МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (51-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Ўзларининг иккинчи улови раиснинг дарвозаси ёнида тўхтаганини кўрган Ғулом билан Мамасоли сергак тортишди-да, бир-бирларига қарашди.

— «Сабр таги — сариқ олтин», дегандим, — деди Ғулом иржайиб.

Мамасоли унинг тиршайган башарасини қоронғида кўрмади.

— Кимдан бошлаймиз? — дея у қаншарини қашлади.

— Анави ўзича гердайган боладан-да. У бу ерда қолмайди. Кетади. Орқасидан борамиз. Уйини билиб оламиз. Ичагини салла қиламиз! Итни қара, худди отаси обериб қўйгандай, машинани миниб юришини.

 

* * *

 

Наргизанинг ўпкаси тўлиб кетганди. Хонасига кириб, тўйгунича йиғламоқчийди, аммо уйига борибоқ энаси билан қучоқлашиб кўришаётган акасига кўзи тушди. Яна улардан сал берироқда сочини орқасига ёйиб олган, жинси шим кийган, пушти ранг кофтали бир қиз турарди.

У бирдан юришдан тўхтади. Қизга термилди. «Бу сатанг қаердан келиб қолди?» ўйлади у ва лабини тишлади. Ўғил она билан кўришиб бўлгач, унинг елкасидан қўлини олмаган кўйи қизни кўрсатди.

— Эна, танишинг, бу қизнинг исми Гуля, — деди.

Қиз бошини озгина эгиб қўйди.

— Гуля, — давом этди ўғил, — бу аёл менинг энам бўлади.

— Танишганимдан хурсандман, — деди қиз қўнғироқ овозда.

Аёл довдиради. Дарров қиздан нигоҳини олиб, ўғлига қаради:

— Болам, ким бу? — деди аллақандай ҳадик билан.

— Айтдим-ку, исми Гуля деб, — иржайди йигит.

— Мансур, болам, лекин бунинг ҳалиги… Нима десам экан?..

— Ҳеч нима деманг. Ундан кўра, уйга таклиф қилинг, — дея сўзлаётган Мансурнинг кўзи синглисига тушди ва шу заҳоти гап мазмунини ўзгартирди: — Эй-й, ана, Наргиз ҳам кеп қопти. Наргиз, нимага у ёқда қаққайиб турибсан? Келиб, янганг билан кўришмайсанми?

— Янгам?.. — пичирлади Наргиза.

Бу пайтда олифта қиз ортига бурилган ва қайнсинглисига қараб, жилмайган эди. Киприги узун, беармон бўянган оппоқ қизнинг кўкрак қисми ҳаддан зиёд очиқлиги Наргизанинг диққатини тортди. «Бузуқи». Қизнинг хаёлидан ўтган илк нарса шу бўлди ва у бирдан афтини бужмайтирди.

— Нимага турибсан? Кел бу ёққа, — дея Наргизани акаси яна чақирди.

Наргиза бир-икки қадам босди-ю, яна тўхтади. Кейин:

— Шу ерда яхши турибман, — деди ўқрайиб.

— Унда янганг ёнингга борсинми?

— Нималар деяпсан? — деди лаби титрай бошлаган Махфират опа ўғлининг қўлини елкасидан олиб ташлаб. — Қанақа янгаси?

— Эна, шу қиз, Худо хоҳласа, сизга келин бўлади.

Махфират опа бўйнини чўзиб, ён-атрофга «Ҳеч ким йўқмикан?» деган хавотирда қаради, сўнг:

— Киринглар уйга. Уйда гаплашамиз ким келин, ким янгалигини, — дея алам билан қўлларини маҳкам тугди.

— Гул, Гуля, сенга айтмовмидим мамашам маладес аёл, деб. Мана, кўрдингми, уйда гаплашамиз, деяпти! — ҳайқирди Мансур.

— Ўчир овозингни! Ўчир! Ҳамсоялар эшитса, нима дейди?! Кир уйга!

Наргизанинг назарида ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетгандай эди. Чунки ҳозиргина у Маҳлиёга Маъруфга турмушга чиқмаслигини, Элёрга кўнажагини айтган эди ва шу билан дугонасининг назарида ўзига нисбатан енгил фикр уйғотганди. Атайлабдан қилди. Алами келгани, Маъруфдан жаҳли чиққанидан шундай қилди. Энди, мана, акаси ҳам ўқишдан томоша кўтариб келибди. «Бу қишлоқдан кўчиб кетишимиз керак. Бўлмаса, бошимизни кўтариб юролмаймиз» дея ўйлади у ва бошқаларнинг орқасидан уйга кирди. Худди ана шу пайт онаси акасининг юзига шапалоқ тортган эди.

