МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (37-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Жандарм, дарвоқе, унинг исми Толдибек эди. Аристонлардан тортиб хизматчилар-у тиббий вакилларгача «Толди ака» деб чақиришарди. Елкасидаги юлдузларга қараб ёки отасининг исми билан бирга мурожаат қиладиган одамни у жинидан баттар ёмон кўрарди. Шу боис ҳеч ким бундай демасди.

— Кал, келдингми? — дея иршайди жандарм сержант чиқиб кетгач маҳбусга.

— Буйруғингиз бош устига, хўжайин, — дея маҳбус ҳам иржайди.

— Ўтир. Коньяк ичасанми?

— Сизники табаррук, кўзга суртиб ютамиз.

— Тулкисан, кал, тулкисан.

— Ўрганяпмиз.

— Кимдан, менданми? Ҳе, сенинг олдингда мен ип эшолмайман. Бўйингга қара. Бекорга «Яримта» дейишмайди-да. Лекин шу ҳолингда қанча жойларни измингда ушлаб турасан.

У гапира туриб, асли исми Нўғай бўлган, бироқ аллақачон бу исми унутилиб, унинг ўрнини «Яримта» эгаллаган маҳбусга стакан тўла коньяк узатди. Нўғай бир кўтаришда суюқликнинг ҳаммасини ичиб юборди. Сўнг кал бошини икки марта силади-да, кафтини ҳидлаб қўйди.

— Мен томондан ҳаммаси силлиққина кечди. Бу ёғи сенинг бўйнингда, — деб жандарм унинг кўзига тикилди.

— Хабарим бор. Ҳозирча қизилидан…

— Қизилини пишириб е, — дея бирдан унинг гапини бўлди Толдибек, — сариғидан опкеласан. Сариғидан!

— Сариғи?.. Сариғи отлиққа йўғ-у, — дея норози бўлди Нўғай.

— Мен, сенингча, эшаклиманми? Айтганимни қиласан, тушундингми?! — дея пўписага ўтди жандарм.

— Илож қанча? Тишимиз орасида сақлаб юрганимиз бориди, шундан ҳам воз кечарканмиз-да.

— Салмоғини ўзим текшираман.

Нўғай ўқрайди ва секин ўрнидан турди-да:

— Бизда ҳаммаси тоза бўлади, қаерга оборишсин? — дея сўради.

— Айтаман. Ҳа-а, Чўтирингнинг ўрнига бошқаси келади. Уни ўзинг чўтир қилиб оласан.

 

* * *

 

Маъруфнинг тинка-мадори қуриб кетди. Асфальт йўл чўпон Абдусаттор айтганидай ҳув анови ерда эмас, анча олис экан. Бунинг устига, унга етгунича бирор ерда гиёҳ учратмади. Бу ёғи қуёш шунақанги қиздиргандан-қиздирдики, сал бўлмаса, боши айланиб йиқилиб тушаёзди. Яна ростини айтганда, у бир неча марта қароридан қайтмоқчи ҳам бўлди. Бироқ сўнгги лаҳзада қизнинг нигоҳини кўз олдига келтиргач, яна олға юришга ўзида куч топди. Ниҳоят, кун ботар маҳали ўша асфальт йўлга етди. «Бу ёғи унчалик узоқмасдир, тезроқ юрсам, ўша етим тоғига етиб оларман» деган хаёлда у янада қадамини тезлатди. Аммо юлдузлар пайдо бўлиб, қоронғи туша бошлагач, юришдан тўхтади. Оёқларида бутунлай дармон қолмаган эди. Ўтирди. Бироз нафасини ростлади. Сўнг Абдусаттор чўпон бериб юборган мешкобдан тўйиб сув ичди. «Бу аҳволда етолмайман, шекилли. Чўпонлардан бирорта от сўраcам бўларкан. Йўқ, беришмасди. Ўзи бор-йўғи учтагина от бор экан. Қўйлари бўлса, тиқилиб ётибди. От бўлмаса, уларни бошқариб бўлмайди. Уфф!..» дея хаёлидан ўтказиб, ўрнидан турди. Аммо юришга мадори етмади. Шу боис яна ўтириб олди.

