МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (17-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Маъруфнинг боши гувиллаб, умуман ишламай қолди. У гапираётганларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига қарар, бирор нимани тушуниш учун ҳаракат қилар, бироқ кодли сўзлардан сира мазмун чиқмасди. Охири «Бор-эй! Менга деса, портлатишни режалаштирмайдими? Жонимга тегиб кетди. Булар-ку, роса еб-ичяпти, мен бўлсам, ҳали бир сих кабобни эплаб тугатолганим йўқ», деди-да, астойдил кавшанишга тушди. Бироқ вақт бой берилган эди. Раислар кетиш ҳақида гапириб қолишди. Аммо на бир режа ва на бир гап тузук-қуруқ якунига етганди. Ҳаммаси чала. Худди чала туғилган итнинг боласига ўхшайди. Яна барининг кўзи кўр. Маъруф уларга қарата: «Булар одам эмас экан. Сайрайди, сайрайди… Бир-бирининг гапини маъқуллайди. Кейин гўёки бир нималар қилмоқчи бўлишади. Аммо шу бир нималарнинг ўзи яримта бўп қолади. Биргина яримта яримламай, охирги томчисигача ичилди. Бунақанги яримтадан учта эди. Падарингга лаънат! Шу учовини қўшсанг ҳам яхлит чиқмайди-я» деб ўйлади.

Буни қарангки, улар ўрнидан тургани заҳоти машиналар келибди. Айтганча, Толмас Бадриддинович ҳайдовчиларга айни шу вақтда келишларини тайинлаганди.

Элёрнинг қовоғи солиқ эди. Сабаби аён. У қанча вақтдан бери Толмас Бадриддинович билан эрталабдан ярим кечгача деярли бирга. Аммо раис бирор марта бўлсин, Маъруфга кўрсатган мурувватни унга кўрсатмаган. Одамда инсоф бўлиши керак.

Ўзича хафа бўлган, ўзича адоват ҳосил қилган Элёр бирдан газни босди. Маъруф эшикни ёпишга зўрға улгурди. Табиийки, бундан Толмас Бадриддиновичнинг жаҳли чиқди.

— Сен бола жийда-пийданинг остидан келмадингми? Уруғингда жинни-пинни йўқмиди мабодо?! — деди у кўзини олайтириб.

— Узр, раис бова. Биз анави шофёрлар билан озгина баҳслашувдик. Ким биринчи хўжайинни опкетишга… Шунга…

— Эй-й, баҳслашмай ҳар бало бўл! Охирги марта огоҳлантиряпман. Бугун ўзи бошқача бўп юрибсан. Эртагаям қовун туширсанг, ўзингдан кўр!

Ярим йўлгача ҳеч ким гапирмади. Толмас Бадриддинович сигарета чекди. Маъруф хаёлга берилди. Элёр раисдан ўч олиш чорасини қидирди. «Ўзинг кимсан-у, ниятингни қара? Эй-й, валакисаланг, бўйингга тенг ишни ўйласанг-чи».

— Одамларни кўрдингми? — сўраб қолди бир маҳал Толмас Бадриддинович Маъруфдан.

— Одамлар? Қайси одамлар? — ҳайрон бўлиб сўради Маъруф.

— Бирга ўтирганларимиз-да. Ё сен уларни одам қаторига қўшмайсанми? — мийиғида кулди раис.

— Нега энди қўшмас эканман? Лекин, раис бова, ўлай агар, ҳеч балога тушунмадим.

— Йўғ-э.

— Ҳа.

— Мен бўлсам, сени мақтадим. Шунинг учун сени сигаретга жўнатдим. Ўзинг эшитсанг, талтайиб кетишинг мумкин-да.

— Раис бова, сизни Ҳайбатулло ака ишга келмасингиздан бурун роса сўраганди, — орага луқма ташлади Элёр.

Толмас Бадриддиновичнинг бирдан пешонаси тиришди.

— Нима бўпти шунга? Бориб кечирим сўрайми ёки тушунтириш хати ёзиб берайми?!

Раис овозини бир парда кўтариб гапирди. Шунинг ўзиёқ уни нақадар жаҳл отига минганидан далолат берарди.

— Машинани тўхтат! — бақирди у Элёр жавоб беришга улгурмасидан.

Улов тўхтагач, раис сўкиниб пастга тушди. У ёқдан-бу ёққа бориб келар, тинимсиз сўкинарди. Охири «туф» этказиб тупурди-да, машинага чиқди.

