МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (25-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Чўтир елкасида Паризодни кўтарганча талай муддат пахтазор оралаб югурди. Охири нафас олишга-да мадори қолмай тўхтади. Елкасидаги қизни ерга туширди. Юзига бир-икки шапалоқ урди. Паризод инграб қўйди-да, кўзини очди.

— Ҳе-ҳе-ҳе! — дея Чўтир ҳиринглаб кулди.

— Вой, бошим! Мен қаердаман? — деди қиз инграб.

— Очиқ мозорга яқинлашиб қолдинг, очиқ мозорга… — жавоб берди унга Чўтир ҳансираганча.

— Сиз кимсиз? Нимага мени бу ерга олиб келдингиз? — сўради Паризод ҳали-ҳамон ҳеч нимага тушунолмай.

— Эрмакка керагидинг. Оп келдим. Энди ўрнингдан тур. Мен билан юрасан. Бақирсанг, қочмоқчи бўлсанг, чавақлаб ташлайман! Нима айтсам, қулоқ қоқмай бажарасан! — дея пўписа қилди Чўтир.

— Нимага?! — деди қўрқиб кетган Паризод.

— Савол берма! Ўлдираман! Энди ўрнингдан тур! Бўл тез, ҳайвон!

Паризод амаллаб ўрнидан турди. Лекин ҳали юришга кучи етмасди. Ўзини тўла тиклашга бирор беш дақиқа зарур эди. Бироқ Чўтирнинг кутишга вақти йўқ. Таъқибчилар ҳализамон пайдо бўлишади. Ана ундан кейин унинг ҳолига маймунлар йиғлаш тугул, бузоқлар ҳам кулиши тайин.

У Паризоднинг қўлидан ушлаб судради. Бирор беш дақиқа шу тахлит юрганларидан кейин зах ариққа дуч келишди. Чўтирнинг юзи ёришди. Чунки таъқибдан қутулишнинг йўли топилган эди.

Бир соатлардан сўнг улар қўшни қишлоқнинг энг чекка уйига етиб боришди. Чўтир бу уйга киришни истамади. Орқадан келувчиларнинг диққатини тортадиган уй. Шу боис озроқ қишлоқ оралаши, ити йўқ уйни топиши ва шу уйдан паноҳ топиши зарур эди. Бироздан сўнг унинг бахтига ана шундай хонадон топилди. Буни қарангки, уйнинг оғили кўчанинг бўйида эди. Ҳовли девор билан ўралмагани боис бемалол кириб бориш, билган ишни қилиш мумкин.

Чўтир Паризодни етаклаб, оғилга кирди. Эшикни ичкаридан тамбалади. Сўнг чўнтагидан гугурт чиқариб ёқди. Қисқа вақтга шу ҳам унга наф берди. Арқон топди. Унинг бир учини ўзининг қўлига, иккинчи учини Паризоднинг қўлига боғлади ва шундан кейингина таппининг юқи қолган деворга суянганча, кўзини юмди.

Паризоднинг кўнглидаги қўрқув Чўтир пишиллаб ухлай бошлагачгина бироз йўқолди-да, секин қўлига боғланган арқонни ечмоқчи бўлди. Бироқ ечолмади. Қандайдир кучи етмади. «Менга тегинмаяпти-ку, балки, бундан кейин ҳам тегинмаслиги мумкин. Лекин бир бало қилиб, бунинг қўлидан қочиб кетишим керак. Бугун тегинмади, яхши. Лекин эртага-чи? Бундан ҳар бало кутиш мумкин» дея ўйлади қиз ва хўрсиниб қўйди.

Аввал у ер-бу ерда хўрозларнинг қичқиргани эшитилди. Кейин эшик тирқишидан ёруғлик тушди. Паризод умид билан эшик томонга қаради. Биров овозимни эшитармикан, деган хаёлда қулоғини динг қилди. Бироқ хонадон соҳибларидан бирови ҳам уйғонмаган эди. Улардан олдинроқ эса Чўтир кўзини очди. Ўшшайди ва Паризоднинг юзига юмшоққина шапалоқлади-да:

— Маладес, ақлинг бор экан. Шундай ақлли бўлсанг, кўп яшайсан! — деди.

Унинг оғзидан бадбўй ҳид келаётганди. Паризод зўрға чидади. Азбаройи турқи совуқнинг жаҳлини чиқармаслик учунгина афтини буриштирмади.

