АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (19-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Ярим соат шу қадар секин ўтгандек туюлдики, гўё шунча вақт игна устида ўтиргандек бўлдим. Ўзим эмас, Наргизанинг тўсатдан дод сола бошлашидан қўрқардим. Касалхонада бўлишимизга қарамай, бу аянчли ҳайқириқлардан юрак олдириб қўйганим сўнгги паллада кўпроқ сезиларди.

Ниҳоят бизнинг навбатимиз етиб биргаликда ичкарига кирдик. Тўрда олтмиш ёшлар атрофидаги жиккаккина врач ўтирар, ёнидаги стол қаршисида ёшамол ҳамшираси нималарнидир ёзиш билан овора эди.

— Келинглар, — врач бизни очиқ чеҳра билан қарши олди ва ўтириш учун жой кўрсатди. Ўзи эса кўзойнагини тақиб Наргизанинг тепасига келди.

— Хўш, қизим, нима бўлди? — сўради мулойимлик билан. — Қаеринг оғрияпти?

Наргиза гапира оладиган аҳволда эмасди. Ўрнига мен жавоб бердим.

— Чап сийнаси, — дедим овозимни ҳийла пасайтириб. — Оғриқ кучайиб кетди. Қаттиқ азобланаяпти.

— Қани, кўрсат-чи! — буюрди врач. — Тортинма, мен кўришим керак.

Наргиза уяла-уяла касалланган ерини кўрсатди. Врач синчиклаб кузатган бўлди-да, ортга тисланди.

— Бўлди, сен чиқавер! Ука, сен қол! Гаплашиб олишимиз керак.

Бу гапни эшитдим-у, ичимга муз югурди. Вужудимда титроқ турди. Наргизани авайлаб йўлакка олиб чиқиб курсига ўтқазгач, кабинетга қайтиб врачга савол назари билан боқдим.

— Оғриқ қачон бошланганди? — сўради врач қовоғини уйиб.

— Бир ҳафта бўлди. Бирдан дод сола бошлади.

— Иним, адашмасам сиз беморнинг турмуш ўртоғига ўхшайсиз. Шундайми?

— Ҳа, шундай.

— Унда эшитинг. Хотинингиз рак бўлибди. Афсуски, касаллик сўнгги паллага кириб бўлган. Операция қилган тақдиримиздаям, кўтаролмайди. Энди ука, беморга бир укол ёзиб бераман. Укол рўйхатда туради. Текин. Оғриқни қолдириб, ухлатади. Нимаям қилардингиз? Борган еригача шу уколминан амаллаб турасиз-да!.. Фақат беморга чурқ этманг. Тилингизни тийинг.

Йўқ, врачнинг сўнгги сўзлари қулоғимга кирмасди. Шу қадар карахтланиб қолгандимки, миям ишламас, жуссам ўзимга бўйсунмаган каби тош қотганди.

Бир неча дақиқа ичида хаёлнинг не кўчаларига кириб чиқмадим. Бўғзимга тиқила бошлаган ҳайқириқ нафас олишга қўймай нуқул ҳансирардим.

Эй Яратган эгам! Аввалги шижоатим, журъатим, меҳрим, ҳаловатим, ҳайратим қайга ғойиб бўлди? Нега ҳеч нарсани ҳис этмаяпман? Ўзим кимман? Бу хонада нима қилиб турибман? Тошга айланган бўлсам, нима учун қулаб тушмаяпман? Кимдан мурувват излаяпман ўзим?..

Дарвоқе, Наргиза қаерда? Нима сабабдан менинг олдимда эмас?.. Тўхта, у касал, ҳа, оғир хаста меҳрибоним! Унга қарашим, парваришлашим, ҳолидан хабар олиб туришим лозим эмасми? Нима қилиб қимир этмай турибман? Ташқарига чопсам, Наргизимни қучсам бўлмайдими? У эътиборга муҳтож. Муҳаббатимга ташна. Шошилишим керак. Маҳтал қилиб қўймаслигим зарур.

Шундай дердим-у, қимир эта олмасдим. Лабларим қуруқшаб, бир врачга, бир ҳамширага жавдирардим.

— Ўзингизни қўлга олинг, ука! — Мен врачнинг турткисидан сесканиб кетдим. Шундагина тасаввурларим уйғониб, дунёни янгитдан идрок эта бошладим.