Орадан тахминан уч соатча ўтди. Унинг ўтиришга-да кучи етмай, ётиб олди. Аста-секин салқин тушиб, эти жунжика бошлади. У ётган жойида қунишди. «Ухлашим керак, ухлашим… Шунда тез вақт ўтади. Тез тонг отади, кейин ўрнимдан тураман-у, югуриб кетаман. Қуёш чиққунча югурсам, анча йўл босиб қўяман» дея хаёлидан ўтказиб, кўзини чирт юмди. Шу пайт қулоғига қандайдир овоз эшитилди. «Қишлоқ яқинмикан?.. Йўқ, яқин эмас, яқин бўлганида боя чироқларни кўрардим. Шу чўпонларнинг итлари…» У ўйини охирлатмасдан яна «ак» деган овозни эшитди. Беихтиёр кўзи очилиб кетди ва секин ўрнидан туриб, ён-атрофга аланглади. Ҳеч нима кўринмади. Бироқ орқа томонда яна нимадир акиллади. «Падарингга лаънати, нима экан бу?» дея ўйлаган Маъруф ўрнидан туриб, ортига ўгирилиб қаради-ю, қотиб қолди. Ўзидан бор-йўғи етти-саккиз қадам нарида бир тўда кўзи ёниб турган ваҳшийларга кўзи тушди. Шоқоллар. Чўлда улар кўп бўлади. Одамни ёлғиз учратишса, тамом, бирданига ёпирилиб, ғажиб ташлайди. Улар оловдан қўрқишади. Кейин милтиқ овозидан. Маъруф бу гапларни қаердадир, кимдандир эшитганди.

— Бўлди, етиб келдим, шекилли. Абдусаттор берган чўпон таёқ билан ҳеч нарса қилолмайман. Эсиз, ҳеч бўлмаганда, гугуртим бўлгандаям, майлийди. Кўйлагимни ёқардим, — дея пичирлади у ва чўпон таёқни маҳкамроқ ушлади.

 

* * *

 

Наргиза энасидан келгувчилар совчилар эканини, Элёрга уни сўраб келишганини билгач, аъзойи бадани титраб кетди.

— Отам нима деди?! — ҳаяжонланганча энасига термилди.

— Тузукроқ гап айтмади. «Маслаҳатлашиб, кейин жавобини айтаман», деди.

Аёл кўзини олиб қочиб сўзлади. Наргиза шундан билдики, отаси рўйхушлик берган. Фақат бирдан рози бўлишни ўзига эп кўрмаган. «Наҳотки мен шу турқи совуққа турмушга чиқсам? Йўқ, ҳеч қачон. Ўлсам ўламанки, тегмайман у итга» дея ўйлаган қиз бирдан онасининг қўлини ушлади.

— Эна, гапингизга қараганда, отам рози бўлган. Биласиз, отам сиз билан ҳам, мен билан ҳам маслаҳатлашмайди. Доим билганини қилади. Лекин, эна, билиб қўйинг, агар отам мени Элёр эшакка берадиган бўлса, ўзимни ўлдираман! — деди титраб.

— Ундай деб мени қўрқитма, қизим. Ўзинг яхши биласан, юрагимни олдириб қўйганман. Отанг… Отанг тоза калласини еб қўймагандир. Боласини бировга беришдан олдин сал у ёқ-бу ёқни ўйлаб кўрар. Биринчи келган совчига бериб юборавермас, — дея аёл секин қизини қучоқлади.

Унинг кўзидан икки томчи ёш думалаб, Наргизанинг елкасига тушди.

— Эна, барибир, олдиндан айтяпман. Ўзингиз ўйлаб кўринг, мен қандай қилиб итимдан баттар ёмон кўрадиган одамга эрга тегаман? Кейин…

— Нима, кейин? — дея аёл қизини қўйиб юбориб, унинг юзига қаради.

