АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (8-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Тиланишнинг йўл-йўриқлари ҳақида йўл-йўлакай ўйлаб олгандим. Аллақачон ёдлаб олган тўрт қатор шеърни ҳазин товушда айта бошладим:

Биродарлар, ёруғ дунё жамолин кўрмоққа зордирман,

Ёмонлар оёқ остинда кузги бир хас каби хордирман.

Мурувватни дариғ тутманг, Яратган сизни ҳам сийлайдур,

Нетай, зулматидан куйдим, ўшал зулматга мен ёрдирман…

Сездим. Олдинига ўткинчилар ҳайрон бўлишди. Кимдир елка қисиб олди, яна кимдир бош чайқаганча йўлида давом этди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўткинчилар қаршимда энгашиб, эски рўмол устига қоғоз пулларни ташлай бошлашди. Ҳатто улардан баъзилари: «Ўкинма, укам, худо сенга сабр берсин!» дея юпатиб ҳам кетди.

Орадан икки соатча вақт ўтгач, рўмол пулга тўлди. Одам кўринмай қолган маҳални пойладим-да, жон ҳолатда пулларни чўнтакка уриб, яна шеър ўқишда давом этдим.

Тушга яқин тепамда озғиндан келган, тахминан мендан икки-уч ёш кичик, елкасини қисиброқ турадиган бир йигит пайдо бўлди. У аввал рўмол устида йиғилиб қолган пулларни тахлаб, қўлимга тутқазди-да, чор-атрофни обдан кузатиб олгач, қулоғимга шивирлади:

— Мени Ҳайдар акам жўнатди. Агар «ташқари»га чиқиб келмоқчи бўлсангиз, мен ёрдамлашарканман. Фақат одамларга кўр эмаслигингизни сездириб қўйманг! Пайпасланиб-пайпасланиб, аста елкамдан тутинг-да, менга эргашинг!

— Шунақами? — дедим мамнун бўлиб. — Ўзим ҳам қандай йўл тутишни билмай тургандим. Бунинг устига, қорним очди.

— Хавотир олманг, мен иккита перашка опкелганман. Кейин еб оласиз…

Мен эҳтиёт шарт ўткинчиларга разм солиб олгач, йигит айтганидек, сўқирларча пайдар-пай ҳаракатлар билан унинг билагидан тутиб, ўрнимдан турдим.

 

* * *

 

Одам бошига не кун тушса, барчасига осонгина кўникаркан. Мен ҳам бир куннинг ўзида тиланчиликни касб қилиб олгандек эдим. Эрталабки тортиниш, безовталиклардан асар ҳам қолмаганди. Ўзимни жуда эркин тутар, баъзан мижозларнинг раҳмини қўзғатиш учун ёлғондакам йиғлаб ҳам олардим…

Шомга яқин Ҳайдар ўғрининг ўзи олдимга келди. Қўлида қандайдир тугун, аммо негадир безовта эди. Қўлидаги сигаретни чўзиб-чўзиб тортганча қаршимга энгашиб, икки елкамдан тутди.

— Маладес! — деди у елим халтачадаги пулларни қўлига оларкан. — Вей, артистлар ҳам сенчалик роль ўйнай олмайди. Ҳали бунақасини кўрмагандим.

— Нима қилай? — бош эгдим беихтиёр юрагим сиқилиб. — Шу кунлар пешонамга ёзилган экан-да, ака. Яхшиямки, сизни учратиб қолдим. Бўлмаса, ҳозирги ўтиришлар қаёқда эди? Раҳмат сизга!

— Бўлди, раҳматни кейин айтасан. Ҳозир ўрнингдан тур-да, мен билан юр! Бизникига борамиз!

— Сизнинг уйингизгами? — сўрадим ишонқирамай. — Қандай бўларкин?

— Қанддай бўлади, ука, қанддай! — елкамга қоқди Ҳайдар ўғри. — Сен шунча пул топасан-у, кўчада қолдирсам, ноқулай. Юрақол!

