“Ғаройиб ҳодисалар изидан”: “НАРИГИ ДУНЁДАН КЕЛГАН “МЕҲМОН”…” (Юраги заифлар ўқимасин)

0

 

Дунёда ҳануз арвоҳ, руҳ деб аталмиш мавҳумликка жиддий эътибор берилади. Кимлардир буни афсонага, эртакка, жуда бўлмаганда, ақлдан озганликка йўяди. Айтишадики, одам ўлдими, тамом, у йўқ, ҳеч қачон тирилмайди, қайтмайди. Тўғри, ўлган одам ҳеч қачон ортга қайтмайди. Шунинг учун ҳам боқий дунёни борса келмас деб атайдилар. Бироқ руҳ, арвоҳ тушунчасини афсонага йўйиш нотўғри бўлса керак. Негаки, Яратган эгам одамзодни тупроқдан яратгач, унга жонни ҳам ато этган. Бу ҳозирги кунимизда руҳ деб аталади. Жодугарлар, фолбинлар, иблис етагидаги кимсалар руҳни арвоҳ деб атайдилар. Аслида арвоҳ ва руҳ битта нарса, бизнинг жонимиз. Юраклар уришдан тўхтагач, жоннинг организмда қиладиган иши қолмайди. Шунинг учун у худонинг хоҳишига бўйсунган ҳолда вужудимизни тарк этади. Хўш, кейин-чи? Кейин нима қилади? Қаерга боради-ю, қай манзилни макон тутади? Албатта, боқий дунёга, Оллоҳнинг ҳузурига боради. Жонларнинг, яъни, руҳларнинг абадий манзили боқий дунё ҳисобланади. Лекин руҳларнинг аксарияти эгасига, мурдага айланган танасига шу қадар ўрганиб, суяниб қоларканки, улар худойимга ёлвориб, ўз танасидан хавотирда эканини, у турли мушкулотлар исканжасида қолгани, жонини йўқотгач, ўртанаётганини, ўзи ҳам бу дардлардан мосуво эмаслигини изҳор этади. Агар Яратган эгам изн берса, жон, яъни, руҳ фоний дунёга қайтади, хожасидан, танасидан хабар олади. Ўз яқинларининг ташвиш чекаётганларини кўриб қайғуга ботади, безовталанади. Уларни тинчлантиришга уринади. Гоҳ капалак сиймосида, гоҳ шамол тусида ўзи танаси билан яшаган уйга ташриф буюриб, зир югуради, уй пардаларини қимирлатади, капалак кўринишида ўзи учун ўтмишга айланган уй деворларига қўниб, деворни қучиб фарёд чекади. Надоматлар бўлсинки, жон овоз бериш, гапириш, дард-у ҳасратларини изҳор этиш имконига эга эмас. Шундай бўлса-да, у қондошлари, фарзанд, ота-онасига белги бера олади. Илғашса, мамнун тортади, хотиржам бўлади, дилгир қондошлар ҳақига дуо ўқий бошлагач, бир қоп семиради, буёғига сокин бўлса ярашишини англаб истар-истамас, боқий дунёга қайтади.

Ана энди бошқа масалага тўхталсак. Нима учун Яратган эгам бандаларининг жонини олади-ю, боқий дунёдан жой беради? Нима учун ёруғ дунёнинг ўзида қолдиравермайди. Буни ақл-ҳуши жойида одам дарров тушуниб етиши лозим. Агар худойим жонларимизни ҳам ёруғ дунёда қолдираверса, ер юзи ва осмонимиз чалкашлаиклар исканжасида қолиши, теварак қайғу ва ғамларнинг маконига айланиши муқаррар эди. Қолаверса, руҳлар олами ҳам фақат яхшилардан иборат эмас. Агар одам ҳаёт пайтида мараз ҳисобланган бўлса, бир умр иблис етагида яшаган бўлса, боқий дунёда ҳам шу феъли сақланиб қолади. Оқибатда эса у ёруғ дунёни кезиб бегуноҳларга зиён етказиши, шайтони лаин кўрсатмаси билан қабиҳликларга ошно тутиниши турган гап. Яратган эгам бандаларини балолардан асраш ниятида руҳларни, яъни, жонларни боқий дунёга боғлаб қўяди.

Ана энди безовта руҳлар дунёси ҳақида бир оғиз гап. Улар азбаройи ташвиш чекканидан, яқинларини соғинганидан ер юзини ҳадеганда тарк эта қолишмайди. Ёки сира эринмасдан ер юзига қайтиб, яқинлари томон талпина бошлашади.