Чўтир ўзининг қўлига боғланган арқонни ечиб, ўрнидан тургач, обдан керишиб олди-да: «Қарамай тур», дея оғилнинг охирига бориб «ортиқча суви»ни тўкиб, қайтиб келди. Эшикдан ташқарига мўралади.

— Ҳеч ким йўқ. Балки, пайтдан фойдаланиб қориннинг ғамини тўғрилаб қўярмиз. Ҳовли тўла мева-чева. Тўртта бодринг, тўртта помидор оп келсак, шу билан тушгача бемалол яшаш мумкин. Ундан у ёғига бир гап бўлар, — деди у гўё ўзига ўзи гапиргандек.

Кейин дарров бу ниятидан қайтди.

— Бўлмайди-бўлмайди, — дея Паризоднинг қаршисига келиб, бошини ликиллатди.

— Менинг сизга нима керагим бор? Кўтара ташвишман. Ундан кўра, ўзингиз кетсангиз осонроқ, — дея унга тикилди Паризод.

— Кўзларинг шунақанги зўрки, даҳшат! Лекин менинг бунақа нарсалар билан ишим бўлмай қолганига анча бўлган. Итлардан бунинг учун қасд оламан ҳали!

Паризод унинг бу гапидан кейин бироз дадилланиб:

— Қўйворинг, бировга айтмайман, — деди.

— Қўйворингмиш. Кўрдим нима қилганингни. Бундай нарса учун бизда калласини олишади. Лекин сен менга кераксан. Шунинг учун индамайман ҳозирча. Аммо иккинчи марта мендан бунақанги нарсани сўрама. Сўрайдиган бўлсанг, сўйиб ташлайман! Тўғри-да, сўйдим нима-ю, қўйдим нима. Қайтанга сўйсам, хотиржам бўламан. Чунки бориб мени сотолмайсан-да.

Паризод бошини эгди. Кейин деворга суяниб, кўзини юмди. Чўтир эса яна эшикнинг ёнига бориб, ташқарини кўздан кечиргач, чўнтагидан носқовоғини олиб, бир чимдим носни тилининг остига ташлади-да, ўзича бир нималар деб ғўнғиллай бошлади.

Орадан тахминан икки соатча ўтиб, ташқарида одамларнинг сўзлашгани эшитилди. Уларнинг нима деяётганларини англаб бўлмасди-ю, аммо овозлари келиб турарди. Чўтир безовталаниб, шимига осилган ғилофдан ханжарини суғуриб олиб, эшик ёнига бориб, тирқишдан ташқарига қараб тураверди.

 

* * *

 

Колхозни милиция босиб кетганди. Улар ҳар қадамда одамларни cўроқ қилишар, ҳар қандай машинани тўхтатиб, текширишарди. Ҳайбатулло фермага боришдан воз кечди. Чунки уларнинг машинаси идорага етгунича икки марта кўрикдан ўтганди. У «Виллис»дан тушиб, қовоғини уйганча колхоз идораси ҳовлисидаги чинор остидаги ўриндиққа ўтирган иккита милиционер ёнига борди. Милиционерлар иссиқдан шапкаларини қўлларига олиб, ўзларини елпишар, ҳар-ҳар замон ён-атрофга қараб қўйишар, онда-сонда бир-бирига сўз қотишарди. Улар яқинлашиб келаётган Ҳайбатуллони кўришди, бироқ ўтирган жойларидан қимирлаб ҳам қўйишмади.

— Салом бердик, — деди Ҳайбатулло қошини учириб.

Унинг гапи ўтирганларга ёқмади. Биттаси:

— Сен кимсан? — деди дағал овозда.

Шу сўроқнинг ўзиёқ Ҳайбатуллони довдиратиб қўйди. Шунга қарамай, у ўзини бемалол тутишга уриниб, жавоб берди.

— Бош агрономман.

— Ҳимм, қаерларда юрибсиз, бош агроном? — деди дағал овоз эгаси бирдан сизлашга ўтиб.

— Райкомга отчёт бериб келяпман.

— Биз бўлсак бу ерда иссиқдан жизғанагимиз чиқиб юрибмиз, бирорта каттани тополмаймиз, ҳаммаси инига кириб кетган. Нима аҳвол бу? — деди энди иккинчи милиционер гапга аралашиб.

— Энди мана бу нарса чиқиб қолди-да… — дея жавоб берди Ҳайбатулло.

— Шунақа бепарво юраверганларингдан кейин чиқади-да. Менга колхоз раҳбарларининг рўйхатини беринг.