— Айтганча… — иккиланиб ҳамқишлоғимнинг кўзларига умидвор термилдим. — Кўзойнакни…

— Э, еч бу матоҳни! Қара, атрофда ит ҳам қолмабди. Тез бўл!

Мен шоша-пиша кўзойнакни ечиб, кийимлар жойланган халтачага солдим-да, Ҳайдар ўғрига эргашдим.

Ҳамқишлоғим автовокзалдан чамаси уч юз-тўрт юз метрча нарида яшар экан.

Кўп қаватли уйнинг энг юқори қаватига лифтда кўтариларканман, Ҳайдар ўғрига зимдан кўз ташладим. Шу лаҳзаларда унга жуда-жуда ҳавасим келди. «Қара, — дедим ичимда ўз-ўзимга. — Мана шу ўғри мендан нари борса, етти-саккиз ёш катта. Буниям уйидагилари сиғдирмаган. Мана, йўлиниям, уйиниям топибди. Ихтиёрида менга ўхшаганларнинг ўн-ўн бештаси бўлса керак. Ҳаммамиз қўлига кечгача ишлаб топган пулларимизни тутқазамиз. Қандай бахтли одам-а! Куни билан нима қилса қилиб юради-да, кечқурун чўнтагини қаппайтирганча қадрдон уйига кириб келади. Ҳеч нарсанинг ташвишини чекмайди. Мен-чи? Қачон Ҳайдар ўғри даражасига етаман? Қачон шунақанги ажойиб уйларни сотиб олиб, хотиржам яшайман? Менга бошқалар қачон ҳавас билан боқадиган бўлади?»

— Сен шу ерда тура тур! — Ҳайдар ўғри лифтдан чиқиб, яшил рангга бўялган темир эшик қаршисида тўхтади-да, аста шивирлади. — Кеннойинг уйда. Ичкарига кириб, уни огоҳлантирай. Кейин ўзим сени чақираман.

Ҳали хаёлларимни бир жойга жамлаб улгурмай, ичкаридаги бақир-чақир қулоғимга чалинди.

— Йўқ! — деди бегона аёл баланд овозда. — Қаёқдаги қаланғи-қасанғиларни уйимга киритмайман!

— Ахир у ҳамқишлоғим, — бу Ҳайдар ўғрининг таҳдидли товуши эди. — Бизга бир дунё пул ишлаб беради. Мана кўрасан!

— Э, пулинг бошингда қолсин! Шундоғам уйим ҳаром пулларга тўлиб кетди. Йўқот унингни!

— Сенлама мени! — бақирди Ҳайдар ўғри. — Ҳозир…

— Нима ҳозир? Нима қиласан? Урасанми, келгинди? Ҳали отам олиб берган уйга кириб олганинг етмай, менга қўл ҳам кўтармоқчимисан?

— Секин, эшитиб қолади! Ҳазиллашдим, ҳазиллашдим…

— Ҳазилингни бориб энангга қиласан, билдингми?

— Хўп, ўзингни бос! Шарманда қилма!

Шу заҳоти ташқари эшик очилиб, қаршимда Ҳайдар ўғри ҳозир бўлди.

Унинг кўзлари ғазабдан чақнаб, қовоғидан қор ёғарди.

— Ўхшамади, — деди ҳамқишлоғим қўл силтаб. — Кеннойинг жа шаллақи, хафа бўлмайсан, ука! Юр, сени ўзимизнинг йигитларга қўшиб қўяман! Ишон, у ерда хор бўлмайсан. Ҳамма нарса етарли.

Мен ҳеч нарсага тушунмай, Ҳайдар ўғрининг кетидан юрдим.

 

* * *

 

Орадан икки ой вақт ўтди. Мен шаҳарнинг далаларга туташган ери — кўп қаватли уйларнинг биридаги ертўлада деярли ўзим тенги йигитлар билан бирга яшай бошлагандим. Уларнинг аксарияти ўғрилик билан шуғулланар, барчалари етимхонада тарбия топган болалар экан.