— Сен баччағар, — деди ҳайдовчисига, — идорага боришинг билан мошинни топшир. Шошма, шу ернинг ўзидаёқ топширасан! Туш пастга!

— Раис бова! — дея ўгирилиб Толмас Бадриддиновичга илтижоли боқди Элёр.

— Раис бова-паис бова йўқ! Туш, ит эмган!

Лаби гезариб, кўзи чақчайган, юзи қизарган Элёр зўрға эшикни очди. Оёғини аранг ерга қўйди ва шу алфозда пастга тушди.

Машинани Толмас Бадриддиновичнинг ўзи ҳайдади. У ўзини сира босиб ололмас, Элёрнинг қариндош-уруғига қўшиб, уни ишга олиб келган одамни ҳам бўралатиб сўкарди. Идорага етишларига озгина қолганида эса негадир кулди.

— Анчадан бери бунақа мириқиб сўкинмаган эдим. Яхши одам бўлмоқчийдим. Бу ёғи ёш ҳам анчага бориб қолди-да, тил ўлгур, бир ўрганса, тамом, бирон нимани тушунтириб беролмайдиган бўп қолади-да. Лекин сен бола сира хафа бўлма, ўрганмаям, — деди.

Маъруфнинг диққати ошганди. Асабийлашганидан лабини маҳкам тишлаб олганди. Раиснинг кейинги гапи уни бироз юмшатди.

— Нега Ҳайбатуллонинг ўрнига сени олиб кетганимни биласанми? — дея Толмас Бадриддинович Маъруфга қараб қўйди-да, йигит жавоб беришга улгурмасидан яна гапиришда давом этди: — Билмайсан. У тулкини йўқ қиламан. Ҳали мен билан синаштамассан. Қандай болалигинг менга қоронғи. Лекин унинг ўрнига сени ўтқазаман. Шу ишни тоза ўрганиб олгунингча, ёшим бир жойга бориб қолади. Кейин шартта раисликниям сенга топшириб, пенсияга чиқиб кетаман. У занғар ўзича менга қарши команда тузибди. Ўзича мени ағдариб, ўрнимга ўтирмоқчи. Чучварани хом санабди.

Маъруф ич-ичидан Толмас Бадриддиновичга ачинди. Назарида, у ниҳоятда чорасизга ўхшарди. Аламидан тўпланган ғам-ғуссаларини ичига сиғдиролмаганидан шундай деяётган эди. Бўлмаса, районнинг энг олди раиси муштдайгина боланинг олдида дардини дастурхон қилармиди?

Уларни идора ёнида Ҳайбатулло иржайиб-тиржайиб кутиб олди. Унинг ёнгинасига «Виллис»ни тўхтатган раис бош агроном билан ҳаттоки сўрашмади. Машинадан тушди. Сарғайганча лаб-лунжини йиғиштиролмай турган одамга еб қўйгудек қараб қўйди-да, идорага ўтиб кетди. Ҳайбатулло мулзам бўлди ва эндигина машинадан тушаётган Маъруфнинг ёнига келиб:

— Нима бўлди? Райкомдагилар пўстагини қоқишдими? — деб сўради.

Савол бераётганида унинг юзи ёришгандай бўлди.

— Пўстагини-ку қоқмади. Лекин эзғилаб қўйишга яхшигина сабаб топди, — дея жавоб берди Маъруф унга.

Ҳайбатулло шолғомдай қизариб кетди. Қўлини мушт қилди. Лаби пирпираб бир нималар дейишга чоғланди-ю, индамади. Раиснинг ортидан кетди.

Бир хаёл Маъруф ҳам идорага бормоқчи, ҳангомани ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлди. Бироқ «Қўй, шуларнинг уришишини кўриб, нима барака топаман?» деб ўйлади ва уйи томон йўл олди.

 

* * *

 

Идорада даҳанаки жанг бўлди. Ҳайбатулло раиснинг сўкишларига икки дақиқа чидади. У ёғига тоқати етмади. Айниқса, хўжайин уни одам тўплашда, уларни ўзига қарши қайрашда айблаганига чидай олмади.