— Мана бу дори рецепти, — давом этди врач. — Келинга шунчаки оғриқ қолдирувчи дори деб айтинг. Юрагида шубҳа уйғотиб қўйманг. Кейин… Йигит киши сал ўзини қўлга олади, бардам бўлади. Тушунаман, бу оғир савдо. Лекин бирдан тушкунликка тушиб кетишингиз яхши эмас. Худо билади, балки шу дори баҳона тузалиб кетар. Ажабмасийди шундай бўлса. Омадингизни берсин!..

 

* * *

 

Бўшашганча йўлакка чиқдим. Жуда қўрқардим. Билиб-билмай Наргизага врач айтган сирларни ошкор этиб қўйишдан чўчирдим. «Мана, ҳозир беихтиёр қовоқ уйиб ёки оғир хўрсиниб қўяман-у, у гумонсирай бошлайди. Мени сиқувга олиб ҳақиқатни айтишга мажбур этади» деган ўй миямни кемирарди.

Бундай бўлмади. Наргиза кўксига кафтини босганча беҳис ўтирарди.

Менга кўзи тушиб истамайгина ўрнидан қўзғалди ва қўлтиғимга кирди.

— Ҳа, намунча узоқ қолиб кетдингиз? — сўради йўл-йўлакай.

Гап оҳангида хавотир сезилмаётганига амин бўлдим. Демак, ҳеч нарса билан қизиқаётгани йўқ.

Тўхтаб, икки юзини кафтларим орасига олдим-да, зўрма зўраки жилмайдим.

— Врач жуда сергап одам экан, — дедим ичимда кўтарилиб келаётган ғалаённи аранг босиб. — Оғриқ қолдирувчи доридан қандай фойдаланишни бир соат тушунтирди ўзиям.

— Қанақа дори экан ўзи? — сўради Наргиза ҳануз синиқ овозда. — Оғриқларимни йўқ қилармикан?

— Ҳа-да, оғриқ қолдириб, сизни ухлатаркан. Мана, энди яхши бўлади.

— Рак дегандир ҳойнаҳой? Яширмай айтаверинг!

Шундай деб Наргиза кўзларимга аламли нигоҳларини тикди. Бунга хотиржам қараб туришнинг имкони йўқ эди. Бир муддат ғўлдираб қолдим.

— Гапиринг! — баттарроқ қистовга ола бошлади у. — Нима экан? Ракми?..

Тағин мажбуран кулимсирашга мажбур бўлдим.

— Индамаётганимнинг сабабини айтайми? Ҳайрон қоласиз.

— Айтинг! — деди Наргиза тоқатсизланиб. — Илтимос, бўла қолинг!

— Опангиз ҳақ экан. — бу гапни ўз оғзимдан суғуриб олгандек бўлдим. — Сиз рак эмассиз. Дўхтир «эскича»дан бўлиши мумкин деди. Мана шу укол кучли экан, тузатаркан.

Наргиза аввалига индамади. Тескари ўгирилиб бир-икки инграниб олгандан сўнг қайтадан менга юзланиб, эшитилар-эшитилмас ғудраниб қўйди:

— Эскичасиям жувонмарг бўлсин, илойим!

 

* * *

 

Дунёнинг мўъжизаси кўп экан. Яқиндагина одам боласи чидаб тура олмайдиган даражада ҳайқириб, дод солган Наргиза битта уколдан сўнг тинчиди-қолди.

Дарддан фориғ қилганимдан мамнунлиги шундоқ кўз қарашларидан сезилиб турди. Дард нари чекинган кезларда ўзича менга атаб муҳаббат ҳақида шеърлар ўқийдиган, чарчаган маҳали елкамга бош қўйганча ухлайдиган бўлди.

Унинг жони ором ола бошлаганини, қувноқ лаҳзаларга ошно бўлаётганини, майин жилмайишлари, илгаригидек ҳазиллашиб «домлажон» дея эркалашларини кўриб севинардим. Табиатан унутувчанлигим сабаблими, Наргизанинг чеҳраси очилганини кўргач, Олим акага бўлган нафратим, алданиш аламлари ёдимдан кўтарилгандек эди. Жуфтимдан айланиб-ўргилиб, унга меҳр кўрсатиб чарчамасдим.

Шундай кунларнинг бирида квартира эшиги безовта тақиллади. Наргиза каравотда ўтирганча Навоий ғазалларини мутолаа қилар, қур-қур китобдан бошини кўтариб, менга эркаланганнамо кулиб қўярди.

Эшик тақиллаши уни бирдан ҳушёр торттириб, шоша-пиша қўлидаги китобни ёстиқ орасига беркитди ва ўринга чўзилди.

— Илтимос, бориб эшикни очинг, — шивирлади Наргиза ранги оқаринқираб. — Опам келди. Тезроқ бўлинг!..

