АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (13-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Омади чопиб, бахти кулган одамга куз фасли ҳам ўзгача шаффоф, чиройли кўринади. Мен дарахтларнинг хазонга айланган сап-сариқ япроқларини ҳам шу тобда олтинга қиёслардим. Ҳатто, қарғаларнинг қағиллаши ҳам жонимга ҳузур бахш этар, шаррос қуяётган ёмғирда ивиб, кимсасиз лой кўчаларда тўйгунимча югургим келарди.

Нурмат қора ва онамнинг машинам ортидан мулзам қараб қолишлари, бувижонимнинг дуо қилиб йиғлаганларини эслаганимда юрагим қувончдан ёрилай дерди.

Катта шаҳарга олиб борадиган кенг йўл бўйлаб қоронғилик қаърида кетиб борардим. Хаёлимда фарзандимнинг туғилган куни гавдалангани сайин тезроқ уйга етиб олишга, уни суйиб-суйиб бағримга босишга ошиқардим.

— Ҳозир ҳойнаҳой Шарифа тайёргарликни жойига қўйиб мени кутаётгандир, — ўйлардим ўзимча. — Барибир машинанг бўлгани яхши экан-да! Ғиз-ғиз уёқдан-буёққа бориб келиб анча-мунча пул ишладим. Эркатойимга арзирли совға ҳам сотиб олдим. Хайрият, менам одам қаторига қўшилдим. Энди бировнинг қўлига қараб, қош-қовоғини кузатиб умрим ўтмайди. Ҳадемай ўқишим битса, журналист бўламан. Қандай яхши!.. Башанг кийиниб қаергадир борсанг, одамлар қўллари кўксида кутиб олишади, сени уйнинг тўрига ўтқазиб қўйишади ва оғзингга тикилиб сендан маънили гап кутишади. Шунда барчаларини бир-бир кўздан кечириб олган бўласан-у, салмоқ билан сўз бошлайсан…

Уйга етиб келганимда вақт хуфтонга яқинлашиб қолганди. Шарифани илҳақ қилганимдан жуда хижолатда эдим. Апил-тапил совғани қўлимга олиб машина эшикларини қулфладим-да, тўртинчи қаватга кўтарилдим.

Уй чироғи ёниқ. Албатта, туз тотмасдан кутиб ўтиргандир шўрлик Шарифа. Мен тушгача етиб келиб бозор-ўчарни чекимга олмоқчи эдим. Уддасидан чиқа олмадим. Ҳа, майли, тушунар. Йўл олис бўлса…

Эшикка яқин борганимда бегона эркакнинг ғўнғир-ғўнғир товушини эшитиб, таққа тўхтадим.

— Қизиқ, ҳеч кимни меҳмонга чақирмагандим-ку! Ким бўлди бу одам?..

Ошхона тарафдаги дераза қия очиқ экан. Ҳайрон бўлиб қулоғимни динг қилдим.

— Эрингиз келиб қолса-я? — энди у овозини ҳийла пасайтирди. — Нима қиласиз?

— Вой, нима қипти келса? — норози оҳангда ғудранди Шарифа. — Тагига машинанинг манаман деганини миндириб қўйган бўлсам!.. Атайин қишлоққа жўнатиб юборганман. Бизга халал бермасин деб қаттиқ тайинлаганман ҳам. Ҳали-вери келмаса керак. Унинг феълини биламан. Осмондан тушгандек машинали бўлиб қолди. Юради энди яллосини қилиб. Э, майли, мендан нарироқ юрса бас.

— Шунчалик ёмон кўрасизми эрингизни? — сўради бегона эркак. — Ё кўнглингиз йўқми унда?

— Қанақа кўнгилни гапираяпсиз, Сотим ака? — деди Шарифа. — Сира ичим чиқмайди… Мундай кўнглимни овлаб, хурсанд қилишниям қотириб қўёлмайди, тушунаяпсизми?.. Яхшиям сизни учратиб қолдим. Бахтимдан айланай!..

— Вой аблаҳ!.. — бу ҳақоратларни қай юрак билан сабр қилиб тинглаганимга ишонгим келмасди. — Нима демоқчи? Нега бундай қилди? Қайси гуноҳларим учун?..

