МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (35-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Сен ҳаммасини кўргансан, ҳаммасини биласан! Айт, қизни қаёққа опкетишди?! — сўради ҳансираганча жаҳл билан.

Абдусаттор бир силтанди-ю, Маъруфнинг чангалидан чиқиб кетди. Аммо Маъруф яна унга ташланди ва шу заҳоти ур калтак-сур калтак бошланиб кетди. Маъруф гоҳ чўпоннинг устига чиқиб олар, гоҳ Абдусаттор уни йиқитар, гоҳ униси, гоҳ буниси мушт туширар эди.

Тахминан ярим соатлар олишишди. Охири ҳар икковининг ҳам тинка-мадори қуриб, бутунлай ҳолдан тойганча чўзилиб қолди.

— Барибир, кўрганларингнинг ҳаммасини айтиб берасан! — деди Маъруф чалқанча ётганча ҳансираркан.

— Одаммас экансан. Ит экансан. Сув бердим, ёрдам қилдим, яна менга туҳмат қилиб турибсан. Мен қаердан билай қизингни? Кўрганимда айтмасмидим? — жавоб берди чўпон ҳам ҳансираб.

— Бўлмаса… бўлмаса, уйчанинг ёнидаги қон қаердан келди?

— Мен қаёқдан билай?

— Боя иккита қўй опкетувди, дегандинг. Кейин анави сенга ойлик берадиган одамнинг номини айтдинг-у, рангинг оқариб кетди.

— Ҳе, ҳе, ҳали сен шундан шубҳаландингми? Ўйнаб қўйдим шубҳангга!

— Нима? Нима дединг? Ҳали сен ўйнаб қўядиган бўп қолдингми? Ит, дединг, индамадим. Энди… — дея Маъруф зўрға ўрнидан турди.

Абдусаттор ҳам яна муштлашиш мақсадида қаддини ростлади. Бироқ улар боягидай бир-бирини калтаклашнинг эпини қилишолмади. Муштумлари юмшоққина шапалоқ мисол юзларига тегди. Сўнг курашчилардай бир-бирига осилиб қолишди.

— Ғалчамисан? Тушунмайсанми ўзбек тилига? — деди Абдусаттор.

— Алдаяпсан сен.

— Алдаган бўлсам, Худо урсин!

— Худо урсин? — такрорлади Маъруф. — Худо ёмон уради. Шу бугундан ортмасдан оёқ-қўлинг акашак бўп қолади, қўрқмайсанми?!

— Айбим бўлса қўрқаман-да, ярамас!

Маъруф уни қўйиб юборди ва секин ерга ўтирди. Абдусаттор эса бирдан ерга чўзилиб ётиб олди. Беш дақиқача ҳеч нима тўғрисида гаплашишмади. Ҳар ким ўз хаёли билан банд бўлди.

— Барибир, — деди жимликни бузган Маъруф, — хатти-ҳаракатларингда шубҳа бор.

— Шубҳа?.. Мен сендан бошқа нарсани яширгандим. Сен аввал менга айт, ким бўлиб ишлайсан? — деди аста-секин қоронғилик энаётган осмондан кўзини узмаган Абдусаттор.

— Агрономман.

— Унда айтсам бўлавераркан. Мен сендан ойлигимни яширгандим. Ойлигимни яширдимми, демак, Ўктамниям яширишим керак. Чунки у беради-да ойликни. Ҳеч нимага қўл қўйдирмайди. Ҳаммамизни тўплайди, минг сўмдан бериб чиқади. Кейин «Ҳеч кимга қанча ойлик олаётганларингни айтманглар», дейди. Ўтган йили кузда ўзимизнинг областга бордим. Уйимиз даштда-да. Қўй кўп. Чўпонлардан ойлигини суриштирдим. Энг кўпи юз эллик сўм оларкан.

— Бундан чиқди у шубҳали одам экан-да.

