МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (22-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Ҳозир ҳам унинг хаёлига отаси келди ва дарров қўрқувни қувиб, мийиғида илжайди-да:

— Мелисанг ким бўпти? Тўрт сўм ташласам, ўзингни айбдор қилиб ташлайди! — деди.

— Сен ҳали пулингга ишоняпсанми?! Билиб қўй, одамларнинг ҳақини ўмариб, бойвачча бўлган магазинчи отангни сенга қўшиб қаматиб юбориш қў-лимдан келади! Сен ит Дилнозанинг ҳеч кими йўқ, бемалол ўйнатаман, деб ўйлаганмидинг? Чучварани хом санабсан! Мен прокурорнинг қизиман. Дадам Дилнозанинг отаси билан ёшлигидан жўра. Шундай экан, эртагаёқ совчи юбормасанг, бошингга итнинг кунини соламан! Гапимни тушундингми, мараз?!

Ферузнинг юзидан ўт чиқиб кетди. У нима деярини билмай, турган жойида қотиб қолди.

— Энди жўна! Совчинг эртага келмаса, менинг формали «совчиларим» сеникига боради.

Феруз орқачасига юрди. Сал нарироққа етганида, оёғи бир нимага урилиб, гурс этиб йиқилди. Унинг кетаётганини кузатиб турган Паризод сал бўлмаса «пиқ» этиб кулиб юбораёзди. У энди пешонасидаги терни артаётганида, кимнингдир йиғлаётганини эшитиб қолди. Дарров фаҳмлади: Дилноза. Бечора қиз унинг ортидан изма-из келган ва ҳамма гапни эшитган эди. Паризод тез юриб Дилнозанинг ёнига борди ва чўк тушганча кафти билан юзини бекитиб, алам, изтироб исканжасида йиғлаётган қизнинг бошидан қучди-да:

— Тисс, жоним! Ҳаммаси изига тушиб кетади. Биз унинг шохини қайириб қўямиз. Ўзини осмон чоғлаб юрган бўлса, адашибди. Бўлди-бўлди… — дея юзидан ўпиб қўйди.

Дилноза Паризодни маҳкам қучоқлади. Баттар ўкинди. Ўша иффатидан айрилган тундан бери ичи заққумга тўлиб кетганди. Дардини кимга айтишни, кимдан нажот олишни билмай, хонумони куйиб юрганди. Қўрққанидан ҳаммага ўзини хушчақчақ кўрсатишга, ота-онасининг кўзига камроқ кўринишга ҳаракат қилиб юрарди. Мана энди уни тушунадиган, унга ёрдам бера оладиган, ҳамсуҳбат бўладиган инсон топилди. Энди унинг бағрига бошини қўйиши, хоҳлаганча дардини айтиши мумкин.

— Отам билиб қолса, тириклайин гўрга тиқади! Отам оғир одам, лекин бир қизиса, кейин совиши қийин. Нима қиламан энди, Паризод? Феруздан умидим катта эди. Лекин унинг гапларини эшитганимдан кейин кўзимга дунё қоронғи кўриниб кетди. Бундай шармандаликдан қутулишнинг биргина йўли бор: ўзимни ўлдириш! — деди Дилноза йиғлаш асносида.

— Йўқ! — деди Паризод бирдан қатъий. — Бу гапни хаёлингизгаям келтирманг! Ўлганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди. Кечирасиз-у, одам деёлмайман уни. Ҳайвон! Қилғиликни қилиб, жазосиз ялло қилиб юрадими?! Ҳеч қачон, ҳеч қачон бундай бўлмайди! Эртага совчиси келмаса, ана ундан кейин мен унга кўрсатаман! Сиз сира хавотир олманг.

— Паризод, сиз бўлмаганингизда нима қилардим? Яхшиям, бугун бизникига келганингиз, иккаламиз қадрдонлашиб қолганимиз, бўлмаса, ўзимни аниқ бир бало қилиб қўярдим.

— Айтдим-ку, ҳаммаси жойида бўлади, деб. Балки, у ҳам синамоқчи бўлгандир. Энди кетдик. Шошманг, иккинчи овқатни бердингизми?

