АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (12-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Алмисоқдан қолган темир каравотда беш ёшлар чамасидаги кийимлари юз ямоқ, сочлари чангга ботган бир болакай пиишиллаб ухларди. Эшикнинг тақиллаган товушини эшитдими, сакраб ўрнидан турди-да, кўзларини ишқалай-ишқалай менга ҳайрат аралаш қараб қолди.

— Ҳа, қўрқиб кетдингми? — сўрадим унинг ёнига чўкиб. — Ие, нега юзларинг кўкарибди? Ким хафа қилди сени?

Бола йиғламсираганча жавдираб эшикни кўрсатди-да;

— Ойим, — деди бурнини тортиб. — Ҳар куни калтаклайди.

— Тўхта, отинг нима?

— Миша.

— Нимага калтаклайди ойинг? Бирор айб қилибмидинг?

— Йў-ўқ, маст бўлди дегунча мени олдига чақириб уришга тушади.

— Ие, нима ҳаққи бор экан сени уришга? Туққан боласимисан ўзи?

— Ҳа. Лекин дўконга чиқиб кел деганда чиқмасам, уради.

— Ҳа-а, гап буёқда дегин? Ўзингдаям бор экан-да айб! Ойинг буюрган ишни қилишинг керак-да!

— Амаки, — дея баттарроқ йиғлашга тушди бола. — ойим ароқхўр бўлишини хоҳламайман. Ўртоқларим ҳар куни пиёнистанинг боласи деб масхаралашади.

— Гапинг тўғри, — дедим бўшашиб. — Ақлли йигит экансан… Ойинг анчадан бери ичадими?

— Билмайман. Ҳар куни ичади… Жон амаки, мени бу ердан олиб кетинг! — у беихтиёр ялиниб тиззаларимни қучоқлаб олди. — Қўрқиб кетаяпман. Мени олиб кетинг!

— Сени қаергаям олиб борардим, укам, — дедим лаб тишлаб. — Онанг ёнингда бўлса… Қолаверса…

— Йўқ, мен ойим билан яшашни истамайман. Олиб кетинг! Айтган ишингизни қиламан. Сира куйдирмайман сизни. Ақлли бола бўламан.

Бу боланинг ёлворишлари юрак-юрагимни эза бошлаганди. Унинг сиймосида яқин ўтмишимни кўргандек эдим. Ўгай отамнинг хўрлашлари, тоғамнинг, туққан онамнинг қилмишлари кўз ўнгимда гавдаланиб, адойи тамом бўлаёзгандим.

Ахир… Нима қилай? Бу шўрликни қандай овутай? Унинг гуноҳи йўқ-ку! Онаси пиёниста бўлса нима қилсин? Баданидаги калтак излари-чи? Бунга қандай чидаб туриш мумкин? Нима қилсам экан-а? Олиб кетсаммикан? Кейин-чи? Етаклаб борсам, Шарифа нима дейди? Йўқ, бировнинг боласини олиб кетиб бўлмайди. Яхшиси, кўчага олиб чиқиб музқаймоқ олиб бераман. Зора унутса. Овунса…

— Қани, Мишабой, кетдик! — дея уни ташқарига бошладим. — Ўзим сенга музқаймоқ олиб бераман.

— Олиб кетмайсизми уйингизга? — дея йиғламсиради Миша. — Мени яна ойимнинг олдига олиб келасизми?

— Сен юравер-чи, бир гап бўлар!.. Иккаламиз маза қилиб шаҳар айланамиз, каруселларда учамиз. Хоҳлайсанми каруселда учишни?

Миша истар-истамас бош ирғади ва ортимдан эргашди.

 

* * *

 

Қоронғилик қаърида номаълум тарафга кетиб борарканмиз, кўнглим ҳайитдагидек шод эди. Чунки бир савоб ишга қўл урдим. Мурғак болани калтаклардан, хўрликлардан бирпасга бўлса-да, асраб қолаяпман. У яйрайди, қувнайди, ҳаётдан завқ олади. Бундан ҳам каттароқ бахт бормиди бу болакайга!..

Шу пайт қаердандир икки нафар барваста йигит пайдо бўлди ва олдимизни тўсди.

Икковларидан ҳам ароқ ҳиди анқирди.

— Қаерликсан? — менга ўдағайлади улардан бири. — Нега қотиб қолдинг? Ё соқовмисан?

— Водийданман, — дедим совуққонлик билан. — Нимайди?

