“СЎҚИР”… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

Сония сайин Нилуфарнинг юрагида нафрат алангаси ловулларди.

У нима қилишни, бу зўравонни қандай инсофга чақиришни билмасди.

Фақат тақдирдан, тасодифдан нажот изларди. Яратгандан хаёлан Мажидга диёнат тиларди.

Афсуски, барчаси сароб эканини билмасди. Қамоқ кўрган бу эркак қандай қабиҳликларни ўйлаб қўйганидан бехабар эди. Шу сабабли тезроқ нариги хонадан чиқишини, бўғибми, бўғизлабми ташлашини ва бу балолардан халос бўлишни хоҳларди.

Ниҳоят Мажид сигарет тутатганча Нилуфар ўтирган хонага чиқиб келди.

Ҳайкал каби қотиб, ора-сирада ҳимоясиз, ожиз ва нотавон жуссасини қимирлатиб-қимирлатиб олаётган Нилуфарга масхарали нигоҳ ташлади.

— Сен мен учун бир иш қиласан, — деди охири сигарет қолдиғини бурчакдаги стол устида турган кулдонга ташлаб. — Менга жарақ-жарақ пул ишлаб берасан. Ана шунда бир қошиқ қонингдан кечишим мумкин. Эшитдингми? Гапир!

— Ҳали жазонгни оласан! — шивирлади Нилуфар совуққон оҳангда. — Бу ишларинг жавобсиз қолмайди, ярамас! Нега қараб қолдинг? Ўлдирақол! Барибир ниятингга етолмайсан!

Мажид аста келиб Нилуфарнинг бир тутам сочини сиқимлади.

— Намунча осмондан келмасанг? — деди тишларини ғижирлатиб. — Бор йўғи сўқир бир қизсан. Гўзаллигингни айтмаса, бир пулга қимматсан шу туришингда.

— Кўрлигим сенга асқотди. Агар кўзим очиқ бўлганда, ҳозир сенинг ифлос, наҳс босган уйингда ўтирмасдим.

— Майли-да, нима десанг деявер! Ҳозир кўнглим юмшаб турибди. Гапириб қол. Эртадан бошлаб Тупроққўрғондаги автовокзалда сайрайсан, ҳа! Вей, сендақанги кўрлар тиланчилик қилса, яхши пул топади.

— Нима? Ифлос!

— Ҳа, алам қилдими? Ёқмаяптими? Ана шунақа-а! Мени ранжитганларнинг ҳоли шу! Қани, энди бир туриб юборсинлар-чи!

— Ифлос қўлингни теккизма менга! — бақирди Нилуфар гавдасини орқага ташлаб. — Ким бо-ор? Ёрдам берсанглар-чи! Ўлдиришаяпти!

Мажид жонҳолатда Нилуфарнинг оғзини ёпди-да, бир қўли билан томоғидан бўға бошлади.

— Ҳали шунақами? Овозлариям борми? Қани, энди бақир-чи! Ўласа-ан! Қийналиб, хўрланиб ўласан! Менинг кўнглимни олмаганинг учунам шундай ўлим топасан! Бу ерда сенинг овозингни ит ҳам эшитмайди! Бақир, ит, бақир!

Нилуфарга қолса, танасини тилка-тилка қилиб ташлашса ҳам бўш келмасди.

Мажидга қарши сўнгги нафасигача курашган бўларди. Бироқ руҳи унга итоат этмади.

Ҳаво етмай хириллай бошлаганда, типирчилашга тушди. Танани тарк этишни хоҳламаган руҳ жон-жаҳди билан Нилуфарни паст келиш ва ризоликка ундади.

— Қ-қўйвор! — дея олди базўр хириллаб. — Қ-қўйвор!

Мажид масхарали тиржайиб Нилуфарнинг томоғидан қўлини тортиб олди.

— Хўш, тавбангга таяндингми? — сўради зардали ҳаракат билан кўзойнагини тақиб қўяркан. — Ажал қўрқинчли бўлади. Жуд-даям қўрқинчли бўлади. Ё ишонмайсанми? Бошқатдан бошлайинми?

— Йўқ, йўқ, керакмас! — деди Нилуфар икки қўлини олдинга чўзиб. — Р-розиман! Ҳаммасига розиман! Мени ўлдирма! Ўлдирма!