— Кечирасиз. Энди мен колхознинг иккинчи одамиман. Раис йўқлигида доим унинг ўрнида қоламан. Кимга шу рўйхатни беришимни билсам, девдим.

— Мен, — деди бошида дағал гапирган формали киши, — район ички ишлар бўлими бошлиғиман. Майор Турсунов областдан келган. Ҳа-а, шошманг-да, бу раиснинг уйида зеклар нима қилиб юришибди?

— Энди-чи-и, Толмас Бадриддинович ҳеч кимга ҳисоб бермасди. Шунга ҳозир ўзимиз ҳам ғафлатдамиз. Нима дейишгаям ҳайронмиз.

— Битта нашаванд бор экан. У қўлга олинди. Лекин у билан бирга сизга тўғридан-тўғри бўйсунадиган агроном ҳам тушган…

— Ким экан? — ҳовлиқиб сўради Ҳайбатулло.

— Оти нимайди?.. Ёш бола. Маъруф дейишдиёв!..

— Эй-й! — деди бирдан кўзлари каттариб кетган Ҳайбатулло. — Уми?!

Ҳайбатулло бир муддат лабини тишлаб турди. Сўнг босиқлик билан гапиришга тушди:

— У болани ишга олганимизга кўп бўлгани йўқ. Яқинда ўқишни битириб келувди. Шунга қарамай, мана шу охирги бир-икки кун ичида ўша сизлар ушлаган нашаванд билан икки марта яхшилаб муштлашди… Бундан чиқди, ораларида бирон гап борми, дейман-да.

— Зеклар, аввало, Парда нашавандникига келишган экан. Буни унинг ўзи дарров тан олди.

— Шу болада бир гап бор. Бекордан-бекорга ишга ўтганига тўрт кун бўлар-бўлмас, нашаванд билан ўралашиб қолмайди. Шу ўқишда юрганида бирон нимага аралашганми, дейман-да. Афсус, кўринишидан тузуккина болайди.

— Сизнинг қўшнингиз бўларкан, ҳурматли агроном… — луқма ташлади майор Турсунов.

— Ҳа-а, шундай, лекин у ёшлигида тузугиди. Ўзимиз назорат қилиб турардик. Отасининг феъли сал чатоқ. Шунинг учун тарбия масаласида… Энди бу ёқда бош агрономмиз, ўзимизнинг ҳамсоядан бирон нима чиқиб қолса, эшитган қулоққа яхшимас-да. Лекин қони бошқа бўлганидан кейин тарбия берган билан ўзгармаскан-да… Айтганча, юравериб қорин ҳам очқаб кетгандир. Мен бир чой ташкил қилай, — дея иржайди Ҳайбатулло.

— Бирон жойга бориб чой ичишга вақт йўқ. Бир бурда нон бўлса, шу ерга оп келаверишсин.

— Бўпти, ҳозир есть қиламиз, — дея Ҳайбатулло катта қорнини у ёқдан-бу ёққа селкиллатиб, кўча томонга илдам юриб кетди-да, Элёрга: «Бориб янгангга айт, икки кило гўштни яхшилаб қовуриб берсин, бошқа алоҳида тугунга помидор-бодринг, иккита нон тугиб берсин. Ўзинг ертўлага… Йўқ, Наргизага айт, ертўлага тушсин. Уч яшик ароқ турибди. Тўрттасини оп чиқсин. Униям ола келасан», деб тайинлади.

Элёр ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди. Ахир Наргиза билан гаплашишнинг бундан яхшироқ имконияти бўлмайди-да.

У машинага ўтирди-ю, газни босди. Кўз очиб юмгунча Ҳайбатуллонинг уйига етди. Шошиб машинадан тушди-да, дарвозага яқинлашгач:

— Янга, янга! — дея бақирди.

Уйдан Ҳайбатуллонинг аёли ўрнига қизи чиқиб келди. Наргизани кўрди-ю, Элёрнинг юраги бирдан ўйнаб кетди. Ичида қандайдир қувонч пайдо бўлди. Оний лаҳза нега келганини унутиб, қизга қараб қолди.

— Нима гап, тинчликми? — деди кўзи қизарган Наргиза.

— Ҳалиги… Ҳа-а, хўжайин… Ҳайбатулло акам жўнатганди. Янгам дарров икки кило гўштни пиёз аралаштириб қовуриб бераркан. Сиз огороддан помидор-бодринг териб бераркансиз.

Наргиза оёғига калишини илди. Кейин Элёрга бошқа сўз қотмай, томорқага ўтиб кетди.

