Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди!

0

Хабарингиз бор, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бахтиёр Абдусаматов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Юнусобод тумани хокими лавозимида ишлаган), Ўлмас Мухамедсаидов (1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, вақтинча ишсиз) ва Шоҳруҳ Маликов (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Миллий PR-маркази” ДУК бош директори лавозимида ишлаган)ларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётган эди.

Б.Абдусаматов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ў.Мухамедсаидов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва Ш.Маликов Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган.

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, 2019 йил 13 май куни ушбу суд жараёни якунига етди.

Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Абдусаматов ҳаракатларида Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмаганлиги сабабли реабилитация қилинди ва жиноят ишининг юритилган ушбу қисми Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.

Б.Абдусаматовга Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Б.Абдусаматовга тайинланган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси аслича қолдирилиб, жазо муддати 2018 йил 10 сентябрдан бошлаб ҳисобланадиган бўлди.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида судланувчи Б.Абдусаматов томонидан етказилган моддий зарарни ихтиёрий равишда қоплаш мақсадида тақдим этилиб, Давлат хавфсизлик хизмати депозит ҳисоб рақамига топширилган жами 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи Б.Абдусаматовнинг турмуш ўртоғи Д.Абдусаматовага қайтариладиган бўлди.
Ўлмас Мухамедсаидов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди 28, 211-моддаси “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси аслича қолдирилиб, жазо 2018 йил 15 сентябрдан ҳисобланадиган бўлди. Судланувчи томонидан етказилган зарарлар ундирилиши билан бир қаторда пора предмети сифатидаги 49 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги зарар давлат фойдасига ундирилди.

Шоҳруҳ Маликов ҳаракатларида Жиноят кодексининг 212-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида ва 211-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби бўлмаганлиги сабабли реабилитация қилинди. Жиноят ишининг унга нисбатан юритилган қисми Жиноят-процессуал кодекси 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз, деб топилиб, реабилитация қилинди.

Ш.Маликовга қўлланилган эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод қилинди.

ЎзА