Наргиза беихтиёр бошини эгди. «Айтсамми-айтмасамми?» деган хаёлда сўзлаёлмай туриб қолди.

— Қизим, сезиб юрибман, сенинг кўнглинг Маъруфда.

Наргиза ялт этиб энасига қаради. Кўзлари чарақлаб кетди. Кўнглида қандайдир умид учқунлари пайдо бўлди. «Қайғурма, барибир, сени севганингга бераман», деган гапни кутди. Аммо энаси бутунлай бошқа гапни айтди:

— Аммо улар билан борди-келдимиз йўқ. Шунга бошқа бировга кўнгил қўйганинг яхшимиди, дейман-да.

Қизнинг кўзида ёш пайдо бўлди ва у бирдан ортига бурилди-да, югурганча хонасига кириб кетди. Шу бўйи икки соатдан зиёдроқ чиқмади. Аввалига роса йиғлади. Кейин шундай ўйлади: «Бугун ҳаммасига нуқта қўяман. Шартта Маъруф акамнинг ёнига бориб, «Мени бугуноқ узоқларга олиб кетинг. Бугундан бошлаб сизникиман. Никоҳлаб олсангиз, бўлди, кейин тўй қиласизми-йўқми, ишим йўқ. Ҳаммасига розиман», дейман. Мабодо кўнмайдиган бўлса, шартта энаси билан отасига кўнглимда борини айтаман. Барибир, улар — яхши одамлар, кўкрагимдан итаришмайди. Қолаверса, Маҳлиё ҳам мен томонда…»

Қиз ўрнидан турди-ю, ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Кун ҳам анча исиб қолган. «Маъруф акамнинг отаси пахта суғоргани кетиб қолган бўлса-чи, — ўйлади қиз ва шу заҳоти ўз ўйини инкор этди. — Ҳализамон йиғим-терим бошланаман деб турган бўлса, бундай пайтда пахтани суғоришмайди. Демак, уйда бўлади».

У илдам юриб қўшнисиникига ўтди. Бахтига Маҳлиё ҳовлисида бир нималар қилиб юрган экан.

— Моҳи! — деди Наргиза юришдан тўхтамай.

Маҳлиё у томонга юзланди. Оралиқ яқин эди. Шу боис Наргиза дугонасининг юзидаги табассумни бемалол кўрди. Негадир бирдан хўрлиги келиб, Маҳлиёни қучоқлаганча йиғлашни истади.

— Наргиз, бормисан, нега йўқолиб кетдинг? — деди Маҳлиё яқинлашиб келаётган дугонасига ва шу заҳоти унинг юзидаги қайғуни кўриб: — Нима бўлди сенга? — дея сўради дарров жиддий тортиб.

Наргиза йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлади ва келиб, Маҳлиёнинг қўлини маҳкам ушлади.

— Нима бўлди? — сўради яна Маҳлиё пичирлаб.

Наргиза жавоб беришдан олдин чуқур нафас олди, сўнг:

— Маъруф акам уйдами? — деб сўради.

— Йўқ, қаергадир чиқиб кетди, — жавоб берди Маҳлиё.

Наргиза тағин хўрсинди.

— Гапирсанг-чи, тинчликми? — дея тоқатсизланди Маҳлиё.

— Юр, бирон жойда ўтирайлик, — деб Наргиза кўзининг намини артди.

— Гапиравер, ҳеч ким йўқ. Нимага бундай юрибсан ўзи?

Наргиза ён-атрофига қаради. Сўнг секин сўз бошлади. Кеча тундаги воқеалар ва бугунги совчилар ҳақида бир кўзидан ёш оқизиб, бир жиддийлашиб гапириб берди. Маҳлиё унинг бирорта ҳам сўзини бўлмади. Жон қулоғи билан ҳаммасини эшитди. Охири дугонаси қарорини айтаётганида, бирдан кўзи каттариб кетди.

— Нималар деяпсан? Акам ҳеч қачон бундай қилолмайди. Отанг билан жанжаллашсаям, сени олади. Лекин бирон жойга опқочиб кетиб, сени хотин қилишни истамаса керак. Кейин бунга отам билан энам ҳам йўл қўймайди, — деди.