Ана шундай воқеа бир пайтлар ўзимнинг бошимдан ўтганди. 1989 йил. Мен болалик орзуимга эришиш учун Тошкентга университет талабасига айланиш илинжида келгандим. Киссамда фақат уйга қайтиб кетиш учун етадиган пул бор. Шаҳарда на танишим, на бир дўстим бор эди. Таваккал қилдим. Эртага имтиҳон бошланади деган куни тунда бобом раҳматли тушимга кирибди. Бобом бир йилча олдин 100 ёшда вафот этганди. Ҳаёт пайтида нуқул қулоғимга қуяр, албатта олий маълумотли бўлишим кераклигини уқтирарди. Худди ўша бобом тушимда оппоқ либосда, ўзи тенги, бироз ўзидан кичикроқ қариялар қуршовида икки қўлини баланд кўтариб дуо қилди. Дуога бобомни ўраб олганлар ҳам қўшилишди. Ё раббий, бир хил туш, бир хил манзара ва дуолар уч кун ҳар тунда такрорланди. Мен университет талабасига айландим. Ўшандагина руҳлар ўз яқинларига ҳамиша яхшилик тилашларига гувоҳ бўлгандим.

Бахтга қарши бир ҳақиқатни тан олмасдан иложим йўқ. Одамлар турли феъл-атворга, дунёқарашга эга. Кимдир тириклик пайтида меҳрибон, саховатли, кўнгилчан бўлади. Бошқа бировлар эса худбин, фақат ўзини ўйлашга мойил. Яна айримлар пиёниста, гиёҳванд, ғазабнок, шафқатсиз, каллакесар, қотил, мараз ва совуққон. Худди шу худбинлар, пиёнисталар боқий дунёга кетгандан кейин яқинларини буткул унутаркан. Ҳеч қачон улар ҳақида қайғурмаскан, жон куйдирмаскан. Баъзилар эса азбаройи худбинлигидан фоний дунёда қолиб кетган яқинларини ҳам у дунёга тортиш ҳаракатида бўларкан. Ростов вилоятида яшовчи Ольга Кострованинг бошидан шу каби бир иш ўтганди.

— Бу воқеа 1989 йили содир бўлган, — дейди Ольга. — Мен 17 ёшга қадам қўйгандим. Фермада ишлардим. Бир куни ҳар доимгидек кечаси соат 3 ларда уйғониб ишга чиқдим. Сигирларни ҳар куни ана шу вақтда соғиб олардим. Ферма ҳовлисига чиқсам, қаршимда оламдан ўтиб кетган онам ҳозир бўлди. У оппоқ, тириклигидагидек узун бўйли эди. Аммо қомати кўпроқ шарпага ўхшар, устига-устак ҳавода муаллақ ҳолда турарди. Мен ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам, йиғлашни, ҳайқиришни ҳам билмай карахт эдим.

— Юр, сени ўзим билан олиб кетгани келдим, — деди онам.

Шу тобда англадимки, суврат онамга тегишли бўлса-да, товуш негадир бошқа бировники эди.

— Уёқда маза қилиб яшайсан, — давом этди онам. — Қийналмайсан, ташвиш чекмайсан, оғриқлардан, оғир меҳнатлардан холи бўласан. Юрақол!

— Хўп, — дедим ўзим сезмаган ҳолда онамнинг чақириғига бўйсуниб. — Кетдик унда!..

Онам қўлимдан маҳкам тутди-ю, биз дуч келган томонга чопа кетдик. Жуда узоқ чопдик. Мен чарчоқ енгиб нафасим бўғилган кўйи ҳарсиллашга тушдим.

Шу тобда кимдир ё нимадир юзим аралаш чунонам тарсакиладики, кўзларимдан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Зарба кучлилигидан ерга чалқанча қуладим. Ўша онларда кўрдимки, мени олиб кетишга келган онам оппоқ булут қиёфасига кириб осмон-у фалакка ўрларди…

Бу маҳзун ҳикояга ишониш ёки ишонмаслик ҳар биримизнинг ихтиёримизда. Фақат хоҳлардимки, яқин инсонларнинг руҳи фоний дунёга ташриф буюрса-да, фақат эзгу ниятда келсин. Ҳар биримизнинг умримизни Яратган эгамнинг ўзи узун қилсин! Иблис етагида туғилишдан, шайтон таъқибида ўлим топишдан худо асрасин!

О. ҲАЙИТ тайёрлади

 

 

 

loading...