— Йўқ. Синглимга тайинлагандим.

— Унда бизни қидириб қолишгандир. Юринг, — дея Паризод Дилнозанинг қўлидан ушлаб, ўрнидан турғазди.

Толмас Бадриддинович қизи қайтиб келганида, хуррак отиб ухламоқда эди. Икки аёл эса ҳамон гаплашишар, улар на раисга ва на мудраб ўтирган Тўлқин акага эътибор беришарди.

— Қаерда қолиб кетдинг? — деди Насима уйга кирган қизига бирров кўз қирини ташлаб қўйиб.

— Дилноза билан гаплашиб ўтирдик. Кетамизми? Вақт ҳам алламаҳал бўп қолди, — дея норози қиёфада онасига боқди Паризод.

— Ҳа-а, айтганча, дугон, эртага қиладиган ишларим бир дунё. Бизга рухсат берсаларинг, кетсак, — дея суҳбатдошига жилмайди Насима опа.

— Ҳали эрта-ку, овқатниям емадиларинг, Толмас ака…

— Йўқ, — дея дугонасининг гапини бўлди Насима, — овқатни ҳаддан зиёд еб қўйдик, сизга каттакон раҳмат, роса маза қилдим. Дадаси, туринг, вақт алламаҳал бўп қолди, кетамиз.

Шу қисқа муддатли уйқу Толмас Бадриддиновичнинг кайфини бутунлай тарқатиб юборгандай эди. У кўзини очди-ю: «Кетамизми? Ҳа-а, кеч бўп кетди, бормасак бўлмайди», деди мезбонга.

Йўлда кета-кетгунча Насиманинг жағи тинмади.

— Қўполсиз, бундай маданият нималигиниям билмайсиз. Ичдингиз, хуррак отиб ухладингиз. Сиз билан бирга бирор жойга бориб бўлмайдиган бўп қопти. Одам ҳам шунақа бўладими? Раис деган номингиз бор. Ҳеч бўлмаганда, шу амалингизни ҳурмат қилсангиз бўларди. Сизнинг дастингиздан қизингиз ярим соат ҳам биз билан бирга ўтиролмади…

Охири Толмас Бадриддинович чидолмади:

— Ҳе, хотин, овозингни ўчирсанг, ўчир, бўлмаса, би-ир урама-ан, деразадан учиб чиқиб кетасан! — деди ўшқириб.

Ана шундан кейингина Насиманинг жағи тинди. Бироқ энди у пиқиллаб йиғлай бошлаган эди.

— Ая, — деди энди бунисига чидолмаган Паризод, — бўлди-да энди! Дадам сизга чарчаганман, бошқа пайти борайлик, деб неча марта айтди. Лекин сиз қулоқ солмадингиз. Мана, нима бўлди охири?

— Сен ўчир овозингни! Ўзи қачондан бери ақл ўргатадиган бўп қолдинг?! — деб бирдан қизига бақириб юборди Насима.

Кейин баттар ўкириб йиғлади. Айтдики: «Мени одам қаторидан чиқариб юборгансизлар! Ҳеч кимга керагим йўқ менинг. Илгари фақат эрим дўқ-пўписа қилган бўлса, энди унинг қаторига болалариям қўшилган. Бундай яшагандан кўра, ўлганим афзал!..»

Бу сафар на ота ва на қиз бирон нима деди. Иккиси ҳам мум тишлаганча кетаверди. Уйга яқин қолгандагина Насиманинг овози ўчди. Бунинг ўрнига бир-икки марта хўрсиниб қўйди.

Толмас Бадриддинович «Виллис»дан тушиб, дарвозани очди. Машинани ҳовлига киргизиб қўйди. Сўнг оғир-оғир қадам ташлаб ухлаш учун хонаси томонга кетаётганида, кимдир орқадан келиб, бир қўли билан сочидан ғижимлади, иккинчи қўлидаги пичоқни эса томоғига тиради.

— Кимсан? — деди раис хириллаб.

