МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (54-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Супанинг пастидаги помидорлар таг-туги билан юлиб ташланган ва ўша жойга иккита ўчоқ қўйилган эди. Уларнинг устидаги қозонлардан эса буғ чиқиб турарди. Уч-тўрт одам қозон атрофида ўралашган, яна икки хотин қўлида коса, овқат солиб беришларидан умид қилиб туришарди.

Ҳайбатулло Маъруфнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Бир марта қараб қўймади. Гўё Маъруф йўқдай, гўёки унинг ўрнида бирорта ит тургандай. Йигитга алам қилди. Шартта ортига бурилиб, кетмоқчи бўлди-ю, шайтонга ҳай берди. Шу пайт кўзи Баҳром акага тушди. У отаси билан ниманидир гаплашиб турарди. Маъруф тўғри уларнинг ёнига борди. Салом берди. Баҳром ака унга бошдан-оёқ қараб чиқди. Сўнг:

— Бу ердан чиқ-да, тўғри ишга бор. Ишлар қалашиб ётибди. Сени бўлса излаб топиб бўлмайди, — деди-да, кетди.

У меҳмонларни кузатиб қайтаётган Ҳайбатуллонинг ёнидан ўтди. На униси гапирди ва на буниси.

— Бориб коса-поса таши, турма қаққайиб, — деди Норқул ака ва ўзи қозон бошига кетди.

Маъруфга иш қолмаганди. Қишлоқнинг тўрт-беш боласи унга отаси тайинлаган юмушни аллақачон эгаллаб олган, ҳар битта таъзия билдиргани келган одам уйга кириши билан бир коса шўрва олиб бориб берар эди. Йигит нигоҳи билан Наргизани қидирди. Бироқ у ташқарида йўқ эди. Демак, ичкарида хотин-халаж билан ўтирибди. Жуда зарурат бўлмаса, ташқарига чиқмайди. Чиқишни, бошқаларнинг кўзига кўринишни истамайди. Умуман олганда, унинг ўзи бошқаларни кўришни истамайди. Ҳаммадан нафратланади. Ҳаттоки шу кунгача севиб, у билан чиройли ҳаёт кечиришни орзу қилган Маъруфни ҳам. Шу боис ҳам қаёқдаги гаплар билан ҳали-ҳануз уни юпатишга уриниб ўтирган кампирларнинг гапларини тишини тишига босиб, эшитиб ўтирибди.

Маъруф уйига кетди. Бу ерда юришга тоқати етмади. Яна юраги сиқди унинг. Бундан ташқари, унга қишлоқдошлари шунақанги саволлар беришардики, бундан энсаси қотарди. Йўлда энасига дуч келди.

— Идорада зарур иш бор экан, Баҳром ака айтди… — дея баҳона қилди.

Уйда эса Маҳлиё у ишонмайдиган гапларни айтди. Шунга қарамасдан, Маъруф эътироз билдирмади. Шунчаки кулиб қўйди-да, қўлини силтади. Сўнг бирдан жиддий тортди.

— Бунақанги гапларнинг ўрнимас Наргизанинг бошига ташвиш тушиб турган пайтда. Агар у шундай деган бўлсаям, ғиринг этмаслигинг керак эди, — деди.

Унинг идорага боргиси йўқ эди. Бугун уйидан чиқмай ётгиси келаётганди. Аммо Паризод билан учрашиш иштиёқи хотиржам уйда ўтиришига қўймади. Маъруф бирровга машина-трактор паркига кириб чиқди. Кейин тўғри раиснинг уйига борди. Дарвозани тақиллатди. Бироқ ҳеч ким очмади. Яна ва яна тақиллатди. Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ўтганидан кейингина Паризоднинг кичкина укаси келиб, дарвоза эшигининг зулфинини тушириб очди-да, бошини чиқарди.

— Уйларингда ким бор? — сўради ундан Маъруф.

— Аям, опам, — жавоб берди болакай.

— Опанг нима қиляпти? — деди Маъруф беихтиёр.

