МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (59-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Толмас Бадриддинович унинг гапларини жон қулоғи билан эшитаркан, зўр бериб мулоҳаза юритди. Гапларнинг остидан гап қидирди. Шу боис райкомни паришон ҳолда кузатиб қўйди.

Толмас Бадриддиновичнинг қайғуси Ҳайбатулло учун байрам бўлди. «Бу яримта жон энди тамом. Саидга бекор пул берибман. Шундоғам пишиб турган экан. Шошибман, шошибман. Лекин, майли, шу пулнинг кетгиси келибди, кетибди. Бундан бу ёғига харажатнинг ўрнини қоплаб қўйишим керак» деган ўйга борди ва Толмас Бадриддиновичнинг ҳардамхаёллигидан фойдаланиб, райкомга, у билан бирга келганларга обдан хушомад қилди. Қўли кўксида минг эгилиб, таъзим қилиб кузатаркан, райкомнинг: «Толмас Бадриддинович бутунлай оёққа туриб кетгунича, колхозга бош-қош бўлиб туринг», деган гапига: «Хўп бўлади, хўп бўлади», деди. Кейин таъзияхонага қайтиб келиб, кўкрак кериб юрди. Тимирскиланиб юрганларга: «Уни у ёққа ўтказинглар, буни бу ёққа ўтказинглар!» дея буйруқ берган киши бўлди. Бу ҳам бироз жонига теккач, ёнига Шокирни чақирди.

— Молхонага бор-да, катта ҳўкизлардан биттасини сўйиб, гўштини бу ёққа опкел. Одамларга: «Раисникига оборяпман. Раис буюрди», деб айт, — деди Ҳайбатулло.

— Хўжайин, катталарининг ҳаммаси рўйхатда туради. Сўйиб қўйсам, бошимга…

— Эй-й, хумкалла! Қачон сен одам бўласан?! Рўйхатда турса, турибди-да. Айни шуларни сўйгин-да!

— Ҳимм, тушундим. Калла-почасини нима қилайин?

— Уфф! Агар тоғаларинг менга яхши ошна бўлишмаганида, орқангга иккита тепиб, думингни тугардим. Калла-почасиниям шу ерга опкел. Бирдан қозонга бос. Майитни тупроққа қўйганимизга икки соатдан ошиб кетди. Лекин бирортаям қозон қайнатмадинглар. Югур!

Ҳайбатулло кутилмаганда миясига келган фикрдан боши осмонда эди. Ахир шу йўл билан у раисга яна битта зарба берганди-да. Албатта, маккорликни касб этганлигига иймони комил эса-да, ичидагини сақлаб туролмади. Бош бухгалтер Нозим Пардаевнинг ёнига борди.

— Ҳисоб-китоб устасининг оёғи толиб қолмадими? — деди мийиғида кулиб.

— Асти сўраманг. Эрталабдан бери орқам ер искагани йўқ. Биров «Юр, ўтирамиз», демайдиям.

— Мана, биз айтамиз-да. Лекин рўйхатингизга тираб қўйиладиган яна бир нима чиқиб қолди.

— Нимайкан?

— Рўйхатда турадиган ҳўкизлардан биттасини сўйишга буюрибди.

— Йўғ-э, унинг жавобгарлиги катта-ку.

— Шуни айтаман-да. Битта хат қилиб, олдингисига тиркаб юборсак, битта қолипдан чиққандай бўларди-да.

— Лекин сал эрталик қилмасмикан? Ҳар қалай, уйи ёнди, хотини ўлди. Ўғли сал қолса куйиб кетаёзди. Шундай пайтда…

— Нозим ака, темирни қизиғида босиш керак!

— Биламан. Кўнгил бўлмаяпти-да…

Ҳайбатуллонинг қовоғи уйилди. Чўнтагига қўлини тиқди. Беихтиёр сигарета олиб, лабига қистирди. Кейин бурнини тортди.

— Сиз, — деди унинг афт-ангоридаги ўзгаришни кўрган Нозим Пардаев, — бироз шошмай туринг. Ҳеч бўлмаса, бир-икки кун ўтсин, ана ундан кейин…

— Мени ҳовлиқмаликда айбламанг. Мен бугуноқ ёзиб, бугуноқ обориб беринг, деганим йўқ. Шу бир-икки кун ўтсин, деб турибман.

— Мен сизни тушундим. Аммо шу бир-икки кун ҳам оз-да. Кейин бошқачароқ йўл тутилгани маъқулмиди, деб ўйлайман.