Шу заҳоти Наргиза кафтлари билан юзини бекитиб йиғлаб юборди-да, турган жойига ўтириб олди.

— Сен менга дугоналик қилмаяпсан. Ўзинг «Сендан бошқа ҳеч кимни янга қилмайман», девдинг. Энди бўлса, оғир аҳволимда ўзингни тортяпсан. Ҳаммаси номига бўлган экан-да, номига зерикмаслик учун шундай деб юрган экансан-да, — деди.

— Жинни, нималар деяпсан? Мен сенга ёмонликни раво кўрармидим? Худо хоҳласа, айтганимдай бўлади. Лекин қароринг бутунлай нотўғри. Кейин отангнинг феълиниям биламан, сениям, акамниям кечирмайдиганлардан. Акамни қаматиб юборади.

— Қаматолмайди. Қаматадиган бўлса, мен ўзимни ўлдираман. Майли, отангга ҳеч нима демайман, лекин энанг билан гаплашиб олайин. Энанг ҳамма нарсани тушунади-ку. Кейин ўзимнинг энамниям айтиб келаман. Биргалашиб маслаҳатлашиб, бирон нима қиламиз. Шунда… балки, Маъруф акам икковимизнинг айбимиз камаярмиди?

— Йўқ, шошма, бошқача йўл тутамиз. Элёр отангни уйларингга олиб келганида, секин чиқиб, мен у билан гаплашаман. Тегажоғлик қилишга мажбур қиламан. Ана шу пайт сен келиб қоласан-да, жанжал кўтарасан. Қарабсанки, отанг унга жавоб бериб юборади. Керак бўлса-чи, шофёрликдан ҳам ҳайдайди.

— Шундай қилсак бўлармикан?

— Нега бўлмас экан? Иш битганидан кейин секин акамни ўртага оламиз.

— Бўпти, — деди Наргиза ва кўз ёшларини артиб ташлади-да, ўрнидан турди.

 

* * *

 

«Сенга никоҳлангандан кўра, бошимни тошга уриб, ёрганим минг марта афзал» хаёлидан ўтказди Паризод ва нафрат билан Ўктамга тикилди.

Шу заҳоти Ўктамнинг қўллари мушт бўлиб тугилди. Кўзи олайиб, жаҳл отига минди-да, қизни урмоқ учун энди қўлини кўтарган эди ҳамки, кўзи аста-секин очилаётган ғорнинг эшигига тушди.

— Омадинг бор экан. Ғажиб ташлардим ҳозир, — деди у ва чирт этказиб ерга тупурди-да, Хонбибига юзланиб: — манавини хонага опкир, — дея ўзи эшик ёнига борди.

Хонбиби Паризоднинг тирсагидан ушлади. Қизнинг эти жимирлаб кетди. Чунки у мурдасифат аёлнинг қўли муздай бўлишини мутлақо кутмаган эди.

— Юр, ўзим сени бир нималар билан яхшилаб сийлайман.

«Ҳозир ҳужрангга кирайлик, сени бўғиб ўлдираман, ялмоғиз кампир» кўнглидан ўтказди Паризод.

Улар ичкарига киришгач, ғор соҳибаси Паризодни тўрга ўтказди-да, ҳиринглаб кулди. Бир қўлини белига қўйиб энгашди-да, эшик ёнидаги қандайдир тугунни оча бошлади. Паризод дарров ён-атрофга кўз ташлади.

Бу ер анча кўримлироқ эди. Оёқ остига икки қават қип-қизил гилам тўшалган, шифтга иккита мой чироқ осилган, деворларга ҳар хил кашталар илинган эди.

— Эркаклар ўзлари билан ўзлари овора бўлишади. Сен билан бўлсам маза қилиб чилим чекамиз, — деди кампир хирилдоқ овозда.

— Мен умримда унақанги нарса чекмаганман, лекин кўп эшитганман. Кейин телевизордаям кўрганман, чекиш қийинмасми?