Мен ҳам юрагим увишиб йўлакка чиқдим-да, ташқари эшикни очдим.

Ҳақиқатан Соҳиба опа экан. Мен билан саломлашди-ю, қўлидаги пакетни қўлимга тутқазиб, Наргиза ётган хонага ўтди.

— Вой, опошмисан? — каравотнинг бир четига ўтириб синглисини қучди Соҳиба опа. — Ҳеч қаеринг оғримаяптими?

Наргиза боши билан «йўқ» ишорасини қилди ва менга сирли кўз ташлаб қўйди.

— Хайрият, табибнинг куф-суфлари кор қипти, — деди Соҳиба опа менга ғалатомуз қараш қилган бўлиб. — Айтгандим-ку сенга! Сенга илми-аъмал қилган ўша пес келин. Мана, дуолар кучини кўрсатибди. Мен бугуноқ тағин чақираман ўша табиб йигитни. Бостириб-бостириб ўқитворамиз. Кўрмагандай бўп кетасан.

— Керакмас ўша табибингиз, — Наргиза менга бир кўз қисиб қўйди-да, бошини эгди. — Куёвингиздан қўймасин!

— Нима? — Соҳиба опа беихтиёр сергакланиб мен томон юзланди. — Нима бўлди ўзи? Куёвим нима каромат кўрсатди? Мундай тушунтириброқ гапирсанг-чи, Наргиз?

Наргиза инқиллаб ўрнидан қўзғалди ва «айтсамми, айтмасамми» дегандек бир муддат иккиланиб қолди. Бироқ Соҳиба опа ўй суришга қўядиган ҳолда эмасди.

— Нима бало? Икковларингам мум тишлаб олганмисизлар? Нима гап?

— Биз… Дўхтирга бордик, — деди ниҳоят Наргиза. — Профессор зўр укол ёзиб берди.

— Нима?.. Нима дединг? Яна бир қайтар!

— Менга укол ёзиб беришди деяпман.

Соҳиба опа бу хабарни эшитиб безовталаниб қолди. Менга бир ўқрайиб олди-да, хонани бир неча марта асабий айланиб чиққан бўлиб, яна мен томон ўгирилди.

— Раҳмат, сизга, куёв, минг раҳмат! — дея бақирди киноя аралаш. — Синглимни олиб бердим, тўйингизни ўтказиб бердим, кўчада қолдирмадим. Бу менга билдирган ташаккурингиз-да-а? «Сенам одаммидинг» деганингизда-а бу?..

— М-мен нима қилдим? — елка қисдим гарчи қайнсинглимнинг миннатлари юрагимга тиғдек санчилган бўлса-да, ўзимни босиб. — Мен… Синглингизни оғриқлардан халос қилдим холос.

— Синглим ракма-ас! — энди бор овозда қичқирди Соҳиба опа. — Эшитаяпсизми, ракма-ас!.. Нимага дўхтирма дўхтир судрайсиз уни?

— Опа, куёвингизда айб йўқ, — орага тушди Наргиза ўтирган ерида. — Нимага уни уришаяпсиз? Мен илтимос қилдим дўхтирга оборинг деб!

— Ҳали…

Соҳиба опани кутилмаганда титроқ тутди. Ранги бўзариб, нима қилишни билмай қолди. Гоҳ синглисига, гоҳ менга нафрат аралаш нигоҳ ташлади. Ўзини хотиржам тутишга куч топа олмай, бошини чангаллаганча полга ўтириб қолди.

Шу аҳволда бир неча дақиқа сукут сақлагач, даст ўрнидан туриб қўлига рўмолини илди ва сўнгги бор иккаламизга ғазабнок тикилиб туриб «Бу кунингдан баттар бўлларинг» дея аламли шивирлади-ю, йўлакка чопди.

Афсуски, қайнсинглимнинг бу қилиғи Наргизага оғир ботганди. Анча вақтгача ўксиниб йиғлади. Қанча юпатишга уринмай, фойдаси бўлмади. Қўл чўздим дегунча мени силтаб ташлаб йиғлайверди. Шу орада дорининг кучи кетдими, йиғи дод-войга уланди. Энди зудлик билан навбатдаги уколни қилмасам бўлмасди.

 

* * *

 

… Орадан икки ой вақт ўтди. Борган сари укол таъсири сустлашиб борар, поликлиникадан дори ташиб улгурмасдим.