— Нима қилдим?! — дея бақириб онасига ўдағайлади Мансур.

— Нима қилганингни билмайсанми, номард бола?! — деди Махфират опа кўзидаги ёшини тиёлмай. — Биз сени шаҳарга ўқишга жўнатгандик-ку. Сатангни етаклаб кел, демагандик-ку!

— Эна, биринчидан, Гуля сатангмас. Обрўли оиланинг боласи. Мендан бир курс пастда ўқийди. Иккинчидан, орамизда муҳаббат бор! — деди онасига кўзини олайтирган Мансур.

— Ака, қайси бет билан шундай деяпсиз? Шу қиз обрўли оиланинг боласими?! Шу қиз-а?! Қайси обрўли оила қизини…

Наргиза гапини давом этказа олмади. Шундоқ ҳам қони қайнаб турган ака тап тортмай унинг юзига уриб юборди.

— Нима қилдинг?! — бақирди Махфират опа. — Қўлгинанг синсин, қўлгинанг! Менинг уйимдан қорангни ўчир!

— Эна, ўзингизни босинг! — деб Мансур иккала қўлини ҳам кўтарди. — Биринчидан, Наргиза — менинг синглим. Иккинчидан…

— Йўқол дедим сенга! Анави манжалақингниям оп кет! Сен ит бизни шарманда қилдинг! Ерга тиқдинг!

— Хўп, сиз нима десангиз, шу. Фақат бу қиз билан орамизда ҳалигидақанги нарсалар бўп кетган. Агар ҳозир мен уни изига қайтариб юборсам, тўғри мелисага боради. Кейин сиз отам билан биргаликда мени чиқариб олиш учун мелисахонага зир югурасиз.

Махфират опанинг шу заҳоти ранги докадай оқариб кетди. Секин ювошгина бўлиб, бошини эгиб турган қизга қаради-да:

— Шу гаплар тўғрими? — деб сўради.

— Мен кўнмагандим, лекин Мансур акам қўярда-қўймай… Эндигина икки ойлик бўлди.

— Вой, шўрим, вой шўрим!..

Қолган гапга Махфират опанинг тили айланмай, ўтириб қолди.

— Эна, энажон! — дея бақириб юборди Наргиза ва онасининг ёнига бирдан тиз чўкди.

— Уфф, шу етмай турувди! — деб Мансур ўзи бошлаб келган қизга қаради: — Сен анави бурчакдаги уйга кириб тур. Мен ҳозир бораман.

Қиз айни гапни кутиб турган, шекилли, ойнаванд айвоннинг ўртасидан илдам юриб кетди.

Мансур эса онасининг ёнига ўтирди-да:

— Тушунинг, сизларга бошқача қилиб таништиришим ҳам мумкин эди. Лекин ўзларингиз… Уфф, эна, хуллас, шу гап. Келин тайёр, тўйни тезлаштириш керак, — деди.

Махфират опанинг ранги янада оқарган, лаби кўкара бошлаганди. Аммо Мансур бунга эътибор ҳам бериб ўтирмади.

— Эна, энажон! Мени қўрқитманг, эна! Мени қўрқитманг! Ҳаммаси яхши бўп кетади, эна! Мана кўрасиз, эна! Кўзингизни очинг, илтимос, эна, кўзингизни очинг!..

— Нима бўляпти? Шу арзимаган гапга мазаси қочяптими? — дея ижирғанди Мансур.

— Нималар деясиз, ака?! Боринг, югуринг, сув олиб келинг! — чинқирди Наргиза ва шоша-пиша онасининг қўлларини уқалашга тушди.

Мансур оғриниб ўрнидан турди-да, ташқарига чиқиб кетди. Худди атайин қилгандай, Махфират опа шу пайт кўзини очди.

— Қизим… — деди ниҳоятда паст овозда.

— Ҳа, эна. Худога шукур! Мени қўрқитиб юбордингиз! Ҳозир акам сув оп келсин, озгина сув ичволинг, ҳаммаси ўтиб кетади.

