КЕЧА ВА КУНДУЗ… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

Султонхон, тўйга бир неча кун қолганда, онасиникига кетган эди. Кетаркан кимдан сўраб — ижозат олиб кетишини билолмади. Сўраганда, кимдан ҳам сўрайди? Мингбошининг онаси ролида ҳозир Хадичахон. Унга кириб ялинадими? Ё Пошшахонга таъзим қилиб, ундан сўрайдими? Улар нима дейдилар? Тил учида «Вой, айланай, вой, ўргулай» қилсалар ҳам, қўнгилларида «Ўла, ўлганинг яхши! Алам қилдими? Қочгинг келдими? Қоч, орқангга қарамай қоч, кавишингни қўлтиқлаб қоч!» демайдиларми? Мингбошидан сўраш керак эди, албатта. Унинг олдидан ўтмай бўлмайди. У — эр, эр — подшо, хотиннинг инон-ихтиёри ўшанинг қўлида. Фақат шу топда мингбошининг кўзига оқ-қора кўринмайди. Мингбоши шу кунларда ўз соя-сидан ҳам бехабар. Беш-олти ой бурун бор эди унинг Султонхони. Энди йўқ! Бир йил бурун унча-мунча «Султоним» деб турарди мингбоши. Тез-тез бунинг ёнида бўларди. Бу даргоҳга эрта баҳорда Зебининг қадами теккандан бери Султонхон бутунлай нест-нобуд бўлди. Кечаги ботган қуёшдай… унутилди! Паранжасини ёпинди, Умринисабибининг дарчасига яқинлашганда, бирдан тўхтади ва орқасига қайтиб, Хадичахоннинг уйига томон йўналди.

— Мен ойимларникига кетяпман. Уч-тўрт кун айланиб, кўнглимни ёзиб келай…

Хадичахон «ҳа, майли», деб қўя қолса нима бўларди? Жуда чидамай кетса — индамасиниди, бунга қараб мийиғида бир кулсиниди — шу ҳам етиб ортарди. Иўқ! Пошша афсунчининг бу ўргатма илони бир марта нишини ботириб олмаса, бўладими?

— Вой, бу нима қилганингиз, Султонхон? Шундай яхши тўйлар бўляпти…

Тили зўрға-зўрға қалдираб:

— Тўйгача… келаман… — дея олди Султонхон. Умринисабибининг дарчасидан ҳатлар-ҳатламас ҳўнгурак отиб, йиғлаб юборган эди.

У ерда кўп ўтирмади. Бир оз ҳасратларини айтиб, кўнглини бўшатгандан кейин, Кичкина миттидан фойдаланиш тўғрисида бир-иккита маслаҳат кўрсатиб, она-синикига кетди. Шу бўйича тўй куни ҳам қайтиб келгани йўқ. Янги келин келган куннинг эртасига — худди нонушта чоғида Умринисабиби етиб борди. Ўпкаси оғзига тиқилиб, ўлгудай ҳаллослаб туриб, кутилмаган ютуқлардан гапирди. Кичкина миттининг катта ишлари, айниқса дераза олдида томоша берган икки хотиннинг ўйинлари ўлган Султонхонни тиргизди. Унинг беҳоллик ва уйқусизликдан юмилган кўзларини қайта бошдан очирди.

Умринисабибининг буришган терили бармоқларида янги узуклар ялтиради! Иккаласи бир-бирини қучоқлаб, ширин-ширин нашъага ботдилар.

— Йўқ, хола, ҳали эрта! Эрта ҳали… — Нима демоқчисиз, айланай?

— Маъракани йиғиштиришга ҳали вақт эрта.

— Нима қилайлик, айланай? Мени у эшикка қадам бостиришмайди. Қизим кириб юриб эди, ҳалиги иккала хотиннинг ишидан кейин ўртадаги эшикка қулф солдилар.

— Йўқ, хола! Йўл топилади, топиш керак. — Хўп, айланай, топамиз.

— Топамиз!.. Топамиз… топамиз… топамиз… Ақли бошқа жойда бўлгани ҳолда Султонхон ҳадеб шу бир сўзни такрорларди. Бирдан сўраб қолди:

— Энахон қаерда? Уни киргизишадими? — У ҳаммавақт Зебининг ёнида.

— Бўлмаса, ўша билан гаплашинг. Бугуноқ гаплашинг. Ҳозир бориб гаплашинг.

— Ҳозир жўнайман бўлмаса. — Менга қаранг!

Икки қўли билан Умринисабибининг икки елкасига ёпишди. Юзини унинг юзига яқин олиб борди.

— Менга қаранг, холажон! Энахон Зебига дўст. Чинакам дўст. Мингбошига хотин бўлишини ҳеч хоҳлаган эмас. Ҳали ҳам хоҳламайди. Қўрқмасдан, очиқ гаплаша беринг. Гапдан гап чиқади. Гапдан маслаҳат чиқади!

Умринисабиби каттакон белбоғини ун-гуруч билан тўлғазиб, дарров йўлга чиқди.

Энахонларникига бориб кирган вақтида Энахонларнинг бутун оиласи ёйилган қопнинг теграсида жугари уқалаб ўтирардилар.

— Айланай, Энахон. Шошилиб турибман. Сизга икки оғиз гапим бориди.

Иккаласи бирга ҳовлига ўтдилар. Ариқ бўйига ўтиришган ҳамон Умринисабиби гап бошлади:

— Зебихоннинг аҳволи қалай, айланай? Жиндак гапириб беринг, ҳеч нарса билолмай, юрагимиз эзилиб кетди. Кўзимнинг қорачўғидай яхши кўрардим.

— Уни яхши кўрмаган ким бор, холажон? Ҳамма яхши кўради. Яхши кўриш бошқа экану, толе бошқа экан…

— Нимасини айтасиз, айланай? Етти ухлаб, бир тушига кирмаган кунларни кўрди шўрлик…

Бир оз тўхталди. Рўмолчасини ариққа солиб ҳўлланган юзини бир қур артиб олди.