— Йиғлаб ўтирибди.

— Нега?

— Аям билан уришиб қолди.

— Нимага уришади?

— Билмадим…

— Менинг келганимни опангга айтасанми?

— Йўқ!

— Нега?

Болакай кўзини қисиб, жаҳл билан Маъруфга қаради. Йигит довдиради. Бироқ шу заҳоти яна ўзини қўлга олиб:

— Мен дадангнинг ёнига бормоқчийдим. Опанг менга бир-иккита нарса бериб юбориши керагиди… — деди.

— Дадамними? Ҳозир айтаман.

Маъруфни ҳаяжон босди. У бир қўлини мушт қилиб, кафтига урганча у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Хаёлида Паризод кўзида ёш билан югуриб чиқадигандай, унинг бўйнига осилиб оладигандай туйилди. Бироқ хаёлидаги бўлмади.

— Ким дединг?!

Шанғиллаш Маъруфнинг қулоғини қоматга келтираёзди. Шу шанғиллашдан бир дақиқа ўтар-ўтмас, Насима ташқарига чиқди. Аввал ён-атрофга қаради, сўнг Маъруфга тикилиб:

— Ҳимм, нимага келдинг?! — деди дағдаға билан.

Маъруф нима деярини билмай, довдираб қолди.

— Сен ялангоёқнинг шунақанги қилиқларинг ҳам бормиди?! Бу ёққа кир-чи?! — деб Насима унинг қўлидан ушлаб, ичкарига тортқилади.

Маъруф Паризодни сўри остида кўрди. У ерга ўтирганча тиззаси орасига юзини бекитиб олганди.

— Сен, таги паст, менинг қизимни нима қилдинг?! — ўкирди Насима.

— Мен… мен нима қипман? — ҳайрон бўлиб сўради Маъруф.

— Гўр қилибсан, очиқ лаҳад қилибсан! Сенинг умрингни турмада чиритмасам, юрган эканман! Ҳозир мелиса келади. Ана ундан кейин ҳаммасига жавоб берасан!

 

* * *

 

Зарифа (Абдухалилнинг хотини) бирдан қўлини тортиб олди-да, эри томонга кўзи билан ишора қилди. Шокир ҳеч нимани билмайди дегандек қўлини ҳавода силкитди ва Зарифанинг бармоқларидан тутди. Кейин томоғини қириб олиб:

— Мен сизга бир нима кўрсатмоқчиман, юринг, — деб ўрнидан турди.

Жувон дарров жойидан қўзғалди. Улар бошлашиб ошхонага (топган жойларини қаранг) киришлари билан Шокир худди оч бўридай Зарифага ташланди. Жувон қиқирлаб кулди. «Қўйинг, қўйинг», дея номигагина эътироз билдирган бўлди…

Ҳар балою бир бало бўлиб кетарди, агар Шокирнинг укаси келиб:

— Ака, ака! — дея айвонда туриб чақирмаганида.

— Вой! — деди Зарифа ва Шокирнинг кўксидан итариб, қучоғидан чиқди.

— Оббо, валакисаланг, шу пайтда бало бормиди?! — дея кўзини олайтирган Шокир эшик томонга йўналди.

Шокирга укаси айтдики: «Тез Ҳайбатулло аканикига бораркансиз, хотини қазо қип қопти».

Шокирнинг кайфи бошидан учди. Ранги оқарди.

— Нега қазо қиларкан? Касалмасди-ку ё касалмиди?

Укаси елка қисди. «Тезроқ бораркансиз», деди-ю, ортига бурилиб кетди. Шокир ошхонага қайтиб кирди. Энди унинг ҳеч нимага хоҳиши қолмаганди.

— Тинчликми? — сўради ундан Зарифа.

— Йўқ, Ҳайбатулло аканинг хотини ўлиб қопти. Тез боришим керак экан.

— Ёшмиди?

— Унчаликмас… — деб Шокир Зарифанинг қўлидан ушлаб, секин тортди.