«Кўзи қизарибдими? Йиғлаганга ўхшайди. Ким йиғлатдийкан? Ҳа-а, бирон жойи оғриётган бўлса керак-да. Оҳ! Шундай қиз ҳам касал бўладими? Меники бўлганида керак бўлса, ўзим унинг касалини олардим. Ҳай, майли, ҳали бўлиб қолар» дея хаёлидан ўтказди Элёр ва бориб узум сўриси остидаги чорпояга суянди.

Бироздан сўнг Наргиза онаси билан бирга қайтди. Элёр унга ҳам худди тўтиқушдай Наргизага айтганини такрорлади. Ортидан ҳамма ёқни милиция босиб кетганини ҳам қўшиб қўйди.

Хонадон соҳибаси дарров ишга киришди. Наргиза экинзор ичига кирди. Шошилмасдан помидорларнинг қип-қизариб пишган сара-сараларини тера бошлади. Элёр қараса, у билан гаплашолмай қоладиган. Йўқ, ишга киришай деб, тез-тез юрганча Наргизанинг ёнига борди.

— Идорадагилар жуда нозик одамлар, тезлаштирмасак бўлмайди. Балога қолиб кетамиз, — деди.

— Нозикми-йирикми, менга алоқаси йўқ. Яхшиси, сиз айтинг, Маъруф акам тўғрисида бирон янгилик борми? — дея қаддини ростлади Наргиза.

— Маъруф!.. Анави агрономчами? Унга нима қипти? — ҳайрон бўлди Элёр.

— Милиса оп кетиб қопти-ку! Унинг биттаям гуноҳи йўқ… Лекин нимага оп кетишади?

Наргизанинг кўзида ёш ҳалқаланди. Бундан Элёрнинг жони чиқиб кетаёзди. Аммо у ўзини босишга, ўша ўзи ёқтирмайдиган йигит тўғрисида эшитишга мажбур эди. Бошқа томондан ич-ичидан хурсанд бўлиб кетди. Ахир рақиби милиционерлар қўлида. Демак, нимадир қилганки, обориб қамаб қўйишган. Бироқ ҳозир шумлик қилиш керак. Ўзини Маъруфга яқин тутиб, мақсадга етмоғи лозим.

— Тўғри, Маъруф зўр бола. Иккаламиз дарров ошна бўп қолганмиз. Менинг хабарим йўқ экан. Қачон олиб кетишди уни?

— Кеча! — деди-ю, Наргиза йиғлаб юборди.

— Эй-й, йиғламанг. Бўлди, сиз сира хавотир олманг. Менинг танишларим бор, шуларни ишга соламан. Бундан ташқари, Толмас Бадриддинович ҳам анча ўзига кеп қопти, унгаям айтаман.

Наргизанинг кўзига Элёр қўлидан жуда кўп иш келадиган одамдай кўриниб кетди. У помидор теришни ҳам йиғиштириб ўтириб олди. Қолган помидор-бодрингни Элёрнинг ўзи терди. Сўнг деди:

— Бугун Маъруф тўғрисида ҳамма нарсани билиб, сизга айтаман. Балки, Маъруфнинг ўзи келиб, нима бўлганини гапириб берар. Мабодо келмай қолса… Шу катталар кўпайган-да ҳозир, шунинг учун кечроқ кеп қолишим мумкин. Мабодо сизга малол келмаса… Лекин бемаҳалда келсам, Ҳайбатулло акам ҳар хил хаёлга бориши мумкин.

— Соат ўн бирдан кейин ташқарига чиқаман. Келганингизни билдирсангиз бўлди, ёнингизга бораман, — деди Наргиза соддалик билан.

— Бўпти, унда, аммо ҳозир оқшом кўчада юришнинг ўзи бўмайди. Жуда опасний. Зекларга шериксан, деб обориб тиқиб ташлашлари мумкин. Фақат сиз учун мен оқшом бўлсаям келаман, — деб Элёр челакни кўтарганча қизнинг ёнидан ўтиб кетди.

У ич-ичидан хурсанд эди. Чунки бугунги оқшомда Наргизани, албатта, ўзиники қилиб олади: ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам. Ҳозир помидор тераётиб, шу қарорга келди. Режаси бўйича, у қилган ишдан кейин Ҳайбатулло ҳеч нарса қилолмай қолади. Бўлар иш бўпти, обрўйим тўкилмасин, дейди. Тўйни тезлаштирайлик, дейди. Тўй ўтганидан кейин эса Наргиза билан яхшилаб гаплашади. Чунки Маъруф деявериб, қон қилиб юборди-ку.

