МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (19-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Палакат! — деди унга жавобан.

— Ҳа-а, палакат фақат сизнинг олдингиздан чиқади. Шу ердагилардан биронтасига буюрсангиз бўларди-ку. Мен дугонамга телефон қип айтиб қўювдим. Бечора тайёргарлик кўриб ўтирган. Яна эри кичкина одам бўлсаям, майлийди. Энди обрўйингиз нима бўлади?

— Ер билан битта бўлмайдими, йўқ бўп кетмайдими?!

— Ҳар доим шундайсиз, керакли ишни қилмайсиз-да, қаёқдаги нарсаларга бош суқиб юрасиз!

— Ўчир дедим сенга! Бўлмаса, ҳозир машинани тўхтатаман, пиёда шу дугонангникига кетасан! Борасан-у, ўша ёқда қоласан! Тушундингми?! — бақириб юборди Толмас Бадриддинович.

Паризоднинг кўзи ёшга тўлди. Маъруфнинг ичидан бир нима узилгандай бўлди. У раиснинг аёли шунақанги ўжар деб сира ўйламаган эди.

— Раис бова, ўзим боравераман, анча яхшиман, — деди паст овозда.

Паризод шу заҳоти унинг юзига қаради.

— Оз қолди, яна беш минутдан кейин етамиз. Янгангнинг гапларига эътибор берма, — дея раис ойнадан орқа ўриндиққа кўз ташлаб қўйди.

Маъруфнинг кўнгли ўксиди. Қанча уринмасин, барибир, кўзидан ёш сизиб чиқди. Паризод лабини тишлади ва сумкачасини очиб, дастрўмолини олди-да, йигитнинг кўз ёшини секин артди. Маъруф хушбўй атир ҳидини сезди. Бошқа пайт бўлганида, кўнглида ўзгача туйғулар уйғонарди. Аммо ҳозир йигитлик ғурури борлигидан нишона бериб, виждони қийналди. У секин Паризоднинг қўлидан ушлади. Кўзини очиб, сулув қизга жуда яқиндан қаради. Сўнг:

— Керакмас… — дея шивирлади.

Мана шу базўр айтилган биргина сўз Паризоднинг юрагини ўйнатиб юборди. Беихтиёр қизариб, юзида табассум пайдо бўлди.

Қиз боланинг олдида кўз ёш тўккани Маъруфга алам қилар, у ўзини ўта пастлашиб кетгандай ҳис этарди. «Нима бўлсаям, агар биров қўлимни узиб олсаям йиғлаш тугул, афтимни ҳам буриштирмайман» деб ўзига ўзи онт ичди. Ва ҳозиргина қилган айбини ювиш мақсадида жилмайди.

— Оғримаяптими? — деди буни кўрган Паризод.

— Оғриқ? Оғриқни сезмаяпман. Касалхонага бекор боряпмиз. Дўхтирларнинг саволи кўп бўлади, — жавоб берди Маъруф.

Унинг гапини Насима ҳам эшитди ва бирдан ортига ўгирилиб, Маъруфга қаради-да, қовоғини уйди. Ўқрайди.

— Ҳа-а, бировнинг оёғига тикан кирсаям, киприги ортиқча пирпираб кетсаям, биз балогардонмиз. Ўпкамизни қўлтиқлаб бечорага бир нима бўлиб қолмадимикан, деган хавотирда югурамиз. Эшматнинг боласиям бизга керак, Тошматнинг аммасиям. Эгалари таралабедод қилиб юраверишади, — деди.

Толмас Бадриддиновичнинг баттар жаҳли чиқди. Машинани тўхтатиб, хотинини туширволиб, қўй-и-б, қўй-и-и-и-б юборгиси келди-ю, яна шайтонга ҳай берди. Унинг ўрнига қизи:

— Ая, ҳар бало, бир бало деяверасизми? Ҳақиқатан ҳам, мазаси йўқ. Бизни ташвишга қўймаслик учун шундай деяпти, — дея онасига жавдиради.