Жувон ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. Шокир унинг юзидан ўпди.

— Эсиз, лекин, албатта, яна кўришамиз, хўпми, асалим? — деди.

Жувон бошини қимирлатиб, тасдиқ ишорасини қилди.

Абдухалилнинг уйғониши қийин бўлди. Хотини кўп турткилади. «Туринг, туринг!» деб бир неча марталаб айтди. Шунда ҳам у уйғонмади. Бошқа томонига ағдарилиб, уйқусини келган жойидан давом этказаверди.

— Турсангиз-чи тўнкага ўхшаб ётавермай! — деди тоқати тоқ бўлган Зарифа.

Абдухалил кўзини очди. У ёқ-бу ёққа қаради.

— Шокир ака қани? — дея сўради.

— У киши кетди. Кимнидир… Ҳа, айтганча, анави акангизнинг хотини ўлиб қопти.

Абдухалил бошини маҳкам сиқди, сўнг:

— Қайси акам? — деб сўради.

— Ҳайбатулло акангиз, шу кишининг хотини ўлиб қопти.

«Ўрнига сен ўлиб қолсанг бўлмасмиди? Рад этолмадинг-а, жанжал қилмадинг-а! Демак, мени бир тийинга олмас экансан. Буни олдиндан сезардим. Шунинг учун ҳар доим устингдан қулфлаб кетардим. Сен мени ўчиб ухлаб қолди, ҳеч нимани эшитмайди, сезмайди деб ўйлаганмидинг? Адашасан, мен Шокирдан ҳам тетикроқ эдим. Атайин ўзимни шу аҳволга солдим. Синадим сени. Ит, Шокир билан қаерга бориб келдинг?» хаёлидан ўтказди Абдухалил ва чойнакка қўлини узатаркан:

— Ажали етган бўлса, ўлади-да, — деди.

— Акам, акамлардингиз, бормайсизми? — ажабланди Зарифа.

— Бу аҳволда бормайман. Шокир ака кетдими?

— Кетди. Эшитиши билан югуриб кетди. Укам уйғонса, борсин, деди. Бечора сизни уйғотгиси келмади. Чарчабди, деди сизни. Кўп ишлайди-да. Лекин шу акангиз оқибатли, яхши одам экан.

Абдухалил чойни хўриллатиб ичди-да, хотинига ола қараш қилди. Кейин ароққа қўлини узатди.

— Бўлди, ичманг. Ўзи тоза бўп қолдингиз. Яна ичсангиз, шу ерда қолиб кетасиз. Яна уйнинг бирортаям эгаси йўқ экан. Менга: «Хотини уйида бўлади, баҳонада танишиб оласан», дегандингиз, — деди Зарифа аразлаган бўлиб.

— Ҳе, — дея ўшшайди Абдухалил, — сенга нима фарқи бор? Хотини билан бўлмаса, эри билан танишдинг. Кейин, ҳақиқатан ҳам, бу киши яхши одам. Адабиётга қизиқиши бор. Кейин уруғ-аймоғиниям айтувдим сенга. Яна битта укасининг хотини трактор ҳайдайди, герой. Фақат улар бу ерда туришмайди. Чўлга кўчиб кетишган. Ҳимм, ҳимм…

Зарифа қанчалик қаршилик қилмасин, Абдухалил, барибир, бир пиёла ичди. Лаб-лунжини қўлининг орқаси билан артди. Мўйловини силади. «Мен асли сухой вино ичаман, биласан, лекин мана бундай одамлар билан бирга ўтирганда оз-моз ичиш керак. Чунки фойдаси бор. Билсанг, тўрт-беш метр газламани айнан шуларга ўтказаман. Яна улар ҳақида ярим қоғоз ёзиб, пулини оламан. Агар бирга ичмасам, озгинча хушомад қилмасам, булар ҳам берарини қисиб қўяди-да», деди.