Ҳаётим бироз изга тушгандек эди. Ҳамма қатори овқатланар, ертўла зах бўлса-да, ҳеч ким безовта қилмасди.

Фақат Ҳайдар ўғрининг кунлик берадиган ҳақидан кўнглим тўлмасди. То қоронғи кечга қадар тер тўкиб тиланчилик қилсам-да, у иккита, нари борса, учта нонга етадиган пул тўларди. Нима қилай? Тилим қисиқ. Шу одам менга жой берди, ишга жойлади. Қарши сўз айтишга ожизман. Худо кўрсатмасин, жаҳлини чиқарсам, мени кўчага ҳайдаб солиши аниқ.

Бунинг устига, Шарифанинг мени қидирмаётгани алам қиларди. Шунчалар беқадрлигимдан қаттиқ ўксирдим.

Мана, икки ойдан бери бегона шаҳардаман. Ҳар куним соғинч азобида ўтади. Кир, етмиш ямоқ ёстиққа бош қўйишим билан Шарифа ёдимга тушади. Бирга кечирган тунларни, лаззатли лаҳзаларни қўмсайман. Унинг эса парвойи фалак. Неча марталаб кўчада милиционерларни кузатдим. «Шулар балки мени қидираётгандир?» деган ўйда кўп бор уларнинг ёнидан ўтиб кетдим. Эътибор беришмади. Агар кимдир қидирувга берса, улар мени дарров пайқашарди. Тўхтатиб кимлигимни, шаҳарда нима қилиб юрганимни суриштиришарди.

Афсус, ҳаётда яна омадим юришмади. Яримта бўлса-да, не азобда топган бахтим ҳам мендан осонгина юз ўгирди.

Шундай кунларнинг бирида Сардор деган ҳамтовоқ йигит ярамга туз сепди.

У озғин бўлишига қарамай, жуда чайир йигит. Тиқилинч автобусларга чиқиб, чўнтак кесади. Пул ўғирлаётганда, неча марталаб қўлга тушган, оломон орасида қолиб, тепкилар еган. Барибир, қайтмайди. Бир-икки кун ертўлада дам олган бўлади-ю, тағин чўнтакка тушаверади. Ишқилиб, тегирмонга тушса, тирик чиқадиганлар хилидан.

— Анчадан бери кузатаяпман, — деди у тиланиб ўтирганимда, секин ёнимга келиб. — Яхшигина соққа қилаяпсан-у, ака ёлчитиб ҳақ бермаяпти сенга. Нимага индамайсан?

Бу саволдан сўнг юрагимни муз қоплагандек бир муддат тош қотдим.

— Биламан, — дедим бўшашиб. — Ўзим ҳам нима қилишни билмай юрибман.

— Сен сал пишиқроқ бўл!

— Қанақасига?

— Топган пулингнинг бир қисмини ими-жимида чўнтакка ур!

— Ҳайдар ака билиб қолса-чи?

— Қаердан биларди? Куни билан ёнингда ўтирмайди-ку! Бир баҳона топасан-да!

— Тўғри, — дедим жонланиб. — Хаёлимга келмаганини қара-я, Сардор. Менга қара, сизлар ҳам олиб қоласизларми пулдан?

— Албатта, олиб қоламиз-да. Жинни эмасмиз-ку, берганига сабр қиладиган. Бу ерни шаҳар деб қўйибди, ошна.

Ҳамтовоғимнинг бу сўзлари кўзимни мошдек очди. Ҳа, бугундан эътиборан тушган пулдан чегириб қоламан. Шундай қилмасам бўлмайдиганга ўхшайди!..

Бугун менга омад кулиб боққандек эди. Нолаларимга фаришталар омин дедими, кечгача анча-мунча пул ишлаб олдим. Ҳеч қачон бугунчалик кўп пул тушмаганди.