— Кўриниб турибди. Мабодо менинг бир жойим оғриб қолса, биронтангниям пинагинг бузилмайди. Қайтанга хурсанд бўласизлар. Лекин буларнинг «Оборманглар» деганиям жа-а улуғ гап…

— Ўчир овозингни! — деди раис ортиқ чидолмай.

— Хўп бўлади, хўжа-йин! Мана, мана, — дея Насима бармоқларини лабининг устига қўйди.

Унинг гаплари Маъруфнинг суяк-суягидан ўтиб кетган эди. Юзини ойна томон ўгирди ҳамда касалхонага етиб боргунларича қайтиб қарамади.

Кўпни кўрган дўхтир бир қарашдаёқ нима бўлганини сезди. Аммо Толмас Бадриддиновични танигани, унга ҳурмати баландлиги боис индамади. Фақат: «Шўхлик даври тугамабди-да, ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади. Битта укол қиламиз, яраларни қизимиз боғлаб қўяди, шу билан ҳаммаси жойига тушади. Энди беш-олти кун кўкаргани, қизаргани туради. Буни кетказишнинг сира иложи йўқ, бўлганида униям дарров йўқ қилардик», деди. Албатта, бу гапларнинг ҳаммаси Толмас Бадриддиновичнинг кўнглини кўтариб қўйиш учунгина айтилди. У бўлмаганида Маъруфни обдан сўкар, кимлар билан тепкилашганини суриштирар ва керак бўлса, милицияга ҳам хабар берарди. Раис унинг айнан мана шундай қилишини билгани сабаб, шахсан ўзи келган эди-да.

Маъруфнинг уйидагиларга жанжаллашганини айтишдан ўзга иложи йўқ эди. Чунки «йиқилиб тушди»га ўхшаш баҳоналарга ёш болаям ишонмайди. «Районга йиғилишга борувдим. Ҳамма кетди, менинг бозор айлангим келди. Бир-иккитаси келиб зўравонлик қилмоқчи, чўнтагимдаги пулни олмоқчи бўлди. Қарасам, учовиям алкашга ўхшайди. Жанжаллашдик. Уларни-ку ер тишлатдим, лекин кейин келганларига кучим етмади. Чарчаб қолган эдим-да. Қошимнинг тепаси ёрилган экан, негадир қон сира тўхтамади. Мажбур дўхтирга бордим», деди. Аммо гипсланган қўли тўғрисида лом-мим демади. Худдики аввалдан бор, ҳамма кўрган ва изоҳ беришнинг ҳожати йўқдай.

Отаси ҳеч нима демади. Бошини қимирлатиб қўйиш билан кифояланди. Аммо энаси аллақанча вақт безориларнинг гўрига ғишт қалади. Кейин кўз ёш тўкди. Унга сингил қўшилди. Йигитнинг дили вайрон бўлди. Бироқ сир бой бермаслик учун миқ этмасдан хонасига кирди. Ойнада аксини кўриб, қўрқиб кетди. Кўкармаган жойи қолмабди. Яна боши боғланган. «Бечора, соғ жойинг қолмабди-ку», дея аччиқ кулди-да, лабини тишлаб, соғ қўлини мушт қилди.

Маъруф ярим кечаси ҳовлига чиқди. Бу пайтда унинг кўнглида ўч олиш алангаси гуркираганди. «Ҳаммасини топаман, йўқ қиламан», деди Толмас ака. Лекин бу билан менинг кўнглим таскин топмайди. Кейин бир умр ўзимни кечиролмай юраман. Ҳозир наркоман кўринган одамга мени қандай қилиб дабдала қилганини гапириб юргандир. Ҳа-а, у мақтанади. Бундан руҳланиб, бошқаларгаям ғўдаяди, «Сениям фалончидай қилиб оғзи-бурнингни қонга тўлдириб ташлайман!» дейди».