Ҳеч қачон бундай аҳволда қолмагандим. Умид билан бир ёстиққа бош қўйган одаминг шундай деб турса, худди телба каби каловланиб қоларкансан.

Мен шу тобда нима қилишни билмасдим. Миям ишлашдан тўхтаб қолгандек, танамни муз қоплагандек тек турардим.

Бир муддатдан сўнг қандайдир куч мени жонлантирди. Зарб билан эшикни тепа бошладим. Қулф нобоп эди. Икки-уч тепкидан кейин синиб тушди. Мен ўлжасига ташланишга шай арслон каби жаҳд билан ичкарига учиб кирдим.

 

* * *

 

Уйда дастурхон тўкин эди. Паст бўйли, юмалоқ юз, тепакал бир эркак диванда ястаниб ўтирар, коньяк тўла иккита қадаҳ дастурхон устида турарди.

Мени кўриб икковлари ҳам тахта бўлиб қолишди. Шовқинимдан Собиржон ўғлим ҳам уйғониб кетиб, йиғлай бошлади.

— Болага тегма, ифлос! — бақирдим энди ўғлим томон қадам ташлаган Шарифанинг олдини тўсиб. — Ҳали мен бўшанг бўлдимми? Кўнглингизни ололмадимми? Шунинг учун машина олиб бериб, нари сурмоқчи бўлдингизми? Ишратларингизга халал бердимми? Ифлос!..

— Ҳой, ука, ўзингни бос! — эркак кутилмаганда хезланиб менга яқинлашди. — Қанақа боласан ўзи? Нимага бақирасан?

— Сен кимсан ўзи?! — дедим унинг ёқасига чанг солиб. — Ҳозир мажақлаб ташлайман!

— Қўлингизни тортинг бу одамдан, ҳой, эркак! — Шарифа ҳеч нарса бўлмагандек ўзини жуда хотиржам тутарди. У учиб олдимга келдию жон ҳолатда билагимдан торта бошлади. — Намунча хўрозга ўхшаб сакрайсиз? Ё машинали бўлдим деб босар-тусарингизни билмай қолдингизми?..

Унинг миннатли гаплари кўксимни тешиб ўтай деди. Ғазабдан вужудимдаги барча томирларим ёрилиб кетаётгандек эди.

— Бу одам шеригим бўлади. Мен билан бозорда савдо қилади. Ўғлимнинг туғилган кунига ўзим таклиф қилганман, — деди Шарифа ҳайқириб.

— Шунақами? Туғилган кунга таклиф қилдингми? Ҳаммасини эшитдим, илон, ҳаммасини! Ҳали кўрасан, Худо жазоингни беради сени! Қадримга етмадинг! Албатта жазоингни оласан!

— Э, валдирайверманг! — шанғиллай кетди хотиним. — Гапирган бўлсам, ажаб қилибман! Бошида эркаклик вазифангизни қойиллатинг эди! Энди керилганингиз нимаси? Рўзғорни бутлаб қўёлмайсиз, нуқул қўлимга қарайсиз. Мундоқ эркак бўлиш керак эди…

Унинг гапи суяк-суягимдан ўтиб кетди. Шаҳд билан унга мушт кўтардим-у, яна ўзимни босдим. Ғазаб билан шкафни титкилаб, кийимларимни пала-партиш елим халтага жойладим-да, Шарифага юзландим:

— Афсус, сен билан турмуш қуриб бошида хато қилган эканман, — дедим жирканиб. — Аслида…

— Кетинг! — овозининг борича қичқирди Шарифа. — Нега бақрайиб турибсиз? Даф бўлинг!..

Қоронғи кечада машинани серқатнов йўл бўйлаб номаълум томонга ҳайдаб борардим. Кўзларим йўлда-ю, миям ёрилиб кетгудек лўқиллаб оғрир, ҳадеганда ўпкам тўлиб, аччиқ бир изтироб бўғзимга тиқиларди.