Ҳайбатулло бошини сарак-сарак қилди-да, нари кетди. «Маъқул, тўғри гапирдингиз» дегиси келмади. Ваҳоланки, Нозим Пардаевнинг фикри уни қониқтирганди. Ҳақиқатан ҳам, бошқача йўл тутиш керак. Чунки райкомдагилар ҳам бир одамнинг устидан, бир хилдаги иғво ёзилган қоғозларни ёқтираверишмайди. Тўғридан-тўғри бориб, Толмас шундай-шундай иш қилди, дейиш Ҳайбатуллонинг обрўсини тушириб юборади. Бундан чиқди, яхшилаб ўйлаб, бошқача йўл тутиш керак. Аммо нега энди шу бошқача йўл тутиш кераклиги Нозим Пардаевнинг калласидан чиқди. Нега у айтмади? Мана шуниси уни кўпроқ қийнаётган эди.

Агар унинг хаёлига Абдухалил келиб қолмаганида, Ҳайбатулло анчагача ўзини босиб ололмасди. «Ана калит, ана ечим», деди у ўзига ўзи ва идорага кетди. Борибоқ Абдухалилга қўнғироқ қилди. Гўшакни Зарифа кўтарди. Ёшгина қизча овозида бироз нозланиш билан:

— Алло, — деди.

— Мен Ҳайбатулло бўламан, келин, Абдухалил уйдами? — сўради Ҳайбатулло.

— Эй-й, Ҳайбатулло ака, сизмидингиз? Овозингиздан танимабман. Укангиз ишга кетувди…

— Келганидан кейин менга битта телефон қилиб юборсин. Маслаҳатли иш чиқувди.

— Хўп, Ҳайбатулло ака, келиши билан айтаман.

Икки томонда ҳам гўшаклар қўйилди. Зарифа ортига ўгирилди. Қовоғини осилтириб, эрига қаради.

— Эшитдингизми? — деди.

— Эшитдим, ҳаммасинимас.

— Телефон қиларкансиз.

— Нега?

— Мен қаердан билайин?

— Балки, боришим керакдир. У бекордан-бекорга телефон қилсин, демайди. Ишқилиб, қиладиган ишимга тўрт-беш сўм берармикан? Бу ёғи киссаниям чатоғи чиқиб қолди.

— Киссангизнинг қачон чатоғи чиқмаган? Ҳар доим мирзақуруқ бўп юрасиз-ку!

— Бориди, лекин акам…

— Яна шуни эсимга солдингизми? Ўлсин ўша акангиз! Қишлоққа бормайдиган қилиб юборди! Шарманда қилди! Яна акамлайсиз! Бечора Шокир акада нима гуноҳ? Яхшиям, шу келиб, сизни мошинасига ортиб, уйингизга опкетаётувди. Ит! Одам ҳам шунақанги паст бўладими?! Ўзи уруғингизда тузукроғи борми?! Мен аҳмоқ келиб-келиб!..

У гапини давом этказолмади — йиғлаб юборди-да, югурганча ётоқхонага кириб кетди. Дарвоқе, ўша куни…

Ёнгинасида тўхтаган машина капоти устига Абдухалилнинг акаси Пиён номи билан бутун қишлоқда машҳур Бердиқул ўзини отди. Шокирнинг бирдан жони чиқиб кетди. Сакраб машинадан тушди. Бердиқул пиённи роса сўкмоқчи эди, аммо улгурмади. Пиён бирдан унинг ёқасидан олди.

— Сен мараз, укамнинг хотинини қаерга опкетяпсан?! — дея ўкирди ва қулочкашлаб, жағига мушт тушириб юборди.

У шунчаки машинани тўхтатиб, бир-икки сўм ундирмоқчи, кейин шу пулга вино сотиб олмоқчи эди. Қараса, Шокирнинг ёнида келини ўтирибди. Бирдан жони чиқиб кетди. Шокир уни уради деб ўйламаган эди. Шу боис йиқилиб тушди. Бундан Бердиқул руҳланиб, уни тепишга тушиб кетди. Ана шу пайтда келин орага қўшилди.

— Нима қиляпсиз?! — дея қайнакасининг кўйлагидан ушлаб тортди.

— Манжалақи! Сен бу билан нима иш қилиб келяпсан?! — ўкирди Бердиқул ва жувоннинг ҳам юзига тарсаки тортиб юборди.