— Толмасжон, мана шу колхозда сиз учун жонини беришга тайёр одам иккита бўлса, биттаси менман. Битта бўлса, уям ўзимман. Биргаликда нима ишлар қилмадик, лекин қаранг, ҳеч бирини биров билмайди. Мени сизга ҳамла қилишни ташкиллаштирган деб ўйласангиз, хато қиласиз. Керак бўлса, мен ўзим уларни бўғиб ўлдираман! Тухумдан чиққанига икки кун бўлар-бўлмас сизга сапчишни ким қўйибди уларга? — деди титраб.

— Нима қиласиз ўзингизни гўлликка солиб?! Нима қиласиз ўзингизни оппоққина кўрсатишга уриниб?! Аҳмоқманми, а?! Аҳмоқманми?!

— Толмас Бадриддинович, мен бунинг тагига етаман. Бугун учовиниям топиб, терисига сомон тиқаман. Туғилганига пушаймон едираман. У онангни!..

— Сафсата сотишни бас қилинг-да, йўқолинг! Қайтиб кўзимга кўринманг!

Ҳайбатулло расвойи радди бало бўлиб раиснинг хонасидан чиқди. Чиқибоқ лабига сигарета қистирди. Чуқур изтиробда қизариб-бўзариб, кайфияти тушиб, ҳансираб тамаки тутунини чуқур-чуқур тортиб, у ёқдан-бу ёққа юрди. «Буни шундай қолдириб бўлмайди. Ҳаммаси шунчаки тугаб кетавермайди. Бекорга мени ташлаб, анави чурвақани опкетмабди. Демак… Вой, падарингга лаънатлар, мен уларга шундай деганмидим?! «Ҳозир ўпкаларингни босиб юринглар. Вақти-соати келса, нима қилишни айтаман ўзим» демаганмидим?! Одам шунчалик ҳам аҳмоқ бўладими? Буни шундай қолдирмаслигим керак… Толмаснинг олдида ўзимни оқлаб олишим, яна қайтиб ишончига киришим учун қурбонлик келтиришимга тўғри келади. Хўш, қурбон ким бўлади? Шокирми? Йўқ, у керак. Ҳали ишлайди. Абдураҳим ҳам тўғри келмайди. Бундан чиқди, Саид. Ҳа, шунда мениям аламим қолмайди. Бир ҳисобдан, буям раисга яна битта зарба. Ҳар қалай, Саид қайниси. Ҳар ҳолда, бир жойи ачийди».

Ўй-фикрлари Ҳайбатуллони анча тетиклаштирди. Қайтиб Толмас Бадриддиновичнинг ёнига кирмаслик ниҳоятда аҳмоқлик бўлишини билиб, чекаётган сигаретасини оёғи остига ташлаб эзғилади-да, елкаларини силкитиб олиб идорага кирди. Эшикни тақиллатмади. Бирдан очди. Бу пайтда раис телефонда ким биландир гаплашаётган эди. Индамай бориб ўтирди. Гарчи Толмас Бадриддинович ўқрайиб қўйган эса-да, ўтиришига монелик қилмади. Гўшакни қўйиб, «Хўш, яна нимага келдинг?» дегандай Ҳайбатуллога қаради.

— Толмасжон, мана, неча йилдирки, орамиздан қил ўтмай, худди ака-укадек ишлаб келяпмиз. Энди иккита тирриқ бузоқнинг қилган ишини деб, бир-биримизнинг устимизга от ҳайдасак, менимча, ҳамманинг олдида шарманда бўламиз. Айниқса, душманлар оғзи қолиб, орқаси билан кулади. Шунинг учун ҳаммасини бамаслаҳат ҳал қилсак.

Раис Ҳайбатуллонинг гапини энсасини қотириб эшитди. Кейин қаншарини қашлаб деди:

— Мошовани ўзингиз пиширдингиз. Энди айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзингиз ичасиз. Ичиб бўлганингиздан кейин менга хабар етказсангиз, у ёғини гаплашиб олаверамиз. Ҳозир менга бошқа ҳайдовчи топиб келинг. Мурод бор-ку, қуйиқишлоқлик, шуни опкелсангиз ҳам бўлаверади.

— Толмасжон, унинг касали бор-ку. Юқумли. Кейин Элёр бирорта айб…

— Уни қайтиб кўрмайин.

— Бўпти, сиз нима десангиз, шу.