— Ў, жа шашти баланд-ку бунинг! — иккинчи безори шеригини туртди-да, Мишага ўгирилди. — Ие, оғайни, манавини қара, бу нариги домда турадиган Наташканинг боласи-ку!..

— Ҳа, ўша, — унинг сўзини тасдиқлади шериги. — Вей, Миша, бу одам сенга ким бўлади? Қаерга кетаяпсизлар?

— Биз амакимникига кетаяпмиз, — дадил жавоб қилди Миша. — Энди иккаламиз бирга яшаймиз.

— Ў, шунақами? Зўрсизлар-ку!.. Кейин-чи?..

— Гапни чўзмайлик, — дея тоқатсизланди иккинчи безори. — Менга қара, водийлик, юр, сал четроққа ўтайлик, гап бор! Ё қўрқаяпсанми?

— Сенларданми? — мен ҳам бўш келмай саволга савол билан жавоб қайтардим. — Ўлган эканман-да!..

— Хўп, юр унда! Нега қоққан қозиқдай туриб қолдинг?..

Афсус, бу гал ҳам омадим юришмаганди. Безорилар мендан кўра бақувватроқ. Боплаб «пўстагим»ни қоқишди.

Қаршилик кўрсатишга ҳарчанд уринмай, кучим етмади. Қорним, оёқларим аралаш кетма-кет тушган тепкилар мени ерга ағанатди.

Безорилар эса чўнтагимдаги пулларни тийин-тийинигача тортиб олишди-ю, жуфтакни ростлаб қолишди…

Оқсоқлаганча Мишани ойиси ўтирган уйда қолдириш илинжида кетиб борардим…

Аламимдан дод солгим келарди…

Майли, калтакланганим, пулларимдан айрилиб, боши берк кўчада қолганим алам қилмасди. Жароҳатларим тузалар, пулни ҳам бир амаллаб топишим мумкиндир…

Мишанинг ўксиниб қолиши бағримни эзарди. Мен унга ваъда қилганимдек музқаймоқ олиб беролмадим, болакай каруселда яйраб уча олмади…

 

* * *

 

Орадан бир йил ўтди. Ҳикмат божамнинг шарофати билан катта шаҳарга жойлашиб ҳам олдик. Бу орада ўғлим Собиржон туғилди. Мен олий даргоҳга ўқишга кирдим. Шарифа эса айтганини қилиб бозорга ўрнашди.

Уддабурон экан. Бир йил деганда қарзимизни узди, уйимизни кенгайтирди.

Афсуски, ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Ўрганмаган эканман. Хотинимнинг эртадан кечга қадар бозорда олди-сотди қилиши, жарақ-жарақ пулларни олиб келиб сандиққа жойлаши алам қиларди. Барибир, аёлларнинг миннатчи бўлишини ўйлаганим сайин юрагим сиқилар, еяётган овқатим ҳам, ётиш-туришим ҳам татимасди. Айниқса, орамиздаги илиқ муносабатларга путур ета бошлаганини чуқур ҳис этардим. Шарифа ҳар куни ярим тунда келиб ўринга чўзилади-ю, қотиб ухлайди, эрта тонгда эса яна бозорга чопади…

Йўқ, ички бир туғён қалбимни ларзага сола бошлаганди. Бу ҳайвоний нафс таъқибидан қутулишнинг, унга чап беришнинг иложини топа олмас даражада ёввойилашиб борардим. Ё Худо! Кимга дардимни айтай? Мени ким тушунади? Кеч киришини ўйласам гоҳ умид алангасида куядиган, гоҳ совуқ нафрат туфайли тош қотадиган бўлиб қолгандим. Менга энди муҳаббат, меҳр етишмасди. Шарифанинг парвойи фалак. Бир-икки марта шу туйғудан оғиз очгандим, бобиллаб берди. Унинг бақир-чақирларини илгари ҳам эшитганим бор. Лекин бу галгиси қалбимни парчалаб ташлагандек бўлди. У тағин гапни бозорга, пул топишга бурди. Мени ўқитаётганидан гап очди. Ўшанда қалбим ғурбатга тўлиб, ўғлимни бағримга босганча ўзимни овутишдан нарига ўта олмадим.

Ё алҳазар! Кимга айланиб қолдим ўзи? Нега бошқа эркаклар каби сўзларим кескир эмас? Нима учун ёстиқдошим мен гапириш учун оғиз жуфтлаганимда, сўнгги қароримни кутиб титрамайди? Нима сабабдан мен хотиним сўзлаганда, тергашга ҳадди сиққан лаҳзаларда бош эгишдан бўлак чора топа олмайман?