— У ёғини билмайман. Ҳарқалай, ҳар биттамизга минг сўмдан бериш учун ҳар ойда етти-саккиз қўйнинг баҳридан ўтиши керак. Унда беш минг қўй неча йилга етарди? Агар улар эгиз туққандаям, дарров тугаб қолади. Сабаби, ора-чора сўйиладиганлари бор, касалланиб ўладиганлари бор. Яна бирда-ярим бўри оралаб қолади. Совхознинг кўммаси бўлмаса керак…

— Шу одамни менга топиб бероласанми?

— Йўқ. Ўзи келмаса, топиб бўлмайди уни.

— Нимада келади?

— Ҳар сафар ҳар хил. Бир қарасанг, от ўйнатиб келаётган бўлади, бир қарасанг, ҳамма ёқни чанг-тўзон қилиб мошинада пайдо бўлади. Кейин ортиқча гаплашмайди. Ҳа-а, эсимдан чиқай дебди, бир хил пайтлари унинг одамлари келишади. Қўлларида бир парча қоғоз, «Мана, фалончи акам жўнатди, ўнта қўй бериб юбораркансизлар», дейишади. Бизга фарқи йўқ, фалончи ака айтдими, тамом, семиз-семизидан танлаймиз-у, бериб юборамиз.

— Дунё бесўроқ экан-да унда? Эрта бир кун текшириш келиб мисларинг чиқиб қолса, қамалиб кетишдан қўрқмайсизларми, ҳарқалай, давлатнинг шунча қўйи кўчада қолмагандир? Бир куни келиб, суриштириб қолар?

— Унгача бу ердан кетамиз. Билсанг, бу ердаги чўпонлар кўпи билан бир йил ишлашади. Кейин уй-уйларига кетишади. Фақат менгина шунча йилдан бери юрибман.

— Ишончли одам бўлсанг керак-да.

— Билмадим. Лекин ҳеч қанақанги сир-синоатдан хабарим йўқ. Фақат боя айтганингдай, бўйнимга кўп нарса илиниб қолмасмикан, деб баъзида қўрқаман ҳам, — дея Абдусаттор хўрсиниб қўйди ва ўрнидан туриб ўтирди, ён-атрофга, кўкка қаради. Кейин тағин хўрсиниб олгач, қўшиб қўйди: — Бу ёғи пешонадан, ошна. Энди тур-да, уйга бор. Мен чўпонларни айтиб келишим керак. Бўлмаса, шу ёқдаям қолиб кетаверишади. Шунақа анқов-да улар.

Маъруф талай муддат ўтирди. У Абдусатторнинг гапларига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмас, бундан бу ёғига қандай йўл тутиш ҳақида бош қотирарди. Охири, ҳеч нимани режалаштиролмай, қўзғалишга мажбур бўлди, чунки елкасидан совуқ ўта бошлаганди.

У уйчага кирмади. Ташқарида, эшик ёнида ўтирди. Токи чўпонлар қурейлашиб қўйларни ҳайдаб келгунларича.

— Обориб қамаб қўйинглар, — деди Абдусаттор Маъруфнинг ёнига келганидан сўнг ҳамкасбларига, — Эшим шу ёқда қолсин. Икки-уч соат қоровуллик қилади. Турдимурод борганидан кейин келади овқатланишга. Қўйларни қаровсиз қолдириб бўлмайди.

Унинг ҳар куни айтадиган гапларини чўпонлар шундоғам яхши билишарди. Шу боис тўхташмади ҳам.

Маъруф эртасига ҳали қуёш чиқмасдан бурун йўлга тушди. У кечаси Абдусатторни алдаб-сулдаб, ундан Ўктамнинг кўпинча асфальт йўлни кесиб ётиб кетишини, нариги томонда пастқамгина етим тоғ борлигини билиб олган эди.