Соҳиба опа ҳам ўз билганидан қолмади. Икки ой ичида ҳар ҳафта турли табибларни етаклаб келиб, дам солдираверди. Лекин фойдаси сезилмасди. Наргиза ҳолдан тойди. Ранги оқаринқираб, бўлар-бўлмасга инжиқланадиган, оғриқлар бошланганда ҳеч кимни яқинига йўлатмайдиган бўлиб қолди.

Квартира унинг опа-сингиллари, жиянлари билан тўлганди. Қайсидир бири Наргиза ёқтирган овқатни пишириб, оғзига тутишга уринар, кимдир кир ювиш, хоналарни супур-сидир қилиш билан банд эди.

Сезишарди. Наргизанинг аҳволи, қисмати барчаларини ҳушёр торттириб бўлганди. Ҳадеганда ўзаро пичир-пичир ҳам қилиб олишарди.

Кунларнинг бирида ана шундай пичир-пичирлардан бири қулоғимга чалинди-ю, жоним қақшаб кетди…

Ўша куни Наргиза одатдагидан қаттиқроқ қичқириб йиғлай бошлади. Ҳаммамиз оёққа турдик. Кимдир уни қучиб овутишга уринди, яна кимдир янги дока қидиришга тушди.

Наргиза эса опаларининг ёлворишларига қулоқ осмасди. Куйиб-пишиб йиғлаганча хонани айланарди.

Уйдаги бақир-чақирлар худди азага ўхшарди. Ҳеч ким бир-бирига эътибор қилмас, қандай бўлмасин Наргизани тинчлантириш пайида эди.

Хайрият, бир соатча ўтиб Наргиза чарчадими, ё оғриқлар пасанда бўлдими, бўшашган кўйи каравотга ёнбошлади-да, пинакка кетди.

Шундан кейингина кўзларим мошдек очилиб, хотиржам тортдим ва «Энди нима қиламиз? дегандек Соҳиба опага боқдим.

— Жонимгаям тегиб кетди! — деди Соҳиба опа терс ўгирилиб. — Қачон ўларкин шу? Шунча одамни қийнашига бало борми?

Бу гапни эшитиб тургани еримда тош қотдим. Кутмагандим. Ахир… Опаси… Туғишган опасининг қандай тили борди? Нега ундай деди? Боягина меҳрибончилик қилиб ётганди-ку! Кўзига ёш олганини ўзим кўрдим-ку! Ёлғонмиди?

Шу кунга қадар қанча кўргиликлар бошимга тушган бўлса-да, бугунчалик азобда, аросатда қолмагандим.

Бошимга биров гурзи билан ургандек тарс ёрилаёзди. Хаёлларим, тасаввурларим чалкашди. Лабларим қуруқшаб, билинар-билинмас тамшана бошлаганимни ҳис этдим.

Тўғри, мен бу гал ҳам алдандим. Алдансам-да, Наргизадан ёмонлик кўрмадим-ку! У қурби етганича менга меҳрини бағишлади. Озми-кўпми менга ёстиқдош бўлди. Унга нисбатан қалбимда илиқлик туйдим. Кечгача кўрмасам, соғинадиган, хавотирланадиган бўлдим. Кўзларимиз, нигоҳларимиз тўқнаш келганда хотиржам тортдим. У пиширган мазали овқатларни мақтаб-мақтаб тановул қилдим. Унга нечталаб шеърлар бағишладим. Шеърларимни ўқиб кўзига ёш тўлганда қўшилиб йиғладим. Узундан узун кечаларда бир-биримизга суянчиқ бўлдик. Бир-биримизга ҳеч қачон хиёнат қилмасликка сўз бердик. Биз ана шундай тотли лаҳзаларни биргаликда кечирдик.

Йўқ, мен бундай ҳақоратни кўтара олмасдим. Наргизага ўлим тилашларига чидаб туролмасдим.

— Сиз қанақа жигарсиз, опа! — дедим ғазабимни жиловлай олмай. — Одам ўз синглисига ўлим тилайдими ҳеч замонда? Виждонингиз борми?

Соҳиба опа кутилмаган муомаламни эшитиб турган ерида қотиб қолди. Ранги бўзариб, лаблари асабий титради. Пешонасида маржон терлар пайдо бўлди. Бир менга, бир ёнидаги сингиллари, сал нарида турган Олим акага жавдиради. Сўнгра овозининг борича қичқирди:

— Мен унақа деганим йў-ўқ!.. Синглимни ўлсин деганим йў-ўқ! Йўқо-ол сиғинди, йўқол! Уйни бўшатиб қўй!

Шубҳасиз, сингиллар ҳам айни чоғда менга нафратли нигоҳ ташлашар, баъзилари «ким бўлибсанки, бақирасан?» дегандек лаб буриб қўйишарди.

