ШАЙТАНАТ… (19-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Насиба ҳозир туриб кетадигандай диванда омонат ўтирар эди. Шариф унинг ёнидан жой олди.

— Бўлдими? — деди Насиба, зардали овоз билан. — Нафсингиз ором олдими?

Бир томон ўқларини отиб тамом қилган, энди иккинчи томоннинг қарши ҳужумга ўтиши учун шароит етилган эди.

— Ҳм, гапларим ёқмадими? — деди Шариф, чекиниш нияти йўқлигини маълум қилиб.

— Ёқди, мойдай ёқди. Нима бўлди ўзи?

— Ҳеч нима. Усталарга жавоб бериб юборганингни…

— Усталарга мен жавоб берибманми? Усталар ишласа ҳам барибир, аламингизни мендан олардингиз. Айтинг, нима бўлди?

Энди чекинмаса бўлмайди. Итнинг феъли эгасига маълум, деганларидай, Насиба эрининг одатини билади. Қачонки, ишхонада ё кўчада нохушликка дуч келса, аламини уйдан олади, кейин ҳасратини тўкади.

— Мени ҳам одам қаторига қўшишибди, — Шариф ҳазил оҳангида гапирмоқчи эди, уддалай олмади. Сўзлари лабидан титраброқ учди. — Биттаси телефон қилиб, «Сулаймонов қамоқдан қочди», дейди.

— Адо бўлсин, қочса сизга нима?

Шариф «у сени ўлдирмоқчи» деган гапни айтмади. Айтса, Насиба ваҳимага тушиши мумкин эди.

— Қочмаган экан, иғво қилишибди.

— Вой, адаси, бу ишлар менга сираям ёқмаяпти. Қўйинг ҳаммасини, тинчгина ўтирайлик.

Чекиниш тадориги алдамчи экан. Мусалласга алданган ғазаб бирдан бош кўтарди. Хотинининг дилдан куйиниб айтган гапи унга ғараздай бўлиб туюлди.

— Сен тинчгина ўтир. Бошқалар менинг бошим- га чиқиб олиб истаган номаъқулчилигини қилаверсин, а?!

Қарши томон жавоб бермай, яна маъсумалик либосига ўранди. Шариф шарт ўрнидан туриб тажрибахонасига қараб юрди. Насиба чуқур уф тортиб қўйди. Шариф бир пиёлага қаноат қилмай, яна биттасини бўшатгач, хонасига қайтди.

— Мен кимман, биласанми? — деди хотини олдига келиб. Насиба «кимсиз?» дегандай унга қаради-ю, яна индамади. Саволга Шарифнинг ўзи жавоб берди: — Мен олимман! Мени чет эл ҳам билади! Қайси академигингнинг орқасидан чет элликлар юрибди. Бу академикларинг, дўктурларинг чет элга бориб қолса, уларга ит қарамайди. Чунки уларда илм йўқ. Менда илм бор. Лекин суянадиган тоғим йўқ! Энди тоғ топилди. Одамлар нима деса деяверсин. Мен фақат ўша тоққа суянаман. Намозовнинг кимлигини билиб қўйишсин. Мен ҳам ўша йўлимни тўсган академикларингга тупуриб ўтаман. Энди тинч ўтириш йўқ, билиб қўй. Тинч юриб топганим қамоқ бўлдими? Қамоқда чириб кетишим керакмиди?

Шу пайт қорнида кучли оғриқ қўзғалиб, гапини давом эттиролмай қолди. Букчайиб, ўхчиди. Насиба чаққон туриб, эрини елкаларини ушлаб, диванга ётқизди-да, хапдори берди.

— Насиб, бу ғалвалар ўткинчи. Биз ҳам одамларга ўхшаб яшайлик-да.

Насиба эрига қараб бош чайқади.

— Шу пайтгача одамга ўхшаб яшаятувдик…

 

***

 

Жамшид бу хонадонга неча марта келган бўлса, ҳар сафар эшик очиқ бўлади. Шу сабабли жинғироқни чалиб ўтирмай, тўғри ҳовлига кириб бораверарди. Бу гал ҳам шундай қилди. Ҳовлини босиб ўтиб, уйга яқинлашди-да, «Ҳофиз ака!» деб чақирди.