 

* * *

 

Маъруфнинг келиб қолиши Элёрнинг тушига ҳам кирмаган эди. Шу боисдан ҳеч нарса қила олмади. Калтакланди, азобланди. Сўнг уч-тўрт дақиқада ўзига келиб, машинани ҳайдаб, уйига кетиш ўрнига тўғри Ҳайбатуллоникига борди. Севишганларнинг ҳамма гапларини эшитди. Кайфда уйқусираб ташқарига чиқиб, «иши»ни битириб, яна уйга кириб кетган Ҳайбатуллони ҳам кўрди. Ирганди. Аммо миқ этмасдан, ҳамма нарсани кузатди. Бўлмаса, Ҳайбатулло ташқарига чиққанидан овоз бериб, ошиқ-маъшуқларни тутиб бериши мумкин эди. Бироқ бундай қилгиси келмади. Бошқача йўл тутишни истади у. Маъруф Наргизани қучоқлаганини кўрганида эса ғазабдан портлаб кетай деди. Лекин тишини тишига босди. Чидади. Ҳамма уй-уйига кириб кетганидан кейингина яширинган жойидан қимирлади.

«Тўполон қиламан, ҳамма нарсани отиб синдираман. Энамга бутун заҳримни сочаман. Токи уйимдагилар уйланмоқчилигимни билиб қўйишсин», деган хаёлга борди у машинага минганидан сўнг. Шуни очиқчасига: «Эна, ота, мен Ҳайбатулло аканинг қизини севиб қолдим. Илтимос, уникига совчиликка боринглар» деса ҳам, бўларди. Бироқ бундай қилгиси келмади. Жанжалнинг ўрни бошқача. Чунки унинг таъсири тез. Ҳамма шошиб қолади. Энаси билан отаси тонг отар-отмас совчиликка жўнайди. Хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам ишни битиради. Керак бўлса, энаси Ҳайбатуллонинг хотинига «Кечаси уйимизда қиёмат қўпчиди. Болам бечора, «Ўламан саттор, Наргизага уйланаман!», деб туриб олди», деб айтади. Унинг гаплари Наргизанинг энасининг кўнглини эритиши даргумон, лекин Ҳайбатулло ичидан хурсанд бўлади. Ахир Элёрдай йигит куёви бўлса, ёмонми? Яна қизи ҳамсоясини деб турган бир пайтда. Бироқ Элёрнинг тузган режаси бир пул бўлди. Чунки уйига бориб кўрса, шундоқ ҳам қиёмат қўпиб ётган экан. Отаси ичиб олган, энасини у ёқдан-бу ёққа тирқиратган, қўлига илинган нарсани отган, сўккан… Яна Элёрнинг қўлида чил-чил бўлиши керак бўлган идишларни аллақачон майдалаб ташлаган эди. Элёр уйига киргунича икки укаси томга чиқиб олган, синглиси эса оғилга кириб бекинганди.

— Ни-ма?! — дея шер мисоли бўкирди Элёр ҳовлига етиши билан сўкавериб, болалари-ю хотинини қувавериб ҳолдан тойганча тераска эшигига суяниб қолган отасига. — Яна ичволдингизми?!

Лаблари қуруқшаб қолган ота бошини кўтариб, кўзини олайтирганча ўғлига қаради.

— Сиздан сўраяпма-а-а-н?! — ўкирди яна Элёр.

Ота ўғлидан қўрқарди. Айниқса, мана шунақа ичган, жанжал кўтарган пайтлари. Шу боис яна жавоб бермади. Бунинг ўрнига ғўлдираб қўйди.

— Жонимга тегиб кетди! Бу уйга қарғиш теккан! Бу уйни ёқиб юбориш керак! — бақирди Элёр.

— Ҳимм, ҳимм, ёқиш керак. Лекин бензин йўқ-да, мошинангдан бензин опкелсанг ёқардик-да.

Элёр отасининг гапини чала эшитди ва узум сўрисига осилган челакни танғиллатиб тепди.

Эна кўндаланг уйнинг бурчагида эрининг ухлаб қолишини пойлаб турганди. Ўғли келгач, бироз нафас ростлади-ю, жанжалнинг янаям каттариши мумкинлигидан қўрқиб, отага бақираётган ўғлига термилиб турди.

— Киринг уйга! Бир қадам ҳам чиқмайсиз уйдан! — деди Элёр челакни тепганидан кейин.

— Ҳимм… Ҳимм… хўп… — дея бошини қимирлатди ота ва эшикка суянганча зўрға қаддини ростлади.

