Тошкентда официантни ҳимоя қилган эркак калтаклаб кетилди (+Видео)

0

Уч нафар эркак официантни ҳимоя қилган эркакга тан жароҳатлари етказишди. Безорилар қўлга олиниб, 15 суткага қамалишди.
ИИББ «Матиз» автомобили йўловчисининг калтаклангани акс этган видеога аниқлик киритди.

Ҳодиса 22 апрель куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Чакар» маҳалласида содир бўлган. 38 ёшли Абдуҳамид Х. ўзининг 37 ёшли Дилшод Г. ва 38 ёшли Аброр М. исмли танишлари билан мазкур маҳаллада жойлашган кафеда овқатланишган. Маст ҳолда бўлган Абдуҳамид Х. 23 ёшли официант Раъно Р. билан қўпол муомалада бўлган.

Келишмовчилик вақтида кафеда бўлган Азиз исмли киши официантни ҳимоя қилиб, кетиш мақсадида кафедан чиқиб кетган. Абдуҳамид ва унинг икки таниши эркакнинг орқасидан чиқиб, унга тан жароҳатлари етказишган.

Ҳодисадан сўнг Азиз кетган, аммо шу вақтга қадар у шифохонага ҳам ИИОга ҳам олинган жароҳатлар юзасидан мурожаат қилмаган. Шу сабабли ҳозирча унинг шахси тасдиқланмаган.

ИИО ходимлари воқеа жойига етиб боришганида, эркаклар маълум муддат ноҳақ ҳаракатларни тўхтатиб, яқин жойдаги ИИО бўлимига боришдан бош тортишган.

Абдуҳамид Х., Дилшод Г. ва Аброр М.ларга нисбатан Раъно Р.нинг аризасига мувофиқ, 183-модда (“майда безорилик”) ва 194-модданинг 1-қисмида (“ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича протокол тузилган.

Маъмурий ишлар бўйича суд кўрсатилган шахсларни айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 15 суткага маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

 

gazeta.uz