Шу заҳоти Зарифанинг ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Худди эри балонинг калтагидай гапираётганди. Чунки эри маст эмасди. Демакки, Шокир қилган қилиқни озми-кўпми сезган. Яхшиямки, Шокир шу ернинг ўзидаёқ ташланиб қолмади. Ташланганида борми? Тоза шарманда бўларкан. Худо бир асрабди. Шокирнинг ошхонадаги ишиям ўхшамай қолди…

Зарифа эрига тикилди. «Рашк қилмади-я. Ҳеч қурса қовоғини уймади. Бундан чиқди, бундан чиқди, ўлдим-куйдимларининг бари бекор экан-да. Номига экан-да» ўйлади у ва секин ўрнидан туриб:

— Бўлди, туринг, кетамиз! Эгаси йўқ уйда ялпайиб ўтиришимиз яхшимас! — деди жаҳли чиқиб.

— Эгаси бўлмаса, бўлмабди-да… — деб Абдухалил бирма-бир хонанинг деворларига, тўрдаги устига кўрпа йиғиб қўйилган сандиққа қаради ва мийиғида кулди.

— Ҳализамон Шокир аканинг хотини кеп қолади.

— Келса келаверсин, у мени танийди.

— Танисаям, барибир, ноқулай.

— Шошма, бир иш қиламиз.

— Нима иш?

— Анави сандиқни, — деб тўрни кўрсатди Абдухалил, — очиб кўрамиз.

— Нималар деяпсиз? — деди бирдан ранги оқарган Зарифа.

— Шокирни акам деб юрганим билан у ғирт ўғри. Колхознинг молини ўғирлаб юрибди. Биз бўлсак унинг сандиғини кўздан кечириб қўямиз-да, шунда «Ўғрини қароқчи урди», деган зўр гап бўлади. Бугуннинг ўзида шаҳарга кетамиз. Шокир билган тақдирдаям ғинг деёлмайди. Чунки нечта молни сотиб юборганини яхши биламан, — деб Абдухалил ўрнидан турди.

 

* * *

 

Ўктам Мансурнинг қоқ пешонасидан отди. У бир туки қилт этмай, Мансур гапини тугатар-тугатмас, шартта чўнтагидан тўппончасини чиқарди-да, милини Мансурнинг пешонасига тўғрилаб, тепкини босди. Тўппончани кўрганиданоқ Мансурнинг тили танглайига ёпишиб қолган, кўзи олайиб кетганди. Шу туришида орқасига қулади. Қулади-ю, қимир этмай қолди. Бунақанги одамларнинг жони бирдан чиқиб кетмайди, танани обдан азоблаб, кейин чиқади, деган гаплар бор эди. Аммо Мансурники бирдан чиқди. Шу боис унинг ҳеч бир аъзоси қимирламади.

— Балки, сени ўлдирмасдим. Агар Соли топиб келган матоҳ Паризоддан зўрроқ бўлганида, уни эсимдан чиқариб, кайфиятимни кўтарганида. Лекин у буларнинг бирортасини ҳам қилолмади-да. Аслида, Солининг пешонасидан дарча очишим керак эди. Қисталоқнинг бахти бор экан, сен келдинг. Унинг ўрнига ўзингни қурбон қилдинг, — деди Ўктам Мансурнинг жасадига тикилиб.

Кейин қўлида тўппонча билан атрофидагиларга бирма-бир назар солиб чиқди. Ҳамманинг юраги товонига тушиб кетганди бу маҳал.

— Менга латталарнинг умуман кераги йўқ! Мараз! Нимага жўнатувдим, нима қилиб келишди? Бу бошқаларга ҳам ўрнак бўлсин!

Шундай деб, у инига кириб кетди ва шу бўйи Мудар келгунича чиқмади. Гўшт еб қорнини тўйғазди. Ухлади. Мудар келганида эса уйғониб, юзини юваётган эди. Мудар оғзи қулоғида кириб келди.

— Хўжайин, бу ёғи зўр бўлди. Бугуннинг ўзида дунёнинг энг бой одамига айланасиз. «Ўйинчоқ»лар, «ун» — ҳаммаси тайёр. Уни фақат сотиш керак.