Охирги ўйи Маъруфни титратиб юборди. Ўтирган жойидан туриб кетди. Хаёл билан бўлиб, супа четига ўтирган, шу боис шими тупроқ бўлганди. Ўрнидан турди-ю, шимини қоқишни ҳам унутиб, қўлини мушт қилганча йўлга тушди. Парданинг уйигача анча йўл, қарийб бир соатча пиёда юриш керак. Аммо Маъруф шунчалик илдамлик билан қадам босардики, шу туришида бемалол от аравани ортда қолдириши мумкин эди. Ўта хаёлга берилганидан масофанинг қисқариб бораётганини ҳам сезмасди.

 

* * *

 

Магазиндаги муштлашувдан сўнг Парда бир қарич ўсгандай бўлди. У дўкондан бирор юз қадам нарида шерикларини кутди. Ҳар тугул, одамлар тўпланганида кетиш кераклигини англаган ёрдамчилар дарров етиб келишди.

— Болалар, мен сизларнинг олдингизда қарздорман, — деди Парда уларга пешвоз чиқиб, — қарзимни бугуноқ узиб қўймоқчиман.

Икки шерикнинг ҳам қовоғи солиқ эди. Қарз ҳақидаги гап ҳам уларни юмшатолмади.

— Нега урмоқчийди? — сўради биттаси.

— Айбинг бормиди? — деди иккинчиси.

Парда сўроқларга жавоб беролмай, бир зум каловланди. Сўнг иржайди.

— Ёпиштиргандим. Гаражда. Жиғимга тегувди. Ҳозир менда шундай бир нима пайдо бўлган. Ҳеч нарсадан қайтмайман. Аслида гаражнинг ўзида ўлдирсам бўларкан.

У афтини қийшайтириб, кўзини олайтириб гапирди. Токи манавиларнинг ҳам юраклари ўйнасин.

— Бекор қилибмиз. Индамаганимизда у сени аниқ ўлдирарди. Бир қўли билан дабдалангни чиқараётганди, — деди биринчи шерик.

— Наркоманга нимага қўшилганимизни ўзимиз ҳам билмай қопмиз. Сен бир балони бошлайсан, — деди иккинчиси.

— Боя сенларга ҳақ бермоқчи бўлиб тургандим. Энди бермайман.

— Орқангга тиқ ҳақингни!

Ҳақорат Пардага зиғирча бўлсин, таъсир қилмади. Ҳатто пинагини ҳам бузмади. Ортига бурилди-ю, кетди. Тўғри уйига борди. Сочлари ёйилган хотини иягини суяб ўтирган экан. Пардани кўрди-ю, ўрнидан туриб қийшанглади.

— Арслоним, соғиндим, — дея эрининг бўйнига осилди.

— Ҳеч ким мени сўраб келмадими?

Бу одатий сўроқ эди. Биладики, бировга кераги йўқ. Аммо хотинининг олдида ўзини худди унга одамларнинг иши тушадигандай қилиб кўрсатгиси келади. Хотин ҳам ҳозиржавоб.

— Бугун келмади-я.

— Яхши. Чарчагандим. Кириб бир-икки соат ухламасам бўлмайди.

Аёлнинг қорни оч эди. Аслида, эрини кўрганида «Бирон нима олиб келдимикан?» деган хаёлда қийшанглаганди. Қўлида ҳеч вақо йўқлигини кўрди, бироқ чўнтакда бир-икки сўм бўлиши мумкин-ку. Аммо билдики, Парда одатдагидай қуп-қуруқ келган.

— Бирон нима емаймизми? — дея умидвор боқди уйга кириб кетаётган Парданинг ортидан.

— Ҳамсояларникига чиқ. Битта нон бериб турсин. Эртага қайтарамиз.

Қўшниларнинг олди-берди қилмай қўйганига кўп замонлар бўлган. Шундай бўлса ҳам, Парда қачонки хотини (аввалгиларигаям шундай деган) қорни очганини айтса, дарров қўшниларга рўбарў қилади. Бошида хотини ҳеч нарсадан хабари бўлмагани боис борди. Сўради. Эвазига «Тур, йўқол!» деган гапни эшитди. Яхшики, бети қаттиқ, йўқса ерга кириб кетиши ҳеч гап эмасди.