 

* * *

 

Элёр «Виллис»дан айрилган эса-да, Ҳайбатуллонинг саъй-ҳаракати билан юк машинасига эга бўлди. Албатта, янгиси эмас, эскироғи, кимдандир қолганига. Афти бужмайди. Бир хаёл «Бунақанги шалоқ аравани минмайман» демоқчи бўлди. Бироқ қараса, аҳвол чатоқ. Ҳозир шуни олмаса, кейин бутунлай пиёда қолиши мумкин экан. Бунинг устига, суяна бошлагани, бўлғуси қайнотаси Ҳайбатулло ҳам қовоғини очмади. Бир оғиз «Ҳозирча шуни миниб тур, раис озгина жаҳлдан тушсин. Кейин янгисига алмаштириб бераман» деса бўларди. Лекин демади. «Гаражга бор, фалон машина турибди. У ёқ-бу ёғини тўғрилагин-да, инженер нима иш буюрса, шуни қилиб юравер», деди.

Элёр Ҳайбатуллонинг айтганини қилди. Эрталаб машинани беришган бўлса, тушдан кейин ҳайдаб чиқиб кетди. Тўғри уйига борди. Уйдагиларига машина алмашади, демаганди. Чунки эрталаб ўзи ҳам бундан бу ёғига колхознинг бирорта уловини миниш-минмаслигини билмасди-да.

Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол. Грузовойнинг атрофини айланиб, бошини сарак-сарак қилади. Бирдай норози, бирдай кўнгиллари ўксигандай эди. «Ҳали бундан ҳам зўрини минаман. Яқинда янги машиналар келади. Биттасини менга беришади. Мен ҳам дунёга келиб, янгисини минай-да» дерди Элёр гарчи ундан биров «Нега бу эски аравани опкелдинг?» деб сўрамаса-да.

— Лекин шуниси дуруст, — деди отаси машинани роса кўрикдан ўтказгач, — ўт-пўт ташийсан. Тўйга кўп одам оборсаям бўларкан, анави «Виллис»ингга беш-олтитадан ортиғи сиғмасди. Энди кузовингга кўрпача ёзволиб, ўтириб кетаверарканмиз-да, бир қишлоқ одам.

Элёрни биров чимчилаб олгандай бўлди. Аламидан лабини шундай тишладики, қон сизиб чиқди. Шу куни кечқурун Ҳайбатуллоникига борди. «Бу аравани минмайман, ҳамма устимдан куляпти» демоқчи бўлди. Бироқ бориши билан мешқорин — бош агрономни кўриб, дами ичига тушиб кетди.

— Меҳнаткаш бола бундай бўпти-да, маладес. Шодмонқул қисталоқ бир ҳафта тагидан чиқмовди. Лекин, барибир, юрғазолмаганди. Сен бир кунда чоптириб кетибсан, — деди Ҳайбатулло бир машинага, бир Элёрга қараб.

— Ҳа, энди. Касали унчаликмас экан-да.

— Гап касалдамас, гап каллада, билак-да. Хўш, хурсандмисан?

Элёр миқ этмади. Юзидан олови чиқиб, бошини эгди. Бурнини тортди.

— Оббо, сен-эй, — дея Ҳайбатулло унинг елкасига қоқиб қўяркан, сўради: — Сенга кичкинагина бир иш айтувдим, нима бўлди?

Элёрнинг миясига бирдан лоп этиб, Маъруф келди.

— Шу пайтгача вақт бўлмаганди. Лекин энди…

— Биласанми, Элёрбек, бир хил пайтлари мен шу лекин-пекин деган сўзни жудаям ёмон кўриб кетаман. Бир ишни бировга айтдингми, дарров бажарса-ю, «Ака, шундай-шундай бўлди. Бу ёғига энди нима қилай?» деб турса, одам бошқача бўп кетади-да. Мана, мошинни бир кунда отдай қилиб опсан. Энди, тўғри, мошин ўзингга керак. Менинг ишим орқада қоп тураверсаям бўлади, тушунаман.

— Хавотир олманг, бугундан қолдирмайман. Ярамаснинг жағини эзаман. Касалхонадан чиқмайдиган қип қўяман!

— Ҳай, ёш болага иш буюргин-да, орқасидан ўзинг югур, деб шунга айтишади-да. Сендан катта учта аканг кеча қовун туширган. Худди сенга ўхшаб, улар ҳам ҳаммасининг жағини майдаламоқчи бўлган-да. Кейин шу ишгаям мен кўндаланг бўлдим. Уқдингми?