Ўктам илжайди. Сўнг бирдан башараси тунд қиёфага кирди. Ич-ичидан келтирилган янгиликдан роса қувонаётганди. Бундан ҳам зўри, Мудар уни энди «хўжайин» деб атаётганди. Буларнинг бари, албатта, унга шодлик бағишлаганди. Аммо у бирдан тўрсайиб олди.

— Сотишга бало борми, ит эмган?! Нега ҳаммасини бирйўла эплаб келмадинг? Молни сотиб, пулини сариқ тангага алмаштириб келмайсанми, киссангни шарақ-шуруқ қилиб?! — деди.

Мудар бўлиб ўтган воқеалар ва эшитган гапларидан сўнг Ўктамни кўрса, азроилга дуч келгандай дағ-дағ қалтирайдиган бўлиб қолди. Аслида, у илгари ҳам Ўктамдан қўрқарди. Аммо ҳозиргидек эмас.

— Бўлди, есть қиламиз. Сизга маълумот сифатида айтаётган эдим.

Ўктам қовоғини осилтирди.

— Маълумотингни пишириб е! — деди ва яна инига кириб кетди.

Тағин талай муддат чиқмади. Чунки ҳеч кимни кўргиси келмаётганди. Чунки Паризод хаёлидан кетмаётганди. Эзилди. Кейин ўзини ўзи сўкди. Бироқ бу ҳам наф бермади. Қаёқдан наф берсин, ахир у кўнгли олдида ниҳоятда ожиз эди-да. Шунчалик ожизки, худди янги чиққан, барра майсадай. Бундан чиқди, уни хоҳлаганча топташ, таҳқирлаш, керак бўлса, юлиб отиш мумкин… Илк маротаба унинг кўзига пуллар, олтинлар хунук кўриниб кетди. Ҳаттоки ҳали ҳам унинг хобгоҳидан чиқиб кетмаган Соли топиб келган капалак ҳам исқиртдан исқирт эди, унинг назарида… «Пуллар, олтинларнинг барини дарёга оқизиш керак, манави ялмоғизни… Шошма, бу минг йиллик Бибихондан ҳам баттар экан-ку. Падарингга лаънати, ялоқхўр Соли, ҳали шуни раво кўрдингми менга? Менга-я?! Бу худди гўштини еб, суягини итга ташлашдай гап. Бундан чиқди, мени ит қаторига қўшиб қўйибсан. Ҳозир онангни учқўрғондан кўрсатаман! Туғилганингга пушаймон ейсан!.. Шошма, бундан аввал бу балчиқни чўлга бадарға қилишим керак. Бошқалар оборади. Пуллар ва олтинларни дарёга ўзим сочаман, лекин буни бошқалар оборишади. Билган ишларини қилишларига рухсат бераман. Биргина менинг баданим балчиққа беланадими? Уларникиям белансин-да…»

Ўктамнинг хаёли чалкашиб кетди. Яна бутун фикри-зикрини Паризод эгаллади. Гўё у ҳозир ғорга кириб келадигандай, аччиқ-аччиқ гапирадигандай туйилиб кетди.

«Эҳ, — дея у муштини бир-бирига урди, — яхшиямки, анави ит эмган уни ўлдириб қўймаган экан. Ўлдириб қўйишганида, мени тириклайин гўрга тиққан бўлишарди. Шундаям омадим келибди».