— Мана бу бошқача гап бўлди, — дея ўрнидан қўзғалди Мажид. — Ҳали йўриғимга юрмайдигани онасининг қорнида ётибди. Қани, туриб олсинлар-чи хонимча! Қўлни бер!

Нима ҳам қила оларди? Боягина юрагида кўз очган умид, орзу, мақсадлари кузги япроқ каби сарғайган Нилуфар қўрқа-писа ўрнидан турди.

У шу қадар юрак олдириб қўйгандики, мустақил бир қадам олдинга босишга қўрқар, қалби қулоққа айланганча Мажиднинг сўнгги қарорини кутарди.

 

* * *

 

— Энди менга қулоқ сол, — деди Мажид Нилуфарни курсилардан бирига ўтқазаркан. — Тупроққўрғон деган жой бор. Ўша ерда ўтириб тиланчилик қиласан. Кўрларга дурустгина садақа беришади. Сени йигитларим ўша атрофда кузатиб юришади. Ҳар куни кечқурун йиққан пулларни шахсан менинг қўлимга топширасан. Башарти мелисага чақишни ё қочиб қолишни ўйласанг, тамом бўлдим деявер! Итдай қийнаб ўлдираман-да, ўлигингни зовур сувига чўктирвораман. Тушундингми, йўқми?

Шундоқ ҳам бўлари бўлган Нилуфар ҳайиқибгина бош ирғаб қўйди.

— Жуда яхши, — деди Мажид кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Бугун сенга дам бераман. Нариги хонада дам оласан. Ҳозир овқат ҳам бераман. Фақат каллангни ишлат, аҳмоқ қиз. Болалар уйидалигингда Худо урган мағрур эдинг. Ҳатто мендай довюрак, мард йигит ҳам юрак ютиб сенга севги изҳор қила олмаганман. Худога шукр, ҳаммаси жойига тушадиган бўлди. Асосийси, қамоқдаги аламларим чиқди. Буёғига азобларимнинг бадалини сен тўлайсан. Айтганча, агар яхши пул ишлаб берсанг, сенга уйланишим ҳам мумкин, ҳа! Ахир, сўқирга ким ҳам уйланарди!? Нима дейсан? Хи-хи-хи-хи-хи!..

Гарчи хўрликлар, масхаралашлар, зўравонликлар меъёридан ошиб тушган бўлса-да, Нилуфар айни паллада лаб тишлашдан, чидашдан, итоат этишдан бўлак чораси йўқлигини биларди.

Кўзларидан оқиб тушган аччиқ ёшларни кафтига арта-арта бош эгди.

 

* * *

 

Тун чўкди. Буни Нилуфар боя дераза тарафдан юзига урилган ёруғлик тафти ғойиб бўлганидан билди.

Мажид қаергадир чиқиб кетганди. Тимирскиланиб олдига қўйилган нон бўлагини оғзига яқин олиб борди-ю, негадир томоғига нимадир тиқилган каби нонни тишлай олмай яна жойига қўйди.

Шу лаҳзаларда хаёллари чалкашиб кетгандек эди. Нуқул кўз ўнгида Мажиднинг ғойибона совуқ башараси, оғзидан тупук сачратиб қичқириши намоён бўлар, ўйлагани сайин баттар ваҳимага тушарди.

Устига устак эти жунжикиб, ич-ичдан титрай бошлади. Кўрпами, чойшабми топиш илинжида ён-верини пайпаслади. Ҳеч вақо топа олмагач, гўё шундай қилса исиниб оладигандек деворга қисилиб олди.

Бир зумда тафаккур осмонини афсуснинг қора булутлари қоплади.