Наргизанинг юраги гупиллаб урар, кўнгли қандайдир нохушликни сезгандай эди.

— Қизим, энди мен сенинг тўйингни кўролмайдиганга ўхшайман. Мендан рози бўл, қизим. Кейин… Кейин, майли, аканг шунга уйлансин. Қамалиб кетгандан кўра… Шаҳарга яна қайтиб кетар…

Махфират опанинг овози ниҳоятда ожиз эди.

 

* * *

 

«Бўлди, ажрашаман. Тузалиши билан жавобимни беришини сўрайман. Битта бола бўлса, ўзим катта қилиб оламан. Ўлиб қолмасам керак. Камситиш, таҳқирлашлар жонимга тегиб кетди! Мениям жоним тошданмас-ку. Мен ҳам одамман-ку. Ҳеч кимга керак бўлмасам ҳам, боламга керакман» хаёлидан ўтказди Сумбулхон ва дарвозасининг кичик табақасини очиб, ичкарига кирди. Кўзи бирдан ўғлига тушди. У супа бўйидаги атиргул остида ўйнаб ўтирар эди.

— Вой, болам, нима қилиб захда ўтирибсан?! — дея беихтиёр бақириб юборди у ва югурганча бориб ўғлини кўтарди-да, чанг бўлган уст-бошини қоқди ҳамда атрофга аланглади.

— Саида, Саида! — дея синглисини чақирди.

Ана шу пайт уйдан гупир-гупир овоз эшитилди. Дақиқа ўтар-ўтмас, сочлари тўзғиган синглиси чиқиб келди.

— Нима қилганинг бу, Саида?! Сенга ишониб, жиянингни ташлаб кетсам, сен нима қилиб ўтирибсан?! — бақирди Сумбулхон.

Саида дув этиб қизариб кетди ва бошини эгганча:

— Ухлаб қопман, — деди.

Ана шу маҳал Саиданинг ортидан куёв бола чиқди. Унинг-да сочлари тўзғиган, кўкрак тугмалари қадалмаган эди.

«Шунақа қилиб, ухлаётганмидинг, ақлсиз қиз?» кўнглидан ўтказди Сумбулхон ва бўшашганча ошхона томонга кетаркан:

— Ўзларингга қараб олинглар, — деди.

 

* * *

 

Ҳайбатулло ўғли келишидан ўн беш дақиқача бурун уйидан чиқиб кетганди. Тўғри идорага борди. Ўша ерда Толмас Бадриддиновичнинг қизини анави агрономча бегона машинада олиб келганини эшитди.

«Гап бошқа ёқда, шекилли. Бу чўлоқнинг боласи ўйлаганимдан ҳам чатоқроқми дейман, раиснинг қизини ўғирлаб кетиб… Лекин қойил. Эй-й, шошма, чўлоқ Толмас билан қуда бўладими? Чўлоқ сувчи-я».

Бу ўйдан Ҳайбатуллонинг ўзи қўрқиб кетди. Ахир қўшнисининг мартабаси ошиб, уни ҳам ҳурмат қиладиганлар пайдо бўлади-да. У ҳам «Кўриб қўй, Ҳайбатулло, мен ким билан қуда бўлдим» деб гердайиб қолади-да. Ҳаммасига чидаш мумкин, лекин айнан шунисига одамнинг чидаши қийин. «Аслида, каллам озгина ишламаганга ўхшайди. Ана, менда ҳам ўғил бор. Уям шаҳарда институтда ўқияпти. Бошқаларга ўхшаб ётоқхонада турмайди. Ўзининг шахсий квартираси бор. Бир оғиз Толмасга оғиз солсам, олам гулистон эди. Кўз очиб юмгунча қизи келин бўларди. Ана ундан сўнг хоҳлайдими-йўқми, Толмас ўтирган жойини ўғлимга бўшатарди… Агар Толмас чўлоқнинг боласини куёв қиладиган бўлса, бир чўқишда ҳамсояниям кўчиртириб юборамиз-да. Шундан бошқа илож қолмайди…»

Агар эшик тақиллаб қолмаганида у кўп нарсалар ҳақида хаёл сурарди. Толмасни, унинг бўлғуси куёви билан қудасини балчиқдан олиб балчиққа тиқишнинг минг битта режасини тузарди. Аммо олдин сал секинроқ, кейин қаттиқроқ тақиллаган эшик унинг бутун хаёлларини тўзғитиб юборди. Шу билан бирга, жаҳлини ҳам чиқарди.

— Кир! — деди бақириб.

Эшик очилиб, секретарнинг калласи кўринди:

— Хўжайин, нохушроқ хабар етказишди… — деди у киприкларини пирпиратиб.

— Қандай нохуш хабар? Бирортаси теримга чиқмабдими ё яна комиссия келяптими? — дея қовоғини уйди Ҳайбатулло.

— Шундай бўлганидаям яхши эди, лекин… Уйингиздан хабар келди. Янгам оғирлашиб қолганмиш.

— Нима?! Оғирлашиб қопти? — ҳайрон бўлди Ҳайбатулло.

— Ҳа, телефон қилишди.

— Нимага оғирлашади? — баттар ажабланди Ҳайбатулло.

Секретарь елка қисди. Ҳайбатулло машинага ўтирганида хотинининг оғирлашганини унутган, унинг хаёлини яна Толмас Бадриддиновичга қуда бўлиши мумкин бўлган қўшниси эгаллаганди. Шунда у қизининг гапларини эслади. Тахминан бундан уч-тўрт ой муқаддам қизи Маъруф ўқишни битириб келганини ўзгача бир шодлик билан айтганди. Худди ўзининг акаси диплом олиб келгандай. Ўшанда Ҳайбатуллонинг энсаси қотган, қизига еб қўйгудек ўқрайган ва «Бу қиз кун келиб шунга тегаман деб қолмасайди» дея ўйлаганди. Дарвоқе, кейин хотинини уришди. «Кўзингни каттароқ оч! Бирор гап чиқадиган бўлса, терингни шилиб оламан!» деди. Лекин неча марталаб қизининг чўлоқникига бориб қайтганини кўрди. Хотинини сиқувга олди, аммо аёли: «Хавотир олманг, шунчаки Маҳлиё билан дугона, шунга ора-чора уларникига боради», деди.

Машинадан тушган Ҳайбатулло қотиб қолди. Чунки Наргиза уввос тортиб йиғлаётганди.

 

* * *

 

— Эна, нега рози бўл деяпсиз? Эна, ундай гапларингиз билан мени қўрқитманг. Ҳамма тўйда ўзингиз бош-қош бўласиз, эна…

Махфират опа қизининг гапларини эшитмаётганди. Унинг кўзи юмилган, танаси оёғидан бошлаб совиб келаётганди. Ёш қиз, умрида ўлим нима эканлигини кўрмаган. Онасининг жон таслим қилаётганини билмади.

— Уфф! — деди жаҳли чиққан Мансур. — Сал нарсага дарров ўзидан кетиб қолавераркан-да!

Наргиза акасига қаради. Унинг лаби асабий титрарди.

— Боринг, Аваз дўхтирни чақириб келинг, бир нарса бўлса, сизни кечирмайман! — деди кўзидан дув-дув ёш оқизаётган қиз.

Мансур бошини кўтарди. Гуляга қаради (дарвоқе, унинг асл исми Гулнора эди).

— Сен ҳеч нарсадан хавотирланма. Бошдан шундай бўлишини билгандим. Анави, — дея у қуёш ботар томондаги хонани кўрсатди, — уйга кириб тур. У менинг хонам. Энам ўзига келволсин… Шу қизга уйлантиринглар, деганини эшитдинг-ку, ҳаммаси яхши бўлади.

Қиз мийиғида кулиб, бошини қимирлатди-да, хўп ишорасини қилди ва нозланганча қадам ташлаб, кўрсатилган хона томонга кетди.

Наргиза онасининг қўлларини уқалай бошлади. Шунда онасининг бадани совиётгандай туйилди унга. У бир нималар демоқчидай акаси томонга юзланди. Бу пайтда Мансур эринибгина ойнаванд айвондан чиқмоқда эди. Гапирмади. Ўрнидан сакраб турди-да, югурганча уйга кириб, кўрпача олиб чиқди.

— Ҳозир, эна, ҳозир исиб қоласиз. Қўлларингизни бироз уқалайман, исийсиз. Ҳали дўхтир келади, битта укол қилади… Эна, фақат кўзингизни юмиб олманг. Мен қўрқиб кетяпман, энажон! Мени десангиз, кўзингизни очинг! Балки, юзингизни ювиб қўйсам, кўзингизни очарсиз! Ҳозир шундай қиламан, энажон!