Ҳа, мен кечагина, йўқ, боягина жуда бахтиёр эдим. Дунёга, одамларга, табиатга бошқача нигоҳ ташлардим. Ҳатто қишлоққа бориб таниш кўчалардан яп-янги машинамни миниб ўтаётганимда, барчага мақтангандек, салмоқ билан салом бергандим. Гўёки ёруғ оламда мендан бахтли зот йўқдек бор овозда хохолаб кулгим, «Мана, кўриб қўйларинг! Яшаш мана бундай бўпти!» дея ҳайқиргим келганди…

Энди-чи? Ким эдим ва кимга айландим? Ғуруримга ҳам, йигитлик шаънимга ҳам, ҳурмат-у иззатимга ҳам, хуллас, ҳаммасига дарз кетди.

Менда қуруқ жуссадан бошқа ҳеч вақо қолмади.

Энди қаерга бораман? Эрта-индин имтиҳонлар бошланади. Қаерда тайёргарлик кўраман? Қай манзилда тунайман?

Шу пайт Маъсуда ёдимга тушди-ю, тўғри ёки нотўғрилигини ҳам ўйламай машинамга тормоз босдим.

«Яхшиям Маъсуданинг телефон рақамини ёзиб олган эканман», хаёлимдан ўтказдим дилим бироз ёришиб. Уй-жойи бор экан. Балки ижарага қўяр? Э, қанақа ижара? Биринчи муҳаббатим. Мени ҳалиям қаттиқ севаркан. Жой топгунимча бемалол уникида яшаб турсам бўлар. Тўхта, эри нима дейди? Нима дерди, мени танийди. Бир мактабда ўқиганмиз. Ўлибдими, ўтмиш туфайли мендан юз ўгирмас. Ҳа, ҳозироқ қўнғироқ қиламан. Маъсудага бор гапни айтаман»…

Зум ўтмай гўшакдан Маъсуданинг майин овози эшитилди.

— Алло, эшитаман! Ким бу?

— Бу мен, Қодирман! — дедим ҳовлиқиб. — Маъсуда, танидингизми?

У бир муддат жим бўлиб қолди-да, жавоб қилди:

— Ҳа, сизмисиз? Тинчликми?

— Тинчлик эмас, Маъсуда! Мен… Нима десам экан? Очиғи, сизга айтишга тилим бормаяпти-ю, аммо…

— Айтаверинг! Нима бўлди?

— Хуллас, мен уйдан кетдим! Ҳозир машинамда қаерга боришни билмай кўча кезиб юрибман.

— Вой, нега? Хотинингиз билан уришиб қолдингизми?

— Шунақароқ. Биз ажрашсак керак.

— Шунчалик жиддийми? Нега ахир?

— Маъсуда, сиздан бир илтимосим бор эди.

— Хўп, қулоғим сизда. Нима илтимос?

— Уйингиздан бир-икки кунга жой бериб турсангиз…

— Жой?

— Ҳа, жой.

Маъсуда яна сукутга толди. Ҳойнаҳой, ё ўйлаётган, ё ёнида эри бўлса, маслаҳатлашаётгандир деган хаёлга бордим.

Унинг жавобини қулоғимни динг қилганча кута бошладим.

Бир неча сония жим тургач, Маъсуда тилга кирди:

— Қодир ака, хафа бўлманг-у, сизни уйимга киритолмайман. Тушунинг, бунинг сира иложи йўқ. Эрим…

— Ҳа, ҳа, ҳаммаси равшан, — дедим кўнглим баттар ғашланиб. — Шундай бўлишини сезгандим. Афсус…

— Фақат мендан хафа бўлманг, — деди Маъсуда йиғламсираб. — У жуда рашкчи. Айниқса, сизни кўрса…

— Йўқ, йўқ, бу нима деганингиз? Ҳечам хафамасман. Фақат буёғини ўйламабман. Майли, яхши ўтиринг!

 

* * *

 

Мана энди ростакамига умидларим сўнди. Маъсудадан бўлак бу шаҳарда ҳеч кимим йўқ. Демак, ҳаёт билан курашишнинг бошқачароқ йўлини қидирмасам бўлмайди. Хайрият, Шарифа машинамга тегмади. «Ташлаб кет!» деб туриб олса, қўлимдан нима келарди? Шалвираганча костюмимни елкага илиб кетаверардим. У инсоф қилди. Барибир катта шаҳарда сарсон бўлиб қолишимни сезди. Шунисигаям шукур. Энди нимадир қилиб пул топишим керак. Таксичилик қилсам-чи? Бензинга, майда-чуйда харажатларга пул чиқарди. Тўғри-да, токайгача бошимни қотириб ўтираман. Нима бўлгандаям тирикчилигимни ўйлашим керак-ку! Ҳаёт давом этаяпти.

