Ёш қизнинг изтироби: «Мен ҳеч қачон она бўла олмайман!»

0

— Ҳаётнинг зарбалари инсонни қийнаб қўяр экан. Сўнгги пайтлар ҳеч нарсага ҳафсалам йўқ. Азобларимнинг охири тугамайдигандай туюлади гўё. Биламан, қиз бола дардини оммага дастурхон қилиши чиройли иш эмас. Аммо шу қадар тушкунликка тушиб қолдимки…

Тўғри, ҳар бир одамнинг бу ҳаётда ўзига етгулик дарди бор. Барчамизда бир муаммо. Аммо менинг муаммом ҳеч тугамаса керак. Агар ортга қайтишнинг имкони бўлганида эди, ҳамма нарсани бошқатдан бошлардим.

Турмушга чиққанимда эндигина ўн саккиз ёшда эдим. Ота-онам қаршилик билдиришимга қарамай, ўзимдан ўн беш ёш катта одамга узатишган. Ана шундан кейин менинг қора кунларга бой ҳаётим бошланди. Ҳаёт тугул, ҳали рўзғор ташвишларини ҳам тушунмайдиган қиз учун янги оила чинакам азоб эди. Қайнонамга ҳеч қайси ишим ёқмас, қайнотам эса ҳар икки гапининг бирида жеркиб муомала қиларди. Дангасалик ёки баҳона эмас, мен шунчаки барча ишга улгура олмасдим. Қолаверса, ўқишга боришимга ҳам турмуш ўртоғим қаршилик билдирди. Эрим ниҳоятда рашкчилиги туфайли, ҳатто қўл телефони ҳам ишлатмасдим. Ота уйимга бошқалар қатори ҳар икки ҳафта, жилла қурса, бир ойда ҳам бормас, фақат ўнлаб ялинишлардан сўнг бир соатгагина рухсат олардим. Уй юмушларидан ҳеч ким ўлмаган. Аммо ўн саккиз ёшли қизни фақат ишлатиш учунгина келин қилишгандай туюлаверарди менга. Эримнинг ҳатто меҳри ҳам сезилмас, кундан-кунга ўртамиздаги муносабат шу тариқа совий бошлаганди.

— Мен сизга турмушга чиққанман, лекин фақат иш ва ойингиз билан куним ўтади! — дея кунора йиғлашни бошладим.

— Мендан нима хоҳлаяпсан ўзи? Ҳамма шундай яшаяпти-ку!

— Ҳеч қаерга олиб бормайсиз, ахир зерикиб кетяпман…

— Зериксанг ҳам ҳаёт шу!..

Эрим «ҳаёт шу» деган гапни жуда кўп айтаверганидан охири бунга ҳам кўндим. Орадан вақтлар ўта бошлади. Қайнонам мени ёқтирмаслигини жуда яхши билардим, аммо фарзанд кўравермагач, кўрарга кўзи қолмаганини тушуниб етдим. Табиблар ҳам менга ёрдам бера олмагач, онам мени хусусий шифохонага олиб борди. Минг афсуслар бўлсинки, мен ҳеч қачон она бўла олмас эканман. Бу хабарни эшитиб, оёқ-қўлларим тошдай қотди. Кўзимга ҳеч нарса кўринмай, дод-фарёд кўтардим. Йигирма ёшли қизнинг кучли стресси шифокорларни ҳам ҳайратга солди.

— Жуда оғир вазият. Аммо бу дегани ҳаёт тугади, дегани эмас. Ўзингни қўлга ол, қизим! — шифокор менга умид бермоқчидай тикилди.

— Нималар деяпсиз ўзи? Мен ахир ҳеч қачон фарзанд кўра олмайман-ку! — дея ҳамма нарсани улоқтиришни бошладим.