У ёғи ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Шокир ўрнидан турди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган Пиённинг оч қорнига шунақанги мушт урдики, Бердиқул икки букилди. Шокир кейин сочидан чангаллаб, уни судраганча машинанинг орқа эшиги ёнига оборди. Эшикни очди. Дунё бехабар ухлаётган Абдухалилни кўрсатди.

— Мол! Укангни кўряпсанми?!

Бердиқул ғулдуради. Бир нарсалар деди, лекин айтган гапини на ўзи ва на бошқа биров тушунди.

— Ака-ука пиёнисталар!

Шокир шундай дея Бердиқулга яна бир мушт туширди-да, итариб юборди. Сўнг машинадан Абдухалилни суғуриб олди-да, ерга ётқизиб ташлади. Бу пайтда бақир-чақирни эшитган беш-олти қишлоқнинг одами етиб келган, бўлаётган воқеага аралашмасдан томоша қилиб туришарди. Шокир сўкина-сўкина машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Кейин Зарифа кетди. Юзини кафти билан бекитиб, йиғлаб, қарғаниб югуриб кетди.

Шу куниёқ у шаҳарга жўнади. Абдухалил эса эртасига унинг ортидан борди. Зарифа тўлиб турган экан, қарийб икки соатдан кўпроқ эрининг кўзини очирмади. Айтмаган гапи, қилмаган ҳақорати қолмади. Ҳаттоки: «Мен сен билан яшамайман! Сен билан битта уйда тургандан, битта жойдан нафас олгандан кўра, итга хотин бўлганим минг маротаба афзал!» деди. Абдухалил унга ғинг деёлмади. Деёлмасди ҳам. Ҳаттоки: «Сен Шокир билан мошинада нимани мўлжалловдинг?» деб уни сиқувга олмоқчи эди. Шуниям қилолмади. «Балки, менга шундай туйилгандир. Балки, ўзимнинг ўйимни уларнинг гапи дегандирман. Ҳар қалай, Зарифа куйиб-пишяпти-ку…»

Мана, кечадан бери Зарифа эрига илк маротаба гапирганди. Аммо унинг ўзи акам, деди-ю, қовун тушириб қўйди.

— Менга қаранг! — деди тобора жаҳл отига минаётган Зарифа. — Қачонгача бировларнинг қўлига қараб яшайсиз?! Уялмайсизми бир-икки сўм берармикан дейишга?! Яна шарманда бўп келган қишлоғингизга қайси юз билан борасиз?!

— Биринчидан, мен хизматимга пул оламан. Иккинчидан, қишлоққа бормайман. Тўғри идорага ёки Ҳайбатуллонинг уйига бораман. Ишни битираман-да, дарров орқамга қайтаман.

Зарифа аччиқ кулиб:

— Сизга гап йўқ! Гап йўқ! — деди.

Абдухалил у ёққа ўтди, бу ёққа ўтди, охири яна қадрдон колхозига кетишга қарор қилди. Зарифага ҳам шу маъқулдай эди. Шунинг учун монелик қилмади. Эри чиқиб кетганидан кейин эса (дарвоқе, у илгаригидай эшикни қулфламади) телефоннинг ёнига бориб ўтирди. «Шокир ака, мени кечиринг. Сизни ёмон уятга қўйдим. Агар шунча узоқда туриб, хаёлимни ўқий олсангиз, бугун келасиз. Мен… Мен сизнинг кўнглингизни оламан» дея ўйлади.

 

* * *

 

Саидга яна омад кулиб боқди. У ўтирган жойга биров уни қидириб келолмади. Шундай эса-да, ярим кечагача жойидан қимирламай ўтирди. Совқотди, қорни очқади, лекин ҳеч қаерга кетмади. Ўтираверди-ўтираверди. Осмонни чарақлаган юлдузлар эгаллаб олганидан кейингина секин ўрнидан турди. Тўғри қишлоқнинг ўртасидаги дўконга борди. Бир амаллаб дўкон деразасига ўрнатилган панжарани олиб ташлади-да, ичкарига кирди. Кассани ўмарди. Бир қанча егулик, ичгуликлар, сигарета олди. Кейин секин чиқди. Сўнг пою пиёда район марказига жўнади. Эндигина тонг отиб, қуёш кўтарила бошлаганда, шоҳ бекатга етди. Шаҳарга кетадиган биринчи автобусни ўтказиб юбориб, иккинчисига минди. Чунки биринчисида одам кам эди. У ер-бу ерда автобусни тўхтатиб қолишса, уни ушлаб олишади. Кўпчилик билан кетганингда, кўздан қочиришлари мумкин. Шунга қарамай, у шаҳарга етгунича юрак ҳовучлаб кетди. Ҳатто ойнадан ташқарига қарашга қўрқди. Кўзини чирт юмди-да, пешонасини олдинга ўриндиққа тираб олди. Кўрганлар уни ухлаяпти деб ўйласин, деди. Аммо, ростдан ҳам, ўлгудай уйқуси келаётганди. Бироқ ички ҳадик ухлагани қўймади.