Тўхта, бир-икки ҳафтага ўқишимниям йиғиштириб қўйиб, дадам яшайдиган қишлоққа борсам нима бўларкин? Майли, у мендан хабар олмаган, йўқламаган бўлса, ўзим кириб бораман. Ҳар ҳолда бувим айтарди, дадам катта боғи бор ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзи яшаркан. Ўша ҳовли меники ҳам бўлиши керак эмасми? Ўша уйда яшашга ёки дадамга шу ҳақда эслатиб қўйишга ҳаққим йўқми?! Ҳарқалай кўксимдан итариб ҳайдамас. Нега ҳайдасин? Яхшими-ёмонми, барибир ўша одам менинг отам-ку! Ҳозиргидек ёруғ дунёга сиғмай қолган кезларимда ота уйимдан паноҳ топсам, ҳеч ким айбламас.

Миямга келган кутилмаган фикрдан кўнглим ёришгандек бўлди.

Ҳа, йўл-йўлакай тўртта одам олволсам, харажатларни қоплайди. Чўнтагимга ҳам бир-икки сўм тушади.

Отам яшайдиган қишлоқни хаёлан чамаладим-да, газни босдим.

 

* * *

 

Тоғ оралаб машинамни катта тезликда ҳайдаб борардим-у, кўз ўнгимда дадамнинг тахминий қиёфаси гавдаланарди. Адашмасам, менга ўхшаб унинг ҳам юзлари чўзинчоқ, ўрта бўйли эди. Эҳ-ҳе, дадамни кўрмаганимга ўн беш йилдан ошди. Ҳозир анча кексайиб қолгандир. Мени кўрса нима деркин? Хижолат тортиб қолса керак. Ахир бошимдан қанча мушкулотлар ўтди, ўтаяпти ҳам. Оталари олиб берган ўйинчоқ ва ширинликларни кўз-кўз қилаётган тенгқурларимга боққанимда ҳар сафар отамни соғинганман. Бир-икки бор кўришга келганида ҳам на ўйинчоқ олиб берган ва на ширинлик. Ўшанда жуда-жуда ўксингандим. Бувимнинг юпатишларига қулоқ солмай даҳлизга кириб олгандим-да, ўксиб-ўксиб йиғлагандим. Дадам эса бу дарду андуҳларимни қаердан билсин. Ҳануз қорасини кўрсатмайди. Наҳотки, ўғли уйланганини, олий ўқув юртида ўқиётганини эшитмаган бўлса? Бир марта келиб табриклаб қўйиш, кўнгил сўраш шунчалар қийинмиди?

Ҳа, шундай қилгани учун ҳам бугун ўзим бориб уялтираман отамни. Шундай уялтирайки, боши эгилиб қолсин.

Кун пешиндан оққанда, машинамдаги мижозларни уй-уйларига тарқатдим-у, ўткинчилардан сўрай-сўрай ота қишлоғимни топдим.

Одам темирдан-да қаттиқ экан. Кечаги ҳақоратлар, Шарифанинг шанғиллашлари, ўз уйимдан шармандаларча ҳайдалишим, уйимда бегона эркакнинг керилиб ўтириши-ю, менга масхараомуз назар ташлаши ҳийла унут бўлгандек эди. Айниқса, икки ёни бедазор, сўлим қишлоқни кўришим билан вужудимга илиқлик югурди.

Ҳа, бу қишлоқ аслида менга бегона эмас. Шу ерда киндик қоним тўкилган. Мен бу кўчалардан қаддимни ғоз тутиб ўта оламан. Агар маҳалла одамлари мени таниб қолишса, ҳайрат ва ҳавас билан боқишса керак. Нима бўлганда ҳам ота юртнинг кишилари яқинроқ ва меҳр-оқибатлироқ бўлади дейишади. Ишқилиб, рост бўлсин!..

Тасаввур этганимдек, қишлоққа киришим билан ёш-яланг, қари-қартангларгача гоҳ ўзимга, гоҳ машинамга ҳавас билан боқишди.