Фақат Олим акагина хотинига яқин келиб нари тортган бўлди.

— Бу нима қилганинг, Соҳиба? Куёвгаям шунақа муомала қиладими? Тинчлан! Ўзимиз гаплашволамиз! Қани, балконга чиқ-чи! Юрақол!

Соҳиба опа кичик синглиси Сарвиноз билан бирга балконга чиқиб кетгач, Олим ака мени ташқарига етаклади.

— Қодирбой, юринг, бир шамоллаб келайлик!

 

* * *

 

Ташқари жуда салқин бўлишига қарамай, биз подъезд рўпарасидаги ўриндиққа чўкдик. Олим ака дарров уф тортганча чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди. Афтидан гапни нимадан бошлашни билмай ҳалак эди. Сукутга толган кўйи бир неча дақиқа ўтириб қолдик.

Олим ака сигаретини чекиб бўлгач, ниҳоят бошини кўтармаган ҳолда сўз бошлади.

— Ука, Соҳиба опангдан хафа бўлма, — деди у. — Феъли шунақа. Тутган еридан кессам дейди. Аёллар шунақа бўлади-да энди! Нимаям қилардик. Чидаймиз.

— Йўқ, мен бундай ҳақоратга чидай олмайман, — дедим қатъийлик билан. — Туғишган синглисигаям ўлим тилайдими? Ақл-фаросати жойидами ўзи?.. Тўғри, мен у кишининг наздида ҳеч киммасдирман. Лекин бу гапни эшитиб кўксимга пичоқ санчилгандек бўлди.. Майли, кетиш керак экан, кетавераман. Қўрқадиган ерим йўқ.

— Бекорларни айтибсан, — жеркиб берди Олим ака. — Сал ўзингни босвол-да, ука! Оила қуриш осон ишмас. Ўнқир-чўнқир йўллари бўлади, керак бўлса жарликларга дуч келасан. Шулардан ўта олсанг, ўшандагина ҳақиқий бахтга эришасан. Ўйлайсанки, менга енгил кечаяптими? Ҳечам-да! Соҳиба опангнинг феъл-атворига илонлар пўст ташлайди. Ҳали сен мингдан бириниям кўрганинг йўқ. Аммо шу аёл билан йигирма йилдан бери яшаб келаяпман. Ўлиб қолмадим-ку!

— Мен сиз эмасман, Олим ака. Шундоғам ҳаётда кўп аламлар тортдим. Буям майлийди, бўлиб ўтган ишларни юзимга солишлари ўтиб тушди. Қўйинг, Наргизага тинчлик керак ҳозир. Мени деб баттар азобланмасин. Яхшиси, кета қолай. Соҳиба опа шуни хоҳлаяпти.

Шу пайт юқори қаватдаги деразаларадн бири шарақлаб очилиб, Наргизанинг ингранган товуши янгради.

— Қодир ака! Қаердасиз? Киринг уйга! Мен ёмон бўлаяпман! Киринг тезроқ! Ўлиб қоламан ҳозир! Ҳеч бўлмаса ўлигимни кўриб қолинг! Киринг!

Бу товуш, дардли оҳанг борлиғимни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Суюкли инсондан айрилиш, ғазаб, меҳр, алам… Ҳаммаси бир зумда қоришиб кетди.

Қандай ўрнимдан сакраб турганимни, юқори қаватга чопганимни билмай қолдим…

Эҳ, Наргиза, мени нималар қилиб қўйдинг? Овозингни эшитдим дегунча дунёни унутиб қўймоқдаман. Алданиш-у, турфа ҳақоратларга кўз юмиб ҳузурингга талпина бошладим. Бу қандай қудрат ўзи? Сендан ростакамига айрилиб қолсам, нима қиларканман? Қандай аҳволга тушарканман? Тириклигим, тўрт мучам соғлиғи, шукроналикка йўғрилган туйғулар мени юпата олармикан? Йўқ, сендан айрилиш дўзахдан баттар кечади. Дунёда мени тик оёқда ушлаб турган ёлғиз ўзингсан. Кошкийди мўъжиза юз берса-ю, дардларинг бир неча дақиқа ичида ариб битса. Барча тортган азобларимиз оддий бир тушга айланиб қолса. Қанийди, қанийди…

 

* * *

 

Мана, йил айланиб тағин баҳор юз кўрсатди. Квартира деразасигача эгилиб тушган улкан дарахт ҳам куртак ёзиб, теварак қалдирғочларнинг чуғур-чуғурига тўлди. Очиқ ойнадан баҳор нафаси уфуриб, хоналарни чулғади. Бироқ буларнинг ҳеч бири кўнглимга сиғмайди. Наргиза тобора оғирлашиб бораяпти. Дори ҳам кейинги кунларда таъсир қилмаётгандек. Уколдан сўнг беш дақиқа тинчланган бўлади-ю, қайтадан инграй бошлайди. Иштаҳаси ҳам вақт ўтган сари йўқолиб бораяпти. Тез-тез сув сўрайди. Чўпдек озиб кетди бечорагинам.