«Беҳудага кўрлар яшайдиган жойга боришдан бош тортибман, — ўйлади ўзича. — Ўша ерда тинч бўлардим, ҳеч ким хўрламасди, номусимни топтамасди. Ҳозир анави ярамас келса, хоҳлаганича устимдан кулиши, аёллик иффатимни ер билан битта қилиши ҳеч гапмас. Мен нима қила олардим?! Ҳеч нима. Оҳларим Худо тугул, ҳовлигачаям чиқмайди. Кўзимдан, бахтимдан, келажигимдан айрилганим етмай, кўз қорачиғимдай асраб келган номусимни ҳам бой бераман. Эй Худо, ўзинг ёрдам бер! Бирор қабристонга етакла мени! Ўша ерда совуқ қабрлардан бирини қучайин-у, тинчгина омонатимни сенга топширайин! Мени қийнаб, синаб нима топардинг? Ожиз-у нотавонман барибир. Шундоғам ҳамма нарсамни олдинг. Мени кўчаларда, зўрларнинг чангалида қолдирдинг. Ҳеч бўлмаса, бугун бир мартагина раҳмимни есанг-чи! Сенга қийин эмас-ку!..»

Ана шундай ўйлар, пушаймонлар, нидо ва хаёлий дод-войлар оғушида Нилуфарнинг кўзи илинди.

 

* * *

 

Ярим тун. Нилуфар уйқу орасида эти жунжикиб совқота бошлаганини ҳис этди ва жонҳолатда ўрнидан туриб тиззалаганча таваккал ёпинчиқ излашга тушди.

Хонада сокинлик ҳукм сурарди. Мажиднинг ҳам овози келмаяпти.

У кўнгли қандайдир эзгуликни, ёқимли лаҳзалар яқинлигини сезган каби эмаклаган кўйи пайпасланиб чиқиш эшигини қидира бошлади.

Эшик қия очиқ эди.

Яна эмаклаб ҳовлига чиқди. Дарров димоғига гулларнинг ёқимли иси урилиб, бироз кўнгли яйрагандек бўлди.

Шу тахлит катта кўчани излаб топмоқни, амал-тақал бу ҳовлидан узоқроққа кетмоқни истади.

Аксига олгандек, қаддини ростлаб улгурмай, ҳов наридан Мажиднинг қисқа-қисқа йўталиши қулоғига чалинди.

Нилуфар бу хунук товушни эшитди-ю, тек қотди. Танасида кучли титроқ туйди. Қўрқув шу қадар кучли эдики, лаблари ҳам танаси билан баробар титрай бошлади.

Бу орада Мажид унга яқин келиб тепасида тўхтади. Ундан қандайдир ёқимсиз, бадбўй ҳис анқирди.

Шу исни Нилуфар сўнгги бор Арслонга рўбарў бўлганда димоғида туйганди.

Дарҳол англади.

Мажид ҳам гиёҳванд экан. Бундайлар шафқатсиз бўлишади. Ўлдиришдан, танангни қийма-қийма қилиб ташлашдан тойишмайди. Қўрқиш керак! Қўрқиш керак!

— Ҳа-а, ҳожатга боргилари келдими дейман хонимнинг? — киноя ва масхарали оҳангда сўради Мажид. — Иштонингда бажаравер ҳожатингни, хи-хи-хи-хи!

— Ёлвораман, мени қўйиб юбор! — ялина бошлади Нилуфар. — Ахир бир сўқир бандани қийнаб, азоблаб, масхаралаб нима топасан? Ҳеч нима. Гуноҳга ботганинг қолади-ку! Қўйвор мени! Кўчага опчиқиб қўйсанг бас, ўзим йўлимни топиб кетавераман!

— Овозингни ўчир! — Мажид жаҳд билан Нилуфарнинг билагини сиқди-да, ўрнидан турғазди. — Гапларим ёдингдан чиқдими? Ё эсингам ҳалигидай кирди-чиқди бўлиб қолганми? Пул ишлаб берасан менга, пул, ғалча! Менга катта пул керак. Машина, ҳашаматли уй сотволишим зарур. Тушунасанми-йўқми? Қизлик иффатингни, ўн саккиз яшарликдаги диркиллаган пайтингни қаёқдаги бир нусхага бағишлагансан. Буни эшитдим. Менга эса қайрилиб ҳам қарамадинг. Қамалишимга, турмада ўтириб ёвғон шўрва ичишимга сабабчи бўлдинг. Ие, буларнинг бадалини ким тўлайди? Катта холангми? Унақа десам, катта холангам йўқ. Қани, бўл, уйга кир! Ҳозир жиним қўзиб турибди! Бўл тез!

Шундай деди-ю, Мажид Нилуфарни гўё бир қоп тупроқ каби ичкарига судраклади.