Элчин уйида йўқ эди. Видеода ҳиндча тамоша кўриб ўтирган Зайнаб юраги сиқилиб ўрнидан турган, бу онда дераза ёнида эди. Тамошада икки ошиқнинг қовушганини кўриб, Жамшидни эслаган, уни кўргиси келган эди. Яратган унинг оҳини эшитиб, Жамшидни бу хонадонга келтириб қўйсами? Яна қўнғироқ жирингламасдан дарвозанинг ёнидаги эшик очилди. У ўз уйига киргандай кириб келди. Зайнабнинг юраги эса потирлаб, жони ҳалқумига келиб қолди. Эт билан тери орасида мудраётган шайтон уйғониб, жувоннинг баданини ажиб бир ҳароратда исита кетди.

Жамшид уйга яқинлашиб, тўхтади. Нимадир деди. Зайнаб эшитмади. Жамшид иккинчи марта «ҳофиз ака, ҳў, ҳофиз ака!» деганда унинг овози аранг қулоғига етиб келди.

— Ҳозир, — деди Зайнаб, аммо ўз овозини ўзи ҳам эшитмади.

Жамшид учинчи марта чақирди. Шунда Зайнаб дераза ёнидан қочиб, эшик томон юрди. Назарида оёқлари оғир, аранг юраётгандай эди. Аслида эса эшиккача учиб борди. Эшикни очди-ю, остонада тўхтади. Ҳовли томон оёқ босишга журъати етмади. Чунки бу маҳалда ҳаё ҳам уйғониб, шайтон билан ихтилофни бошлаган, шайтон бераётган ҳароратни ўчирмоққа киришган эди. Яхшики Жамшид ҳам тўхтаб турарди. Агар у уй томон қадам қўйса, Зайнаб эшикни очиқ қолдирган ҳолда чекинар, унинг чекиниши баробарида шайтон ғолиблик майини сипқора бошлар эди.

— Хўжайин йўқмилар? — деди Жамшид, дабдурустдан. У кўз олдида улғайиб вояга етган қизчанинг жувонлик оламида бу қадар латофат касб этишини кутмаган эдими, ҳар ҳолда остонада парирухсорни кўриб андак довдиради. Ҳол-аҳвол сўрашни унутди. Жувоннинг чиройи ақлини шоширган бўлса-да, кўнглига ёмон фикр ораламади.

— У киши ўртоқлари билан кетувдилар, — деди Зайнаб.

— Бек акам сўраятувдилар. Қаёқда бўлишлари мумкин? Ўртоқларини танийсанми?

— Куёвжўра бўлган йигит-чи? Анвармиди отлари… Шу маҳаллада туришади. Чойхонанинг атрофида дегандай бўлувдилар…

— Бўпти, ўзим топаман. Кеп қоса, адангни топсин. Иш зарил!

Жамшид шундай деб изига қайтди.

Зайнаб кўнглида киринг, чой ичинг, демоқчи бўлди-ю, тилига чиқмади. Жамшид яна бир нафас турса айтарди. Лекин у тўпори жувондан лутф кутмади. Кўча эшиги ёпилгач, Зайнабнинг хўрлиги келди. «Йигит дегани ҳам шунчалик эътиборсиз бўладими?..»

У хонага қайтиб, яна дераза олдига келди. Яна кўча эшигига тикилди. Хаёлан жингалаксочли йигитни чақира бошлади. Хаёлидаги йигит изига қайтди. Эшик очилди. У жилмайиб кириб келди. Бу сафар «Ҳофиз ака!» деб бақирмай, «Зайнабхон!» деб шивирлаб келди. Зинадан кўтарилди. Уйга кирди. Дераза олдига яқинлашди. Унинг яқинлашаётганини билса ҳам, Зайнаб ҳеч нарсадан бехабардай ҳовлига тикилиб тураверди. У орқа томондан келди. Елкаларидан қучоқлади. Зайнаб энтикди. Унинг илиқ нафаси бўйнига урилди. Баданини ловуллатиб юборди. Елкадаги бақувват қўллар бошқа вазифа билан қўлтиқ остига юборилдилар… Шунда у ўгирилди… кўзи юмуқ ҳолда бўлса ҳам лабларини осонлик билан топди. Кейин у кўтариб олди. Ётоқ сари юрди. Юмшоқ тўшак уларни бағрига олди…

Зайнаб энтикиб, кўзларини очди. Хаёлидаги йигит учиб кетгандай бўлди. Ҳовли кимсасиз, кўча эшик ёпиқ эди. Хонада эса сулуви атрофида айланиб-ўргилиб эшилаётган ҳинд йигитнинг қўшиғи ҳукмрон. У дераза ёнида турган ҳолда ўгирилиб, телевизорга тикилди. Шунақа бахтиёр одамлар бормикин ё ҳамма менга ўхшаган бедавомикин, деб ўйлади.