Кампир қиздан бунақанги гапни кутмаган эди. «Бу қайсарни кўндириб олишим қийин бўлса керак» деб ўйлаганди. Аммо кутилмаганда қиз мулойим тортиб қолди. Шуниси уни ажаблантирди.

— Ўргатаман. Ҳамма нарсани ўргатаман. Им-м, маза, — деб Хонбиби деворда осиғлиқ турган пичоқни олди.

Паризод ҳужрани кўздан кечираётганида, қинга солиб, деворга осиб қўйилган ханжарни кўрмаган эди. Чунки ғалати нақшлари бор кашта унинг диққатини кўпроқ тортганди. «Ана йўл. Кампирнинг қўлидаги пичоқни тортиб оламан-да, бўғизлайман. Кейин ихтиёримни анави итга топширган киши бўлиб, ёнига бораман-да, қорнини ёраман» дея ўйлади.

Шу пайт бирдан унинг хаёлига «Мен одам ўлдираманми?» деган ўй келди. Қўрқиб кетди. Бироз орқага тисарилди. Кампир иржайди. Ўйладики, «Мендан ҳайиқди. Бундан чиқди, ҳурмат қилади. Нима десам, бошини эгиб, итоат этади».

— Манавининг ичидагини биргалашиб чекамиз, — деди Хонбиби ханжарни қинига солиб қўйганидан кейин қўлидаги муштукни кўрсатиб. — Бутун танангни яйратиб юборади. Худди жаннатга тушиб қолгандай бўласан.

— Лекин менинг ҳали ўлгим келгани йўқ. Ўлган жаннатга тушади-да, — эътироз билдирди Паризод.

— Ҳе-ҳе-ҳе, ўлгиси келмаганимиш. Кимнинг ўлгиси келаркан? Менингми? Ҳеч қачон! Шундай маишат жойни ташлаб кетиб, аҳмоқ бўлганим йўқ.

У гугурт чақиб, муштукни тумшуғига тутди. Бирпасда муштук тутади. Хонбиби томоқ томирлари бўртиб, чираниб, ўпкаси тўлгунча тутун ютди. Сўнг муштукни Паризодга узатаркан:

— Ма, сен ҳам худди мендай торт, — деди.

Қиз жирканч бир нимани ушлаётгандай ирганиб, муштукни қўлига олди.

— Қўрқма, бу шундай яхши нарсаки, бир марта тутунини ичга ютиб кўрсанг, жонингнинг роҳати бўлиб қолади. Бемалол тортавер. Фақат менга ўхшаб чуқур-чуқур торт, кейин ичингда озгина сақлаб тур, бўптими? Қани, бўл.

Паризод муштукни секин лабига яқинлаштирди. «Муттасил қорадори истеъмол қилиб юрганидан у бутунлай эс-ҳушини йўқотди ва натижада пул бермагани сабабли отасига ҳамла қилди. Оғир жароҳатлади. Ота шўрлик вақтида тез ёрдам кўрсатилмаганидан касалхонада жон таслим қилди». Қиз газетадан ўқиган мана шу парча анча вақтгача эсидан чиқмай юрди. У кўкнорини кўп кўрганди. Ҳамқишлоқларидан баъзилари томорқасига экишарди. Мойини олишганидан кейин поясини бир жойга тўплаб, ёқиб юборишарди. Қиз «Фақат мойи олинган бўлса, мойни қандай чекишаркан?» деб анча вақт ўйланиб юрди ва орадан бир қанча муддат ўтиб, телевизорда нашавандлар ҳақидаги кўрсатувни кўриб қолди. Маълум бўлишича, чекиладиган наша бутунлай бошқача бўларкан. Қишлоқдошлари уни бангидевона деб аташар экан.

«Мен ҳам бир куни эсимни йўқотар даражада телба бўлиб қоламан. Кейин отамга, аямга ташланаман. «Менга пул беринглар, наша топинглар!» деб жанжал кўтараман. Менга ҳеч ким уйланмайди. Лекин мана шунақа нашани чектириб қўйиб, билган ишларини қилишади» ўйлади Паризод ва қўлидаги муштукни отиб юборди. Шу заҳоти Хонбибининг кўзи олайди.