 

* * *

 

Бало, офатлардан-да бу қадар қўрқмайдилар. Нилуфар Мажиднинг шарпаси қулоғига чалинди дегунча қопқонга тушган жонивор каби типирчилайдиган бўлиб қолганди. Дод солиш, кимларнидир ёрдамга чорлаб бақириш тугул ортиқча товуш чиқаришга чўчирди.

Эртаси куни ҳам худди шу аҳволда Мажид етовида Тупроққўрғонга борди.

«Етимхонада ўсганларнинг қисмати бир шекилли, ўйларди Нилуфар посёлкасифат бу масканни тутган шовқин-сурондан безиб. «Ҳамма етимлар ёмонларнинг қўлига тушаркан. Умрининг сўнгги дақиқасигача хўрликда, надоматлар чекиб, қўрқувлар, таҳлика-ю, дўқловлар қуршовида яшаркан. Мен ҳам қисматдошларимнинг бошига тушгулик ўша кўргиликлардан мосуво бўлмадим. Чивиндеккина жоним ёнимдаги мана шу нусханинг қўлида эканини сезиб турибман. Бунақалар ҳеч нарсадан қўрқишмайди. Одам ўлдириш булар учун чўтмас. Худойим, энди нима қиламан? Ўткинчилар, атрофдагилар менга қандай қарашаётган экан? Ачинишаяптимикан? Нега унда югуриб келиб мени Мажиднинг чангалидан қутқаришмайди? Бир оғиз ҳол сўраш шунчалар мушкулми? Ё улар ҳам Мажиддан чўчишадими? Худонинг ғазабими Мажид?..»

— Тўхта, — деди кутилмаганда Мажид Нилуфарнинг билагини маҳкамроқ сиқиб. — Тиланишнинг бошқачароқ йўлини танлаймиз. Ҳозир… Шошмай тур!..

Мажид чўнтагидан телефон чиқарди-да, кимгадир қўнғироқ қилиб, тез етиб келишини тайинлади.

— Ана энди юр, — деди ниҳоят. — Ҳов анави ерда музқаймоқ сотишаяпти. Сени би-ир музқаймоқ билан сийлай! Фақат аҳмоқлик қилиб қўйма. Унингни ўчириб ўтир! Бир оғиз ортиқча гапирсанг, тамомсан!

Нилуфар индамади. Сўзлашга, қаршилик кўрсатишга ҳолни қаердан топсин?

Тутқунликни яна бир карра бўйнига олиб итоаткорона Мажидга эргашди.

 

* * *

 

Орадан ҳеч қанча ўтмай, улар ўтирган стол қаршисига ўн-ўн бир ёшлар оралиғидаги, одми кийинган, юзларини сепкил босиб, сочлари патаклашган қизча ийманибгина яқинлашди. Мажид уни кўрди-ю, даст ўрнидан туриб елкасидан қучди.

— Бу қизчанинг исми Нодира, — уқтирди қотганча ўтирган Нилуфарга. — Болалар уйида қийналиб юрган экан. «Ўзим боқволаман» деб зўрға олиб чиққанман. Ноди, мана шу опангни массивда етаклаб юрасан. У тиланчилик қилиб пул топади. Ёнидан бир қадам ҳам жилмайсан. Сизларни менга ўхшаган акаларинг кузатишади. Тушунарлими?

Нодира ер чизган кўйи бош ирғади.

— Жуда яхши-и, — деди Мажид совуқ тиржайиб. — Қани, олдин манави музқаймоқни еб ол! Ундан кейин иш бошлайсизлар! Ўтир, қизалоқ, қўрқма!

Нодира қора кўзойнак таққан Нилуфарга сирли қараб олди-да, курсига ўтириб музқаймоққа қўл чўзди…

 

* * *

 

Жажжи қизалоқ қўлтиқлаган кўйи юриб бораркан, Нилуфар ростакамига алам, қайғу ботқоғига бота бошлаганини ҳис этди. Қалбидаги совуққонлик, беҳислик ўрнини ўкинч эгаллади. Дод солиб йиғлагиси, фарёд чеккиси, сарвари оламни тўйиб-тўйиб лаънатлагиси, қисматдан, тақдирдан тўхтамай нолигиси келди. Шу аснода яқин ўтмишдаги ойдин чеҳрасини, тундек қора, узун ва майин сочларини, чақнаб турган кўзларини тасаввур қилди. Минг афсус! Кўрганнинг кўзини куйдирарди. Ҳаваслар, орзулар осмонида парвоз қиларди. Энди-чи? Тиланчилик қиладими? Қандай? Қай юз билан бировлардан садақа сўрайди? Нима дейди? Дунёни кўрмаса, бировни танишга ожиз бўлса!