У чўзилиб ётиб олди. Беихтиёр ўн етти ёшга кирган даврини эслади. Албатта, бекорга эмас, ўшанда ҳам Ўктам севиб қолганди. Ўзи билан бирга ўқийдиган синфдош қизни. Лекин тақдир ўша қизни унга раво кўрмади. Бўлмаса, Ўктам у пайтлари кўп тоза бола эди. Ҳали бирорта одамни уриб, бошини ёрмаган ёки битта-яримтанинг уйига ўғирликка кирмаганди. Ахир бундан ортиқ тоза одам бўлиши мумкинми? Мумкинмас. Бундан ортадиган бўлса, авлиё бўлиб қолади. Аммо ўша ярамас қиз уни сариқ чақага олмади. Ҳамманинг кўз ўнгида устидан кулди. «Сен олдин бурнингни артиб ол, кейин бировга ошиқ бўласан», деди. Атрофдаги болалар, қизлар бирдан хохолаб кулиб юборишди. Мазах қилишди. Ўктам шу ондаёқ сувга тушган мушукдай шумшайиб қолди. Елкалари қандайдир кичрайди. Чайир қўллари титради. Бўлди, у шундан ортиғига ярамади ва ўша чиройли қизга нисбатан кўнглида бир олам нафрат билан кетди. Йиллар ўтиб, у илк севгилисини шаҳарда учратди. Билса, қиз тушмагур институтда ўқиётган экан. Бу пайтда Ўктам обрў деган нарсадан анча-мунча йиғиб олганди. Шаҳарнинг менман деган ўғрилари уни танир, каззоблар у билан ҳисоблашишарди. У истаган пайти исталган ресторанига кириб, хоҳлаганча еб-ичиб, пулини тўламасдан чиқиб кетарди. Ана шундай кунларнинг бирида Нодирани (дарвоқе, ҳозиргина унинг исмини эслади) учратиб қолди. Қиз автобус бекатида бир ўзи турарди. Якшанба куни эди. Кун қариган. Бекатда ундан бошқа ҳеч ким йўқ. Ўктам эса машинада. Ўзи ҳайдаб кетяпти. Машинаси яп-янги «ноль олти»нинг шоколад рангида. У пайтларда худди шу рангдаги «Жигули» энди-энди модага чиқаётган эди. Ўктам машинани чийиллатиб, қизнинг ёнгинасига тўхтади. Секин дераза ойнасини туширди.

— Яхши қиз, обориб қўяман, — деди иржайиб.

Нодиранинг юзи оппоқ эди. Ахир у қўрқиб кетганди-да.

— Йўқ, — деди у бошини қимирлатиб, киприкларини пирпиратаркан.

— Бугун автобус бўлмаскан. Тайёр мошина, истаган жойингизга ғиз этказиб обориб қўяман. Бунинг устига, йўл ҳақи арзон, — деб Ўктам қора кўзойнагини олди.

Нодира уни дарров таниганидан жилмайди. Бошини сарак-сарак қилди.

— Вой, ўлмасам, Ўктам, ўзингмисан? — деди.

— Ўлмасанг ҳам, ўзимман. Ўтир.

Нодира ихчамгина, чаққонгина қиз эди. Лип этиб машинага ўтирди. Синфдоши билан қўл бериб кўришди.

— Шаҳардалигингни билмаган эканман. Йўқ, тўғрироғи, билардим, лекин учратаман деб сира ўйламагандим, — дея ўта майин овозда сўзлади.

— Ана шундай, ўйламаганингда пайдо бўламан-да, — дея ҳиринглаб кулди Ўктам.

— Ўҳҳў, жуда зўр бўп кетибсан, тагингда мошина…

— Энди ёнимда кетворган қиз, — дея Нодиранинг гапини илиб кетди Ўктам.

Қиз қиқирлаб кулди. Сўнг йигитга юзланиб деди:

— Очиғини айтсам, бирон жойда кўриб қолганимда танимасдим, роса ўзгариб кетибсан.

— Сен ўзинг ҳам. Лекин танийман мен. Яна орадан эллик йил ўтгандаям танирдим. Мактабда иккига ўқиган бўлсам ҳам, хотирам кучли менинг.

— Билмаган эканман. Хўш, нима иш қиляпсан?

— Кейин, ҳаммасини кейин айтиб бераман. Ҳозир сенинг учраб қолганинг зўр бўлди. Бугун, биласанми, қандай кун?

— Йўқ.