Мен хона деразаларини маҳкам ёпдим-да, Наргиза томон ўгирилдим. У каравотда чўнқайиб ўтирганча пинакка кетганди. Ҳа, кейинги кунларда фақат ўтириб ухлайдиган одат чиқарди. Ётса, бадани симиллаб оғрирмиш.

Секин каравотга яқинлашиб тепасига энгашдим. Эсиз, яқиндагина юзлари тўлишган, икки ёноғи қип-қизил эди. Озиб, лунжи ҳам осилиб тушаёзибди.

Наҳотки, унинг сўниб бораётганини энди сезган бўлсам?.. Қандай даҳшат? Шу кунга қадар рўмол ўраб юргани сабабми, пайқамаган эканман. Бугун бош яланг ҳолда кўрдим-у, қўрқиб кетдим. Кеча ҳам шундаймиди? Ё бирдан бошландими? Бошини яра босибди. Сочлари тўкилиб туша бошлабди.

Шу пайтгача кўзим қаёқдайди? Нега бирор марта бўлсин рўмолини ечиб кўрмадим? Ахир, бирор малҳам суриш керак-ку! Ўзи қандай чидаётган экан?

Даст ўрнимдан турдим-у, йўлакка чиқдим. Соҳиба опа супур-сидир қилаётган экан. Менга кўзи тушиб лаб буриб олган бўлди-да, супуришда давом этди.

Нима қилсам бўлади? Қайдан топай ўша малҳамни? Топганимдаям ёрдами тегадими-йўқми? Тўхта, дўхтир нима деганди? Узоғиминан олти ой яшайди деганди. Энди нима бўлади? Наргиза ростдан ўлиб қоладими?

Юрак ютиб Соҳиба опага айтмоқчи бўлдим. Бир неча марта сўз бошлашга чоғландим. Барибир уддасидан чиқа олмадим. Биламан, бу аёл ўшандан бери менга орқа ўгириб юрибди. Саломимга ҳам жони чиққудек зўрға алик олади. Агар ҳозир нимадир десам бобиллаб беришдан ҳам тоймаса керак. Яхшиси, тилимни тияман-у, ортимга қайтаман.

Тўғри қилган эканман. Наргиза уйғонибди. Ёнига ўтирдим-да, елкасидан эҳтиёткорона қучдим.

— Йў-ўқ, — шивирлаб қўлимни елкасидан олиб ташлашга тутинди у. — оғриб кетаяпти. Сочларимгаям қўл теккиза олмаяпман. Ҳаммаёғимни яра босди.

— Нега шивирлаяпсиз? — сўрадим баттар хавотирим ортиб. — Сизга нима бўлди?

— Мен… Тушимда бобомни кўрдим, — яна шивирлаб кўзларимга қўрқув аралаш боқди Наргиза. — Эшитаяпсизми? Бобом тепамда айланаяпти. Ана, ҳозир ҳам рўпарамда турибди. Қўлимдан тортқилаяпти. Мени олиб кетгиси келаяпти. Кўраяпсизми сизам?

— Бу нима деганингиз? — унинг икки елкасидан маҳкам тутиб ўзимга қаратдим. — Қўрқитманг унақа! Қанақа бобо? Ҳеч ким йўқ хонада!

— Сиз кўрмаяпсиз-да, — янада секинроқ пичирлади Наргиза. — Мен аниқ кўриб турибман. Фақат-чи, опамга айтманг! У билмасин, хўпми? Биласиз-ку, қизғанчиқ! Бобомни менга тескари қилиб қўйишданам тоймайди у.

Шундай деб Наргиза қайтадан ёстиққа ёнбошлади ва кўзларини юмиб олди.

Йўқ, бундай қараб тура олмайман. Опасига айтишим керак. Шошилишим зарур, шошилишим.

Таваккал ўрнимдан туриб йўлакка чиқдим ва ошхонада идиш ювишга тушиб кетган Соҳиба опага яқинлашдим.

— Опа, Наргиза алаҳлай бошлади, — дедим ётоққа ишора қилиб. — Бобом ёнимга келди, рўпарамда турибди деяпти.