Ҳа, ҳаёт шундай экан. Худди ўргимчак тўрига ўхшаркан. Домига тушиб қолсанг, бирпасда йўриғига тушиб қоларкансан…

— Қизча, бирор тошми, тўнками бўлса олиб боргин! Ўтирайлик! — деди Нилуфар безовталаниб. — Ҳолим қуриб кетди.

— Вой, опажон, анави ерда икки барзанги биздан кўз узмай турибди. Тағин келиб дўппослаб қолмасин!

— Ўлиб кетсин! Сен бошлайвер! Ўтирамиз!

Аслида Нилуфарнинг нияти бошқа эди. Ўтириш баҳонасида ўзини тиланчиликка, садақа сўрашга руҳан тайёрлади. Хаёлан иболи юзини сидириб ташлади. Уят, тортиниш, андишани ҳайдаб солди.

Азиз авлиёларни ёдга олди. Улардан куч, мадад сўради. Барчалари уни кўриб турганига, кўмакка шайлигига ўзини ишонтиришга уринди.

Тушига кириб қарғаган нотаниш ва ёт, аммо туғиб дунёга келтирган онасига хаёлан илтижо қилди. Ортиқ уйқусида безовта қилмаслигини, қайлардан бўлмасин дуо қилишини ёлвориб сўради. Умрида кўрмаган отасидан шафқат тилади. Барибир уни яхши кўриши, еру кўкка ишонмаслигини қайта-қайта уқтирди.

Яна ёнидаги мўлтирабгина турган Нодирага сездирмай хаёлан йиғлади. Момо ерга, олис осмонга боқиб жами ҳасратларини тўкиб солди.

Сўнгра тимирскиланганча Нодиранинг нозик билагини топиб маҳкамроқ сиқди.

— Жоним, мен тайёрман! — деди оҳиста ўрнидан қўзғалиш асносида. — Сен мени туртинтирмай, қоқинтирмай, ўткинчиларга урилтирмай етаклагин, хўпми?

— Хўп бўлади, опажон! Қаранг, барзангилар биз тарафга юра бошлашди.

— Э, жонимизни олишармиди ўшаларинг? — қўл силтаб қўйди Нилуфар. — Сен сира ҳайиқма! Ундан кўра, атрофга қара, қаерда одам гавжум бўлса, ўша ёққа етакла!

Нодира уни автобус бекати томон бошлади. Ўша атрофда одам кўпроқ экан.

Нилуфар кўпчиликнинг ғала-ғовури қулоқларини қоматга келтира бошлагач, аччиқ-аччиқ йиғлаганча қачонлардир китобда ўқиган бир шеърни маҳзун оҳангда айта бошлади.

— Азизлар! Меҳрибонлар! Яхшилар! Ҳотамтой акалар! Қора кўз, қайрилма қош опалар, сингилжонларим! Онажонларим!..

Бизлар ҳануз ноҳақмиз,

Ҳақлигимиз ёлғондир.

Безовта-ю, илҳақмиз,

Чоғлиғимиз ёлғондир.

Кулга белаб отсалар,

Чивиндек жон оғригай.

Лек минг афсус…

Азалдан

Чўғлиғимиз ёлғондир.

Дўстман деса ёвқурлар

Ишонармиз, кўнармиз.

Минг шукрки ёвқурга

Чоҳлигимиз ёлғондир.

Сукут айлаб ўтармиз

Қора қисмат қаърида.

Майли бизни дарвеш денг,

Соғлиғимиз ёлғондир.

Нилуфарнинг ғамгин, юракни эзувчи бу нолалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Эркаклар, норғул йигитлар бош чайқаб, аёллар, қиз-жувонлар кўзларида ёш билан атаганларини Нилуфарнинг қўлига тутқаза бошлашди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