Шаҳарга борганидан кейин эса биринчи дуч келган ошхонага кириб, қорнини тўйғазди. Назарида, хавф ортда қолгандай эди. Шунга қарамасдан, у атрофга олазарак қарар эди. Ҳамма кўзига шубҳали кўриниб кетаверди. Илгари қаердан паноҳ топишни биларди. Бироқ энди у жойга ҳам сиғмайди. Нафақат сиғмайди, кўриб қолишса, уриб ўлдиришади. Чунки ўша рестораннинг хўжайини-ю хизматчиларини чув тушириб кетганди-да.

Борадиган жойи бўлмаганидан кейин у боши оққан томонга кетаверди. Бир неча марта мелисаларга дуч келди. Аммо Саидни уларнинг бирортаси ҳам тўхтатмади, саволга тутмади. Шундан кейин бироз эркинлашган Саид чўнтагига қўлини тиқиб, ғўдайиб кетаверди ва истироҳат боғига бориб қолди. Ним қуёш нури тушиб турган ўриндиқни топиб ўтирди. Ана шу пайт чарчоқ уни енга бошлади. Бирпасда кўзи уйқуга кетиб қолибди. Бир маҳал қизларнинг қиқирлашиб кулгани эшитилди. «Узоқда бўлса керак… Шуларга маза-да, ташвишлари йўқ, маза қилиб юришади» ўйлади у ва эринчоқлик билан кўзини очиб қараса, қўшни ўриндиқда уч қиз музқаймоқ ейишяпти, ора-чора бир-бирларига бир нималарни айтиб, кулишяпти.

Саид сигарета тутатди ва оғриб қолган бўйнини силаркан, миясига келган ўйдан кўзи чақнаб кетди. «Секин шу қизларнинг орқаларидан пойлаб бораман. Мабодо бирортаси ажралса, ўша менинг ўлжам бўлади» дея ўйлаган эди у.

Орадан ярим соатга яқин вақт ўтганидан кейин шўх-шодон қизлар ўринларидан қўзғалишди. Саид ҳам қўзғалди. Ортларидан тушди. Бахтига, қизлар бир бекат ҳам юрмасларидан ажралишди. Иккиси тўғрига, биттаси чап томонга кетди. Ана шу чап томонга қайрилгани, бошқаларига нисбатан новчароғи, сочларини орқасига ёйиб олгани, боя дугоналарига қараганда кўпроқ гапириб, кулгани яна бир-икки марта Саидга қараб қўйгани унинг ўлжаси эди…

 

* * *

 

Маъруф уйига борганидан кейин қотиб ухлаб қолди. Чунки шунча кунлик азоб унинг тинкасини қуритган эди. Туш кўрди. Тун эмиш, у учаётган эмиш. Қандайдир шаҳар тепасида. Чироқлар, қорайиб турган кўп қаватли уйлар кўриниб турармиш. У учиш баландлигига қаноат қилмабди. Яна, яна баландга учибди ва кутилмаганда электр симига дуч келибди. Улар жуда кўп эмиш, ҳар томонга тортиб ташланган. Маъруф тегиб кетмаслик учун бироз пастлабди ва сим тортилмаган жойни топиб, айнан шу ердан тепага учиб ўтибди… Сўнг, сўнг… уй ичида пайдо бўлибди у. Ташқарида уни милиция қидириб келганмиш. Осмонда учгани учун қамаб қўйишармиш. Учишга тегишли жойдан рухсат олмагани учун қонун олдида жавоб бериши шарт экан. У эшик тепасига учиб чиқиб олди. Тўрт нафар милиция ходими олдинма-кейин кириб келишди.

— Алдашибди. Шу ерда ўтирибди, дейишганди, — деди улардан бири.

— Кимдир хабар берган-у, қочишга улгурган, — деди иккинчиси.

— Ота-онасини қўлга оламиз, шунда ўз оёғи билан келади, — деди учинчиси.

— Оёғи билан келмайди, учиб келади. Кўрамиз, камерада қандай учаркан? — деди тўртинчиси.