— Балки, кечқурунга бирон нима бўлиб қолар, — деди жувон Парда уйга кириб кетганидан сўнг паст овозда.

У ўз кўнглини кўтариш учунгина шундай деди. Чунки бирон ниманинг бўлиши амри маҳол. Аммо чиқмаган жондан умид, дейишади-ку!

Кутилмаганда Парда қайтиб чиқди. У хотинининг кейинги гапини ҳам эшитганди.

— Кечқурун дедингми? — дея афтини бужмайтирди у.

— Балки, дейман-да…

— Яхши айтдинг. Кечқурун бор. Қизталоқ боя уйга олиб кел, демаган эканман-да. Биттасининг бўйнига бир нимани илганман. Тошшийпонда беради. Им-м, бўлмаса дарров пўрим кўйлагингни кийиб чиқ. Ҳозироқ йўлга тушамиз. Бу ёғи ҳализамон кун ботиб қолади. Келмади деб, кетиб қолмасин.

Жувоннинг юзи ёришди. Югуриб уйга кириб кетди. Алмисоқдан қолган, қўлтиғи йиртиқ, офтоб урган, эски штапель кўйлагини кийди. Сочини йиғди-да, шпилька билан турмаклади. Кейин ҳовлига чиқиб, тикилиб турган эрига қараб қилпанглади.

— У-у, очилиб кетибсанми? — деди Парда.

— Чиройлиманми?

— Дунёда сендан зўри йўқ!

Жувон дарров Пардани қўлтиқлаб олди-да, юзидан ўпиб қўйди. Ундан бадбўй ҳид таралаётганди. Бироқ буни нашаванд сезмади. Чунки унинг ўзи бундан баттар эди.

Улар пою пиёда Тошшийпонга етгунларича қуёш ботиб, қоронғилик этагини ёйди.

— Мана, етдик, бу ёғи энди маишат, — деди Парда хотинининг қўлини қисиб қўйиб.

— Лекин роса чарчатдингиз. Бирорта машина тўхтатганингизда бўларди, — дея нозланди жувон.

— Кўрдинг-ку, биттасиям тўхтамади. Ўзимниям оёғим синиб кетай деди. Лекин сен хафа бўлма. Ҳали шундай давр келадики, соямизга салом беришади. Шу тўхтамай ўтганларнинг ҳаммасини бирма-бир эслаб қолдим. Даврим келганида биттама-битта бурниларини ерга ишқайман, — дея Парда хотинини тўрга бошлади.

Улар энг охирги чорпояга чиқиб ўтиришди. Бир муддат ўтиб биринчи ё иккинчи синфда ўқийдиган болакай улар ўтирган чорпоянинг ёнига келди. Аввал Пардага, кейин жувонга афтини бужмайтириб қаради. Сўнг:

— Нима олиб келай? — деди.

Парданинг «Ароқ олиб кел, шашлик олиб кел» дегиси келди. Лекин деёлмади. Чунки чўнтагида ҳемириям йўқ. Шу боисдан:

— И-и, — дея томоғини қириб қўйди. — Ҳозирча чой олиб кел, шеригимиз келгач, бошқа нарсаларни айтамиз.

Болакай ортига бурилиб кетди. Парда бўлса ғўдайиб хотинига қаради. «Кўрдингми, нима олиб келайин, деб келди. Ҳаммадан ҳам сўрайверишмайди. Отимиз машҳур-да. Кўрган борки, ҳурмат қилади. Биз шунақа зўр одамларданмиз» демоқчи бўлди. Унинг кеккайиши хотинига ҳам хуш ёқди. Бироқ шу қорни қурқураб қўймаётганди. «Бир чойнак чойга биттагина нон қўшиб айтилганида, бошқача бўларди-да. Ҳай, майли, чой айтилдими, демак, ундан кейинги буюртмалар ҳам бўлади» деган тўхтамга келди жувон.