Бу хонадонда бир аёлни бахтиёр этиш учун ҳамма нарса муҳайё эди. Ношукурлик қилмаса ҳам бўлади. Уй, емоқ-ичмоқдан зориқадиган томони йўқ. Эри биров кўрса ҳавас қилгули эркак. Лекин ширин орзулар қанотида сузиб улғайган қиз учун шунинг ўзи етарлими? Хўш, Жамшидга текканида бахтли бўлармиди, орзусига етармиди?

Никоҳнинг иккинчи туни Зайнаб Элчиннинг гапларини эшита туриб «Сиз қотилсиз!» деди. Зайнаб бу билан Ноиланинг ўлимини эслатмоқчи эмасди. Элчин унинг ширин орзуларини бўғиб ўлдирган эди. Бу қотиллик учун қамаш ҳам, отиб ташлаш ҳам мумкин эмас. Бундай жазосиз қотиллар ер юзини пўпанакдек босиб ётибди. Элчин — Зайнабнинг назарида шулардан бири.

Никоҳнинг иккинчи туни — куёв-келин учун муқаддас бўлмиш тунда, Элчин Ноиланинг ўлимидан сўз очиб, хотинига пичоқ урмаганини айтди. Зайнаб бу гапларга эътибор бермади. Чунки онаси тўйдан олдин уни юпатиш мақсадида «сен ундан қўрқма, хотинини у ўлдирмаган экан, туҳмат билан қамалган экан, даданг айтдилар», деган эди. Зайнаб бу гап фақат овутиш учун айтилдими ё чиндан ҳам шундайми, билолмайди. Элчиннинг ўзини ўзи оқлаши унга эриш туюлди. Унинг назарида бу эркак паст кетгандай бўлди.

— Менинг нима айбим бор эди, мени нима учун хўрладингиз? — деди Зайнаб, эзилиб ўтирган эрига қараб.

— Сизнинг айбингиз йўқ… Аммо Ноилани адангиз ўлдиртирган. Номус азобини тотиб кўриши лозим эди.

— Ўч олдингизми?

— Ҳа, ўч олдим.

— Энди-чи?

— Нима энди?

— Кўнглингиз жойига тушдими?

Элчин жавоб бермади. Хотинига маънодор қараб қўйди. Унинг рўпарасида мўъмина Манзуранинг қизи эмас, қаҳрли Асадбекнинг қизи ўтирарди. Зайнаб одоб жиҳатидан онасига тортган бўлса-да, баъзан юрагида ғалаён уйғониб, отасига ўхшаб қоларди. Ҳозир паст кетиб ўтирган эрига қараб, «Мен ҳам сиздан ўч олсам-чи?» демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Аммо хаёлида уйғонган шу ўй унга ҳақиқатдай туюла бошлади. Зайнаб унга «Сиздан қасос оламан» демади. Саволига жавоб берилмагач, бироз сукут сақлади-да:

— Сиз қотилсиз! — деди қатъий. Бу — қасос баҳридан сув ичгучи ҳукм эди. Элчин буни англамади. Рўпарасидаги гўзал мавжудот қасос олишга ҳақли, ўч олмоққа қурби етади, деган тушунчадан у узоқ эди.

Элчин «ўзимнинг айбсизлигимни билдириб қўяй, бу уйда сиқилмасин, қўрқмасин, эркинроқ юрсин», деб янглишган эди. Нохуш кайфиятдаги аёл олдида ярим қарич бўлса-да чекиниш оқибати мағлубият жарига қулаш эканига унинг ақли етмади. У хушсурат бўлгани учун расидалик чегарасидан ўтмаёқ қизларнинг хумор кўзлари таъқибига учраган эди. Қўшиқлари билан довруқ таратгач, жаннатда парилар билан юргандек ҳис қилди ўзини. Ана шунданми «аёл қалбини сеҳрлай олувчи куч бор менда», деб ишонарди. Асадбекнинг қизини ҳам сеҳрлаб олажагига амин эди. Оллоҳнинг ҳар бир бандаси каби Элчин ҳам мағрурлик ва худбинликдан бебаҳра эмасди. Мағрурлик ва худбинлик баравар уйғониб, бирлашса уни маҳв этарди, тўғри йўлдан адаштирарди. Никоҳнинг иккинчи туни шундай бўлди…

Ўшандан бери Зайнаб бу хушсурат машҳур ашулачи билан бир тўшакда ётади. Ўғирланиб, қоронғи уйга қамалганида қўрқувни ҳайдаб чиқара олган, нафасини қайтарган, баданига илиқ ҳарорат берган ғалати ҳис йўқ. Элчиннинг эркалашлари, эҳтирослари унга таъсир этмайди. Ўзини худди эртаклардаги тош маликадай совуқ ҳис этади.