Кейин тўрталаси бараварига ҳиринглаб кулишди. Кулгилари бирам ёқимсиз, бирам ёқимсиз. Худди ялмоғиз кампирникига ўхшайди.

Маъруф бирдан уйғониб кетди-да, бошини кўтариб, ҳадиксираганча ён-атрофига қаради. Хайрият, туш экан. У кўзини юмди. «Қани энди, ўнгимдаям учсам… Бошқача учардим. Умуман, ерга қайтмасдим. Учиб юрардим осмону фалакда. Мабодо қайтсам ҳам, океанга қайтардим. У ерда одамлар йўқ. Фақат балиқлар яшайди. Йиртқичлариям, мулойимлариям бор. Лекин одамлар йўқ. Қайси балиқлар йиртқичлигини яхши биласан, улардан ўзингни олиб қочиб юрасан. Зўр. Лекин одамларнинг яхши-ёмонини ажратиш шунақанги мушкулки, қандай ўлжага айланганингни сезмай қоласан».

Ташқаридаги ғудинг-ғудинг гап унинг хаёлини бўлиб, ўрнидан туришга мажбур этди.

Ҳаво анча совиб қолгани боис нонушта уйга кўчган эди. Ота-онасининг уйига. Ана шу сабаб оиланинг Маъруфдан бошқа аъзолари ичкарида эдилар. Ана шу сабаб Маъруф ташқарида кимлар гаплашганини билолмади. Биттасининг овози отасиникига ўхшаб кетарди-ю, лекин Норқул ака ҳеч вақт тушуниксиз сўзламаган. Ювиниб, «ғудинг-ғудинг» эгаларини қидирганча атрофга олазарак боққан Маъруф излаганини тополмай, уйга кирди. Уни кўриши билан синглиси дик этиб ўрнидан турди. Сўнг аканинг ёнидан ўтиб, ташқарига йўналди. Маъруф кўрпачага ўтириб, отасининг бир-иккита кесатиқ гапларини эшитганидан кейин синглиси ширчой олиб келиб, дастурхонга — акасининг олдига қўйди.

Ота гапирмади, сингил гапирмади. Маъруф ҳам жим. Фақатгина она шўрлик ора-чора бир нималар дейди. Ота ва болалар орасидаги совуқликка ўзининг ширин сўзлари билан илиқлик киритмоқчи бўлади. Аммо ҳеч нима ўзгармайди. Ота ичида кек сақлаган, ўғил совуқроқ бир нима эшитиб қолишдан чўчийди. Аксига олиб, манави қиз ўлгур ҳам миқ этмайди. Жилла қурса, куйиб-пишаётган энасининг гапини давом эттирмайди. Шу боис Намуна опанинг гаплари узилиб қолаверади.

— Одамлар маккасини ўриб, сўтасини қайириб, уйига тиқиб олди. Бизники турган жойида чирийди. Ё мен ўзим чўлоқ ҳолимда ўришим керак. Бу уйда мендан бошқа эркак йўқ-да, — деди Норқул ака овқатини еб бўлгач, тилининг остига бир чимдим нос ташлаш учун чўнтагидан носқовоғини оларкан.

— Бугун ўраман… — минғирлади Маъруф.

— Йўқ, ўрма. Сен раисникига боришинг керак. Уйи ёниб, бургалари кўчада қопти. Шуларга бошпана қилиб бермасанг, Толмас Бадриддинович хафа бўлади.

У нос отди. Сўнг жаҳл билан фотиҳа ўқиди-да, ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.

— Сен хафа бўлма, — дея ўғлининг кўнглини кўтармоқчи бўлди Намуна опа. — Отангнинг феълини биласан, мана шундай ҳар-ҳар замонда айниб туради.

— Йўқ, эна, отам тўғри айтяпти. Ўқишни битириб, уйга келганимдан бери қўлимни совуқ сувгаям урганим йўқ. Ўроқ қаерда?

— Оғилда, — дея онасининг ўрнига жавоб берди Маҳлиё.

Намуна опа қизига ўқрайиб қаради. Аммо лом-мим демади.

Ҳаш-паш дегунча Маъруф ишга берилиб кетди. Қўли ишда, хаёли дунёнинг ҳар бурчида эди. У кўрган тушини бир неча марта ёдга олди. «Ниманинг аломати экан?» дея ўйлади. Кейин, албатта, район марказидан «Туш таъбири» китобини олиб, ўқиб кўришни кўнглига тугиб қўйди.