Шомга яқинлашганда, бир сиқим пулни яхшилаб тахладим-да, чўнтакка жойладим. Қолганларини эса Ҳайдар ўғри учун асраб қўйдим.

Одатига кўра, ҳамқишлоғим ўз вақтида қаршимда ҳозир бўлди. Олдинига ҳол-аҳвол сўради. Мен атайин қовоғимни уйиб, норозиландим.

— Бугун ишнинг мазаси бўлмади, — дедим олдини олиб. — Садақа берадиганлар кам бўлди.

— Йўғ-э, — деди Ҳайдар ўғри шошилмасдан мен берган пулларни санаркан. — Ҳар куни тушган пул бугун камайибдими? Бўлиши мумкинмас, ука!

— Нима қилай? Ҳаммасини қўлингизга бердим.

— Қани, кўзойнакни ечиб, олдимга туш! — буюрди Ҳайдар ўғри жиддийлашиб. — Тезроқ бўл!

Буйруққа бўйсундим. Иккаламиз олдинма-кетин катта кўприк остига бордик.

Бу ер одамлардан буткул холи эди. Ҳайдар ўғри шунда ҳам эҳтиёт шарт чор атрофни кўздан кечириб олди-да, менга ўқрайди.

— Чўнтагингдагиларни чиқар! — ўдағайлади у. — Нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бақрайиб қолдинг? Чиқар чўнтакдагиларни!

Адойи тамом бўлаёзгандим. Ҳозир мени нималар кутиши элас-элас хаёлимдан ўтар, пулларни чиқариб унга тутқазарканман, дағ-дағ титрай бошлагандим.

— Кўрнамак экансан, Қодир! — қўлини бигиз қилиб, кўзларимга ўқталди Ҳайдар ўғри. — Қара, кўчада қолганингни кўриб, раҳмим келганди. Шундай ишни ишониб топшириб қўйдим. Сен-чи?

— Унда сизам инсоф қилинг-да, — дедим бўш келмай. — Пулларнинг ҳаммасини олиб қўяверсангиз…

— Хоҳлаганимда, бир тийинсиз ишлатардим, — деди у иягимни сиқиб. — Бу менинг точкам, билдингми? Ўзинг кимсан-а? Туришингга бир қара, сўтак. Туршагинг чиқиб ётибди-ку.

— Туришимга тил теккизманг…

— Ҳа-а, шунинг учун ўгай отанг ҳам қувиб солибди-да сени. Худоям кўрнамаклигингни билиб, сенга юриб қўйган хотинни дуч қилган.

— Сиз ким бўпсиз менга баҳо берадиган? — беихтиёр бақириб юбордим мен. — Нима ҳақингиз бор?

— Вей, тирранча! — деди Ҳайдар ўғри иягимни қаттиқроқ сиқиб. — Яхшиям, ҳамқишлоғимсан. Бўлмаса, абжағингни чиқарардим. Йўқол! Кўзимга кўринма, ифлос!

— Кетсам кетавераман, — дея зарда билан унинг чангалидан халос бўлишга уриндим. — Қўйворинг!

Ҳайдар ўғри иягимдан қўлини тортиб олди-да, автовокзал томонга ишора қилди.

— Агар шу атрофда юрганингни кўриб қолсам, мендан хафа бўлмагин. Йигитларга айтиб, дабдалангни чиқартираман. Бор энди, даф бўл!

 

* * *

 

Катта йўл бўйига етганимда, истар-истамас кўкка боқдим. Осмон қоп-қоронғи, чамаси, ёмғир ёғиш арафасида эди. Қуюқ булутлар баттар дардимни оширди.

«Қизиқ, — ўйладим ўзимча. — Бошимга бир ташвиш тушди дегунча ёмғир ёғадиган бўлибди. Наҳотки худонинг қарғишига учраган бўлсам? Қайси айбим учун? Ҳақимни талаб қилганим учунми? Ё беватанлигим сабабми?»

