Ҳикоя: Тамагир гинеколог

0

 

Бир зумда шовуллаб ёмғир қуя бошлади. Шифохона ҳовлисига гулларнинг нафис бўйлари таралди. Япроқлар ғубори ювилди.

Салқин шамол булутлар пардасини йиртиб, парчалаб ташлади. Ёмғир шаштидан қайтди. Яна қуёш ўз тахтига миниб, борлиқни нурга тўлдирди. Кампиркўл устида мағрур қад кўтарган тоғ ёнбағирларида оқ айиқдек узалган музлар ярқираб кўринди.

Ёмғир тўхташини кутиб турган жувон бино зиналаридан аста-аста тушиб, ҳовлига чиқди. Йўлак бўйида ложувард ранг боғгули япроқларида милдираб, титраб турган шудрингларга маъюс тикилиб қолди.

Келинчакнинг изидан тўлишган, оқ халатда, сочларини оқ қалпоқ остига бостириб олган ўттиз беш ёшлар чамасидаги шифокор чиқиб келди. Бу гинеколог Лола опа эди:

— Кетолмай турибсизми?..

— Ёмғирнинг тинишини кутаётган эдим опа…

— Айтганим бўладими?

— Эрим билан гаплашай-чи.

— Унга яхшилаб тушунтиринг. «Биринчи бола қийин туғилар экан», денг. Одамлар фарзанди учун йўқни йўндиради. Бир   семизроқ қўй нима бўпти?..

Жувон Лола опа билан хайрлашиб, катта йўл ёқасидаги дарвоза томон бурилди. У авайлаб қадам босар, нимадандир чўчиётганга ўхшарди…

Лола опа жувоннинг изидан кузатди. «Бу аёл ўғилли бўладиганга ўхшайди. Юришидан билиниб турибди. У эрига айтса, насиб бўлса, бир… Уйда ҳам гўшт сийраклашиб қолган…»

— Фарзанд ширин. Одамзод фарзанд учун жонини ҳам аямайди. — Лола опа беихитиёр ўз қўлларига қаради. — Мана шу қўллар оналарни йўқлик эшигидан қайтариб олади, гўдакларга ҳаёт бағишлайди. Одамларга шунча яхшилик қилиб, бундай яйраб яшасам, нима қилибди?.. Ўғрилик бўлаётгани йўқ-ку?! Яхшилигимга яхшилик қайтяпти. Бунинг нимаси ёмон?

Шифокор гулларнинг нафис бўйларига тўйинган ҳаводан ҳузур қилиб нафас олди. Шу пайт унинг чап биқинида бир нарса қаттиқ санчилгандай бўлди. Оғриқдан юзи буришди, хаёллари чалкашиб кетди. У кафти билан қорнини силади:

— Ишқилиб, эсон-омон қутулай-да!

Кўз олди сал хиралашгандай бўлди. Бино ҳовлисидаги оқ, пушти, қизил гуллар ранги шиша идишда аралаштирилган аллақандай суюқ дори рангига ўхшаб кетди.

Бироздан сўнг Лола опа ўзига келиб, қаддини рост тутди-да, тетик қадамлар билан хонасига кўтарилди. Хонасига киргач, столга эгилиб дафтар тўлдираётган ҳамширага буюрди:

— Навбатдагисини чақиринг…

* * *

Катманчопти тоғ бағрида оқ айиқдек чўзилиб ётган музлар эриб, уларнинг жойи қорайганига ҳам анча вақт бўлди. Шифохона ҳовлисидаги гуллар ҳам қовжиради, боғ-роғларга хазонлар кўрпаси тўшалди.

Лола опа ярим тунда оғриқдан уйғониб кетди. Қорнини чангаллаб, диванга ўтирди. Қайнонаси келинини тўлғоқ тутаётганини сезиб, калима қайтара-қайтара, ўрнидан қўзғалди. Сўнг ўғлини уйғотди.

— Тезроқ машинангни тайёрла, хотинингнинг мазаси қочяпти, тезроқ!

Эрининг ранги-қути учди. Тунги чироқ ёруғида шоша-пиша      кийинди. Кўйлагининг тугмасини тополмай асабийлашди. Ниманидир ечиб, қайта кийди.

— Имилламасдан тезроқ бўлсангиз-чи! — ингради Лола опа.

— Хўп, онаси, ҳозир…

— Келин, ўзингизни босинг. Биринчиси эмас-ку, Худога шукр, — қайнона оғриқдан инграётган келинига далда берди.

Эри ҳарчанд уринмасин, машина ўт олмади. Шоша-пиша хонага қайтиб кирди, телефон гўшагини кўтариб, қўллари қалтираганча, рақам териб, «Тез ёрдам» чақирди.