Соҳиба опа бу гапимни эшитгани ҳамоно ётоққа чопиб кириб мудрай бошлаган Наргизани силтай кетди.

— Ҳой, Наргиз, бу нима қилганинг, сингилжон? Қанақа бобо? Эсингни еганмисан? Кўзингни очсанг-чи, очақол!

Йўқ, Наргиза шу тобда ўлим билан олишарди. Унинг қур-қур титраб қўяётган озғин жуссасига боқиб беихтиёр бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Қандайдир ёввойи куч мени ортга тисланишга мажбур этди. Танамни тер босди. Кўзларимдан дувиллаб ёш оқа бошлади.

Наргиза эса жон талвасасида титроқ аралаш ўрнидан қўзғалишга уринди. Кучи етмагач, қўлларини олдинга чўзиб мени чорлай бошлади.

— К-келинг! Мени бағ-ғрингизга босинг, Қ-Қодир ака!..

Ҳалитдан дод-вой қилишга тушган қайнсингилларимни нари сурдим-да, жонҳолатда Наргизани қучоғимга олдим.

Жуфтимнинг оёқ-қўллари музлай бошлаганди. Оғир-оғир нафас олар, ҳар гал хўрсиниб-хўрсиниб қўярди.

— Нималар бўлаяпти, Наргиза? — дея ҳайқирдим мен. — Нега мени қўрқитаяпсиз? Сизсиз нима қиламан?

Афсуски, бу фарёдимга жавоб ололмадим. Наргиза нималардир дея алаҳлай-алаҳлай бошимни, юзларимни силашга тутинди. Аммо улгурмади. Бирдан титрашдан тўхтади-ю, жимиб қолди.

— Йў-ўқ!.. Наргиза-а!.. Ундай қилманг!..

— Нарги-з!.. Сингилжо-он!

Бизларнинг оҳ-фарёдимиз ҳаммаёқни тутиб кетди.

Ҳа, бир неча ой бўлса-да, меҳрини бағишлаган инсон жон таслим қилиб бўлганди.

 

* * *

 

… Қабристон сув қуйгандек жимжит. Наргизани дафн қилганимиздан сўнг ҳамма ортга қайтди. Мен бўлсам кетишни ўзимга раво кўрмадим. Худди менсиз суюклигим қабристонда ёлғизланиб қоладигандек, мендан ранжийдигандек туюлаверди.

Сезиб турибман. Наргизанинг руҳи шу атрофда, менга жуда яқин жойда беркиниб турибди. Ҳар бир ҳаракатимни, сўзлаган сўзимни кузатаяпти. У ҳам мендан воз кеча олмаётганини чуқур ҳис этаяпман. Демак, қабр тепасидан кетмайман. Ўзини кўрмасам-да, гаплашавераман, дардлашавераман. Умуман, энди кимга керакман? Менга яқин бўлган аёл бу дунёни тарк этди. Ҳаётлигида тортган азоблардан халос бўлиб жони, жасади тинчланди. Энди унга фақат менинг ширин сўзларим, эркалашларим, қабр тепасида ўтириб кун ўтказишларимгина керак. Энди Наргиза олдингидек оҳ чекмайди. Хотиржам сўзлаша олади. Мени сира оғринмасдан тинглай билади.

Шу маҳал жуда таниш товуш жаранглагандек бўлди.

— Қодир ака, қалайсиз?..

Мен сесканиб бошимни кўтардим-да, атрофга алангладим. Ҳеч зоғ йўқ.

Товуш яна такрорланди:

— Қодир ака, омонмисиз?

Шундагина англадим. Бу Наргизанинг овози эди. Ер остидан шу қадар кучли жарангладики, гўё бутун қабристонни тутиб кетгандек бўлди.

Ранги қутим учиб олдинига ура солиб қочдим.

Чамаси йигирма-ўттиз қадам нарига етгач, таққа тўхтадим. Қадрдон овоз сеҳри мени кетишга қўймасди.

Юрагим орзиқиб, қўрқувни-да унутдим. Ҳатто бу маскан абадият майдони экани ҳам ёдимдан чиқди.

Наргизамни кўриш, овозини эшитиш иштиёқи кучли келиб эҳтиёткорлик билан орқамга қайтдим.

Қабрга яқин келганим заҳоти тағин ўша товуш қулоқларим остида жаранглади.

— Зерикмаяпсизми?

Очиғи, гангиб қолдим. Наргизанинг қаердан туриб гапираётгани маълум эмасди. Овози қаердандир самолардан келаётгандек бўларди.