Бирор ярим соат ичида қовурилган гўшт тайёр бўлди. Ароқни Элёрнинг ўзи олиб чиқди ва шу баҳонада у ерда нималар борлигини кўриб олди. Ҳайбатулло бекорга Наргиза кирсин, демаган экан. Агар ертўладаги нарсаларни ташқарига чиқарса борми, бир тоғ бўлади. Ўзиям Ҳайбатулло ҳар куни колхознинг нарсасини уйига кўтариб келган, шекилли, ертўлада бўш жой қолмабди. «Куёв бўлсам, маза қиларканман-да. Ҳали бу ертўла. Тепадаги темир сандиқда ким қанча пул бор? Агрономбойнинг у ёғидан-бу ёғидан ўтиб, секин ҳаммасини ўзимизники қилаверамиз-да» дея кўнглидан ўтказиб қўйди йигит.

Идорадаги формали одамлар Элёр оборган нарсалардан бир тишлам ҳам ейишмади. «Вақт йўқ, ҳозир маишат қиладиган пайт эмас», дейишди. Сўнг томида чироғи ўйнаб турган машинага ўтиришди-да, жўнаб кетишди.

Улар билан анча муддат гаплашган Ҳайбатуллонинг юзи қўрс тус олди.

— Мени менсишмадими ҳали? Кимлигимни билишмайди-да, билишганида, соямга салом беришарди. Эй-й, кетса кетибди, нарсаларнинг ҳаммасини менинг хонамга обор, бир қишлоқларни айланиб келамиз-да, чарчоқ ёзди қиламиз, — деди у Элёрга.

 

* * *

 

Насима ўзининг таъбири билан айтганда, бегона аёл қорасини ўчириши билан навбатчи ҳамширанинг ёнига келди. Бир муддат сўрайинми-сўрамайинми, дея иккиланиб турди. Сўнг ички қизиқиш устун келиб:

— Ҳозиргина менга безрайиб қараб қўйган хотин ким экан? — деди.

Раиснинг обрўси бу ердагиларнинг ҳаммасига маълум эди. Бироқ унинг хотини бақир-чақирлари, хурмача қилиқлари билан ўша обрўга соя солиш билан бирга ўзининг кимлигиниям билдириб қўйганди. Шу боис навбатчи ҳамшира энсасини қотирди. Пешонасини тириштириб, бошини кўтарди-да, унга қаради.

— Билмайман, — деди ва тишларини тили билан сўриб, «чирт» этказиб қўйди.

Шу ондаёқ Насиманинг тепа сочи тикка бўлиб кетди. «Валакисаланг, ким бўлибсанки, менинг олдимда бефаросатлик қиласан? Шундай кунингни кўрсатайинки, уйингга борар йўлни эсингдан чиқариб юбор!» деган ўй ўтди хаёлидан.

— Ҳимм, шундай денг. Менга қаранг, ойимтилла, бу ўқиган жойингларда сал-пал бўлсаям, тарбия ўргатишадими?

Ҳамшира унинг гапига жавоб бермади. Дик этиб ўрнидан турди-да, тўртта қоғозни қўлига олиб:

— Шуларни бош врачга обориб беришим керак, кечирасиз, — дея зипиллаганча йўлак бўйлаб кетди.

— Ҳе, ўл, сендақа медсестранинг боридан йўғи афзал, — дея пичирлади унинг ортидан Насима ва оғир-оғир қадам босганча жойига бориб ўтирди.

Бир муддатдан сўнг унинг боши оғриди. Аввалига ўтиб кетар, деб бир-икки марта кафтлари орасига олиб, эзғилаб қўйган бўлди. Барибир, оғриди. Бу ернинг ҳавоси бузуқ, одамлари ундан ҳам бузуқ. Яхшиси, ташқарига чиқиб айланиб келайин, деган ўйда ҳовлига чиқди. Чуқур-чуқур нафас олди. Шунда билдики, қорни очибди.

«Менга нима зарил? Сассиқ чолнинг аҳволи нима бўлдийкан, деб ўтираманми? Яхшиси, ошхонага бориб тўрт сих шашлик ейман-да, мелисахонага бораман. Қизимни суриштираман. Менга ҳозир ғўдайган колхознинг раисидан кўра шу қизимни топиш муҳимроқ».