— Ботиржон аканинг уйи қайси? — дедим тол тагида суҳбатлашиб ўтирган қарияларга салом бергач. Шундан улар орасидан бир қария чиқиб келди-да, икки елкамдан ушлади.

— Шошма, — деди сўнг менга синчковлик билан тикилиб. — Сен Қодиржонмисан-а? Ўшамисан?

— Ҳа, Қодиржонман, — дедим жилмайиб. — Сиз мени танийсизми?..

— Албатта, танийман-да. Худди отангнинг ўзи бўлибсану, сени танимайманми. Бор, болам, сенинг уйинг ҳов анави дала ёқасида. Ўша ерда яшил дарвозани кўрсанг, тўғри кириб боравер! Ботир ҳам уйда бўлса керак…

 

* * *

 

Қария айтган дарвозани топиб машинамни четроққа қўйдим-да, аста яқин бордим.

Мана менинг ота уйим. Худди қўрғонга ўхшаркан. Узумзор боғ ҳам савлат тўкиб турибди.

Мана шу уй менга ота мерос. Уни қанча қадрласам, тупроғига бош қўйиб, бўсағасини ўпсам арзийди.

Қизиқ, нега шу пайтгача миямга келмади? Нима учун умримни сарсон-саргардонликда, бир кечага бўлсин макон қидириб ўтказдим? Кимларгадир сарғайдим, кимларгадир турткиландим, кимлардир ўзи хоҳлаганча ҳақорат қилди. Мен бўлсам ҳамиша чидадим, тишимни тишимга қўйдим, бош эгдим, ялиндим, ёлвордим, мўлтирадим, ўзим йиғладим, яна ўзим юпандим. Ўша пайтлардаёқ бу уйга келсам, шу уйда уйлансам бўлмасмиди?..

Мен ростакамига шайланиб, ўзим учун жуда-жуда қадрдон бу ҳовли остонасини ўпмоқчи, бир зумга бўлса-да, тупроғига бош қўйиб сукут сақламоқчи бўлдим. Аммо сал наридаги ҳовли қаршисида менга тикилганча турган аёлни кўриб ўзимни тийдим ва дарвоза тирқишидан ичкарига мўраладим.

Ҳовли ўртасига каттакон сўри қўйилган, олди ром қилинган айвон четида нималардир тўлдирилган иккита сумка думалаб ётарди.

Таваккал дарвозани очиб ҳовлига қадам қўйдим.

Сўрида икки эркак шанғиллай-шанғиллай бир-бирига нималарнидир исботлаш билан овора, дастурхон устида яримлаб қолган ароқ шишаси турарди.

Танидим. Менинг кирганимни кўриб даст ўрнидан турган одам отам эди. Тасаввурларим алдамабди. У анча кексайган, сочлари оқарган, қадди бироз букилганди.

У жойидан жилмай менга бирпас қараб турди-да, бақириб юборди:

— Саминбой, ўғлим келди, ўғлим!

— Нима?!

Бегона эркак ҳам бу гапни эшитиши билан ўрнидан сапчиб турди.

Шу лаҳзаларда кўз олдимда ўтмиш гавдаланди.

Кунларнинг бирида бувим мени ясантириб, Сожида аммамникига киритиб юборганди.

— Даданг келибди! Югур, болам, дадангминан кўриш! — деганди бувим кўзлари чақнаб. — Сенга ўйинчоқлар опкелгандир. Балки ўзинг орзулаган велосипедниям олиб берар. Бора қол!

Мен ўшанда қувончдан теримга сиғмай аммамникига чопқилладим.

Кириб борганимда эса… Буткул бошқа манзарага кўзим тушди. Дадам чорпояда оёқларини ерга осилтирган кўйи қўлидаги пиёладан ароқ симирарди. Мени кўриб ўрнидан жилмади. Кайфи таранглигидан аранг бир қимирлаб қўйиб, менга қучоқ очди…

Йўқ, ўшанда барча умидларим саробга айланганди. Отам, қаршимдаги мана шу одам велосипед тугул қўлимга битта хўрозқанд ҳам тутқазмади…

Мен эса ундан қўрққанимдан қочиб кетгандим. Уйимизга келгач эса анча маҳалгача йиғлаб ётгандим. Отамнинг пиёнисталиги, менга ўйинчоқлар олиб келмагани алам қилганди…

Мана, ҳозир ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлдим. Қаршимда ўша пиёниста отам турибди. Яна ичкиликдан қизариб кетган кўзларини менга тикиб кўришиш учун қучоғини очаяпти…

Билмадим, лекин негадир ҳозир ҳам ўзимни таҳқирлангандек, умидларим поймол бўлгандек ҳис этдим. Ҳол сўрашиш ўрнига ғазабнок нигоҳларимни отамга тикдим.