Орадан бир ош дамлагулик вақт ўтди. Шунгача йигит бир марта ҳам қаддини ростламабди. Бирпасда томорқасининг хийла жойи ялангликка айланди. Охири унинг бели қотиб қолди ва дам олиш учун ўтирди-да, сўталардан биттасини қайириб олиб, эрмакка донини ситаётганида, шитирлаган товуш эшитилди. Аввалига у бирорта ҳайвон маккапоя орасида юрибдими, деган хаёлга борди. Кейин ит шатир-шутур қиляпти, деб ўйлади. Аммо ҳеч кутилмаганда Маъруфни ҳайрон қолдириб, Наргиза чиқиб келди. Йигит беихтиёр ўрнидан турди-да, унга тикилди.

— Маъруф ака, — деди қиз йигитнинг ёнига етгач, лаби титраб.

Унинг овози фавқулодда бўғилиб қолганди.

— Тинчликми, Наргиз, маккапоя орасида нима қилиб юрибсан?

Қиз гапиролмади. Унинг қизарган кўзи гирдидаги киприклари пирпирарди. Кейин боши ҳам қимирлаб-қимирлаб кетаётганди. Бу ҳол нимадандир далолат. Қандайдир касаллик бошланяпти унда. Дарров дўхтирга кўрсатмаса, иш чатоқ. Бу қиз бир балони бошлайди.

— Ҳозир мен Маҳлиёни чақираман, уйга кириб…

— Йўқ, — дея унинг гапини бўлди Наргиза, — мен… Менга акамдан қасд олишимга ёрдам беринг!

— Нега? — ҳайрати ошди Маъруфнинг.

— У энамнинг қотили! Энамни ўлдирди! Энди ўлдирмасам, бўлмайди! Фақат тезроқ! У бирор ёққа қочиб кетмасин! Сиз шаҳарни яхши биласиз-ку! Шаҳарда ўқигансиз-ку! Уни дарров тополасиз, тўғрими?!

— Ҳа, тўғри, лекин ҳозир сен уйга кетишинг керак. Бир-икки кун ўтсин, ана ундан кейин биргалашиб шаҳарга борамиз, мен сенга уни топиб бераман. Хоҳлаганча қасд оласан.

— Маъруф ака, сизни севганим ҳақи-ҳурмати, вақтни ўтказманг.

Маъруф ортига бир қалқиб кетди. Қизга нисбатан қайғуси ошди. Аммо айни чоғда у Паризодни ҳам эслади. Бир хил ҳолат, бир хил муҳаббат. Танла. Аммо шуни унутмаки, барибир, фожиа юз беради.

 

* * *

 

Эшикдан Тўсиннинг эмас, Ўктамнинг йигитлари кириб келишди. Чўпон пиқирлаб кулди. Қорақурт бақрайиб қолди. Ахир у умрида бирор марта бунақанги аҳволга тушмаганди-да. Тўғри, қалтис вазиятлар бўлган, аммо ўшанда ҳам унинг қўли баландлиги сезилиб турган. Ҳозир эса… Ҳозир у мутлақо чорасиз аҳволда қолди. «Оёғим тортмаганди. Аммо ўзимни мажбурладим. «Бораман-у, яксонини чиқариб келаман», дедим. Бироқ… қанчадан бери мен бу ерда бўлмагандим. Тош-тарози, шароитга эътибор бермабман» хаёлидан ўтказди у жилмайиб.

— Шуларни чапак чалиб чақирганмидинг? — деди ҳамон иржайиб ўтирган Ўктам йигитларни кўрсатиб. — Марҳамат, қандай буйруғинг бор, бемалол беравер. Жон-жон деб бажаришади.

Тўсин дастурхон устидаги шишага қўлини узатди. Пиёлани тўлдириб шайтон сувидан сипқорди. Ана ундан кейин лаб-лунжини артиб:

— Мени туширдим, ўтдай туширдим, дедингми? Шунинг учун иржайиб-тиржайяпсанми? — деди.

— Сенда ақл борлигига гумон қилгандим. Ақлинг бўлганида, бошқа жойларда ҳали унинг, ҳали бунинг орқасидан кесак олиб юрмасдан шу ернинг ўзида обрў деган нарсадан бир ҳовуч топган бўлардинг.

— Гапни кўпайтирма! Ҳар ким ўзига аталган жойда кўкаради! Ўлдирмоқчимисан, ўлдир! Манави лайчаларингнинг олдида бодилик қилиб, ўзингни осмон чоғлама!

— Мен сени ўлдирмайман. Ҳозирча ўлдиришимга лойиқмассан. Итваччаларинг бир ёқли бўлди. Қара, шуларнинг ҳам обрўлари бор экан… Хизматимни қиласан!

