ЕЧЛ. Бугун «Ливерпуль» Фирмино ва Салоҳсиз мўжиза кўрсата оладими? (АНОНС)

0

Бугун, 7-май куни Мерсисайд шаҳридаги «Энфилд» ўйингоҳида Европа чемпионлар лигасининг ярим финал жавоб учрашуви бўлиб ўтади.

Унда, Юрген Клопп бошқарувидаги «Ливерпуль» жамоаси Каталониянинг «Барселона» клуби билан тўқнаш келади. Ўйин Тошкент вақти билан 00:00да бошланади.

Улар ўртасидаги илк ўйинда «кўк-анорранглилар» Лионель Мессининг дубли ва Луис Суареснинг голи эвазига йирик ҳисобда зафар (3:0) қучганди. Умуман жамоалар шу вақтгача ўзаро 10 бора тўқнаш келган. 4та ғалаба «қизиллар» томонида бўлса, 3таси каталонияликлар тарафида. Яна уч ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган.

Қайд этиш жоизки, бугунги учрашув олдидан «Ливерпуль»да муаммолар етарлича. Яъни, жамоанинг асосий форвардлари Роберто Фирмино ҳамда Муҳаммад Салоҳ, шунингдек, яримҳимоячилар Адам Лаллана ва Наби Кейта жароҳати боис жавоб ўйинини ўтказиб юборади. «Блаугранаслар» сафида эса Тодибо, Усмон Дембеле ҳамда Рафинья баҳсда қатнаша олмайди.

Бўлажак тўқнашувни эса Жунайт Чақир (Туркия) бошчилигидаги ҳакамлар бошқаради. Чақирга қанотларда Тарик Энгюн ва Бахаттин Дуран ёрдам беради. VAR пулти олдида Феликс Цвайер ва Саша Штегеманнлар ишлайди. Тўртинчи рефери сифатида Артур Диаш қайд этилган.