Қоронғилик бутунлай тушиб бўлди. Чойхонага беш-олти хўранда келди. Улардан бири мотоцикл сотиб олган экан, шуни ювиш учун келишибди. Уларнинг ҳаммаси Пардани танишарди. Бироқ бирортаси ҳам салом-алик қилмади. Нигоҳлари тушди-ю, кўзларини олиб қочишди. Нашаванднинг ичидан қиринди ўтди. Зўравон бўлиш иштиёқи янада кучайди. «Ҳозирча майли, кутайин, кейинроқ ҳаммасини ҳал қиламан» дея кўнглидан ўтказиб, чўнтагидан носқовоғини олди. Бир чимдим носни тилининг тагига ташлади. Сўнг кўча томонга кўз тикди.

— Падарингга лаънатнинг келиши бунча қийин бўлиб кетди! — деди хотинига эшиттириб.

— Сиз унинг келишини кутиб ўтирманг. Ҳамма нарсани буюраверинг, келади-да, тўлайди, тамом вассалом, — дея жилмайди жувон.

— Ақлингга балли. Бўлди, шундай қиламан, — деди Парда ва ўрнидан сапчиб туриб, чойхоначининг ёнига борди. Катта бойлардай кўкрак кериб, айтди:

— Ўн сих шашлик, иккита ароқ, икки хил газак, нон-пон — ҳаммасини дарров тайёрлаб, чорпояга обориб беринг.

Чойхоначи ҳам Пардани яхши танирди. Нашаванд, ҳар ойда хотин алмаштирадиган махлуқ бир кимса деб биларди. Шу боис, аввало, гапига ишонмади. Кейин ўйлади. «Бунақаларнинг ўзига ўхшаган ошналари кўп бўлади. Яна жойи келса, зўр мардлик қилишади, деб эшитганман. Тағин тўпланишганида бирор кимса оромларини бузиб қўйса, аяшмайди деган гаплар бор. Айтганини қилайин-чи, ўзи бўлмаса, ошналаридан бирортаси келиб тўлар».

— Боравер, ҳозир обораман, — деди у ва ишга киришди.

Парда хотинининг ёнига бориб кўкрагини керди.

— Ана, ҳаммасини қотириб ташладим. Мана кўрасан, ҳов анавилар бор-ку, — дея улфатлар ўтирган чорпояни кўрсатди у, — барининг оғзи очилиб қолади. Бор-э, сен ҳам маза қиладиган бўлдинг.

Аввал чой билан нон келди. Кейин газак билан ароқнинг ортидан яхши пишган кабоб.

Жувон ўлгудай оч қолган экан, газак келгунича битта нонни чойга ботириб еб қўйди. Шундан кейингина бироз нафси қонди. Шу боисдан кабобни худди ресторанда ўтирган оқбилак хонимчалардай нозланиб, у ёқ-бу ёғини айлантирганча томоша қилиб, кейин еди. Орада эри узатиб турган ароқни тўхтовсиз ичаверди.

— Маст бўлиб қолмаслигим керак. Анави гўрсўхта келиб қолса, берадиган нарсасини бермай кетиши мумкин. Алдаш осон. Чўнтагингга солувдим, дейди. Ўзинг йўқ қилгансан, ўзинг айбдорсан, дейди. Ана ундан кейин бармоғимни бурнимга тиқиб қолавераман, — деди Парда биринчи шишанинг таги кўриниб қолганида.

— Жоним, менинг ичгим келяпти. Гўшт билан зўр кетиб турувди, тўхтатмайли-и-ик, — дея нозланди жувон.

— Сен ичавер, мен сигарета чекиб тураман, ҳар қалай… — дея Парда кўча томонга қаради ва бирдан кўзи машинадан тушаётган Элёрга тушди. — Ана, падарингга лаънати келди!