— Нега ичаяпсиз? — сўрадим ундан. — Нима етмайди ўзи сизга?

Отамнинг ўрнига бояги эркак жавоб қилди:

— Э, ўғлим, кел бизминан ў-ўтир! Биз янги уйни юваяпмиз!

— Қанақа янги уй? — сўрадим ҳеч нарсага тушунмай. — Қани ўша янги уй?

Отам мендан бундай муомалани кутмаган эканми, секин ортга чекиниб бош эгди.

— Мана шу уй-да, ўғлим! — шанғиллаб давом этди улфати. — Отанг шу уйни менга нақд беш юз минг сўмга сотди. Шуни юваяпмиз. К-кел, келақол, юз грамм ич! Ҳой, йигит, нега қараб қолдинг? Келмайсанми? Отангнинг соғлиғи учун юз грамм ичсанг-чи!

Бу гапни эшитиб, эсхонам чиқиб кетаёзди. Бу нима дегани? Нега отам уйни сотади? Атиги беш юз мингга-я? Ахир бу пулга уйнинг дарвозасиниям бермайди-ку!

Хаёлларимни бир жойга йиғиб улгурмай отам гандираклаганча келиб, елкамдан тутди.

— Ш-шундай бўп қолди, — деди афтини бужмайтириб. — Ма-ана шу амакингдан қарзим бориди. Маж-жбур бўлдим уйни сотишга.

— Шундай денг?

Мен айни дамда тубсиз дарёга чўкаётган кимсага ўхшаб қолгандим.

Нима қилишни, нимадан таскин излашни билмасдим. Қаршимдаги икки пиёнистанинг эса, парвойи фалак. Гўё бу ҳовлига ҳеч ким кирмаган, ҳеч кимни кўришмаган ва ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган каби қайтадан сўрига ўтириб, ароқ симиришни бошлаб юборишди.

Шу тобда шартта бориб дастурхонни ағдариб ташлагим келди. Бироқ номаълум куч мени тўхтатиб қолди. Иложи борича ўзимни босишга, бу ҳовлидан тезроқ чиқиб кетишга уриндим.

Лекин бунинг тагига етмасдан қандай кетаман? Балки булар мастликда шунчаки алжираётгандир?

Секин отамга яқин бордим-да, қўлидаги пиёлани олиб дастурхонга қўйдим.

— Сиз алдадингиз-а мени? — сўрадим ундан. — Айтинг, шунчаки мастликда гапирдингиз, шундайми? Уйни сотмагансиз-а? Ҳаммаси ёлғон-а?

— Сотдим! — деди отам оғзидан тупук сачратиб. — Уй меники! Хоҳласам сотаман, хоҳ-ҳласам ёқвораман!

— Шунақами? Унда яхши қолинг!

Отамнинг сўнгги гаплари юрагимни тешиб ўтай деди. Миямда оғриқ туриб, вужудим музлаб кетди.

Энди ортга ўгирилиб кетмоқчи бўлганимда, отам билагимдан маҳкам ушлаб қолди.

— Қ-қодирбой, ўғлим…, — у кутилмаганда тиз чўкди-да, кўзларини лўқ қилди. — Мениям ўзинг билан опкет. Катта йўлгача холос, ҳа. Машинангда опкет. Б-бугун уйни бўшатишим керак. Й-йўқса, манави амакинг кўчага ҳайдаб солади. Опкет, ўғлим, опкет!

— Шу холосми? — сўрадим аламимни ошкор этмасликка тиришиб. — Бошқа ишингиз йўқми?

— Йўқ, йўқ, бошқа сени безовта қилмайман! Опкетасанми?

— Бўпти, юринг, — дедим зардали оҳангда. — Олиб кетмай қаергаям борардим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

loading...