Элёр индамай бошини қимирлатди. Шу билан кетди. Уйига боргунча Ҳайбатулло нима демоқчи бўлганини ўйлади. Охири топди. «Демак, нима бўлгандаям мен урмаслигим керак. Умуман, мени у билмаслиги шарт. Лекин қандай қилиб? Куни кеча раиснинг шофёри эдим. Унча-мунча тенгдошларим ҳурмат қилишарди. Унча-мунчаси айтганимга кирарди. Энди манави арава билан уларнинг ёнига борсам, устимдан кулишади. Шошма-шошма, бор-ку йўли! Осонгина! Парда нашаванд. Чекмаса, қорачасини чойга эритиб ичмаса, туролмайди. Қачон қарама, кўкнори излайди. Менда бор шу ўлгурдан. Отам бултур томорқага экувди. Ширасини олиб, уйга яшириб қўйган. Стаканчада турибди, устига озгина мой қуйилган. Бир чайнам сақичдайгинасини отамга билдирмай олсам, Парда нашаванд қўлимда. Нима десам, қулоқ қоқмай бажаради». У шундай хаёллар билан машинадан тушди. Уйдагиларга ўзини тинка-мадори қуриган, сулайгандай кўрсатди-да, ошхонага кирди. Отаси яшириб қўйган стаканни топди. Бир чимдим олди. Бир бўлак целлофанга ўраб, чўнтагига солди. Ошхонадан чиқиб, эндигина машинага ўтирган эди ҳамки, энаси сўраб қолди:

— Қаерга кетяпсан?

— Ишга.

— Ҳозир келдинг-ку.

— Келсам нима қипти?

— Овқатланмайсанми?

— Гаражда кечқурун ҳам овқат қилишяпти. Комиссия келаркан, шунга манави шалтоқ араванинг у ёқ-бу ёғини тозалашим керак. Сезонга тайёр бўлсин, деди. Раиснинг калласи айниб қолган. Ҳаммани чақяпти.

— Ундай дема, раис катта одам. Эшитиб қолса бўлмайди.

Аёл раисни Худо деб билади. Ёмон қўрқади. Толмас Бадриддинович билан умуман дуч келмаган. Олдинги раислар унинг юрагини олиб қўйган. Улар отда юришарди. Керак бўлса, эрининг ёнида қамчиси билан уриб-уриб ташларди. Эри ғинг деёлмасди. Деб кўрсин-чи, отлиқ ўлгур бошига нима кунларни соларди?.. Шу замондан бери раис деса, оёғи дағ-дағ қалтирайди. Ўғли бўлса, Толмас Бадриддиновични мияси айниганга чиқариб ўтирибди. «Ҳаҳ, шартаки бола-я. Ҳаҳ, юраккинаси боргина бола-я» кўнглидан ўтказди аёл.

Элёр Парда нашавандни уйидан тополмади. Сочлари тўзғиган, кўзлари киртайган аёл айвонга чиқиб:

— Парда акангиз уйда йўқ. Билмайман қачон келишини, — деди.

Элёр ижирғанди. Аёл деганиям шунчалик исқирт бўладими? Бўйнининг кири чироқнинг ёруғидаям кўриниб турибди. «Падарингга лаънатининг мўлтонидан фарқи йўқ экан» деб ўйлади-ю, шоша-пиша изига қайтиб, машинага ўтирди. Дарров ортига буриб, газни босди.

«Бу уйга қайтиб келмайман» деб ўзига ўзи ваъда берганди. Бироқ эртасига яна келишга мажбур бўлди. Кечаси билан нашавандни тополмагандан кейин нима қилсин, келади-да.

Парданинг ота-онаси йўқ. Бир сингил, бир укаси бор. Уларнинг аканикидан оёқларини тортганига кўп бўлиб кетган. Сабаби… Бунга сабаб тиқилиб ётибди: нашавандлик, муштумзўрлик, дағаллик, ишёқмаслик, маишатпарастлик. Булар асосийлари, қолганларини бемалол шуларга тиркайверса бўлади. Дарвоқе, кечаси Элёрнинг қаршисига чиққан жувон — Парданинг саккизинчи хотини. Ўзи, ҳақиқатан ҳам, хотиними-йўқми, ҳеч ким билмайди. Еттинчиси қачон кетган, қачон унинг ўрнига буниси келган, бу ҳам қоронғи. Маълуми, беш-олти ойдан бери шу жувон уйга кириб-чиқиб юради. Ташқарига кам чиқади. Умрини уйда ўтказади. Қўлини совуқ сувга урмайди. Шунинг орқасидан томорқага бирорта экин экилмаган. Ҳамма ёқни ўт босиб кетган. Ўтларки, одам бўйи келади. Ярми қуриб, қовжираб, ер билан битта бўлиб ётибди. Каламушлар учун яхшигина уй. Сичқонларгаям қулайгина макон. Оч мушукларнинг ҳаммаси қорнини шу ерда тўйғазади. Икки туп нок бор. Танаси қучоққа сиғмайди. Экилганига камида олтмиш-етмиш йил бўлган. Ўзи гуллайди, ўзи мева тугади. Лекин меваси озми-кўпми, ейилади. Албатта, Парданинг ҳушёрлик пайтида. Аммо унинг ҳушёр пайти камдан-кам бўлади.