— Нима қилдинг, ифлос?! — деди у овозини баландлатиб.

Ана шу маҳал Паризоднинг бирдан жини қўзиди ва ўйлаб ўтирмай, ўзини Хонбибининг устига ташлади. Хонбиби зўрға жуссасини кўтариб юрарди. Куч деган аломат нарса уни тарк этганига анча бўлган. Нашага ўргангандан бери қуввати йўқолган. Аслида, унинг мурдашўй бўлиб қолганига зах, қоронғи жой эмас, балки тотинмасдан уззукун наша чеккани сабаб эди. Шу боис қизнинг гавдаси устига тушиши билан Хонбиби ерга қапишди-қолди.

— Ҳали сен жодугар кампир мени «ифлос» дейдиган бўлдингми?! — бақирди Паризод остидаги Хонбибини бўғишга уриниб.

Шовқин шу заҳоти Ўктамга етиб борди. У сўзлашдан тўхтади. Қулоғини динг қилди. Сўнг илжайди-да:

— Икки хотинни бир жойга қўйиб бўлмаскан, — деди ҳамсуҳбатига ва ўрнидан туриб, секин ҳужра эшигини очди. Қараса, Хонбибининг куни битиб турибди.

— Қўйвор! — бақирди у қизга.

Бироқ унинг гапини Паризод эшитмади. Остидаги аёлнинг кўзи олайгани сайин кучига куч қўшилиб, баттар бўға бошлади.

— Қўйвор, дедим! — яна бақирди Ўктам.

Паризод чўчиб тушди. Бирдан овоз эгасига қаради, аммо қўлини, ҳақиқатан ҳам, одамлар тасаввуридаги (айниқса, ёш болалар) ялмоғиз кампир — Хонбибининг томоғидан олмади. Улкан ҳайрат ва тушуниксизлик касб этганди унинг нигоҳи. Бу одам нима қилиб турибди бу ерда? Одамга ўхшаб ўлдиришгаям қўйишмайди? Бу кампирнинг кимга кераги бор? Яшади нима-ю, яшамади нима?

— Ўзи ўликка ўхшайди. Кўрган одам қўрқади. Босиб олувдим, типирчилашгаям холи бўлмаяпти, ўлдириб қўя қолайин, — деди бир муддатли жимликдан сўнг Паризод.

Ўктам кулиб юборди:

— Гапларинг тўғри, пойинтар-сойинтар бўлсаям. Лекин ҳозирча менга керак. Ўлдириладиган вақти келади. Шунда сенга айтаман, хоҳлаганингдай қилиб бўғизлайсан. Ҳозир қўйиб юбор, — деди у.

Паризод ўзини мажбурлаб, азбаройи бирдан жиддийлашган Ўктамнинг юзи ва ёнаётган кўзидан қўрққани боис қўлини бўшатди. Бўлмаса, шундай ўлдиргиси келгандики, асти қўяверасиз. Худди азалдан ўнлаб одамнинг ёстиғини қуритган жаллоднинг иштиёқи пайдо бўлганди унда. Шу пайтгача ҳаттоки Толмас Бадриддинович ҳам қизида кутилмаганда пайдо бўладиган фавқулодда куч борлигини сезмаган эди. Аммо келиб-келиб қиздаги бу хислатни Ўктам сезди. У қизни ўрага ташлаб, сўнг олиб чиқаётганида Паризоднинг қатъиятлилиги ва миясига келган гапни ҳеч тап тортмай айта олишини кўрганди. Мана, иккинчи марта худди шундай ҳолга гувоҳ бўлиб турибди. «Тарбияласа, бундан зўр муштумзўр шогирд чиқади. Яна хотин қилволсам, ҳақиқий эркак туғиб беради» ўйлади у ва шу заҳоти қизга нисбатан ҳурмати ошди. Шу боис Паризодни мақтаб юборишига оз қолди. Бироқ тилини тишлади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...