугул, башарасига қарашга ор қилардим. Туришини бир кўрсайдинг. Оғзидан сўлаклари оқиб, эгнидаги исқирт кийимларга қараган одамнинг кўнгли айнийди. Шунақанги одамсифат маҳлуқлардан қай виждон билан пора сўрайман, ахир!?. Йўқ, адолат тантана қилади бир кун. Бунга ишонаман. Ўшанда бизнинг кўчада ҳам албатта байрам бўлади… Биз ҳам ўша душманларимизнинг кўз ўнгида керагича хурсандчилик қиламиз. Қизчамизни елкамизга миндирамиз-у, эгнимизга энг яхши, чиройли кийимларимизни кийиб ўша кўчаларда сайр қиолиб юрамиз. Аламидан кўйиб ўлишади бизни кўролмайдиганлар… Айтганча, мана кўрасан, эсон-омон турмасидан қутулиб уйга қайтсам, ҳаётда милисалик қилмайман. Яхшиси, мактабда дарс бери-иб, тинчгина сизларнинг бағрингизда яшайман…

Йўлдош қанча юрса-да, далаларнинг охири кўринмасди. Онда-сонда кўриниб қоладиган дарахтларни айтмаса6 бу ерлар яйдоқ чўлни ҳам эслатиб юборади.

Шу пайт узоқдан машина чироқлари кўринди.

— Оббо, ниҳоят машинани кўрадиган кун ҳам бўлади шекилли. — ўзига-ўзи гапириб бораверди Йўлдош. — Тўхтатиб кўрсаммикан?.. Балки, ўткинчиир. Олисроқ ерларга кетиб ўзимга қулай жой топардим. Йўқ, худо кўрсатмасин, милисалар бўлишса, тамом бўламан. Шу заҳоти оборадиган ерига обориб қўйишади. Яхшиси, яшириниб тура қолганим маъқул. Таваккал қилишга ҳали эрта. Ярамас, Малла, қаёқдаги қанжиқни деб мендан ажралиб қолди. Ҳа, майли, ҳали кўрамиз, ким олдин қўлга тушаркин…

Йўлдош шундоқ йўл четидаги чинор дарахти панасига ўтди-да, машинанинг ўтиб кетишини кута бошлади. Аксига олгандек, машина рўпарасига етганда, бирдан тўхтади.

— Уф-ф, шуниси етмай турувди. — кўнглидан ўтказди Йўлдош. — Кўринишидан милиса машинасига ўхшамайди. Ҳа, «Нексия»!.. Демак, йўловчилар. Секин чиқаверсаммикан?..

Чиқишга ҳожат қолмади. Машинадан тўрт бирдай барзанги тушиб тўри у томонга кела бошлашди.

— Ие, нега булар мен томонга келишаяпти. Қўлларида…

Йўлдош аниқ кўрди. Барчасининг қўлларига йўғон занжирлар ўралган. — Безорилар шекилли булар… Хўш, нияти нима ўзи?..

— Манавини қаранглар, — барзангилардан бири Йўлдошга яқин келиб қоронғида унинг иягидан тутди. — буям аниқ аёл илинжида келган. Оқиланинг кетидан келган бўлмасин яна?!..

Орқароқда турган барзанги қўлидаги занжирни айлантира-айлантира Йўлдошга яқинлашди.

— Кимсан? Бизнинг қишлоқда нима қилиб юрибсан?

— Сенинг нима ишинг бор? — Йўлдош ҳам бўш келмай, бир зарб билан иягига ёпишган сурпадай қўлларни олиб ташлади.

— Ў, зўрга ўхшайди-ку бу! — барзангилар бараварига кулиб юборишди. — Айт, Оқилани танийсанми?

— Йўқ, танимайман.

— Опқочма! — орқароқда келгани Йўлдошнинг елкасига қўлини қўйди. — Бизга ҳозиргина етказишди. Сен севгилим Оқилани зўрламоқчи бўпсан.

— Нима? Оғзингга қараб гапир! Мен сен ўйлаган одам эмасман.

— Шунақами? Қани, йигитлар, шу гапи учун бир адабини бериб қўймаймизми?

— Албатта, — шеригининг гапини маъқуллади бошқаси. — бунақаларнинг эсини киритиб қўймаса, ҳаддиларидан ошиб кетишади. Бу қишлоқи бузуқилар макони еб ўйлашади шекилли-да! Мана сенга!..

Йўлдош ҳам анойи эмас. Нозирлик пайтида деярли кунора бўлимдаги спортзалга бориб озми-кўпми жисмонан машқ қилиб турарди. Шу ҳозир иш бериб қолди. Чотига йўналтирилган оёқни тиззаси билан қайтариб қолди.

— Қаранглар, бу зўрга ўхшайди! — тепмоққа шайланган йигит ҳиринлаб кулиб шерикларига ишора қилди. — Ҳозир сенинг адабингни бериб қўямиз!..

Кўпчилик кўпчилик экан. Йўлдош қанча қаршилик кўрсатмасин, эплолмади. Барзангиларнинг тўрт кишилиги етмагандай, қўлларидаги занжирлар ишга тушганда, ожизлиги билиниб қолди…

Улар ерга чалқанча йиқилгандан сўнг қанча калтаклашди, эсида йўқ. Фақат баданлари қонга беланганини, бутун танаси, суяклари зирқираб оғриётганини билади. Кейин… Машина ўрнидан қўзғалгани ҳам ёдида қолди…

Кўзларини очганда, ҳийла тонг ёриша бошлаган экан. Инқиллаганча ўрнидан туриб кийимларини текшириб кўрди. Ҳарқалай йиртилмабди. Қонга бўялибди холос…

— Ифлослар, — сўкинди Йўлдош тупроққа қон қўлларини ишқалаб артиб. — аниқ Малла сотган. Ўшандан бошқаси Оқиланинг уйида бўлганимни билмайди… Ҳа майли, буям бир синов бўлди. Ҳали кўрсатиб қўяман сенга!.. Бир амаллаб шу исқирт жойлардан кетиб олай…

Қоронғида пайқамаган эканми, мундоқ разм солса, серқатнов йўлга деярли яқин келиб қолибди. Шундан кейингина Йўлдош енгил нафас олиб яқин орадан анҳор излай бошлади…

Ана, кечаги ўзлари яширинган зовур. Худога шукр, труба ичига… Э, йў-ўқ, яна илнларга рўбарў бўлгиси йўқ… Тўхта, ҳов анави ерда турма машинаси ағанаганди. Қани? Э-ҳа, қўйиб қўйишармиди. Опкетишади-да!.. Қани, зовурга ҳеч ким йўқлигида тушиб қонларини ювиб олсин-чи! Кейин бир гап бўлар…

Оғриққа сал иродасиз одам бўлса, чидолмасдан ётиб қолиши ммкин эди. Лекин Йўлдош тишини тишига босди. Инқиллаб-синқиллаб бўлса-да, зовурга энгашиб кийимларидаги қонларни кетказди. Сўнгра тўйиб зовур сувидан ичди-да, шоша-пиша катта йўл томон ошиқди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...