Шундай ўй хаёлини ялаб ўтиши билан қадамини тезлатди. Энг яқин ошхонага кираётиб, кабобпазга тўртта сих обориб берасиз, нон-чойи ҳам бўлсин, деди ва ичкарига кириб, тўрга ўтаётганида Саидга кўзи тушди. У иккита улфати билан обдан ароқхўрлик қилаётган эди. Опасини кўриб, илжайди.

— Сени нега хабар олмаяпти, десам, айшдан қўлинг бўшамаётган экан-да… — дея кесатди Насима ва ўзи мўлжаллаган жойга бориб ўтиргач, пичирлаб пешонасини силади: — Сендақалардан яна битта бўлса, душманнинг кераги йўқ. Ёрдам бериш, жиянингни топиш ўрнига бу ерда маишат қилиб ўтирибсан, ифлос.

Саид бироздан кейин унинг ёнига келди.

— Опа, зўр иш бўляпти, — деди оғзи ёйилиб.

— Қандай зўр иш? — энсасини қотирди Насима.

— Власт Ҳайбатулло аканинг қўлига ўтадиган бўп турибди. Бу ёғига ошиғимиз олчи. Шокир бор-ку, ферма мудири, бугун нақ иккита гавазни алмаштирди. Оларманни мен топиб бердим. Бор-йўғи икки соат ичида уч юз сўмли бўлиб олдим.

Саиднинг кўзлари думалоқ-думалоқ бўлиб кетган, қувончдан сакрагудек эди.

— Йўғ-э, боплабсан-ку. Шуни ҳозир юваётганмидинг? — деди Насима қизи билан эрини унутиб.

— Иш қийин бўлди, опа. Ҳамма ёқни мелиса босиб кетган. Шунга зўриқишни йўқотиш учун ўтирибман-да.

— Нимага мелиса босади?

— Эй-й, анави зекларнинг биттаси топилгани йўқ-ку.

Шу заҳоти Насиманинг хаёлига қизи Паризод келди. Юраги гурсиллаб уриб кетди.

— Паризоддан дарак йўқми? Мелисалар ҳеч нима дейишмаяптими? Ростини айтсам, менинг ўзим ҳам обдан қидирдим. Ҳеч қаерда йўқ, лекин, барибир, топишади. Итлари билан юришибди мелисалар. Энди шу орада иш чиқиб қолди-да. Шартта бажариб ташламасам, бўлмасди.

— Бечора қизим қаерларда юрибдийкан? Соғмикан? — дея кўзига ёш олди Насима.

— Гарантия бериб айтаман, унга ҳеч нима бўлмаган. У ифлосларни мен яхши биламан. Ўтирганимда ҳаммасини танирдим. Унақалар ўлжасига тегинмайди. Паризод унга ҳимоя учун керак.

— Бечора қизимнинг қўлидан нима келади?

— Соддасиз-да, опа. У ҳеч нима қилмайди. Зек уни гаров сифатида ушлаб туради. Мабодо бирон нима қиладиган бўлса, панжаранинг нарёғидагилар ёмон қилишади, опа, ҳа-а, жуда ёмон қилишади… Бизларда у, — деб Саид иккала қўлини ҳам кўтарди, — нима қилсаям, индамай кетадиган одат. Уларда чатоқ.

Насима кафтига пешонасини тираганча пиқ-пиқ этишда давом этди.

— Менга қаранг, кўп эзилаверманг, эзилганингиз билан фойдаси йўқ. Бу ёғи айтдим-ку, ҳеч нима қилолмайди, деб. Сиз, яхшиси, элликта ютиб олинг. Бўлмаса, поччамнинг ёнига бориб қоласиз, — дея Саид ортига ўгирилди-да, улфатларидан бирининг исмини айтди: — Пахри!

— Ҳимм… — деган жавоб бўлди у ёқдан.

— Жўра, битта шиша билан помидор-бодрингдан опке. Ошпазга айт, ҳаммасини менинг ҳисобимга ёзиб қўйсин.

— Қўй, шу ичишингни, кўнглимга сиғмайди, — деди Насима.

— Опа, шунинг учун ҳам керак-да. Ҳозир озгина ичмасангиз, бўлмайди.

Саид шундай деб улфатининг келишини кутмай, ўзи ўрнидан турди. Бориб бир шиша ароқ, бир ликопча тўғралган помидор кўтариб келди-да, ўтирибоқ шишани очди. Иккита пиёлага тўлдириб-тўлдириб ароқ қуйди ва биттасини Насимага узатди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

loading...