— Сенинг ажалингман! Овозингни баландлатма, нима сўрасам, жавоб берасан! Бошқа пайт миқ этмайсан, уқдингми?! Энди секин юр. Боя ўтиб кетганлар қизинг билан хотинингми?

Толмас Бадриддинович бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини қилди.

— Янаям яхши. Қайси уйингга одам кам киради?

— Меҳмонхонага.

— Биз уч кишимиз. Ўша ерга олиб кир!

Толмас Бадриддиновичнинг итоат этишдан ўзга иложи йўқ эди. У зўравонни меҳмонхонага бошлаб борди. Бемаврид келганлар тинчгина уйга кирволганларидан сўнг чироқни ёқишди. Раиснинг томоғига тиралган пичоқ олиниб, ўзи тўрга итариб юборилди. Шундагина Толмас Бадриддинович чақирилмаган меҳмонларнинг афт-ангорини кўрди. Беихтиёр эти жимирлаб кетди.

— Қалай, раис? — деди соқолтой хунук иржайиб.

— Тушунмадим. Кимсизлар? Нега меникига келдинглар? — деди ранги бўздай оқариб кетган Толмас Бадриддинович.

— Ким бўлардик? Меҳмонмиз. Одатдагимас, сал бошқачароқ. Яъни хоҳлаган уйига кириб борадиган, хоҳлаган ишини қиладиган меҳмонмиз. Масалан, сенга дарвозангнинг нарёғида «Ака, илтимос, бир кечага жой беринг», деганимизда, бошпана берармидинг?

— Нимага бермасканман? Шу пайтгача ҳеч кимни норози қилмаганман.

— Йў-ў-қ, ҳеч кимни дема. Биз ёлғончиларни ёқтирмаймиз. Башарамизга қарардинг-да, итдай қувиб солардинг! Короче, гап кўпайиб кетди. Ҳозир хотининг билан қизингни бу ёққа олиб келасан!

— Нимага?! — деди титраб кетган Толмас Бадриддинович.

— Нимага бў-ларди? Хавфсизлик учун.

— Менинг ўзим сизлар билан бирга туравераман.

— Сен бўлмайсан. Борасан, оп келасан. Қани, юр, ит! — дея соқолтой унинг гарданига яна пичоқ тиради.

Раис эшикдан чиқиб, аввал хотинини, кейин қизини чақирди. Насима эрининг овозини эшитиб, афти бужмайди. Паризод ҳайрон бўлди. Иккиси-да ҳали кийимларини алмаштиришга улгурмаганди. Эшик томон юришди. Эшикни очганлари заҳоти қўрқувдан юраклари товонларига тушиб кетди.

— Агар биттангнинг овозинг чиқадиган бўлса, учовингниям қонингга белаб ташлаймиз! — деди Паризодни кўрган заҳоти ишрат илинжи миясига урилиб, вужуди жунбишга келган соқолтой.

Толмас Бадриддинович турган жойидан бир сапчиб тушди. У ғазаб билан соқолтойга тикиларкан:

— Шу йўл билан бирон нимага эришмоқчи бўлсанг, адашасан! Менинг оиламдагиларнинг қони тўкилиши тугул, бошидан бир тола сочи камайса, итнинг кунини бошларингга соламан! — деди.

— Наҳотки! — дея кўзини олайтирди соқолтой. — Даҳшат-ку! Бунақасини учратмагандим! Бўпти, гап бўлиши мумкинмас, ҳурматли раис, биз қон ҳам, соч ҳам тўкмаймиз! Биз оламиз, бошқа нарсани оламиз! Кейин манави, — дея у Паризоднинг ёнига бориб, иягидан тутиб кўтарди, — санамни бизга беришга мажбур бўласан. Чунки сендай районнинг обрўли раиси шармандаликни кўтариб юролмайди-да…

Толмас Бадриддиновичнинг жони чиқиб кетаёзди. У соқолтойни бўғизлаб ташламоқчидек ҳаракатланди. Бироқ соқолтойнинг иккита гумаштаси уни ушлаб қолиш билан бирга қорнига икки-уч мушт туширишди. Инқиллаган хонадон эркаги тиззалаб қолди. Уни судраб хонасига олиб киришди. Ортидан ранги-қути ўчган, лабларини тишлаганча унсиз йиғлаётган она-бола ҳам эргашди.

