Қонунга бўйсунмаётган телеканаллар

0

10 январь куни эълон қилинган қонунга кўра, Ўзбекистонда 18 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишга тақиқ ва бундай ичимликларнинг рекламасига чекловлар жорий этилганди.

Ушбу тақиқ ва чекловлар қонун эълон қилингандан уч ой ўтиб, кучга кириши керак эди ва 10 апрелдан қонун кучга кирган ҳам. Хўш, бу қонунга кимдир бўйсуняптими?

Ҳозир деярли барча ТВ каналларида (давлат ва хусусий) энергетик ичимликлар рекламасига кўзимиз тушади. Улар шу қадар кўпки, мега-акциялари билан мақтанишади ҳатто. Масалан, WF, Тизер, Ситро каби ичимликлар энергетик ичимликлар сирасига киради.

Қонунда нима дейилган?

«Реклама тўғрисида»ги қонунга «Энергетик ичимликлар рекламаси» номли 22-1-модда қўшилган. Унга кўра:

✅ соат 7:00 дан 22:00 гача ТВ ва радио орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш;

✅ реклама мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини 18 ёшга тўлмаганлар орасида текин тарқатиш;

✅ асосан 18 ёшга тўлмаганлар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш;

✅ 18 ёшга тўлмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни тарқатиш;

✅ асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланади.

Шу билан бирга энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот бўлиши керак.

Айни вақтда рекламада ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.

Бундан ташқари:

✅ «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида: «Энергетик ичимликларнинг ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди» дейилган.

Вояга етмаганга ушбу ичимликни сотган одам Маъмурий жавобгарлик кодексининг 164-моддасига қўшилган 6-қисм асосида қуйидагича жазоланиши мумкин: фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баравари (5 май ҳолатига — 1 013 650 сўм)дан 10 баравари (2 027 300 сўм)гача, мансабдор шахсларга эса — етти баравари (1 419 110 сўм)дан 15 баравари (3 040 950 сўм)гача миқдорда жарима.

Ҳурматли телеканаллар! Қонунларга бўйсунайлик!

loading...