— Куйиб кетдим, айланай… Бир жойда ўтиролмайман… Кизим Баҳридан сўрайман, бир оғиз гапни эплаб гапиролмайди. Кеча кечаси ўша ердайди. Шаҳарга ҳам бирга бориб эди. Гап сўрасам, худди тили йўқ соқовдай «и, и…» қилади, холос… Юрагим «тарс» эта ёрилгундай бўлди. Шундан кейин бу ерга чопиб келдим, айланай.

Содда Энахон бу ёлғонларнинг ҳаммасига астойдил ишонарди.

— Зебихон энди пича дуруст, — деди у. — Кеча кечаси куёв киришга яқин аллакимдан бир ёмон гап эшитиб…

У шошилмасдан ҳамма бўлган гапларни айтиб берди. Бу гаплар ҳаммаси Умринисабибига маълум бўлса-да, эшитмаган одамдай бирушта «вой, товба! Вой, ўлақолай! Вой, шўрлик! Шунақами?» деб турди.

— Энди ҳамма ҳайрон, холажон… Бугун кечаси нима бўларикин?

Куёв кирмай туриб, бу шунақа қилади. Куёв кирганда нима бўлар экан?

— Шуни айтаман, айланай!

— Мен ҳеч чиққим йўқ ўша томонга. Чиқмасак, оқибатдан эмас. Бизни деб келиб тузоққа тушди шўрлик. Менга шундай кўзларини мўлтиратиб қараса, юрагим «жиғғ!» этиб кетади…

— Рост, айланай, рост… Ҳамма деганларингиз рост…

— Бу ишни қилган кундош ўлгурлар, энди ўзлари ҳам ҳайрон… — Яшшамагурлар…

— Султонхон бўлса, у ёқда жиртак чаляпти. — Яшшамагур…

— Азайимхонларга катта-катта сарф қиляпти, дейди… Отаси бой эмасми? Онасида ҳам бисот каттаймиш…

— Яшшамагурлар…

— Бир ўйлаганда, у бечорада ҳам айб йўқ. — Рост айтасиз, айланай…

— Ана у кундошларда ҳам айб йўқ. — Албатта, айланай…

— Кундошлик ўзи бир бало.

— Нимасини айтасиз, айланай…

Энахон оғир бир «уҳ» тортиб, ўрнидан турди.

— Жиндак туриб яна чиқиб, бормасам бўлмайди. Юрагим бўлса сира бетламайди. Бу кеча нима қиламиз энди, билмадим…

— Нима қилардингиз? — деди Умринисабиби. — Дод-войига қарамасдан, куёвга қўшасиз-да, айланай!

— Менга қолса, бир умр қўшмас эдим, — деди Энахон. Яна қайтиб жойига ўтирди.

Умринисабибига бор-йўғи шу гап керак эди. Дарҳол ўрнидан туриб, ариқнинг у юзига ўтди ва Энахоннинг ёнгинасига ўтирди.

Устозидан олган таълимини эслаб, икки қўлини унинг елкасига қўйди ва бошини ўз бошига томон тортиб туриб, кўзига маҳкам тикилгани ҳолда сўради:

— Зебихонга чинакам дўстмисиз? Йўқ, айланай. Худойимни ўртага қўйиб айтинг: астойдил дўстмисиз?

— Гумонингиз ҳам борми? Жонимни беришгача борман!

— Бўлмаса, менинг гапимга кириб, Зебихоннинг қулоғига секингина шипшитиб қўйсангиз: ҳар кун ёлғондан бўлса ҳам бир соат, ярим соат ўзидан кетиб турса…

Умринисабиби бирданига овозини пасайтирди:

— Биласизми, айланай, бу куёв шундай нарсаки, ҳар қандай хотин ўзи хоҳлаб бориб бўйнига осилмаса… ўзича ҳеч нарса қилолмайди!

Ўзи ҳам қариб, дармони кетиб қолган… Нимага ҳадеб уйлана берар экан, ҳайронман.

— Пул қутуртиради! — деди Энахон.

— Рост айтасиз, айланай, давлат қутуртиради! Умринисабиби яна овозини пичирлаш даражасига туширди:

— Биласизми, айланай, оқ пошшо етти қирон билан уришаётган эмиш… Ҳамма фуқароси қирилиб тамом бўлипти… Юртида одам қолмапти. Бугун эмас, эртага мингбошиларнинг ҳаммасини урушга олиб кетармиш…

— Оғзингизга ёғ, холажон!

— Рост гап бу… Ҳакимжон айтипти… Мингбошининг мирзаси эмасми? Тил билади у… газет ўқийди…

— Сизга ким айтди?

— Бир жойдан эшитиб қолдим. Ҳакимжон бориб юрадиган жойдан. Сиз, айланай, Зебинисага сал учини чиқариб қўйсангиз бўлди. У ёғини ўзи эплайди… эслик қиз… Мингбоши уришга кетдими, ҳамма қутулади унинг дастидан. Ёвлашган қирон жуда каттаймиш…

Индамасдан келиб ўлдирадиган ўқи бормиш… Осмондан қанот тақиб келиб уришармиш… Мингбошингиз ўқтегмасдан туриб йиқиладиган одам… «Урушга борасан», дедими, тамом… юраги ёрилиб ўлади!

— Илоҳим, айтганингиз келсин! — деди Энахон.

Шу пайтда Холматнинг «эна!» деб чақирган овози эшитилди.

Иккала ҳамдард ўринларидан туриб, ичкарига томон юрдилар.

Шундай қилиб, ўша кечадан бошлаб Зебининг тутқалоғи ҳар кун намозшом пайтида мунтазам тутадиган бўлди.