— Агар, — деди соқолтой Толмас Бадриддиновичнинг ёқасидан ушлаб, — қилиқ кўрсатадиган бўлсанг, аяб ўтирмайман! Аввало, ўзинг, кейин хотининг билан қизингни бир ёқли қиламан! Гап шу: қизинг бизнинг ёнимизда қолади. Гаров сифатида. Ҳар қандай ортиқча ҳаракатинг унинг бадном бўлиши билан тугайди. Мен эркакман, пасткашлик қилмайман. Шундай экан, эркатойингдан хавотир олмасанг ҳам бўлаверади. Фақат гапимдан чиқа кўрма. Энди эр-хотин боринглар-да, бизга нон-чой олиб келинглар, ароқ, закуска эсдан чиқмасин.

Толмас Бадриддинович бошига биров тўқмоқ билан ургандай, гарангсиб қолди. У беихтиёр йиғлаб юборди. Чорасизликдан, гулдай авайлаб-асраб келаётган жигарпорасини бундай аҳволда қолдираётганидан алами келди ва бу сўхтаси совуқлар Паризодни бирон нима қилиб қўймасин деб, ошхона томон илдам юрди. Хотинига ишларни буюриб, ўзи кичикроқ пичоқ қидирди. Топди. Кейин тиғни почасига қистирди. Туфлисини ечмаганди. Ана шуниси қўл келди. Пичоқнинг борлиги билинмайди.

Толмас Бадриддинович музлаткични очиб, ароқ билан колбаса олди. Колбасани тезликда парраклаб, ликопчага терди. Сўнг тўртта пиёла билан ичимлигу газакни кўтариб, чақирилмаган меҳмонлар ўтирган хонага борди. Шошиб, юраги ҳаприқиб, бир дақиқа кечга қоладиган бўлса, қизидан айрилиб қоладигандек чўчиб борди. Ҳартугул, барзангилар Паризодга тегинишмабди. У уй тўрида деворга суянганча қунишиб ўтирарди.

— Эркак бўлсанглар, мен ҳам эркакман! — деб қўлидагиларни уйнинг ўртасига, гилам устига қўйди раис. — Ким бўлишингдан, қандайлигингдан қатъи назар, менинг уйимдасан. Бу уйда сотқинлик бўлиши мумкин эмас. Ўзим сизлар билан бирга ўтираман. Ҳеч қаерга қимирламайман. Лекин қизим бу уйдан чиқади. Бориб аясига ёрдам беради.

— Н-нима?! — деди чўтир башарасини тириштириб.

Соқолтой шеригига ўқрайди.

— Сен маишатинг учун ҳамма нарсангдан воз кечворишинг мумкин, лекин бу одам ундай қилмайди. Бўпти, қизинг чиқиб кетаверсин, лекин ҳалиги гапим гап.

— Мардга мардман, — деди Толмас Бадриддинович ва Паризодга бўйнини чўзиб қаради. — Бор, қизим, аянгга қараш…

Ўзи эса шу заҳоти шишани очиб, пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб ароқ қуйди. Шу бир қуйишнинг ўзида бир шиша ароқ тугади.

— Қани, яхшилик бўлсин, — дея ўзи пиёласини ҳаммадан аввал қўлига олди-да, бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди.

Кейин пуфлаб қўйиб, колбаса паррагидан биттасини оғзига солиб, чайнай бошлади. Ундан кейин соқолтой ичди. У газак қилмади. Шунчаки енгини ҳидлаб қўйиб:

— Менга закуска керакмас, кўйлагим минг йилдан бери ювилмайди. Сасиб кетган. Шу сассиғи биз учун газак-да, — деди.

Шу пайт эшик очилиб, Насима қўлида дастурхон билан кириб келди.

— Менга бер, ўзинг жиз-бизингни тезлат. Ҳа-а, музлаткичдаги ароқниям оп ке, — деди Толмас Бадриддинович хотинига.

