Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардормисиз?

0

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 4 апрелдаги ЎРҚ-533-сонли “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонунига кўра Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра эндиликда, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши ҳам белгилаб қуйилди:

  • қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;
  • мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса – гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари уларнинг аввалги эгалари тўлаган қиймат ушбу эгаларга компенсация қилинган ҳолда олиб қўйилади;
  • фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари раёсатининг қарорига мувофиқ фермер ёки деҳқон хўжалигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги тугатилганда;
  • ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганда».

Қолаверса, мазкур Қонунга кўра «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан ҳамда томорқа ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шу жумладан ерларга ишлов берилишининг ҳолати, уруғлар, кўчатлар ва дарахтларнинг экилиши, иссиқхоналар қурилиши, чорва ва парранданинг кўпайтирилиши устидан жамоатчилик назоратини ҳамда уйларни айланиб чиқиш орқали мунтазам равишда мониторингни амалга оширади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолари бўлган фермер, деҳқон хўжаликларига ҳамда томорқа ер эгаларига тегишли ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беришга ҳақли».

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг  2019 йил 2 майдаги ЎРҚ-534-сонли  “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 99-моддасига қуйидаги таҳрирда баён этилиб, унга кўра, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, яъни лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно), – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бинокорлик материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, аҳоли пунктларининг ва аҳоли пунктлариаро ҳудуднинг бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини, маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларни реконструкция қилиш режаларини бузиш, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Объектларни давлат экспертизасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига, шу жумладан иш ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуришга, реконструкция қилишга ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда шундай ишларни амалга ошириш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларини амалга ошириш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг етмиш бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг ўнинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Х.Равшанов,

Ўртачирчиқ туманлараро

иқтисодий судининг судьяси

loading...