Бу жумбоқнинг ечимини қайлардан қидирай? Ўзим эмасмидим елим гулни олишдан бош тортганда зарда билан мағрурона уйини тарк этган? Ёки яқин ўтмишни ёдга олай. Чўлу биёбондан топган уйимни назарга илмай кетиб қолганида ҳам ортидан чопмагандим-ку! Бугун нега жиловланган жонивор каби итоаткор бўлиб қолдим? Ёки пуллари менинг оромимни ўғирлаганми? Пулларнинг қаердалиги ҳам менга маълум эмас-ку! Аввалги ғурур қаерда қолди?..

Кунларнинг бирида шундай хаёллар билан катта бозор дарвозасига етиб келдим. Бозор шу қадар сершовқин, тирбанд эдики, йўл топиб юришга қийналади одам.

Амал-тақал Шарифа савдо қиладиган тарафга ўтиб олдим. Бу ерда одам сийрак, савдогарлар тўп-тўп бўлиб ўтирганча лақиллашарди.

Бир гуруҳ аёллар орасида Шарифани кўрдим-у, ўша томонга юрдим.

Савдогар аёллардан бири менинг Шарифага тикилиб бораётганимни кўриб, секин биқинига туртди.

Шарифа менга кўзи тушиши билан негадир ранги-қути ўчди ва зарда билан ўрнидан туриб кетди.

— Ҳа, нега келдингиз бу ерга? — рўпарамга келди-да, жеркиш аралаш сўз қотди хотиним. — Пишириб қўйганмиди?

— Бу нима деганинг? — дедим жаҳлим чиқиб. — Нима, келиш мумкинмасми? Нега?

— Туришингизни қаранг, скелетга ўхшайсиз! Шу туришингизни кўз-кўз қилиб мени шерикларим олдида шарманда қилмоқчимисиз?

— Оғзингга қараб гапир! Туришимга нима қипти? Ундан кўра ўзингга бир разм сол!

— Бас қилинг! — қулоқларим остида пичирлаб билагимдан чимдиди Шарифа. — Кетинг тез! Уйга боринг!

— Ҳали шунақами? Бўпти… Кетаман… Аммо билиб қўй, сенминан ҳозирги муомаланг учун кечқурун уйда гаплашаман.

— Бугун уйга бормайман, — деди Шарифа лаб буриб. — Кечаси юк олишга нариги туманга кетамиз…

Мен лом-мим демадим. Деёлмадим.

Азбаройи аламим келиб муштларимни тугганча ортга қайтдим.

 

* * *

 

Шу кўйи анча маҳалгача бозорда тентираб юрдим. Ўзимни чалғитиш учун бозордаги расталарнинг биронтасини қолдирмай томоша қилдим.

Савдогарларнинг қўли-қўлига тегмас, бақир-чақир қилиб, бир-бирига ўшқириб, талашиб-тортишиб бўлса-да, ўз молини сотишга интиларди.

Айниқса аёл сотувчиларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлай дердим. Шу қадар шанғиллашардики, уларни кўриб қиёмат бошланармикан деб ўйлайсиз. Ҳеч нарсадан қайтишмас, тап тортишмас экан.

— Наҳотки, Шарифа ҳам шуларга ўхшаб кетган бўлса? — ўйладим азбаройи чарчаб кетганимдан бозорнинг бир бурчагидаги ўриндиқлардан бирига чўкиб. — Қара, булар нақ аждаҳога ўхшашади. Анави қанд-қурс сотаётган хўппа семиз аёл-чи? Молини ёмонлагани учун қари кампирни сал қурса еб қўяёзди-я!.. Буларнинг эрлари ҳам мен каби тил тишлаб яшашармикан? Агар ҳаёт шундай кетаверса, охири нима бўлади? Шундай ён бериб умрим ўтиб кетадими? Бора-бора қўни-қўшни, қариндош-уруғлар олдида бугунгидек беҳурмат қилса-чи? Унда нима қиламан? Одамлар олдида қандай бош кўтариб юраман?.. Шарифага нима бўлаяпти? Пул ҳовлиқтириб қўйдими? Қачонгача?.. Билмадим… Билмадим…

Айланиб юриб бозор ташқарисидаги чинор соясида ўтирган ўрта яшар лўли аёлга кўзим тушди.

У ҳам астойдил қараб қолганимни пайқаб қўл силтаганча ёнига чорлай бошлади.