 

***

 

Мингбоши ишнинг бу равишга киришини ҳеч бир кутмаган эди.

Бошқа ҳамма кишилардай у ҳам Зебининг тутқалоқларини «қизнинг нози», деб билар ва тезда ўтиб кетишига ишонарди. Шу учун кундузлари-ни жуда бесаранжомлик билан ўтказиб, кеч кирганда, энтика-энтика ичкаридан севинчлик хабар кутарди. Беш кунгача ҳар оқшом бир хилда совуқ хабар чиқиб турди: «келинчакнинг тутқалоғи тутиб қолди…» Бу беш кун ичида мингбоши, ўз иқрорича, беш йиллик заҳмат тортган эди… Маҳкама ишларини Ҳакимжонга ташлаб қўйди, зотан, тўйга икки кун қолганда, ёнидаги муҳр ҳам Ҳакимжон киссасига тушганди. Мирёқуб — бир жойда бир нафас ўтиролмайдиган нарса — олти-етти кундан бери мингбоши ёнидан жилмайди. Жаҳли чиқиб, тўнини тескари киймоқчи бўлган мингбошини гап билан совутади ва йўлга солади.

— Ўзингиз айтасизки, — деди Мирёқуб, — сизга «гаҳ» деганда, қўлга қўнадиган тайёргина қуш бўлса… Мунақа қўлга қўнмайдиган ёввойи қушларни овлашга ҳунарингиз йўқ экан. Шундай бўлгандан кейин тишни тишга қўйиб, чидаш керак, хўжайин!

— Чидаб-чидаб шу ерга келдим.

— Оббо-о! Уч кун ўтмай туриб-а! Шунча бардошсизликми? Ёввойи қушни аста-секин алдаб-алдаб ўргатадилар. Қўрқитсангиз, «пирр!» этиб учиб кетади.

— Учиб кета қолсин! Шу топда «бор, кет!» дегим бор.

— Эсингиз жойидами, хўжайин? Менга қаранг… бу нима гап? «Кет», десангиз, жон дейди. Шамолдай учади. Унга сизнинг «кет!» деганингиз ёввойи қушга қафас даричасини очгандай гап. Ким армонда қолади? Уми?

Мингбоши ўйлаб қолди. Сўнгра юввошланиб, деди:

— Рост айтасан. Қариганда эснинг ҳам мазаси кетганга ўхшайди…

Мирёқуб билан Хадичахон шу беш кун орасида бир-бирларидан қочмайдиган даражага келдилар. Хадичахон уни кунда уч марта чақирса, бу уни беш марта чақирарди. Пичир-пичир гап, пичир-пичир гап… маслаҳат!

Тутқалоқ беш кун батартиб давом этганидан кейин, Мирёқуб мингбошининг жуда ёмон бўла бошлаганини пайқади. Ўзининг икки ғилдиракли сариқ фойтунини олдирди.

— Қани, юринг, хўжайин! — деди. Мингбошининг эътирози ва баҳоналарига қарамасдан, етаклаб олиб бориб, фойтунга ўтқизди ва орқаларида яроғли от қоровул, эрталаб йўлга тушдилар.

Шаҳарда мингбошини энг яхши ва обод самоварга туширди.

— Боплаб нонушта қилинг, хўжайин, чой ичинг. Томоша қилиб туринг. Мен тезда келаман! — деди.

Яна фойтунга ўтириб кетди.

Мингбоши қаймоклар ва ширмон нонлар билан нонушта қиларкан, шаҳарга нима учун келганини билолмасдан боши айланарди. Ўйлади, ўйлади, охири: «Бир қалтис иш чиқиб қолганга ўхшайди. Бўлмаса бунча шошилинч келмас эдик. Бу Мирёқуб бир ишни ўйламасдан қилмайди», деган қарорга келди.

Сўнгра яна ўйлашда давом этди.

«Шу қиронларнинг бир-бири билан урушгани ёмон бўлди… Кўп одам қирилди, дейди нойиб тўра. Менинг мирзам Соколов ҳам дараксиз кетди. Уч ойдан бери дараги йўқ. Юрт ҳам, самовардай аста-аста қайнаб ётибди. Бир тошади бу! Ёмон тошади лекин.

Одамларнинг юзига қарасам, ўрис-мусулмон ҳаммасининг кўзи бежо… «ютаман», дейди. Қимматчилик борган сари авж оляпти.

Шундай оқ пошшонинг хазинаси қоқланиб қолдимикин? Оқ пошшо менинг гапимга кирса, юрт берса берардики, тезроқ яраш қилиб одамларни тинчитарди. Аллақайлардаги юртларни деб бошини қазога тутадими киши…»

Бу ўйлар мингбошининг мияcига биринчи келаётган ўйлар эди. У бунақа нарсаларни ўйлаб ўрганган одам эмас. Фақат юрт орасида ҳар хил гаплар юради. Ҳамма амалдорларни, шу қаторда мингбошиларни ҳам урушга жўнатармиш, дейдилар. Ҳамма юртни поездга солиб,

Германияга қарши ҳайдармиш, деган гаплар эшитилади. Бу гаплар мингбошига таъсирсиз қолмайди. Мингбоши ҳам «замона охир» бўлишига ишонади эмас-ми? «Замона, чинакам охирга етган бўлса керак», деб ўйлайди: «Йўл очиқ бўлса ҳажга кетардим», деб қўяди.

Яна орқасидан: «йўл очиқ вақтида қайда эдим? Тавфиқни ҳам жуда кечикиб бераётир худованди карим…», дейди ўз-ўзига.

Ўйланиб ўтириб, устунга суянганича ухлаб қолди. Кўзини очган вақтида Мирёқуб тепасига келиб, «қани, юринг, хўжайин!» деб турарди.