Туғруқхонада Лола опанинг аҳволи кун бўйи енгиллашмади. Шунинг учун вилоят марказидан мутахассис етиб келди. Аёлни текшираётган шифокорнинг «Бола ёнбош, ўнгланмайди», деган гаплари элас-элас қулоғига чалинди. Шифокор аёл жарроҳлик столига ётқизилди. Операция анча чўзилди. Хайрият…

Бемор ўзига келиб, каравоти ёнига қўйилган столда ўтирган оқ кийимли аёлга, унинг неон чироғи нурларидан яна ҳам оқарган, негадир таниш кўринган чеҳрасига кўзи тушди.

— Болам, — шивирлади Лола опа, — қани?

— Қизалоқ билан табриклайман, Лола опа! — деди шифокор.

— Қизми? — сўради у базўр, сўнг кўкрагидаги чойшабни силжитиб жилмайди.

— Кўзингизни очинг, Лола опа, кўп ухладингиз.

Лекин у шифокор ҳамкасбини эшитмади. Юзига яна чойшабни тортиб, кўзларини чирт юмди. Аллаҳсирай бошлади. Хаёлида  кутилмаган воқеалар, хотиралар жонланди: ундан шифо, мадад излаб, маслаҳат сўраб келган танишу нотаниш аёллар, биринчи маротаба она бўлаётган, ваҳима босган ёш-ёш келинчаклар, уларнинг илтижо тўла умидли нигоҳлари. Катта ҳовлиси, қўй-қўзилар, аёлларнинг эрлари «Опажон, нима десангиз ҳам розимиз, иккаласи ҳам омон қолсин!» — дея ялиниб ёлворишлари…

Меҳмонхонаси, тах-тах юклар, турли-туман қимматбаҳо буюму матолар. Яна айтганини олиб келмагани учун у «Кўзимга кўринма!» деб қайтарган оғироёқ аёлларнинг илтижо ва    нафрат тўла кўзлари.

Бир гуруҳ сочлари тўзиган аёллар эса худди алвастиларга ўхшаб, қўлларини бигиз қилиб, «Мана, қасамини бузган, паст кетган хотин!» деб Лола опани кўрсатишяпти. Лола опа улардан юзини буради. Кетай деса, жойидан қўзғала олмайди, худди ерга михлаб ташлангандай. У ёрдам сўраб қичқирмоқчи бўлади, бироқ овозини ўзи ҳам эшитмайди:

«Уларни ҳайданглар, айтинглар, тегишмасин менга, қутқаринглар мени, ким бор!..»

— Опа, тинчланинг, сизга ҳеч ким тегаётгани йўқ. Кўзингизни очинг. Қизингизни кўрмоқчимисиз? Ҳозир олиб келишади.

Лола опа таниш овозга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрди. Бўлмади. Шундан сўнг яна уйқуга кетди.

— Ҳали наркознинг таъсири кетмаган, чоғи?! — деди вилоятдан келган врач ва ҳамкасбининг ёнидан кетмай ўтирди.

Лола опа аста-секин ўзига келиб, ҳозир қаерда эканини эслашга ҳаракат қилди. Кўзини очди. Ёнида кечаси билан мижжа қоқмай чиққан оқ, лўппи юзли таниш аёлга қаради.

— Уйғондингизми, опа, мени танияпсизми?

Бемор эслай олмади.

— Тошкентда бир ётоқда яшаганмиз. Ўқишни сиздан кейинроқ тугатганман…

Лола опанинг кўз олди аста-секин ёриша бошлади.

— Салимамисиз?

— Ҳа, худди ўзи, — деди ҳамкасби қувониб.

— Болам соғми?

— Хавотир олманг, соғлом. Ҳамшираларингиз қараб турибди.

— Сизга раҳмат, Салима!

— Бурчимиз, опа.

Лола опа бояги аллаҳсираши ва ҳаётидаги шунга монанд воқеаларни ўйлади. Кўнгли яна бузилди, кўзлари алам-изтиробга тўлди. «Бурчимиз», дейди. Ҳеч иккиланмай айтади. Нигоҳи тип-тиниқ, қатра соя йўқ. Нақадар бахтли бундай одамлар!»

— Бурчимиз, денг, Салимахон. Шу сўзни сиздек чин дилдан, қийналмай айтадиган кишилар — жуда   бахтли одамлар.

— Нега ундай дейсиз? Ҳаммамизнинг бурчимиз, ахир. Шундай пайтда одамларга нафимиз тегмаса бизнинг нима керагимиз бор уларга?

Салима ҳамкасбининг қандайдир оғриқдан изтироб чекаётган кўзларига қаради. У айтган гапларнинг туб маъносини англамоқчи бўлди. Охири Лола опани наркоз таъсирида яна аллаҳсираётган бўлса керак, деб ўйлади.

БОЗОР ИЛЁС
АЛ-АМИН

loading...