Индонезияда мухолифатчи партия етакчиси ўзини мамлакат президенти дея эълон қилди…

0

 

У собиқ армия генерали Прабово Субианто. Генерал яқинда Жакартада ўз тарафдорларини йиғиб, 2024 йилга қадар Индонезия президенти ҳисобланишини маълум қилди.

— Мен ва вице президентликка номзод Сандиаг Уно 2019-2024 йиллар оралиғида мамлакат етакчиси сифатида фаолият юритамиз, — деди генерал. — Бизнинг тандем 62 фоиз овоз тўплади. Бундан ташқари, амалдаги президент Жоко Видодо президентлик сайловларида фириб ишлатган. Биз буни исбот қила оламиз…

Ваҳоланки, сайловлар якунига кўра, амалдаги президент Видодо 54, 4 фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлган. Генерал эса жами 45, 4 фоиз овоз тўплашга эришган. Қолаверса, сайловларда ғолиб бўлиши муносабати билан Видодони дунёнинг 21 та давлати етакчилари, жумладан, Туркия президенти Ражап Тойип Эрдўған, Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун ва бошқалар қизғин табриклашди.

Сайловлар масаласидаги расмий ҳисоб-китоблар шу йил 22 май куни якунланиб, халққа эълон қилинади. Аммо Жоко Видодо аҳолига мурожаат этиб, дастлабки натижаларга ишонишлари зарурлигини уқтирди.