Бу сафар Мирёқубнинг ўз фойтуни эмас, киракаш извош билан янги шаҳар қисмида бир қаватли эскироқ бинонинг шийпонли зинаси олдида тўхтадилар. Мингбоши хурсанд бўлиб кулди, бу жой унга таниш эди.

— Қани, юринг, хўжайин!

— Қишлоқда айтсанг бўлмасмиди? Худди зинасининг тагига олиб келгунча ҳеч нарса демайсан.

— Мен сизни ёмон йўлга бошлайманми, хўжайин? — деди Мирёқуб ва кулди.

Мингбоши ҳам маълум кулиши билан кулиб, эски гапини такрор қилди:

— Оббо, бетавфиқ-ей!

Шаҳарнинг бузуқлик ила ном чиқарган машҳур номерларидан бири эди. Бу номерга келадиган кишилар фақат айшу ишрат учунгина тўхталардилар. Шу учун у бир хонали айрим уйлардан иборат бўлиб, ярим қоронғи уйчаларда бир карт, икки-уч эски курси, бир овқат столи ва бир жовончадан бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Одамнинг ҳайвонлик ҳирслари авж олган вақтда ҳар нарсадан гўзал кўринадиган бу хоналарга у ҳирслардан озода бўлиб кирган одамни даъфатан белгисиз бир қўрқув ҳисси босарди. У хил ҳирслардан озод бўлиш билан кўпда мақтанолмайдиган бизнинг мингбошидай одам ҳам бурун бир неча марта келган вақтида кутилган хотинлар киргунча, дераза олдига бориб — ифлос ва қуруқ саҳннинг хунук манзарасига тикилар ва шу ердан тезроқ чиқиб кетгиси келарди.

Бу дафъа мингбоши хона ичига кирганидан кейин ўз кўзларига ишонолмади. Хоналар яхшилаб тозаланган, деворларга ҳар хил гулларнинг ва яланғоч хотинларнинг суратлари осилган, деворда ликкагини ўйнатиб, катта бир соат чиқилламоқда, кундуз бўлишига қарамасдан, хулёрангли қалпоқ остида ёруғ фонарлар ёниб туради.

Қаторасига икки хона, икковини бир-бирига улайдиган эшиклар катта очиқ… биринчи уй иккинчидан кенгроқ, унда катта бир стол, оппоқ дастурхон ёпилган, усти тўла ҳар хил овқат, ширинлик ва ичкиликлар… Овқатлар орасида ясама гуллар… Ерда чиройлик бир гилам. Курсилар — янги ва тоза. Бир чеккада ойнали, каттакон кийим жовони, унинг кетида оппоқ чойшаб ва қўш парқув болишли карт… Карт олдида — ерда пойандоз гиламча. Нариги уйда оппоқ чойшабли битта карт, қўш парқув болиш, битта жовонча — бошқа нарса йўқ.

Фақат бунда ҳам карт олди-да пойандоз гиламча… Ҳар уйнинг фонари бошқа ранг берса ҳам, ранглар ҳаммаси одамнинг ҳирсини қитиқлайдиган аллақандай сирли ва ғалати… Девордаги яланғоч Хулёранг — пушти ранг. хотиннинг оппоқ ва текис танлари депсиниб тургандай, худди жони бордай жозиб… Кулимсираган кўзлари юқорига томон бир оз керила тушган қилдай ингичка қошлари… ҳавас ва ўйнашнинг чопарлари! Кўкраклари олмадай кичкина ва таранг…

Мингбоши кирган ҳамон хурсандлигини очиқ билдириб кулди ва Мирёқубнинг елкасига қоқиб туриб, деди:

— Ўлма, бетавфиқ! Боплабсан!

— Камарни ечинг, хўжайин, — деди Мирёқуб, — иккала уй сизники. Ҳеч нарсани ўйламанг. Енг, ичинг, кайф қилинг. Сассиқ сўфининг нозли қизи ахир бир кун шайтонлашлардан чарчайди. Қачон бўлса ҳам у сизники! Уни ўйламанг сира, ундан қолишмайдиганлар бор бу ерда.

Шу ерда мингбоши шодлигидан бўлсамикин очилмоқчи ва кўнглидаги бир сирни Мирёқубга очмоқчи бўлди:

— Биласанми, Мирёқуб? Мен у қизга қиз деб, хотин деб талабгор бўлсам экан…

Мирёқуб кўзларини кенг очди ва мингбошининг ёнига келиб ўтирди.

— Нима дейсиз, хўжайин? Нима, нима? «Эски оғиздан янги сўз?»

— Ўзим ҳам ҳайронман. Ашуласини эшитсам бўлди, дейман ўз кўнглимда. Ашуласига, овозига ишқим бор, унақа итлик йўқ…

— Оббо! Итлик йўқ! Сизда-а? Э тавба…

— Нон урсин агар… Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди:

— Бўпти бўлмаса! — деди у. — Итликни шу ерда қолдириб, унинг ёнига одам бўлиб қайтасиз. Унда қиз сизники! Бўлди, хўжайин! Мана бу ер ҳар қанча итлик қилсангиз кўтаради…

Шу топда ўзининг негадир «одамлаша бошлагани» тўғрисида ўйлаб кетиб, Мирёқубнинг сўнг сўзларини эшитмаган бўлса, мингбошини айблаш керак эмас. Бу қабиҳ одам сўнг вақтларда ўзининг ўзи эканига ҳам унча ишониб етолмайди.

— Мен бир айланиб келаман, хўжайин. — Қаерга бормоқчисан?

— Сўраманг, хўжайин. Сиз айшингизга қаранг. Ҳамма итликни шу ерга кўмиш керак-а! Биласизми? Керак бўлса, ўзингиз биласиз, мана тугма, шуни босилади. У ёқдан одам кирганда, тортинмай буюра беринг, ҳамма нарса бор…

Чиқа бошлади. Сўнгра эшик олдидан яна орқасига қайтди.