Ўктам қўлларини мушт қилиб, кўзини олайтирди. Худди ана шу маҳал эшик ёнидаги шотирлари ўзаро кўз уриштириб олишди. «Шефни танлашда адашмаган эканмиз. Бир чўқишда ҳар қандайини қочиради» деган маъно бор эди бу қарашларда.

— Даҳшат! Шунчаки даҳшат! Бундай дейсан деб сира ўйламаган эдим. Лекин сен жуда қаттиқ адашдинг. Агар ҳозир имкониятинг борида пешонамдан дарча очмасанг, кейин афсусланасан. Чунки сени соғ қўймайман! Билсанг, менинг қўлимга тушган одамлар жаҳаннам азобини тортади.

— Шунинг учун сени ўлдирмайман-да. Қани, битта-битта олайлик, ана ундан кейин ресторанга борамиз. Мен бир жойга буюртма бериб қўйибман. Маишат қиламиз. Аслида, сени меҳмон қилмоқчийдим. Қарасам, авзойинг бошқача, ўз хоҳишинг билан келмайсан. Шунинг учун гарчи хафа бўлсанг ҳам, шундай йўл тутишга мажбур бўлдим.

Тўсин ичида ижирғанди. Биладики, бу ярамас Чўпондан яхшилик чиқмайди. Аммо у нимани режалаштиряпти? «Ресторанда бало борми? Балки, ресторан деб бутунлай бошқа ёққа олиб борар… Балки, у аввал менинг бойликларимга эга чиқиб, ана ундан кейин гумдон қилар… Аммо мен ҳам қўл қовуштириб ўтирмайман. Биринчи имконият бўлганидаёқ жуфтакни ростлайман, ана ундан сўнг бу Чўпоннинг суробини тўғрилайман.

— Нега жимиб қолдинг? Ё ишрат ҳақини тўлатади деб ўйлаяпсанми? — сўради тусини ўзгартирмаган Ўктам.

— Башарти шундай бўлса-чи? Биттагина товуқ оёғининг нархи бир-икки отар қўйники билан тенг бўлса-чи?

— Агар шунақа бўлса, иложинг қанча, тўлайсан, аввал манавини ол, — деб Ўктам унинг қўлига пиёлани тутқазди.

Ўктам ёлғон гапирмаган экан, уни, ҳақиқатан ҳам, ресторанга олиб борди. Фақат бу ресторан шаҳар ташқарисидаги тепаликка қурилган эди. Яна унинг ёнида йўловчи ташувчи самолётнинг макети ҳам бор. Тўсин уни илгари бир неча марта кўрганди. Бироқ сира ёнига келмаган экан. Бу ердаги ресторанни эса… эслаёлмади. Демак, бирор марта ҳам бу ресторанда овқатланмаган. Бундан чиқди, арзанда емакхона яқинда очилган.

Майин мусиқа янграётган экан. Икки нафар сариқ сочли, елкаси очиқ, калта кўйлакли қиз шунга монанд хиргойи қиляпти. Аммо бирорта ҳам хўранда йўқ. Беш-олтита столлар устида ювуқсиз идиш, шиша турибди. Шунинг ўзиёқ буюртма олдиндан режалаштирилмаганидан далолат беради. Тўсин қачон, қандай қилиб Ўктам шу ерга келишни ихтиёр этгани билан қизиқиб ҳам ўтирмади. Унинг бутун ўй-хаёлини «Ярамас Чўпон нима қилмоқчи?» деган ўй эгаллаб олган эди.

Ўктам энг тўрдаги столга бошлади. Улар ўтириши билан шўх мусиқа янграй бошлади. Бу Ўктамга ёқмади. У қўлини юқорига кўтариб, чолғучиларни тўхтатди. Кейин «йўқолинглар» дегандай ишора қилди ва хизматчига энг аввал ароқ олиб келишни буюрди. Унинг буюртмаси кўз очиб юмгунча адо этилди.

— Гаплашиб олайлик, — деди ундан кўзини узмай ўтирган Тўсин, — ҳаммаси кейин бўлади.

— Гаплашадиган гапнинг ўзи йўқ. Мен сени меҳмон қилмоқчиман, тамом-вассалом.

— Меҳмон қилдинг, етарли.

— Йўқ, униси ўтмайди. Бу ерларнинг эгаси мен бўламан. Тушундингми, мен. Шундай экан, кимки келса, дастурхон ёзиб, меҳмон қиламан.