— Ҳой бачам, кел буёнга! Фол очиб қўяман санга! — дерди нуқул лўли аёл. — Вой, кела қолсанг-чи, ҳай!..

Қизиқишим ортиб унга яқин бордим.

— Вой-бў, ичинг қурумга тўлиб кетибди-ку, бачам! — бош чайқади у рўпарасига ўтиришим билан. — Мингта сўм бер, ичингдагини айтай!

Ажабланиб чўнтагимдаги пулларни чамаладим. Ҳар ҳолда минг сўм берсам камайиб қолмас экан.

— Олдин айтинг, — дедим қайсарлигим тутиб. — Ундан кейин оласиз пулни.

— Сан бачам, хасис бўлма! Пулни қўлимга тутқаз! Шунда қўлингнинг ҳовури манга ҳаммасини айтади. Бўл тез!

— Қўймадингиз-қўймадингиз-да! Мана, олинг! Энди айтинг!

Лўли аёл кўзларини бир юмиб очди-да, кафтимдан тутиб ўзича башорат қила кетди.

— Сан амал ичгансан! Бир ямон душманинг бор. Ўша сани пойингни қирқмоқчи, бачам! Хиёнаткор хотинга йўлиқибсанми, йўлинг қоп-қоронғи!

— Бугун нима кутаяпти, бугун? — сўрадим бетоқатланиб. — Бунақа гапларни илгариям эшитганман.

— Вой, бачам, берганинг мингта сўм-ку! — деди лўли аёл лаб буриб. — Бугунни билгинг келса, яна мингта сўм ташлайсан.

— Уф-ф, қайданам келдим ўзи? — норозиланиб чўнтагимга қўл солдим. — Мана-е, бўлинг энди, опа!

Лўли аёл пулни олиб халтасига жойлади-да, тағин бир кўз юмиб олди.

— Найранглар қуршовида қолибсан, — деди бошини сарак-сарак қилиб. — Бугун кечаси бир ямон иш бўлади. Эҳтиёт бўл, қон кўринопти кўзимга! Сан қоронғиликда юрибсан, бачам. Харсангтошларни у ёндан буёнга ирғитопсан… Чўлларда яшаб келасан.

— Бас! — даст ўрнимдан турдим-у, кетишга чоғландим. — Тополмадингиз. Ўша сиз айтган чўлдан келганимга кўп бўлмади ҳали.

— Сан, бачам, қайсар бўлма! — ортимдан қичқирди лўли аёл. — Ман ҳақиқатни айтдим!

Ҳафсалам пир бўлиб қандай автобус бекатига борганимни сезмай қолибман.

Таниш рақамли автобусни кўрганимдагина факультетга ўтиб келишим кераклиги ёдимга тушди ва салонга кириб бўш ўриндиқлардан бирига ўтирдим.

Автобус ҳали ўрнидан жилмаганди. Ойнадан ташқарига ўйчан тикилиб ўтириб жуда-жуда таниш чеҳрага кўзим тушди.

Уни кўрдим-у, юрагим дукиллаб кетди. Қувончдан теримга сиғмай даст ўрнимдан турдим-да, пастга тушдим…

Ҳа, у Маъсуда! Биринчи муҳаббатим. Армонга айланган севгим. Бир пайтлар қалбимни йиғлатиб қўйган ишқим тумори…

У сира ўзгармабди. Ўша-ўша мовий кўзлар, узун қайрилма киприклар. Оқ-сариқ сочларини ҳам бўямабди… Фақат тўлин юзлари маъюслашибди. Нима бўлдийкин? Турмуши бузилдимикан? Шаҳарда нима қилиб юрибди? Ё шу ерга кўчиб келганмикан?

— Маъсуда! — таваккал қичқирдим ортидан. — Тўхтанг!

У кескин орқасига ўгирилди-ю, мени кўрди. Бир муддат тўхтаб, мени бошдан оёқ кузатган бўлди. Бунгача мен Маъсудага яқин бориб улгургандим.

— Сиз?.. — жилмайиб, кўзларини катта-катта очди Маъсуда. — Ростдан Қодир акамисиз?

— Ҳа, ўшаман, — дедим сўрашиш учун қўл узатиб. — Очиғи, сизни шаҳарда кўраман деб ўйламовдим… Юринг, вақтингиз бўлса, ҳов анави ерга бориб ўтирамиз!

— М-майли, — деди тортиниб Маъсуда. — Ўша ер тинчроққа ўхшайди.