Ортига бурилди. Амаллаб оёғини кўтарди. Элёр унга ёрдамга бормади. Шунчаки кузатиб турди. Агар отасининг ўрнига Ҳайбатулло бўлганида борми, керак бўлса, кўтариб ичкарига киргизиб қўйган бўларди.

Элёр отаси тебраниб-тебраниб уйига кириб кетгач, унинг ўрнига бориб ўтирди. Пешонасини, бошини қашлади. Шунда унинг ёнига энаси қўрқа-писа келди.

— Болам-э, яхшиям, сени туққан эканман, бўлмаса, бу отанг бизни аллақачон тириклайин гўрга тиқарди, — деди юмшоқ овозда.

Элёр энасига дарров жавоб бермади. Маъруфнинг мушти лабини ёриб юборган эди. Унинг устини тили билан ялади. Сўнг тишлари орасидан тупугини «чирт» этказиб тупурди-да:

— Эна, сизга шу алкашдан бошқа эр қуриб кетганмиди? — деди.

— Энди, болам, пешона-да, кейин мен отангнинг бунчалик ичадиган бўлиб кетишини қаердан билибман? — деди бундай саволни кутмаган она довдираб.

— Эй-й, билгансиз. Одамлардан эшитдим, отам ёшлигидаям маст бўлиб юраркан. Ҳеч ким қизини бермаган экан. Сизнинг отангиз бўлса худди қизи эрсиз қолиб кетадигандай қўшқўллаб топширибди. Сиз ҳам ғиринг демасдан тегиб кетибсиз.

Аёл кўзига ёш олди. Кафти билан юзини бекитиб: «Шўргинам қурсин менгинанинг, шўргинам қурсин. Кун кўрмай қаридим. Бир куни одам бўлар, болаларидан уялар, дедим. Йўқ, бу кун кўрмагур баттар бўлди. Баттар», дея айтиб-айтиб йиғлашга тушди.

— Бўлди, эна, кўп дийдиё қилаверманг. Ўзи роса тинка-мадорим қуриб келганди. Уйга келиб озгина дам оламанми, деб ўйлагандим. Ҳаммаси бир пул бўлди, — деди энасининг йиғиси ғашини келтирган Элёр.

— Майли, болам. Худо менга сени берди-ку. Уйга кир, дамингни ол. Шошма, аввал овқатингни еб ол. Озиб-ёзиб бугун ош қилувдим, бир чўқим ейиш насиб этмади-я. Ҳали укаларинг ҳам қочиб-қочиб кетишган. Бечоралар ҳам очдан-оч юришган бўлса керак…

— Уфф, — дея Элёр ўрнидан турди, — ҳаммаси жонимга тегиб кетди!

У бошини эгганча беш-олти қадам наридаги чорпоя ёнишга борди. Сўнг бирдан ортига ўгирилиб, энди ошхона томонга кета бошлаган онасига:

— Битта гап бор, эна, — деди.

Аёл ялт этиб ўғлига қаради ва Элёр кейинги гапни айтишга улгурмасидан липиллаб ёнига келди.

— Болам, олдин чой опкелайинми? — дея сўради ўғлининг кўнглини топиш мақсадида.

— Йўқ. Гапимни эшитинг, эртага бир жойга борасиз…

— Майли, болам, бораман. Сен қаерга десанг, кетавераман, — деди аёл шошиб ўғлининг гапини бўларкан.

— Совчи бўлиб борасиз…

Аёл ҳайратдан донг қотди. Қулоқларига сира ишонгиси келмади. Олдиндан огоҳлантириш, билдириш йўқ. Бирдан «Эна, совчиликка борасиз», деб турибди бу отадан қўрқмайдиган ўғил тушмагур. Нима қилсин, ота юрагини ўйнатавериб тамом қилган. Ўғил-чи?.. У аввал юмшоқтабиат эди. Улғайди-ю, ўзгарди. Онасини жеркадиган, укаларига бақирадиган, дўқ-пўписа қиладиган одат чиқарди. Айниқса, раисга ҳайдовчи бўлганидан кейин янада қўполлашди. Мана энди, отаям уни кўрса, пусиб қоладиган бўлди.