— «Хўжайинман! Сен меҳмонсан. Бошқача бўлиши мумкин эмас», демоқчисан. Қолган нарсаларниям тушундим.

— Тушунган бўлсангиз, ҳурматли узоқдан келган меҳмон, босиб ўтиринг, — деди Ўктам иржайиб ва бошини кўтарди-да, қўшиб қўйди: — Нимага қараб турибсанлар? Бошланглар, анчадан бери маишат нималигини билмасдим. Бугун Тўсин баҳона би-ир кайф-сафо қилайлик.

Дарров мусиқа янгради, хизматчилар югуриб қолишди. Кўз очиб юмгунча столнинг усти нафсни қондирувчи егулик ва ичкиликлар билан тўлиб-тошди. Тўсин ҳеч нимани ўйламай қўйди: «Беришяпти экан, ейман, уришса, унгаям елкамни тутиб бераман. У ёғига нима бўлиши ёлғиз Худога аён».

Кўп ўтмай, ресторанга тунги капалаклар учиб келишди. Аввалига ўртада роса рақс тушишди. Кейин айшу ишрат қилгувчилар ёнида пайдо бўлиб, ҳали унисига, ҳали бунисига суйкала бошлашди. Бир қарашда, ҳақиқатан ҳам, Ўктам Тўсинни чин кўнгилдан, астойдил меҳмон қилаётганга ўхшарди. Аслида, у ўзи Қорақурт деб атайдиган одамга кимлигини кўрсатиб қўймоқчи, ана ундан кейин гапига кириб хизматига ўтишга рози бўлса, фойдаланмоқчи, йўқса, ўлдириб юбормоқчи эди.

— Пулинг борми?! — деди капалаклардан кўзини узмай завқланиб ўтирган Ўктам. — Бўлса, мана мундай қилиб қўй.

Капалакларнинг ҳар бирининг сийнабандига Ўктам эллик сўмдан тиқиб қўйди.

Тўсин сира ўзи билан пул олиб юрмасди. Бари шотирларида бўларди. Энди шотирлар йўқ. Демак, пуллар ҳам.

Ўктам хохолаб кулди.

— Эй, мирза қуруқ! — деди ҳайқириб ва яна биттадан элликталикни олдингиларининг ёнига териб қўйди.

Тўсин мулзам тортди. Зеро, одамни ерга уриш, устидан кулишнинг айни дақиқада бундан зўр усули йўқ эди.

— Майнавозчилик қилма, сен атайлабдан ерга уряпсан! Ундан кўра ўлдир мени! — қичқирди у.

— Улгурасан. Улгурасан. Ҳали бор. Ҳали маишат қил! Бу ердан чиқиб, саунага борамиз! Яхшилаб терласанг, ҳаммаси чиқиб кетади! Хо-хо-хо!

Тўсин бошини эгди. Қўлини мушт қилди. Бир хаёл стол устидаги санчқини олиб, аввал манави ярамас Чўпоннинг кекирдагига, сўнг ўзиникига тиқишни ўйлади. Кейин бу фикрдан қайтди. Чунки энди ўладиган бўлса, армонда кетади. Гўридаям тинч ётолмайди. Қасдини олади, ана ундан сўнг у ёғи нима бўлса бўлади.

У кутилмаганда ўрнидан сапчиб турди ва капалаклардан бирининг белидан қучди-да, рақсга туша бошлади. Буни кўрган Ўктам қарсак чалиб юборди.

— Ўзингга келяпсан, Қорақурт! — дея ўкирди.

«Сен ҳам ҳализамон ўзингга келиб қоласан, ит! Мен ҳам шундай масхара қилайинки, туғилганингга пушаймон е! Мана шу қучоқлаб турганим сассиқ сувини оғзингга қуяди», хаёлидан ўтказди у ва ҳайқирди:

— Тур, ўйна, маишат қил! Саунагача тетиклашиб ол! Бўлмаса, бир қоп гўшт бўлиб қоласан!

— Мендан хавотир олма! — деди унга жавобан Ўктам ва шотирларидан бирини ёнига чақирди-да, қулоғига шивирлади.

«Бу ит яна ниманидир бошлайдиганга ўхшайди. Ўлдириш ҳам бир ҳисобдан қасд олишга киради. Агар ҳозир кўнглимдаги ишни қилмасам, кейин бунақанги имконият бўлмаслиги мумкин» хаёлидан ўтказди Тўсин ва капалакни қаттиқроқ қучганди, қиз инграб юборди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...