Биз ҳануз кўзларимизга ишонқирамай, бир-биримизга сирли термулганча бозор четидаги қаҳвахонага кирдик.

Ичкарида одам сийрак эди. Бўш столлардан бирини танлаб ўтиришимиз билан мен Маъсудага ўтли қараб қолдим.

Шу тобда бир оғиз сўз айтишни хоҳламасдим. Унинг гўзал жамолини томоша қилгим, шу баҳонада ширин хотиралар уммонига ғарқ бўлгим келарди.

— Ҳаммасини эшитдим, — хаёлимни бўлди Маъсуда. — Бошингиздан кўп ишлар ўтибди.

— Сиз қаердан эшитдингиз?

— Эшитмай бўларканми, — деди Маъсуда маъюс тортиб. — Одамлардан сиз ҳақингиздаги хабарларни эшитганимда, юракларим эзилиб кетди.

— Ҳозир ҳаммаси яхши, — дедим хотиржам оҳангда. — Ўқишга кирдим. Ўқияпман. Фарзандим ҳам бор. Хуллас, қийинчиликлар ортда қолди. Ўзингиз-чи?

— Менми?.. Ўшанда сизни роса кутдим. Совчилар эшигимизни тақиллатиб келишса, сизданмикан деб юрагим ҳаприқарди. Афсуски, келишмади.

— Кимга турмушга чиқдингиз? Мен танийманми?

— Ҳа, уйдагилар қўшнимиз Муталибга узатиб юборишди.

— Шунақами? — бу гапни эшитгач, юрагим шиғ этди. Нимадир ичимни тирмалаб ўтгандек, иситмам кўтарила бошлагандек безовталаниб қолдим.

— Ўшанда… — юзимни терс бурганча сўз бошладим. — Мактабдалигимизда ўзингиз «Мен сизга муносиб эмасман. Бизнинг оиламиз бадавлат оила, ўзингизга муносибини топинг» дегандингиз-ку!

— Ахир, унда ёш эдик, Қодир ака! Ўша гап баҳона бўлдими?..

— Майли, бўлар иш бўлган. Энди тақдирни орқага қайтариб бўлмайди. Ундан кўра, айтинг, биз ҳар куни хат алмашган дарахт ҳалиям борми?

Маъсуда кулиб қўйди.

— Ҳа, турибди. Яқинда жиянимни мактабдан олишга борувдим… Фақат ярми қуриб қолибди.

— Биздан хафа бўлгандир-да! Ахир, дарахтлардаям жон бор, ҳамма нарсани сезади дейишади-ку!..

— Қайдам, бўлса бордир…

Маъсуда билан уч соатдан ортиқроқ гаплашиб ўтирдик. Иккаламиз ҳам хайрлашишни хоҳламасдик. Гапиришга гап қолмаган лаҳзаларда бир-биримизга меҳр билан боқиб, қалбларимиз тубида қолиб кетган гапларни нигоҳлар кўмагида айтгандек бўлардик.

— Вой, кеч тушиб қолибди-ку, — кутилмаганда даст ўрнидан турди Маъсуда. — Гап билан бўлиб сезмай қолибман.

— Илтимос, менга манзилингизни, телефон рақамингизни беринг! — дедим биринчи муҳаббатимга умидвор термулиб. — Ҳарқалай битта шаҳарда яшарканмиз.

Маъсуда шоша-пиша сумкасидан қоғоз-қалам олди-да, айтганларимни ёзиб қўлимга тутқазди.

— Албатта қўнғироқ қилинг, — тайинлади у. — Йўқ бўлиб кетманг!

Биз мамнун хайрлашдик.

Автобус бекати томон тез-тез кетиб бораётган Маъсуданинг ортидан боқарканман, юрагимнинг қайсидир томири узилгандек бўлди, вужудим титрай бошлаганини ҳис этдим.

 

* * *

 

Анча маҳалгача маҳаллаларни айланиб юрдим. Маъсуда билан бўлган тасодифий учрашув таъсиридан сира чиқа олмасдим. Хаёлларим буткул чалкашиб кетганди. Ўтмиш хотираларига кўмилган кўйи кечки соат тўққиздан ошганда қадрдон уйимга яқинлашдим.

Ҳовлида янги, ярқираган машина савлат тўкиб турарди. Болалигимдан техникага ўчлигим мени машина рўпарасида тўхташга мажбур этди.