— Хўжайин, — деди унга томон эгилиб. — Ҳаммасига бир стакандан қуйиб берасиз. Ундан кейин биттасини танлаб ёнингизга оласиз. Бошқалари чиқиб кетади… Тартиб шу!

— Биттасига кўзим тўймаса-чи?

— У ёғини ўзингиз биласиз. Итлик ҳам тоза жойида экан, хўжайин!

У ердан чиқиб, Мирёқуб номер эгасининг ўз уйига кирди.

Хўжайин ўн битта хотинни унинг олдидан — ясов тортдириб тўрт мартадан ўтказди. Кизиқ: Мирёқуб биринчи сафарда уларнинг юзларига қаради. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи сафарда фақат юришларига назар солди. Сўнгра еттинчисини кўрсатиб туриб, деди:

— Менинг номеримга юбор. Мен келгунча жилмасдан ўтирсин.

Бировга кўрсатма! Ҳа! Ванна бор-а? Ваннага туширтир. Қолганлари нариги номерга кириб, бизнинг хўжайинга кўриниб чиқсинлар.

Мирёқубнинг ҳалиги икки хонали уйдан бошқа ўзига хос алоҳида бир хонаси бор эди. Унинг ички зийнати олдида нариги икки хонали уй ип эшолмаса, бунга таажжуб қилиб бўлмайди. Чунки Мирёқуб — Мирёқуб, мингбоши эса — бир Акбарали, холос… Акбарали деган бир одамнинг ёнида ҳукумат муҳридан, зоти паст бир итликдан бошқа нарсаси йўқ. Мирёқубнинг каттакон мияси, ўткир ақли бор!

Мингбоши ўйлайдики, Мирёқуб унинг қуйруғи… Мирёқуб ишонадики, минг-боши — туя, бурнига ип ўтказилган, ипнинг учи — сарбонда, яъни туячида, сарбоннинг номини Мирёқуб қўйганлар…

Ана, Акбарали деган одам мингбоши бўла туриб, арзимас хотинлар орасида итлик ролини ўйнаб ётади. Шу топда юрт куйса, иши йўқ, парвойифалагига! Мирёқуб деган киши мингбоши ҳам эмас, савдогар ҳам эмас, деҳқон ҳам эмас, шундай бекорчи бир одам — ўн биттанинг энг аълосини танлаб қўйиб, ўзи мингбошликнинг ишлари, яъни юрт қайғуси билан пиёда ҳаллослаб нойиб тўраникига кетиб боради.

Мирёқубга маъқул бўлмаган ўнта хотин кириб мингбошининг теварагини ўрайди… Мингбоши одам шаклидаги ит бўлгани учун бирдан ҳаммасига чанг солади, ҳаммасини бирдан чангаллари орасига олмоқчи бўлади, қутуриб терисига сиғмаган шердай, ҳаммасини баравар парчаламоқ истайди… Ниҳоят, мастлик билан ва ҳам ўта кеткан ҳайвонлардагина бўладиган олчоқ, очкўз, мечкай ва ямловчи ҳис билан кўзи кўр бўлиб, ҳушёр вақтда қаралсанг, кўнгил айнайдиган биттасини илинтиради-да, ўзи ифлос, чангалларидаги ови ифлос, икки ифлос бир-бирига суйканиб, тагсиз ботқоқ ичига ботиб кетишади! Мастликда хотин танлаб бўладими? Мастнинг кўзига мушук — фил, фил — мушук бўлиб кўринади… Кампирни — пари қиз қилиб кўрсатадиган тилсимли ойна ичкиликдан бошқа нарса эмас!

Мирёқуб — ит эмас, одам! У ёш бир хотинни баззоз дўконидан ўзига тоза кўйлаклик танлагандай қилиб танлади. Еттинчиси чакки эмас… юзининг тозалиги биринчи қарашдаёқ барқ уриб туради.

Мирёқубнинг ўша танлаш чоғида электрикни ўчиртириб қўйиши ва намойишни дераза ёнига келтириши ҳикматдан холи эмас. Буни — белида кумуш камари борларгина тушунолмаса мумкин!

Номер эгаси Мирёқубни яхши танийди, унинг жуда мулкилписанд гумашта, инжиқ харидор, завқи қайралган шинаванда эканини яхши билади. Шу учун еттин-чисининг танлаганини кўриб, ошнаси Мирёқубнинг елкасига қоқди ва «Ўлма, Мирёқуб! Сарт боласи — француз…», деб қўйди. Чунки ўн бир хотин орасида еттинчиси бўлиб қўлга кирган Мария Острова ҳали ёш… Яқиндагина яхши ва нажиб бир оиланинг эрка қизи бўлган… Хўжайиннинг айтишича, бир хиёнат уни бу кўйларга келтирган… Хўжайин ҳам уни кўз қорасидай сақлайди… Мирёқубга кўрсатди, бошқа анча-мунча одамга кўрсатмайди… Хотин ўзи одам танлайди… Йўқ, одам эмас, пул танлайди! Унга бир ярим минг сўм пул керак, шуни топади, сўнгра йироқ бир мамлакатга кетади. У ерда турмушини бошқа асосларда қуради. Гуноҳларига аччиқ-аччиқ йиғлайди. Ҳозир мўлжалланган сумманинг ярмидан кўпи бор. Уч киши билан «кўришиб» саккиз юз сўм тополди. Бирор ҳафта-ўн кундан сўнг мўлжалланган сумма қўлга киражак ва ёш хотин янги турмушга қараб йўл солажак!

— Ана, ошнанг ваннага кетаётир! — деди хўжайин айвондан ўтаётган ёш хотинни кўрсатиб.

— Битта яхши оқсочни тайин қил, ювинтирсин.

— Хотиржам бўл, Мирёқуб, унинг ўз хизматчиси бор. — Мен сендан хафаман…

— Йўғ-е!