Кинодаги қизнинг қичқириғи Зайнабнинг хаёлларини тўзитди. Беихтиёр ўгирилиб, тамошага қаради. Ҳозиргина жуфти билан яйраб ашула айтаётган қиз, кўзлари косасидан чиққудай аҳволда, даҳшатга тушиб ўтирибди. Рўпарасида… икки лунжини шишириб олган илон тебраняпти… «Ҳозир йигити келиб таёқ билан уради», деб ўйлади Зайнаб. Чиндан ҳам йигит келди, аммо қўлида таёқ эмас, милтиқ бор эди. Бир ўқ билан илон жон берди… улар яна қовушдилар…

Зайнаб хаёлан ўзини шу қиз ўрнида, эрини эса тебранаётган илон ўрнига қўйди. Бу илонга ким бас кела олади? Жамшидми?

 

***

 

— Ҳозир боролмайман, деди. Ошнаси унга бир нарсаларни ўқиб беряпти шекилли?

Жамшид шундай деб, айбдор бола сингари бошини эгди. У хўжайин буйруғини адо этолмади. Отарчини топди-ю, олиб келолмади. Тўйдан олдин бўлганида қўл-оёғини боғласа-да, буйруқни бажарарди. Энди унинг «куёв» деган унвони бор. Куёвни пайғамбарлар сийлаганида Асадбекнинг югурдаги сийламас эканми?..

Асадбек жағига мушт еб, гангигандай бўлди. Нима бу — нозми, тўнкаликми ё атайин ғашига тегмоқчими?..

— Ошнаси ким? — деди Асадбек, гангиганини яширишга уриниб.

— Жиннихонада ётган олим экан.

— Қанақа олим?

— Тарихчи экан. Ўн йилдан бери кичик илмий ходимликдан бир энлик ҳам силжимабди. Бетгачопарроқ экан. Хўжайинини беҳурмат қиларкан.

— Хўжайинни беҳурмат қилса… тузук-ку? Ким экан хўжайини?

— Катта олиммиш, Холидий деган. Жиннихонага ўшанинг буйруғи билан ётқизилган экан.

— Жиннилиги ростми?

— Соппа-соғ дейишди-ку?

— Қани, опачанг билан ула-чи мени.

Жамшид телефон гўшагини кўтариб, рақамларни чаққонлик билан терди. Табиббоши хонасида йўқ экан, уни топиб келгунларича пича фурсат ўтди.

— Холидий деган одам сизга буйруқ берадиган бўлиб қолибдими? — деди Асадбек табиббошининг саломига алик олмай. — Кимнинг қудаси? Шундан қўрқдингми? Биз-чи, биз гўрда эканмизми? Ким у йигит, Анварми, соғмиди? Ҳаддингиздан ошманг. Яна соғлар борми? Холидий-полидийларни-чи… — Асадбек гапни калта қилиб қўя қолди.

Асадбек телефон гўшагини жойига қўймай, ушлаганича ўйга толди. «Куёвнинг дўсти иш бермасмикин», деб саволига жавоб излади. Сўнг бир қарорга келиб, Жамшидга қаради:

— Холидий тузукроқ олиммикин ўзи?

— Билмадим.

— Ким билади? Депутатни топ.

Жамшид ўрнидан турган эди Асадбек қайтариб, телефон гўшагини унга узатди:

— Телефонда топ. Ҳозир керак.

Депутатни топиш осон бўлмади. Топилгач, Асадбек салом-аликсиз саволга тутди:

— Холидийни танийсизми, қанақа олим у?

— Холидийми, — депутат пичинг қилди: — Олим эканми?

— Қанақа олим деяпман?

— Олим эмас у, лўттибоз.

— Қанақа ишлар қилган?