— Совчиликка дедингми, болам? — деди аёл киприкларини пирпиратиб.

— Ҳа-а, эшитмадингизми? Эртага эрталабдан қолдирмайсиз.

Дўқ оҳангида айтилган гапдан кейин аёлнинг елкалари аввалгидан-да қисилди.

— Эшитдим. Яхши. Лекин ҳалиги отангдан бир оғиз…

— Эна, қизиқсиз-а, отамнинг нимасидан сўрайсиз?! Отамга битта ароқни кўрсатинг, тамом.

Аёл туни билан мижжа қоқмади. Хабарни эрига етказишнинг минг битта йўлини топди. Лекин буларнинг биронтаси ҳам тўғри келмасди. Сабаби, у ҳалигача эрининг кўнглини овлашни билмасди. Чунки эр жонивор кунига минг хил турланади. Фақатгина ичганида ўзгармайди. Сўконғич, уронғич, унга муқим ёпишиб олгандай кўринади ўшандай пайтлари. Аммо ичмаган куни жудаям оз-да. Масалан, ойига бир, кўпи билан икки кун. Демакки, эр жонивор ўша кунларигина минг хил турланаркан. Лекин, барибир, бир пайтлар суйиб эркалаган эрига ўғилнинг ниятини айтиш керак. Айтмаса, бўлмайди. Нега бўлмаслиги унинг учун қоронғи. Бўлмайди, тамом-вассалом.

У саҳарлабдан туриб, чоли (у кейинги пайтларда эри ҳақида гап кетса, «чолим» дерди) уйқудан уйғонгунча кундалик ишларни адо этиб, чорпояга чиқиб ўтирди. Яқиндагина ўзи дамлаб, устига сочиқ ташлаб қўйган чойни бир-икки марта қайтарди. Бир пиёлагина ичгиси келди. Аммо ичолмади. «Чолим чиқсин, кеча кўп ичган. Томоғи қақраб ётган бўлса керак. Бир пиёлагина ичсин, кейин мен ичаман», деди ва эшикка термилганча ўтираверди. Ниҳоят, эр уйқудун уйғониб, ташқарига чиқди. А±лга хўмрайиб қўйиб, ювинди. Сўнг хотинининг қаватига чиқди. Шунгача бир марта бўлсин юзи ёришмади. Ўша хўмрайиш, ўша қовоқ-тумшуқ.

— Гўрсўхтанг турмадими? — деди аёли узатган пиёлани қўлига оларкан, унга кўз ости билан қараб.

— Кеча кеч келди-да. Чарчаган. Ҳадемай сезон бошланади. Иши кўпайган-да. Шунга, майли, ухласин, бу ёғи мошина ҳайдайди. Худо кўрсатмасин, мошина ҳайдаб кетаётганида ухлаб-нетиб қолса…

— Ёмон эрталабдан эзилдинг-да. Кўрдим, қандай қилиб чарчаб келганини! Бурнидан эшак қуртини ±ғилади. Шунинг раисга шофёр бўлди-ю, босар-тусарини билмай қолди. Раиснинг олдига бир бормасам бўлмайдиган бўп турибди-да. Ўзи шу кунларда бормоқчийдим, бояқиш касал бўп қопти. Чиқсин балнисадан, бораман, — дея Афтондил ака хўриллатиб чой ичди.

У, одатда, кайфи тарқаган пайтларда шундай гапирарди.

— Қўйинг отаси, ундай деманг. Ундан кўра бошқа иш қилганимиз маъқул.

— Нима иш экан?

— Болам бечора бировга кўнгил қўйибди.

— Ни-ма? Кўнгил қўйибди?! Ҳе, унингнинг ўзи ким-у, кўнгил қўйгани нима бўларди?.. Чойдан қуй, ўзиям жа суюқ дамлайсан-да чойни.

— Отаси, шу десангиз, охирги пайтларда шунингизнинг бошини иккита қип қўйсакмикан, деб ўйлаб юргандим-да…

— Қайси пулингга. Бунинг мошинасини ғилдиратиб у ёқдан-бу ёққа чопгани билан уйга тўрт-беш сўм опкелмаса, шимилдириққа уйланадими?!