— Бизни маст қилиб, кейин ўзинг бориб ментларнинг эшигини тақиллатмоқчимисан? — дея соқолтой чўнтагидан сигарета олди.

— Шунақами? Ишонмадинглар-а? Бўпти, гап бўлиши мумкинмас! Биттанг ичма. Агар мен қимирлайдиган бўлсам, бўғзимга пичоқ тортасан. Эй-й, номард бошнинг боридан йўғи афзал. Бу, биринчидан. Иккинчидан, ҳеч қайсинг ичмасанг ҳам розиман. Бир ўзим ичаман. Уйга келгунимча ичгандим. Ҳозир зўр кайфим бор. Яна ичаман.

Соқолтой, дарвоқе, унинг ҳақиқий исмини айтмадик-ку. Демак, соқолтой. Унга туғилганида ота-онаси Дамир дея исм қўйишган. Жанжалкашлиги, бузғунчилиги боис ёшлигидан «Ишкал» деган лақабни ўзига ёпиштириб олган ва бу лақаб ҳали-ҳануз у билан бирга юрибди. Унинг бир шериги Чўтир. Туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада Саттор деган ёзув турибди. Қамалгач, юзини ҳаддан зиёд ҳуснбузар босиб, ўрни ўйдим-чуқур бўлиб қолди ва «Чўтир» деган тамға пешонасига босилди. Учинчи шерикнинг лақаби Тўнғиз. Лекин уни илгари Бахтиёр деб чақиришарди. Мана, учала қочқин билан ҳам мумкин қадар танишиб олдик.

Ишкалнинг ичида, барибир, гумон бор эди. Шунга қарамай, раиснинг навбатдаги ароқ олиб келишни буюрганига эътироз билдирмади. Толмас Бадриддинович ошхонага кирганида, Насимага музлаткичдаги думбадан кесиб, ликопчага териб, иккинчи шишани айтиши билан олиб киришни тайинлаганди.

Зўравонлар думба ёғига қўл чўзишмади. Толмас Бадриддинович эса унинг ҳар бир бўлагини иштаҳа билан еди. Яна нон аралаштирмади. Шундай ўзини еди, токи манави гўрсўхталарнинг иштаҳалари бузилсин. Яна ора-чора: «Қани, олинглар, ризқда, насибада, кўриниб турибди. Тўкин дастурхон атрофида ўтирмаганларингга анча бўп кетган. Тушунаман, тушунаман. Катта-катта енглар, бўлмаса, маст бўп қоласизлар», деб қўярди. Шу гапларининг ўзиёқ унинг муштумзўрлардан устунлигини кўрсата бошлади. Аввал Чўтир қийшайди, кейин Тўнғиз думалади. Охири соқолтой Дамирнинг ҳам кўзи сузилиб кетаверди. Толмас Бадриддинович эса сира қилт этмаётган эди. Сабаби, қўй думбаси унинг ошқозонини тўла ёғлаб ташлаганидан ичилаётган ароқ мутлақо тасир қилмаётганди. Маст бўлмасликнинг шунақанги йўлини Дамир ҳам яхши биларди, аммо кўнгли қўймади. Пешонасида биров ўтириб олиб: «Ошна, ич, яна бунақанги тўкин дастурхонни кўрасанми-йўқми? Бу ёғи изма-из қувиб келишаётган бўлишса, манзилингга етишинг ҳам катта сўроқ остида турибди. Ич, бир яйра, бир ичингдаги ғуборларни юв», деяётгандай эди.

Қараса, аҳвол чатоқ: бу аҳволда яна ярим соат ўтар-ўтмас тиниб қолади.

— Бўлди, раис! — деди иккала қўлини ҳам юқорига кўтариб, сузилиб Толмас Бадриддиновичга қараркан. — Биз пас. Ўтираверганимиздан орқамизни зах олдириб қўйибмиз.

— Шундайми? Оббо! Энди иштаҳа очилганди-да! Майли. Эй-й, айтгандай, бунинг осон йўли бор. Туринг, ошна! — деди Толмас Бадриддинович ва ўзи ҳам ўрнидан турди-да, Ишкалнинг қўлидан ушлади.