— Хафаман…

— Рост айтасанми, Мирёқуб?

— Рост…

— Сабаби?

— Ўзинг биласанки, бунақа хотинга пул аямайман. — Биламан.

— Билсанг, нега бошқа хотинларга қўшиб кўрсатдинг? Ҳатто уларнинг орасига қўйибсан…

Хўжайин хохолаб қулди:

— Завқингни синамоқчи эдим, жинни! — деди. — Ўзим билардимки, ўшани танлайсан!

Мирёқубнинг менлик ҳисси қонган эди. Кулди. — Саккиз юз сўм ишлади, дегин?

— Саккиз юз сўм!

— Сен қанча ишладинг?

— Мен бир оз ортиқроқ…

Мирёқубнинг миясига бир фикр келган эди. Бир нафас тўхтаб ўйлади ва дарҳол қарорини берди.

— Чакки эмас… У бир ярим минг сўм ишлаганда, сен икки мингга еткизмоқчисан. Инсоф ҳам керак!

— Инсоф керак-ку-я. Лекин, бунақа фурсатлар ҳам кам учрайди. Бизнинг касбимиз шу, фурсатни қўлдан чиқариш ўз касбига хиёнат қилиш, демак…

— Мендан қанча оласан?

— Сендан юз эллик сўм, холос!

— Унга қанчасини берасан? Эллик сўминими? — Йўқ! Унга ўзинг билиб берасан.

Мирёқуб ўрнидан турди. Дўстининг елкасига қоқди.

— Шайтонсан, дўстим, шайтон! Етти дўзахга кунда бўладигансан!.. — деди ва тез-тез қадам қўйиб, кўчага чиқди.

Нойиб тўра Мирёқубдан узр сўради.

— Мени ҳоким тўра чақираётир. Ҳозир бормасам бўлмайди. Кечроқ уйга келсанг, яхши бўларди.

— Хўп бўлади. Ортиқча ишим ҳам йўқ. Қоғоз-моғоз бўлса, ола кетай, деб эдим. Ундан кейин, сизга бир нарса топиб келдим.

Ёнидан газетга ўралган бир нарса олди.

— Жуда яхши, жуда соз! — деди тўра. — Уйда берарсан. Акбарали қаерда?

Мирёқуб ҳалиги нарсани яна қайтиб қўйнига соларкан, жавоб қилди:

— Шу ерда.

— Шаҳарда?

— Ҳа, шаҳарда.

Телефон жиринглади. Нойиб телефон қулоғини олди:

— Мен, менман, Александр Васильевич. Ҳозир бораман… ҳозир… Телефон қулоғини яна жойига қўйди.

— Шаҳарда, дегин? Нима қилиб юрибди? — Гап кўп, тўра.

— Яхши, уни ҳам уйда айтиб берарсан. Хайр, ҳозир-ча. Эшикни очиб, саркотибни чақирди:

— Игнатюк! Акбаралига тегишли қоғозлар бўлса, бериб юбор!

Нойиб шошилиб чиқиб, фойтунга ўтирди. Мирёқуб қоғозларни олгандан сўнг битта-битта босиб, ҳаммомга кетди.

Ювиниб, соқол-мўйловларини «фасон» қилиб олдириб, номерга қайтган вақтида мингбоши ичкари уйда ўзи ёлғиз ухлаб ётарди. Стол усти, ерлар — эгаси кўчган уйдан нишон берарди. Уйнинг ҳавоси ҳам бузила тушган…

У ердан чиқиб, номер хўжайинига учради. — Мингбошига овқат берилдими?

— Ҳалигача берилгани йўқ.

— Хайр, майли. Ўзи уйғониб сўраса, берарсиз. Аммо уйни йиғиштирмасанг бўлмайди. Одам буюр!

У ўз хонасининг эшигини секингина очиб кирган вақтида ёш жувон кийимларини ечган, картда ухлаб ётарди… Боши ёстиқдан тушган, сочлари тарқалган…

Мирёқуб яна секингина қайтиб чиқиб, хўжайиннинг ёнига кирди.

— Бориб уйғот, дўстим. Туриб, ювиниб, кийимларини кийсин. Мен у билан тўппа-тўғри картда учрашмоқчи эмасман…

— Сенга нима бўлди, Мирёқуб? — деди хўжайин, кулди.

— Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Менинг одатим шу… мен ошначиликни картдан бошламайман…

Хўжайин кула-кула чиқди. Хотиннинг безаниши бир соатга яқин чўзилди. Бу орада Мирёқуб бардош қилиб ўтирса ҳам, хўжайин тажангланиб беш-ўн марта бориб келди.

Ниҳоят, Мирёқуб ўз хонасининг эшигини иккинчи марта очиб кирди. Ёш жувон ҳарир ва чиройлик кийимлари билан ювиниб-тараниб уйнинг ўртасида турарди. Электрикнинг билинар-билинмас қалтировчи ўткир ёруғида унинг оқ юзлари, айниқса, порлоқ кўринарди. Мирёқуб кирган ҳамон салом қилди ва худди эски бир ошнаси билан кўришаётгандай кулиб туриб кўришди. Хотиннинг қўл беришида шу хил хотинларда бўладиган бир лоқайдлик бориди.

