Cобиқ «Абу Сахий» дўкондорлари нимадан норози?

0

Тошкент шаҳар ҳокимияти “Тошкент савдо маркази” ҳудудидаги “Гипермаркет” (собиқ Абу Сахий) атрофида савдо фаолияти билан шуғулланиб келган тадбиркорлар томонидан билдирилган шикоятлар бўйича тушунтириш берди.
Мажмуа маъмурияти ушбу ҳудудда ичимлик суви қувурлари ётқизиш ишлари бошланганлиги муносабати билан тадбиркорлардан фаолиятини йўлнинг қарама-қарши томонидан жойлашган “Чинни бозор” ва “Бек барака” савдо мажмуалари оралиғидаги ҳудудда давом эттиришлари тўғрисида огоҳлантириш берганлиги норозилик келтириб чиқарган эди.
Шунингдек, огоҳлантириш олган тадбиркорлардан фаолиятларининг амалдаги қонун талабларига тўла мувофиқлигини таъминлаш ҳам талаб қилинган. Ўрганишлардан маълум бўлишича, гипермаркет атрофида савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг бир қисми ноқонуний фаолият кўрсатиб келмоқда ва улар жойлашган савдо расталари ҳам ўрнатилган савдо қоидаларига зид равишда ташкил этилган.
Юзага келган норозилик сабабли таъмирлаш ва қувур ётқизиш ишлари маълум муддатга тўхтатилди ва келгусида қандай тартибда давом эттириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Якуний қарор барча манфаатдор томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда қабул қилинади, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати маълумотида.

loading...