— Ўзбекни босмачига чиқарган шу-да. Ишларини яхши билмайман. Ўтган йили мукофот олган битта китобини кўрганман. «Туркистонда буюк Ўктабр ғалабаси», деганмиди… хуллас, номи шунга ўхшаш. Икки бет ўқиб кўнглим айниб кетган.

— Шогирдлари ким? Душмани ким?

— Душмани мен.

— Китобини ўқимай туриб душманман, дейсизми?

— Унинг китобини ўқиш шартмас.

— Шогирдлари-чи?

— Институтнинг ҳаммаси шогирди.

— Институтда уни ёмон кўрадиганлар йўқми?

— Ким билади, балки бордир. Бўлсаям майдароқ одамлар орасидан чиқади. Йирикларини танийман, унга пахта қўйиб юради ҳаммаси.

Асадбек учун бошқа гапнинг ҳожати йўқ эди. Раҳмат ҳам демай, гўшакни жойига қўйди-да, бир қарорга келиб, ўрнидан турди.

Жамшид «қаёққа?» ҳам демай, унга эргашди. Асадбекнинг хоҳишига кўра Анварнинг уйига қараб жўнашди. Шом қоронғиси чўка бошлаган эди. Эски шаҳарнинг тор кўчалари эриётган қордан балчиқ ҳолига келганидан юриш қийинлашган эди. Жамшид машинани авайлаб ҳайдаб бир дарвоза ёнида тўхтади.

— Қара-чи, ҳали ҳам шу ердамикин? — деди Асадбек.

— Шу ерда бўлса судраб чиқаверайми? — деди Жамшид.

— Мен сенга «қараб кўр», дедим!

Жамшид ортиқча гап айтиб юборганидан изза чекиб, машинадан тез тушди. Одати бўйича қўнғироқ чалмай очиқ дарвозадан ичкари кирди-да, ҳаялламай тез қайтди.

— Уйда ўтиришибди, Анварнинг хотини ошхонада. Пастда онасининг уйи бор. Бошқа ҳеч ким йўқ.

— Сен шу ерда ўтир.

Асадбек шундай деб машинадан тушди. У ҳам ҳовлига ҳеч бир огоҳлантиришсиз кириб борди-да, чироғи ёниб турган уй томон юрди. Ичкари кириб, меҳмонхона эшигини қия очди. Ўртадаги устол устига дастурхон ёзилмаган, китоб-қоғозлар бетартиб сочилиб ётибди. Икки ошна устол атрофида эмас, пастда ўтиришибди. Элчин эшикка орқа қилиб, чордана қуриб олган. Юзини дераза тарафга қаратган Анвар эса мук тушиб бир нарсаларни ўқияпти. Асадбек умри бино бўлиб битта китобни ўқиб чиқмаган. Уни аслида китобга рағбати йўқ, «ишқи йўқ эшшак, дарди йўқ кесак», тоифасидан десак, ҳақиқат юзига оёқ босган бўламиз. Асадбекнинг болалиги ўзингизга қисман бўлса-да маълум. Ёши улғайгач, у юрган кўчаларда китоб ўқилмас эди. Шундай бўлса-да, Асадбек китоб ўқиётганларни кўрса ҳаваси келарди. Юрагида ўқишга иштиёқ уйғонарди. Шунданми, қизининг бетўхтов мутолаасига сира монелик қилмаган. Аксинча, уйни китобга тўлдириб ташлаган. Аниқроғи, бу ишни унча-мунча ўқиб тургучи Чувринди амалга оширган.

Асадбек гап пойлаш учун эмас, йигитларнинг мутолаасини бир зумгина бўлсин, кузатиш учун остона ҳатламади.

Анвар китобни қўйиб, қоғозларни титкилади-да, бир варақни олиб Элчинга қаради:

— Мана бу ерда яхши бир ҳикмат бор: «Хари Исо ба суйи Каъба равад, боз ояд ҳамон хар бошад». Мазмунини тушунмадингми? Исонинг эшаги минг марта Каъбага боргани билан эшаклигича қолаверади.

Элчин кулди.

— Зўр гап, лекин ашулага тушмайди. Ашула бўладиганини топ.

— Ашулага мана буниси бўлар, — Анвар бошқа қоғоз олиб ўқиди:

Ман мўйи хершо на аз он мекунам сиёҳ,

То боз нав жавон шаваму нав кунам гуноҳ.