Менга тинчлантирувчи укол қилиб, шифокор обдан суҳбатлашди. У аёл шунчалар қатъиятли, меҳрибон, сабрли эдики! Мен ундан таралаётган кучдан нималарнидир ўзимга олдим. Шифокор менга ҳаётда ҳамманинг ҳам бир дарди борлигини ва бу учун Яратган, албатта, бошқа томондан бизни мукофотлашини, не-не қайғуларга ҳам инсонлар бардош қилиб яшаб келаётганини айтиб тушунтирди. Гарчи эрим ва қайнонамни яхши билсам-да, қалбимда кичкинагина умид бор эди. Ўша умид менда, эҳтимолки, эримга нисбатан кучли муҳаббатни уйғота олар, ҳаётга бўлган қизиқишим ортарди. Лекин… Қайнонам фарзанд кўра олмаслигимни эшитиб, кўзимни батамом очирмай қўйди. Бу шум хабардан сўнг бир ҳафтагина эрим билан яшадим, холос. У ҳатто кўнглимни синдиришдан ҳам қўрқмай, мени уйимга олиб келиб қўйди. Бизнинг у билан муносабатимиз доим шу тарзда кечган, жуда совуқ эди, аслида.

Эр-хотин ўртасида муҳаббат, ўзаро тушуниш, руҳий кўмак деган нарсаларни мен энди-энди акам ва келинойим ўртасидаги муносабатдан биляпман. Айнан шу сабабданми, эримнинг бу ишидан у қадар дилим ранжигани йўқ. Қалбим нидоларини бир четга суриб, ота уйимда одатдагидай яшаб юрибман. Лекин ҳар куним бир хил. Ҳаётимда ҳеч бир янгилик, рангли саҳналар кўрмаётганим дилимни хуфтон қиляпти. На эримдан, на фарзанд кўриб она бўла олишдан ёлчимаганим қанчалар қайғуга солаётганини тушунтиришим мушкул. Менга ёрдам беринг, нурсиз ҳаётимдан олиб чиқиб кетинг мени. Мен жуда бахтсизман! Ҳар куни шу ҳақида ўйлайвериб телбага айланмасам эди!..

Психолог маслаҳати

Ҳурзода КАРИМОВА:

— Синглим, аввало, сизга энг катта хушхабарни бераман: Сиз ҳали ёшсиз! Жуда ёш ва навниҳол. Агар билсангиз эди, не-не одамлар сизнинг ёшлигингизга ҳавас-ла боқишини! Энди эса хатонгизни тушунтираман: ҳар куни бахтсизлик ҳақида ўйлаётганингиз. Умуман олганда, сиз доим, эрингиз билан яшаётганингизда ҳам, қайнонангизнинг зуғумларини кўрмасдан аввал ҳам «Мен бахтсизман» қолипига тушиб қолгансиз. Ўзингизда бор нарсаларни қадрлашни, ўша нарсани йўқотмасингиздан аввал ўйланг. Тўғри, эрта турмуш туфайли кўп азият чекибсиз. Аммо ҳозир бу ғамларни ўйлаб, қайғули ўтмиш ичида яшашдан нима наф?! Ортга ташланг, жон синглим! Сиз билан суҳбат қурган шифокор ҳақ гапни айтибди: «Ҳамманинг бир дарди бор! Шунга яраша Яратган бизни бошқа тарафдан тўлдиради!»

Айтишларича, инсоннинг дардлари бир қути бўлиб, ҳар ким қутиларини алмаштириб кўра олганида эди, барчамиз алал-оқибат ўз қутиларимизни қайтариб оларканмиз. Унутманг, сизнинг фарзанд кўра олмаслик дардингизни қопловчи бир ёруғлик, албатта, пайдо бўлади. Лекин сиз ҳам ҳаракат қилишингиз шарт! Зеро, Парвардигор ёнғоқни яратган, уни чақиш сизнинг вазифангиз. Ҳозир биринчи қиладиган ишингиз бирор ерда ўқиш бўлсин. У хоҳ олий таълим даргоҳи, хоҳ бирор ҳунар бўлсин, сизни завқлантириши шарт. Кейин қизиқишингизга оид севимли иш билан ҳам шуғулланинг. Қолаверса, спорт билан шуғулланиш, дугоналарингиз билан тез-тез учрашиш ва албатта, доим кулиб юришни одат қилинг. Мана кўрасиз, сиз ҳаракатни бошлаган ондан ҳаётингизга нур кириб кела бошлайди. Ана ўша нурни ирода билан маҳкам тутинг, ўзингиз билмаган ҳолда хурсанд бўлаверасиз. Ҳаётингиз олдинда, яна айтаман, ҳали ёшсиз, яхши йигитлар жуда кўп. Сизнинг тенгингиз ҳам, албатта, чиқади. Зеро, Худо бандаларини ҳар тарафдан сиқиб қўювчи эмас, аксинча, у Раҳмондир!

 

 

 

loading...