Элёр Парданинг отини айтиб, беш-олти марта чақирганидан сўнг кечаги хотин эшикни ғийқиллатиб очганча қаршисида пайдо бўлди. Кўзини зўрға йириб очди-да:

— Ҳа-а, — деди норози бўлиб.

Элёр афтини бужмайтирди. Куни нашавандни шундан сўрашга қолгани учун ўзига ўзи ачинди.

— Парда борми?

— Келувди.

— Бу ёққа чиқсин.

— Ухлаётувди.

— Кейин ухлайди, чақиринг, — деди Элёр жаҳлланиб.

— Ким дей?

— Ҳеч ким. Чиқсин, тамом.

Хотин «шилқ» этказиб бурнини тортди. Сўнг ортига бурилиб, уйга кириб кетди. Бироздан кейин ичкаридан бақир-чақир эшитилди. Элёрнинг пешонаси тиришди. «Падарингга лаънати мени сўкяптими?! — дея хаёлидан ўтказди. — Агар шундай бўлса, онасини учқўрғондан кўрсатаман».

Парда ташқарига чиқди. Қуёш кўзини олди, шекилли, манглайига қўлини соябон қилди-да:

— Ҳа-а, сенмисан? — дея остонага ўтирди.

— Бетингни ювмайсанми аввал? — деди Элёр ижирғаниб.

Парда қўлини силтади-да:

— Ҳар куни юваверадими одам? Уч кун олдин сувга тушиб кетганман, шунда ювилган, етади, — дея чирт этказиб ерга тупурди.

— Сенга иш бор.

— Раисникими, ўзингникими? — деб сўради Парда кир шимининг чўнтагидан носқовоғини олиб, бир чимдим носни кафтининг ўртасига ташларкан.

— Менга қара, бор, ювиниб кел. Сенинг турқингга қараб, кўнглим айнияпти.

— Бўлмаса, қарама.

Парда нос отди. Кейин кафтини пуфлади-да, ўрнидан турди.

— Ҳозир келаман.

У битта-битта қадам ташлаб ҳожатга кетди. Уйнинг шундоққина бурчагидаги, ўтирса, одамнинг калласи кўринадиган ҳожатхонага. Элёрнинг кўнгли ағдарилди. Нарироққа кетди. «Шунчалик ҳам ифлос бўладими одам? Мол бундан тузукроқ. Ҳали менинг шунга ишим тушдими? Уф-ф!» дея пешонасини қашлади у.

Парда, ҳартугул, ювинди, шундаям наридан-бери. Сўнг Элёрнинг ёнига келиб:

— Нима дейсан? — деб сўради.

— Қорачадан бор, — дея Элёр унинг юзига тикилди.

Парданинг бирдан кўзи порлаб кетди.

— Қорача? Қани?..

— Битта иш бор, шуни қилсанг, оласан.

— Алдаяпсан.

Элёр чўнтагидагини олиб, унга кўрсатди:

— Мана!

— Нима иш қилишим керак? — ҳовлиқиб сўради Парда.

— Биттаси бор, шуни гум қиласан…

Парданинг пешонасидан тер чиқиб кетди. Унинг қони қайнаган, бутун вужудини ҳаяжон қамраб олган эди. Элёрнинг қўлидаги нарса — унинг жони. Агар шуни олса, қора чойга эритиб ичса, жаннатга тушгандай бўлади. Ҳамма ёқ кўзига гўзал кўринади. Кейин ҳамма нарсани унутади. Одам зоти борки, унинг учун сариқ чақага қиммат жонзотга айланади. Лекин бир кишини ўлдириш эвазига бор-йўғи шунчагина неъмат жуда оз.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...