Шундай хаёллар исканжасида поезд вокзалига етиб олдим. Бу ерга Ҳайдар ўғри қадам босмаслиги аниқ. Вокзалдан туну кун одам аримайди.

Ана, ичкарида мен каби дайдилар кўп экан. Аслида, улар дайди эмас. Мардикорчилик қилиб, тунни шу ерда кечирадиганлар. Фақат уларнинг мендан бир фарқли жиҳати бор. Уларнинг зерикканда, ҳориганда, бетоб бўлганда борадиган манзиллари тайин. Уйсизлик муаммоси юракларини эзмайди. Ишлаб-ишлаб, чўнтаклари қаппайгач, уй-уйларига тарқалишади.

Ҳали вокзал эшигига яқин бориб улгурмагандим. Кимнингдир «Қодир! Ҳой, Қодир!» деган ҳайқириғини эшитиб орқага ўгирилдим.

Анча наридан шу шаҳарда яшайдиган синфдошим Тўлқин чопиб келарди.

Севиниб кетдим. Синфдошимни қучоқ очиб қарши олдим.

— Бормисан, ошна? — дедим Тўлқинни бағримга босиб. — Сени кўраман деб сира ўйламовдим.

Тўлқин сўзларимга эътибор қилмай, икки билагимдан маҳкам тутди.

— Шаҳарда нима қилиб юрибсан, хумпар? — сўради у куйиниб. — Қишлоқда ишларинг расво бўлиб ётибди экан-ку.

— Нима бўлибди? Тинчликмикан?

— Тинчлик эмас-да, ўртоқ! — юзини терс бурди Тўлқин. — Боя укам келганди. Гап орасида айтиб қолди.

— Э, чўзмасдан тезроқ гапирсанг-чи! — силтадим уни. — Биров ўлибдими?

— Йўқ, ўлмаган. Лекин хотининг турмушга чиқаётганга ўхшайди.

— Нима? — бу гапни эшитганим ҳамоно юрагим шув этиб кетди. — Жинни бўлдингми, Тўлқин? Хотиним нимага турмушга чиқади?

— Мен қайдан билай? — елка қисди Тўлқин. — Айтдим-ку, укам гап топиб келди деб. Ўша қишлоққа борган экан, қатор-қатор машиналар турганини кўрибди. Ҳа, карнай-сурнай ҳам чалинганмиш. Ўтиб кетаётган болакайлардан сўраса, «Шарифа опамларникига эртага куёв келади», дебди.

— Шунақа дегин… — мен бўм-бўш қоп каби шалвираб, ўзим сезмаган ҳолда бетон тўсиқ устига ўтириб қолдим. — Наҳотки Шарифа мендан воз кечган бўлса?

— Вей, бўшашиб ўтиравермай, йўлга туш! — бақирди Тўлқин ўткинчиларнинг ҳайрон бўлиб қараётганига ҳам эътибор қилмай. — Бориб бил! Шаҳарда пишириб қўйибдими сенга ҳозир?

Мен даст ўрнимдан турдим.

— Тўғри айтасан, — дедим муштларимни тугиб. — Бекорга чиқиб келаётганимда, «Йўқолиб кет! Сендан кечдим!» демаган экан. Демак, нияти бузилган. Мендан яхшироғини топган.

— Қодир, сенга маслаҳатим, тезда қишлоққа жўна! Масалани ҳал қил!

— Илтимос, менга пича қарз бериб тур! — дедим дадил. — Тез кунда қайтараман. Тўғриси, ҳозир ёнимда бир мириям йўқ.

— Гап йўқ, — деди Тўлқин чўнтагига қўл солиб. — Мана, шунча пул етадими?

— Етади. Бўпти, кўришамиз. Раҳмат!

Бу хунук хабар мени адойи тамом қилаёзганди. Жонҳолатда эндигина ўрнидан қўзғалган такси ортидан чопдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