— Раис қарашиб юборар, ҳарқалай, ёнида олиб юрибди.

— Қарашса, қарашаверсин, менинг ишим йўқ.

— Майли, тўйни бир нима қилармиз. Кўнгил қўйганиникига бир бориб келайлик.

— Нима каромати учун? Оқшом менга дўқ ургани учунми? Йў-ўқ, бекорларнинг бештасини айтибди. Мен умрим бино бўлиб, отамнинг юзига тик қараган одаммасман. Бунинг бўлса қўйиб берса, урадиган чўти бор. Энди менинг миямни қотирма, ўзи бошим оғриб турибди. Одамларнинг хотинлари эри ичиб келса, ёстиғининг ёнига муздай аччиқ чой дамлаб қўяди. Сен овсар бўлса минг марта айтганим билан қилмайсан! Бориб у ёқ-бу ёқни қара, бирорта бутилкада эллик-юз грамм қолгандир. Ичмасам ҳозир бошим ёрилиб кетади.

— Отаси, йўқ-ку.

— Эй-й, энангни эмгур, топ дегандан кейин топ-да!

Боягина Афтондил одамшавандага ўхшаброқ гапираётганди. Дарров ўзгарди-қолди. Агар ҳозир хотини унинг айтганини қилмаса борми, камида беш-олтита сўкиш нақ эди. Шу боис аёл туриб кетди. У ора-чора ўғлининг чўнтагидан бир-икки сўм олиб қўяр, кейин йиғилган пулга юз терисини сидириб, магазиндан бир шиша ароқ олиб келарди-да, уйига келиб, уни бир неча бўлакларга бўлиб қўярди. Мана шундай пайтларда асқотиши учун, албатта.

У ўрнидан турмасидан Элёр эшикдан ташқарига чиқди. Отанинг юзидаги жаҳл бироз йўқолди. Бунинг ўрнига қандайдир ялтоқланишга ўхшаш бир нима пайдо бўлди.

Ўғил падарининг гапларини чала-чулпа эшитган, аммо шунга қарамасдан унинг нима демоқчилигини англаганди.

— Бир яшик ароқ бугуноқ келади. Тушгача, — деди у безбетларча кўзини ишқалаб қўйгач.

Афтондил шу заҳоти бош оғриғини унутди. Умуман, унинг боши жуда қаттиқ оғримаётганди. Шунчаки озгина лўқиллаётганди.

— Ўғлим, шу десанг… Ювиниб бу ёққа кел, гап бор, — дея Афтондил нигоҳини бошқа томонга олиб қочди.

У Элёр ювиниб-тараниб келгунча хотини олиб келган ароқни ютган ва кайфияти анча кўтарилиб ўтирарди. Боласи чорпояга чиқиб ўтиргач, секин гапни узоқдан бошлаб, охири совчиликка бориш билан тугатди. Ўғил ич-ичидан падарининг устидан кулди. «Ароқни айтмаганимда, қовоқ-тумшуғини уйиб ўтираверган бўлардингиз» дея кўнглидан ўтказди.

Нонушта узоқ чўзилмади. Афтондил ўғли билан хотинини шоширди (у Ҳайбатулло билан қуда бўлажагини эшитганидан сўнг анча керилиб ҳам олганди). «Ҳайбатулло ака колхознинг катталаридан, иши кўп одам, эртароқ бормасак, бирон ёққа чиқиб кетиши мумкин. Совчиликка кечқурун бориларди. Лекин уни кечқурун уйдан топамизми-йўқми, Худо билади», деди.

Ўғлига ҳам унинг гаплари мойдай ёқди. У дарров отланди. Бироқ биргина онанинг кўнглида норозилик бор эди. Шошмайлик, суриштирайлик, билайлик, деган гапларни айтишни истарди. Бироқ унинг истагига шундай пайтда ким ҳам қулоқ соларди? Шу боисдан индамайгина у ҳам кўнди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