— Ана шунақа-да, эсингда бўлмайди-да. Мактабнинг энг аълочи ўқувчиси, студент… Лекин тўрт кун олдин кўрган одамини эслолмайди, эшитганларини эсидан чиқариб юборади.

— Қоп-қора кўзойнакда, ҳақиқатан ҳам, бошқача бўп кетаркансан-да. Менинг ўрнимга бошқа бўлганидаям эслолмаган бўларди. Аммо эшитганларим… Бунисида адашмадинг, чунки ўқишларим шунақанги кўпки, миямни ҳар хил дарсликлар эгаллаб олганидан кўп нарсалар хотирамдан чиқиб кетган.

— Бўпти, қийнамайман. Бугун менинг туғилган куним.

— А-а, йўғ-э, менимча… Ҳа, тўғри, мен синфдагиларнинг ҳаммасининг туғилган кунларини ёзиб қўйгандим. Сеники кузда эди. Буни қара, эсимдан чиққан экан. Табриклайман! Мингга кир! Роса чиройли қизга уйланиб, куйиб юр.

— Нега куярканман?

— Чиройли бўлганидан кейин ҳаммадан қизғанасан-да, — дея қиқирлаб кулди қиз.

Ўктам бирдан машинани тўхтатди ва қизга тикилди.

— Ҳа-а, нима бўлди? — ҳайрон бўлиб сўради Нодира.

Ўктам унга тикилди. Қошига, кўзига, силлиқ таралган қоп-қора сочига, ярашиб турган пушти ранг кўйлагига. Кейин чуқур хўрсиниб қўйди-да:

— Ҳа, ҳақиқатан ҳам, куйиб ўтарканман. Менимча, ҳаммадан қизғанаверганимдан ўлиб кетсам ҳам, ажабмас, — деди.

— Нега унақа деяпсан? — баттар ҳайрон бўлди Нодира.

— Айтдинг-ку, «Чиройли қизга уйлан, кейин бир умр куйиб юр», деб.

Нодира қиқирлаб кулиб юборди ва худди шу пайт юзига ним қизиллик югуриб, чиройини икки ҳисса оширди.

— Мен нима деб ўйлабман? Тавба, одамни қўрқитиб юборасан-а? Мени бошингга урасанми? Мен сен билан тенгман. Ўттизга кирар-кирмас қариб қоламан. Кейин сенинг кўнглинг бошқани тусаб қолади. Ёшроғини, чиройлироғини…

— Қўйсанг-чи бу гапларни, — деб Ўктам машинани юрғазди.

Шу куни у аламини олди. «Бурнини арттирди» Нодиранинг ўзига. Шундай арттирдики, қизнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди. «Тавба қилдим, билмай гапириб қўйган эканман. Кечир мени», деб ялиниб-ёлворди. Аммо Ўктам унинг ёлворишларига эътибор ҳам бермади. Ҳамма расвогарчиликларни қилиб бўлганидан кейин Нодирани обдан калтаклади. Шўрлик қизнинг моматалоқ бўлмаган жойи қолмади. Шу боис эртасига у кўчага чиқолмади. Индинига ҳам. Бутун ҳафта ўтгачгина у Ўктамнинг уйини тарк этди. Шўхликлари, орзу-умидларидан айрилиб тарк этди. Бўлмаса, Ўктамга кўп ялинди. «Ҳаммаси тамом бўлди. Энди менга уйланмасанг бўлмайди. Мен энди бошқа бировга теголмайман», деди. Бироқ қаҳр отига минган Ўктам унинг юзига шапалоқ тортиб юборди-да: «Йўқол! Қайтиб кўзимга кўринма! — деди. — Сен шаҳарда юриб, анча-мунча нарсани ўрганишга улгурибсан. Мен сендан фақат ўч олмоқчийдим. Ниятимга етдим. Шукр қил, ҳамманинг олдида шармандангни чиқармаганимга», деди.

Қиз кўз ёши юзини ювганча чиқиб кетди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

loading...