Ўй-хаёли Элёр олиб келиши керак бўлган қорачада бўлган Парда яшнаб кетди. Ўрнидан сапчиб туриб, пастга тушди. Ана шу маҳал Элёрнинг ғўрлиги билиниб қолди. Унинг ўрнида каттароқ ёшдаги одам бўлганида, шартта ортига бурилиб машинасининг ёнига борарди. У бўлса, тўғри юриб келди. Улфатларнинг нафратини қозониб, нашаванд билан кўришди. Яна Парда танлаган чорпояга чиқиб ўтирди.

— Қалай, бопладимми? Сенёрни абжағини чиқариб ташладим ўзиям! — дея бирдан мақтанди Парда.

— Лекин гап йўқ. Мен бунчалик бўлади деб ўйламагандим. Ҳамма ёқда шов-шув: «Парда жўжахўроз агрономнинг абжағини чиқариб ташлабди», дейишяпти одамлар, — деди Элёр Парданинг ўпкасини янаям шишириб.

— Энди, биласан-у, раз битта ишни қиламан дедимми, қиламан! Қилгандаям мойини чиқараман! Мана кўрасан, — дея Парда овозини хийла пасайтириб, улфатлар ўтирган томонга назар ташлаб қўйди-да, гапини давом эттирди: — Бир ой ё узоғи билан икки ой. Ана ундан кейин тамом бўлади. Чунки унинг ичи эзилган.

— Икки ой бўлса яхши. Ўзи ўлиб қолган, деган гап чиқади, — дея Элёр дастурхондаги егулик-ичкиликларга қаради-да, қўшиб қўйди. — Янга билан роса ишрат қилаётган экансизлар-да. Келиб, халақит бердим, шекилли.

Жувон «ҳе-ҳе» дея ҳиринглаб кулди.

— Нималар деяпсан?! Жуда вақтида келдинг. Анавини чиқар, ҳозир мен сенга боплаб бир нарса қилиб бераман, — деди Парда бурнини қўлининг орқаси билан артаркан.

— Озгина-озгина олайлик, жа шошилмаяпмизми?

— Йўқ, овқатдан олдин зўр бўлади. Яхши ейсан-да, давай, чиқар.

— Бўлмайди. Мен аввал у-бу нарса еб олайин, ана ундан сўнг кўрамиз.

— Оббо! Одамни ёмон диққат қилдинг-да. Бўпти менга бериб қўй, ўзимда турсин.

Элёр чўнтагидан нашаванд истаган нарсани олиб узатди.

— Жоним менинг, эркатойим. Ўзинг қора бўлсанг ҳам, шунақанги лаззатлисанки, даҳшат. Любой аёл сенинг олдингда пачақ.

У елим тугунчани авайлаб кўйлагининг кўкрак чўнтагига солиб қўйди ва қўлига дастурхон ўртасидаги ароқни олди.

Кетма-кет ичилган ароқдан сўнг Элёрнинг кайфи ошди. Бу орада Парда чойхоначини чақириб, яна ўн сих кабоб, тўртта нон ва иссиқ чой олиб келишни буюрди.

— Энди қорачанинг мазасини кўрсак бўлади, — деб Элёр оғзига гўшт солди.

— Эй-й, тилингга новвот, укагинам.

Парданинг қувончи чексиз эди. У ҳамма нарсани унутиб қўйганди. Елим тугунчани авайлаб очиб, гугурт донасининг учгинасини ўша эркатойига теккизиб олди. Сўнг чўпни пиёладаги чойга ботириб, обдан қўзғади-да, Элёрнинг кўзларига тикилиб сўради:

— Аввал бу занғардан кўрганмисан?

Элёр бош чайқади.

— Во-о-а, бунинг мазасини билмабсан, дунёга келмабсан. Ҳозир ўзимгаям тайёрлаб олай, кейин биргалашиб оламиз.

Иккита пиёла бир-бирига тўқнашиб, жаранглади. Сўнг сипқорилди.

Элёр бор-йўғи беш дақиқадан кейин бошини ёстиққа ташлади-да, ухлаб қолди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...