Чун жомаҳо ба вақти мусибат сиёх кунанд,

Ман мўй аз мусибати пирий кунам сиёҳ…

— Бунинг маъноси зўр, — Анвар қоғоздан бош кўтариб, Элчинга қаради. — Сочимни бўяб қорайтиришдан мақсад қайтадан ёшариб гуноҳ қилиш эмас. Қора тўн мотам рамзи бўлгани сингари, сочимни қорайтиришдан мақсад — ўтиб кетган ёшлигимга мотам тутишдир… Икки байтни айтиб, кейин Замоналига ўхшаб, торингни қўлтиқлаб олиб, мазмунини тушунтирсанг, одамлар қойил қолаверади.

— Бўпти, шу руҳимга мос тушар экан. Консертнинг номини ҳам «Ёшликка тутилган мотам» десам, а?

— Шунақа десанг консертингга биров тушмайди. Консертга одам ақл ўрганаман, деб келмайди. Сен консертингни Турди Фароғийнинг ғазали билан очгин, одамларга ҳозир шунақа гаплар таъсир қилади. Мана эшит:

Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг,

кенглик қилинг,

Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур,

тенглик қилинг…

Асадбек айвонда шарпа сезиб, ўгирилди. Қўлида патнис ушлаган аёлни кўриб, ярим очиқ эшикни аста тақиллатди. Иккала ошна эшик томон баравар қарашди-ю, кутилмаган ташрифдан ажабланиб, бир зум ҳаракатсиз қолишди. Ҳайрат тўрини биринчи бўлиб Анвар узиб чиқди. Чаққон ўрнидан туриб, чақирилмаган меҳмонга пешвоз чиқиб, салом берди. Элчин ҳам ўрнидан туриб, қайнотасига норози қиёфада боқди.

— Ўқишга берилиб, чақирганимни эшитмадинглар, — деди Асадбек остона ҳатлаб, ичкари кириб. Айвондан ўтиб, даҳлиз эшигини очган Хонзода меҳмонхонага кираётган кишини кўриб, тўхтади.

Асадбек палтосини ечиб, стул суянчиғига ташлагунча, Анвар стол устини йиғиштиришга киришди. Бу орада Хонзода ҳам кириб, дастурхон ёзди.

— Келин, сиз ҳеч нарсага овора бўлманг. Мен ҳозир тураман, — деди Асадбек.

— Ҳар куни келиб юрибсизми, ака, — деди Анвар, хотинига ёрдамлаша туриб.

Анвар Асадбекни бугун иккинчи марта кўриши. Дастлаб тўйида кўрган, «одамлар айтгандай даҳшатли эмасга ўхшайди-ку», деб кўнглидан ўтказган эди. Бугун унинг кириб келиши уни бироз шоширди. Асадбек дастурхонга ҳеч нарса қўйдиртирмади.

— Ҳозир ўқиган шеърингизни эшитдим. Кучли ёзилган экан. «Тенглик қилинг, кенглик қилинг», деб. Худди бизга атаб ёзибди. Бир-биримизни бўридай ғажиб юрибмиз-да ҳозир, — деди Асадбек. Очиқ кўнгилда айтилган бу гапни Элчин ўзи томон отилган тошдай билиб, ғижинди. Қайнотасининг рўпарасига ўтириб, хўмрайди.

— Бўридай десангиз, бўрилар хафа бўлармикин, — деди Анвар, дўстидаги ўзгаришни сезмай, — бўрилар аҳил яшашаркан.

— Бу гапингиз ҳам тўғри, — деб кулимсиради Асадбек. — Энди сиз тилчисиз, гапга тўн кийдирворасиз.

— Мен тарихчиман.

— Ҳа, энди тарихчилар ҳам гапга уста бўлишади. Сизнинг… Холидий деган домлангиз бор, а? У муттаҳам ҳали ҳам бутун ўзбекни босмачи деб юрибдими?

Элчин Анварга, Анвар Асадбекка ажабланиб қарашди. Асадбекнинг Анварга ёқиб қолиши учун шу гап ўзи кифоя қилди. Асадбек йўл-йўлакай ўйлаб, мўлжални аниқ нишонга олган эди. Бу гапдан кейин Элчин ҳам бироз юмшади. Асадбек бу гапни тарихчилар ишини муттасил кузатиб юрадиган зиёли одам сифатида айтгани учун ҳам ишонарли чиқди. Унинг депутат билан сўзлашгани, унинг айтганларидан керакли хулоса чиқариб олганини бу икки ошна билмас эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК