“Фарзандларингизга ўқиб беринг.” МАСАЛ: “ДАВЛАТМАНД ВА ШОИР”

0

 

Катта Давлатманд-ла Шоир бир маҳал

Қилишди жанжал.

Ҳамда ҳукамолар этишсин деб ҳал –

Ҳар икков келишди қозихонага.

 

Шоир турар юпун, ғарибу ночор,

На эгни дурусту на чориғи бор.

Бой эса ўралиб зар — шоҳонага

Турарди безрайиб, мағрур, димоғдор.

 

Шоир яратганга қилди илтижо:

«Ўзинг раҳм айла, эй қодир худо!

Етиб боргай сенга бу ўтли оҳим,

Ахир, ўзинг айтгил, надир гуноҳим?

 

Ёшлигимдан тамом шўрдир пешонам,

На емишим тайин, на иссиқ хонам.

Бор-йўғим ҳаммаси — хаёлда холос.

Ҳолбуки, менинг бу рақибим, паққос –

 

Меҳнатсиз, идроксиз қийнамасдан жон –

Қасрларда сурар бемалол даврон.

Ноз-неъматлар ичра йўқ босиб яшар,

Шуми адолатинг, халлоқи башар?»

 

Тангридан Шоирга келди бир нидо:

«Наҳотки, сен учун арзимас асло –

Лиранг жаранглаши асрлар аро?

Уни-чи? Ҳеч кимса олмас ёдига,

 

Номи қолмас ҳатто зурриётига.

Ахир, танлагансан ўзинг қисматни,

Олтину зар эмас, ўлмас шуҳратни.

Давлатмандга этдим мен дунё ато,

 

Етса эди унинг идроки, аммо –

Сезсайди ўзининг арзимаслигин,

Сен яхши билгин:

У ўз толеидан бўлиб норози –

Сендан кўра кўпроқ нолирди ҳозир».

Крылов И. А

 

 

loading...