— Шу шартмикан, жойимда ўтираверганим яхшимасмиди?

— Яхшимас-да. Биз сиз билан ҳали тонг отгунича маишат қиламиз. Кайф-сафо нима эканлигини бир кўрсатайин, дейман-да…

Ишкал тураётиб, сал бўлмаса, йиқилиб тушаёзди. Бахтига раис уни ушлаб қолди. Сўнг суяб, ташқарига етаклади. Ҳовлига олиб чиқди. Кейин ўзи томонга ўгириб:

— Ҳов, ит, мен сенга номардлик қилмайман! Бировга сени сотмайман, дегандим, тўғрими?! — деди.

— Ҳа-а, — дея бошини қимирлатди Дамир.

— Мени Толмас дейдилар. Ваъдамда тураман, лекин ҳақорат қилганинг учун ҳақингни бермасдан, иложим йўқ!

У қулочкашлаб, Ишкалнинг башарасига бор кучи билан шунақанги қаттиқ урдики, Дамир шўрлик мувозанатини йўқотиб, гурсиллаганча ерга йиқилди.

Шу пайт ичкаридан Паризод ташқарига югуриб чиқди:

— Ота-а! — деди бақириб.

— Қизим, кўзим очиқ экан, сени бировга хафа қилдириб қўймайман!

У Ишкалнинг қорнига кетма-кет тепа бошлади. Дамир узум қуртидай ҳар зарба текканида ғужанак бўлиб олар, шу билан ўзини ҳимоя қилган бўларди. Аммо мастлиги, барибир, панд бераверди.

Паризод қўрқди. Ичкаридагилардан бирортаси чиқиб қолса-ю, отасига ташланса, бечора падарининг бир ўзи буларга бас келолмайди-ку!

Қиз шу фикрда югурганча қўшнилариникига кетди. Бир зумда ён-атрофдаги ҳамсояларни айтиб келди. Уларга «Уйимизни босқинчилар босишди! Ёрдам беринглар!» деди. Кейин уйи томон чопди. Телефонга ёпишди. «02» рақамини терди. Гўшакни олган кишига воқеани айтиб, эндигина қаддини ростлаган ҳам эдики, биров орқасидан бўйни билан елкаси аралаш мушт туширди. Паризод бақиришга-да улгурмай, кўзи тиниб, ёнига ағнади.

Биз юқорида Чўтирнинг маст бўлиб қолганини айтган эдик. Аслида, у маст эмасди. Кайфи яхши эди, бироқ маст эмасди. Ўзини мастликка солди. Шу баҳонада бироз дам олмоқчи бўлди. Чунки қочиш, йўл азоби унинг тинка-мадорини қуритганди. Толмас Бадриддинович Ишкални ташқарига олиб чиқиши билан ўрнидан сапчиб турди-да, ўйлади. «Ҳозир бир бало бўлади. Падарингга лаънати, Ишкал, сенинг гапинга кирган одам ҳаром ўлади! Ичкиликка режамизни алмаштириб юбординг-а! Тупурдим сенга. Ҳаммасини ўзим қиламан. Ўлжаниям ҳаммаси ўзимга бўлади».

У воқеа ривожини кутди. Соҳибжамол югуриб, қаёққадир кетганини кўрди-ю, қайтганини илғамай қолди. Дамирнинг калтакланаётганини томоша қилишга берилиб кетибди. Фақатгина қизнинг телефонда гаплашаётганини эшитганидан сўнг ўзига келди. «Падарингга лаънат!» деб эшикдан ташқарига чиқди-да, гўшакни қўяётган Паризодга орқа томондан яқинлашиб, мушт солди.

Қўшнилар шовқин сола бошлаганида, у орқа деразадан ошиб тушди. Бундан олдин деразадан пастга асирасини туширди, кейин ундан қўлини олмаган кўйи ўзи тушди. Кейин қизни елкасига ортмоқлаб, кўча томонга йўл олди. Бир муддатдан кейин у пахта даласида пайдо бўлди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

loading...