Совуқ қўл совуқлик билан узалади: «Ҳа, эски танимнинг янги харидори», дегандай… Мирёқубнинг одатда ҳамма қўлни маҳкам сиқиб кўришадиган қўллари бу кичкинагина, оппоқ ва юмшоқ қўлларни ҳам куч борича сиқдилар. Фақат бу қисишлар ҳам оловсиз ва ҳароратсиз эдилар: «Ҳа, чуқур чўнтагимнинг очкўз меҳмони!» дегандай… Бутун бу кўришувлар, қўл сиқишувлар ва кўз тутувларда, шунингдек, бу кўришувни ўраб турган шароитда маъни деган нарса топилмасди. Бу иккала «савдогар»дан бир маъни излаш, айниқса, шу топда беҳуда уриниш бўлади. Фақат иккаласининг икки жуфт кўзи бундан мустасно… Хотиннинг қовоқларига оғир бир алам ва изтиробнинг кўлагаси тушгани ҳолда ёшлик ва жувонликнинг кучи билан беришмай, бўш келмай турган, ёз осмони каби тиниқ ва тоза мовий кўзларида кучли бир савол аломати бориди, «Бошқаларига ўхшамаган харидор, кимсан ва нима қилмоқчисан?» дегандай… Мирёқубнинг ҳар қандай хотинни лоқайдлик ҳолатидан чиқара оладиган қоп-қора ва думалоқ кўзларида эса бир андиша ва ўйланиш ҳоким эди; «тили кўнглидан жудо бўлган махлуқ, нега сен бу ердасан?» дегандай…

Мирёқуб фонарни ўчириб, унинг қаршисига келганда ва иккаласи бир-бирига ҳавонинг табиий ёруғида ин-дамасдангина бир-икки минут тикилишганда, иккала томон ҳам бир-бирининг кўзида ҳалиги маънини равшан кўрди ва ўқиди. Мирёқуб ҳали боя номер эгасининг уйида берган қарорини қувватлаш учун хотиннинг мовий кўзларидан қувватли далиллар топган эди. Хотин эса ҳозирга қадар қилган ишлари ва муомилалари билан ўзга «харидорлар»га кўпда ўхшамаган бу Осиё одамининг, ўз ақидасича, айёр кўзларида оддий «харидорлик» доирасидан чеккароқ чиқадиган аломатларни мушоҳада этарди: «Бу одам ҳам, — деб ўйлади хотин, — бошқалар каби чўнтагининг кучи билан мени олаётир… Бу ҳам бошқалар каби ёш гулбундан бир гулни сотиб олиб, дарҳол узажак, узган ҳамон яна ўша гул-буннинг оёқлари остига — чанг ва тупроққа ташлаяжак, сўнгра совуқ қўлини узатиб, лоқайд хайрлашажак, балки хайрлашиб ҳам ўтирмасдан, бурилиб кетажак. Бир умр учрашмаслик учун кетажак!..

Чунки… Лодзли вояжер каби…» Шундан сўнг, бир онда, ўтган ҳафтадаги учрашувни кўз олдидан кечириб олди.

Шу номернинг шу хўжайини кечаси соат иккиларда бунинг эшигини чертиб очтирди. Бу ечиниб ётган эди. «Туринг, Мария Степановна, — деди, — учинчи номерга киринг. Тез! Айтган суммангизни тез тўлатадиган бир олижаноб киши бор. Сизни кутиб ётибди!»

«Хўп, ҳозир кийиниб-тараниб бораман». «Йўқ, — деди хўжайин,

— йўқ! Айвонда ҳеч ким йўқ. Чойшабни ёпиниб ўта беринг.

Кийимсиз ҳам гўзалсиз!» Кулди ва ҳайрон бўлиб турган хотиннинг елкасига картдаги чойшабни ташлади-да, қучоқлаб айвонга олиб чиқди. Янги «касб»нинг мунақа дағал талабларига ўрганмаган ёш жувон ўшанда бутун танининг дир-дир қалтираб борганини сезди.

Унинг ёш ва тароватли танидан ҳали софлигини сақлаган, ейилмаган руҳидан норозилик фарёдлари юксаларди. «Увишдингизми?» деди хўжайин маҳкамроқ қучоқлаб! «Йўқ, — деди ёш жувон, лаблари титраган ҳолда. — Кўнглим айнийди! Бу қадар олчоқлик!..» Хўжайин дарров тўхтади, айвон устунидаги хира чироқнинг шуъласида ёш жувоннинг кўзига тикилди. «Олчоқлик? — деб такрор қилди хўжайин. — Меҳнатсиз, осон пул топмоқчи бўлганлар менлик ҳисларини ўз оёқлари билан тепкилашга мажбурлар… Дунёнинг устуни — пул, пул топиш — қийин! Осон пул топиш олчоқлик бўлса, мардикорлик қилишга нафсингиз кўнадими? Ана, кўчада Турсунбой деган сарт қоровул бор, ҳали ҳам кўча супуриб юради. Олти сўм ойлик олади… Ўшанинг ишини қилишга ўзингизни кўндира оласизми? Хурсанд! Вакти чоғ! Қачон кўрсангиз, ашула айтади.

Менинг оқсоч хотинларим билан ўйнашади. Топганини ўшаларга сарф қилади. Ўзи доим оч…» Ёш жувон бошини қуйи эгиб, юзини чапга бурган ва борган сари қалтираши кучайган лабларини ўткир ва оппоқ тишлари ўртасида қисарди… «Беҳуда гапларни ташланг! Ярим соатдан сўнг қўлингизда банкнинг кўп суммали чеки бўлади. Ўшани сўриб-сўриб ўпингиз (орқа томонини ўпинг, йўқса номери ўчиб кетмаги мумкин)! Она — боласини, ошиқ — маъшуқини, булбул — гулни, бадавий — тевасини, сарлашкар — қиличини ўпгандай ўпингиз! Негаким, ҳамма гап — ўша чекда, чек — банкада, банка — пулнинг маркази, пул, агар ҳақиқатга тобингиз бўлса, «оллоҳ! Қозиюл ҳожат!..»

Эшикни очиб, бу ёш хотинни ҳатто бир даража қўполлик билан учинчи номерга киритиб юбориб, хўжайин эшикни астагина ёпди-да, «Шунақа хотинларни қаш-қарлик мардикорлар билан бирга ғўза чопиғига юборсанг, айни саратон иссиғида!» деб ғудуранди.