Наргиза ташқаридан бир челак сув олиб келди ва онасининг боши бир томонга қийшайиб қолганини кўрди. Ана шу пайтда жон ҳолатда:

— Эна-ж-о-о-о-н! — дея бор овозда бақириб юборди.

Унинг чинқириғидан беписандларча уйнинг деворларига қараб турган Гулнора чўчиб тушди ва секин эшикни очиб, бошини чиқарди.

— Мени ташлаб кетманг, эна-ж-о-о-н! — бақирди ана шу маҳал Наргиза.

«Бир нима бўп қолганга ўхшайди. Секин кетворганим маъқул. Мансур акам керак бўлсам, орқамдан боради» хаёлидан ўтказди Гулнора.

 

* * *

 

Дўхтир афсус билан бошини чайқади. Сўнг хўрсиниб қўйиб, Мансурга юзланди-да:

— Қариндош-уруғларни, қўни-қўшниларни чақиринглар. Бригадирга ўзим айтаман, қишлоқнинг одамларига хабар қилади. Афсус, ҳали яшаши керак эди… — деди.

Наргизанинг кўз олди қоронғилашиб кетди. У энасига термилган кўйи қотиб қолди.

— Йўғ-э, Аваз ака, ундаймасдир. Яна бир марта текшириб кўринг, — деди қулоқларига ишонмаган Мансур.

— Ўлдираман! Тирик қўймайман! Сендайин мараз ўғилниям, сен оп келган фоҳишаниям! — дея ўрнидан сапчиб турган Наргиза бирдан Мансурга ташланди ва акасининг юзини қайта-қайта тимдалади.

Қиздан бундай хатти-ҳаракатни кутмаган Аваз дўхтир саросималанди, довдиради. Айни чоғда ўзини айбдордай ҳис этиб турган Мансур ҳам карахт эди. Шу боис синглисига қаршилик қилгучи бўлмади. Бундан фойдаланган Наргиза акасини юмдалаш билангина чекланмай, бўйнидан ғарчиллатиб тишлашга-да улгурди.

Орага Аваз дўхтир аралашди. Ака-сингилни ажратди. Мансурни ташқарига судраб чиқди. Ҳар икки томондаги ҳамсоялар қий-чувни эшитишлари билан оёқларини қўлларига олиб югуришган эди. Шу боисдан можаро кўпга чўзилмади.

 

* * *

 

Ичкарига шоша-пиша кирган Ҳайбатулло уй тўрида хотини тескари ётганини, устига мато ёпиб қўйилганини кўрди-ю, бўшашиб кетди.

— Махфират, энаси, Махфират! Нима бўлди сенга, кампир?!

Ҳайбатуллонинг овози бўғилиб чиқди. Кейин чаккаси уча бошлади. У оёғини зўрға кўтариб, бир-бир қадам босди-да, майитнинг ёнига келди ва секин тиззалаб ўтираркан, матони кўтарди.

— Махфират, Махфират! Нимага бундай ётибсан?! — деди юзи оппоқ хотинига жавдираганча тикилиб.

— Аёлингиздан айрилиб қолдингиз! — деди шу пайт уй деворига суяниб ўтирган хотинлардан биттаси.

— Им, айрилдим! — деб Ҳайбатулло ўтирганларга юзланди: — Ўлиб қоптими? Ҳим, ўлиб қопти!

Шу заҳоти аёллардан иккитаси унинг қўлларидан ушлашди. Ўрнидан туришга кўмаклашишди. Ташқарига олиб чиқишди. Кимдир дарров бир коса сув тутқазди қўлига. У ичди.

Кейин лабини артдида:

— Яхшийди-ку, яқинда уйдан кетувдим, — деди.

Кимдир уни қучоқлади. «Бандалик. Бардам бўлинг, ака», дея дарров қўйиб юборди.

— Энамни акам ўлдирди, акам! — дея нола қилди шу пайт Наргиза.

— Нима? Акам дедими? Қайси акаси? Акаси битта-ку! Мансур келдими?!

Ҳайбатулло телбаларча атрофга аланглади. Етти-саккиз қадам нарида дастрўмолчаси қўлида ўзига тикилиб турган Мансурни кўрди.

— Ана, кепти. Наргиз акам ўлдирди, дедими? Мансур ўлдирибдими? Энасини-я!

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