Қандай бахтли одамлар бор! Машинани бугун олишган кўринади. Ҳали бирор ерига гард ҳам юқмабди. Қанийди менга ҳам шундай машина насиб қилса! Дўст-душманлар олдидан бойваччалар каби керилганча машина ҳайдаб ўтсам!..

Шу пайт юқори қаватдан Шарифа, кетидан бу йил мактабни битирган қайним Шарофиддин тушиб келишди.

Хотиним ҳеч нарса демай секин келиб машинани қучди.

— Зўр-а? — сўради мендан айёрона жилмайиш қилиб. — Нега тошдай қотиб қолдингиз? Машинангиз қандай экан деб сўрадим.

— Нима?.. Машинам?.. Йўғ-э! Ҳазиллашаяпсизми?

— Ҳа, бу машинани сиз учун сотиб олдим, дадаси, — деди Шарифа. — Буюрсин!

Азбаройи қувонганимдан тиззаларимгача титраб кетди. Титроқ тўла қўлларим билан қўрқа-писа машина эшигини очдим ва ҳануз иккиланиб, ўриндиққа ўтирдим. Лекин барибир бу мен учун олинган машина эканига ишонгим келмасди.

— Ярашди, — Шарифа айланиб ўтиб ёнимдаги ўриндиқдан жой олди. — Фақат айтиб қўяй, мана шу жойда фақат мен ўтиришим керак. Агар бегона аёлни кўрсам…

— Қизиқчимисиз? — дедим қўл силтаб. — Қанақа бегона аёл?..

— Кўрдим, кундузи биттасиминан қаҳвахонада лақиллашаётган экансиз. Бирпас қараб туриб кетвордим… Шунга…

— У мактабдошим эди!

Шундай деяпман-у, Шарифа қандай бизни кўриб қолганига ҳайрон бўлардим. Наҳотки, мени пойлаб юрган бўлса? Қачондан бери кузатадиган бўлди?.. Майли, жанжал кўтармади-ку! Айб ўзимдаям бор. Шундоқ хотинимнинг биқинида гаплашдим Маъсуда билан. Ундай қилмаслигим керак эди…

Тағин Шарифа хаёлимни бўлди.

— Хоҳласангиз, ҳозироқ машинада қишлоққа жўнашингиз мумкин. Баҳонада Шарофиддин ҳам уйга етволади.

— Ҳозир-а?.. — сўрадим ишонқирамай. — Вей, ҳалиям кўзларимга ишонгим келмаяпти, Шарифа. — Ростдан шу машина меникими?..

— Сизники, сизники! — бу гал хотиним зардалироқ оҳангда сўз қотди. — Бундан буён бозорга бориб асабимга тегавермайсиз. Кира қилиб пул топасиз.

— Хўп, хўп, албатта кира қиламан. Янги машинада зўр пул топса бўлади.

— Қишлоққа борганингиздан кейин биринчи бўлиб Нурмат қоранинг эшиги рўпарасида тўхтанг! Кўриб қўйсин!.. Онангизгаям кўз-кўз қилишни унутманг!

— Гапингиз тўғри, — дедим маъюсланиб. — У кунларни унутиб бўлармиди… Худо хоҳласа, қайтиб-қайтиб ўтаман уйи ёнидан…

— Бўпти, мен бозорга кетдим. Вақтни ўтказмай жўнай қолинглар!..

Шу тобда умрим бўйи ҳеч қачон ҳис этиб кўрмаган туйғулар қалбимда ғужғон ўйнарди.

Ҳа, Худога шукр, ҳайдовчилик гувоҳномам чўнтакда. Яхшики, бир вақтлар ҳайдовчиликка ўқиб қўйган эканман… Тўхта, айёр Шарифа тунов куни бекорга мени нотариусга судрамаган экан-да!.. Мен анқовга ўхшаб мундоқ суриштирмабман ҳам… Қоғознинг ярмисини беркитиб, «манви ерга имзо қўйинг» деса, индамай айтганини бажараверибман… Демак, менинг нимага қўл қўяётганимни беркитганига қараганда, «сюрприз» қилмоқчи бўлган. Умуман, ўшанда суриштирмай яхши қилибман… Оббо айёр-ей!.. Зап уддабурон хотиним бор-да!..

Машинани учирганча серқатнов йўлдан кетиб борардим-у, хурсандлигимдан гўё ўзимни мана-мана ҳозир кўкларга учиб кетиб қоладигандай сезар, хаёлан қайта-қайта Шарифани алқардим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