Бу хотин шу топда фақат бир нарсага муҳтож эди — исиниш!

Ёзнинг дим ва илиқ кечасида пайдо бўлган бу ғайритабиий титрамани тўхтатиш! Бу — бир. Иккинчидан, уҳдага тушган «вазифани» наридан-бери бажариш… Бу ерда, «вазифа»нинг гўзаллиги, мулойимлиги ва ёқимлигини суриштириб турадиларми? Бу ернинг қонуни қаттиқ, унга эътироз қиладиган, гап қайтарадиган кишиларни у ўз доирасига олмайди. «Кирдингми, бўйсунсун!» дейди ва ўзича у ҳам — ҳақли!

Кўнгилни ғаш босадиган кичкина ва яланғоч хонанинг фонари ўчирилган, ҳеч нарса кўринмайди. «Қандай яхши! Кечанинг битта фазилати, қоронғиликнинг бир яхшилиги шу!» Айвондаги хира фонардан бир сиқимгина хира шуъла тушиб, эски ва бўёғи ўчган картни, карт ёнидаги курсини, курси устидаги босма айилли — тасмали шимни, курси оёғидаги бир жуфт ранги белгисиз ярим ботинкани зўрға-зўрға ёритарди. Эшик очилиши билан картда яланғоч ётган эркак бошини кўтарди, бир қимирлади, ёнидан жой бўшатган бўлса керак… Ёш хотин картни кўрган ҳамон ҳеч ўйлаб турмасдан чойшабни ерга ирғитиб ёт эркакнинг бегона қўйнига кирди.

— Бунча совуқсиз! — деди эркак хирқироқ овоз билан. — Худди муз!

Хотин индамади. У ҳали ҳам лабларини тишларди…

Тонг отиб, уй ичи ёришганда, хотин ўрнидан турди ва дарров чойшабини ёпиниб, орқасига қайрилди-да, усти очилиб ётган эркакка кўз ташлади: тарвуз сингари юм-юмалоқ, семиз қорни солиниб тушган, икки бети сергўшт — бўртма, кичкина ва маъносиз кўзларга эга бир махлуқ! Пишиллаб нафас олади, хуррак тортиб ухлайди! Ана, у ҳам уйғонди, жойидан турмасдан, бошини бир оз кўтарди. Кулди. Бунча хунук кулади! Иккита тилла тиши ўчаётган чўққа ўхшайди.

Жуда сийрак бўлган сочлари чала ўрилган экинзор каби…

«Нечук мен бутун бир кечани шу билан ўтказа олдим?..» деди хотин ўз-ўзига, яна лабларини тишлади.

— Берироқ кел-чи! — деди эркак.

Хотин қон чиқар даражада шиддат билан лабларини тишлагани ҳолда, ўйлаб ўтирмасдан, қўмондага итоат қилган солдатдай, картга яқин борди.

— Эгил бир оз!

Хотин эгилди.

— Чакки эмас! — деди эркак, хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра қўли билан дераза токчасига ишорат қилиб:

— Ана, чек! — деди. Яна бошини ёстиққа қўйди. Хотин тезгина чекни олиб, хайрлашмасданоқ уйдан чиқди.

Ўз уйига келганидан сўнг дарҳол ойнага қаради, ўз афтидан қўрқиб кетдими, билмадим — ўзини картга ташлаб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлашга тушди… Уч юз сўмлик чек қўлидан тушиб, аллақайларда тўнтарилиб ётарди…

Шу учун Мирёқубга бошқа «харидорлар» каби қараёлмаслигини бу ёш хотин ўзи ҳам билди. «Бу, ҳеч бўлмаса, олган молини қадрлай оладиган савдогар му-омиласини қилди-ку, — деб ўйлади у. — Хотин кишига нозик тарбияли бир француз каби яқинлаша билди-қу! Кошки ҳамма харидор шундай бўлса!» Бу хотин ўзича ҳақли, албатта.

Қулларини урмасдан яхши гапириб ишлатадиган, урганлар кунда ўн беш соат ишлатса, яхши гапириб кунда йигирма соат ишлатадиган хўжалар ҳам бўлади-ку…

— Ўтир! — деди Мирёқуб сенсираб. Фонарни яна ёқди. Столнинг паст томонига ўзи ўтириб, тўр томонидан унга жой кўрсатди.

Ўтирдилар. Хотин ўз «вазифа»сини яхши билганлигидан, шу топда гап эмас, «иш» кутарди ва бу таҳқирланишнинг сабабини англаёлмасди… «Ҳар қандай оргинал тип бўлса ҳам, мақсади белгили.

Бу жойда ўзга мақсад бўлиши мумкин эмас!» деб ўйларди у. Мирёқуб бўлса, нима дейишга ҳайрон бўлиб, боши қотиб ўтирарди. Бу одам халқ орасида закончи ҳисоблангани билан рус тилини мақсад англатарлик билмайди. Қаршисида — Осиё билан яқинда танишган бир нозик рус хотин, Осиё билан яхши танишганда ҳам сарт тилини ўрганишга танаффур қиладими? Зоҳирда бу нарсага далолат қиладиган ҳеч бир асар йўқ! «Бу хотин, мен билан французча гаплашса гаплашадики, сартча бир сўз ҳам билмайди», деди ўз-ўзига Мирёқуб… Ҳолбуки, айтадиган анча сўзлар, сўрайдиган анча гаплари бор. Бу хотинга бошқа шу хил хотинларга қараган сингари қараёлмаслигига унинг ўзи ҳам ишониб қолган. Бошида бошқача планлар айланади…

Ниҳоят, ширин майдан бир қадаҳчага тўлдириб, унинг олдига қўйди. Ўзи ярим қадаҳ ароқ қуйди.

(давоми бор)

Абдулҳамид ЧЎЛПОН