— Меҳрибоним, қайдасиз? — ҳайқирдим қабрни айланиб чопиб. — Айтинг, қаердасиз ўзи? Мен сизни соғиниб кетаяпман! Юзингизни кўргим келаяпти!

— Мана, мен шундоқ яқинингиздаман, — деди Наргиза кулиб. — Ҳов анави чинорни кўраяпсизми?

— Ҳ-ҳа, кўрдим! — қичқирдим ўша чинор томон югуриб. — Қанисиз? Йўқсиз-ку!..

Жавоб ўрнига Наргизанинг шўх-шодон кулгиси қабристонни тутди.

— Менинг ҳеч қаерим оғримаяпти! — энди Наргиза кулги аралаш шивирлади. Лекин шивирлаш ҳам шундоқ қулоқларим остида аниқ-тиниқ эшитиларди. — Эшитаяпсизми? Мен энди касал эмасман. Кайфиятим ҳам аъло!

— Нега унда сизни кўра олмаяпман, азизам? Наҳотки, яна мени қийнашни хоҳлаётган бўлсангиз?

— Сиз ҳеч нарсани ўйламанг. Буёғига азобда бўлмайсиз. Ҳали жудаям бахтли бўласиз.

— Менга сизсиз бахтнинг кераги йўқ. Ҳа, керакмас ҳеч нарса!

— Бўпти, келинг беркинмачоқ ўйнаймиз! — деди Наргиза. — Эсингиздами, уйимизда тез-тез ўйнардик. Мен шкаф орқасига ўтиб олсам тополмай роса хуноб бўлардингиз? Шу ўйинни ўйнасак, кайфиятингиз кўтарилади. Ўйнаймизми?

— Хўп, — дедим телбаларча жавдираб. — Ўйнайман. Сиз кетиб қолмасангиз бас.

— Қани, унда бошладик! Хўш, мен қаердаман? Топинг-чи!..

Мен бошқа бир чинор тарафга қараб югурдим. Лекин Наргиза йўқ эди.

Бу гал у ўттиз қадамча наридаги айвонча томондан овоз берди.

— Ку-ку! Мен буёқдаман!

 

* * *

 

Шу кўйи ярим соатча итдек ҳакиллаб чопдим. Наргизани топа олмадим.

Нафсиламбрини айтгганда, уни топа олмаслигимни ҳис этиб турардим. Шундай бўлса-да, елиб-югурар, ҳар сафар қўнғироқдек овозини эшитганимда сархуш бўлардим.

Бир пайт қадрдон овоз умуман эшитилмай қолди. Ваҳимага тушиб баттарроқ ела бошладим.

Наргизани йўқотиб қўйишдан шу қадар қаттиқ қўрқдимки, бир гектар келадиган қабристонни бир неча марта айланиб чиқиб уни қидирдим.

Энди қабр ичидан бўғриққан товуш эътиборимни тортиб тиз чўкдим.

— Қодир ака, мени топинг!

— У ерда нима қилаяпсиз? — телбаларча бақирдим. — Нафасингиз қайтиб кетади-ку! Чиқа қолинг ташқарига!

— Чиқмайман! Чиқмайман! — хандон отиб кулди Наргиза. — Ажаб бўпти! Ажаб бўпти!

— Илтимос, мени зор қилманг! — юзимни қабрга босганча йиғлагудек ёлворардим. — Биласиз-ку, сизни бир дақиқа кўрмасам, тамом бўламан!

— Хўп, сиз айтганча бўла қолсин! — тағин кулди у.

Аммо овоз бу сафар шундоқ орқамда жаранглади. Мен жонҳолатда ўрнимдан туриб товуш келган томонга қарадим.

Ҳеч ким йўқ. Лекин Наргиза сўзлашда давом этарди.

— Чарчадингизми? Бўлди, энди дам олинг! Мениям кетар вақтим бўлди шекилли.

— Қаёққа? Нега кетасиз? Энди ҳеч қачон овозингизни эшита олмайманми?

— Эшитасиз. Қачон соғинсангиз, чин юракдан чақиринг! Дарров етиб бораман. Фақат-чи, ҳеч кимга билдирманг! Илтимос, хайрлашишдан олдин юзимни силаб қўйинг!

— Қ-қанақасига? — бироз довдираб атрофимга алангладим. — Сиз… Йўқсиз-ку!

— — Қўлингизни олдинга чўзиб худди юзимни силаётгандек ҳаракат содир этинг! Мен албатта ҳис қиламан.

Афсуски, улгурмадим. Қўлларимни олдинга кўтаришим билан айвонча томондан келаётган Олим ака ва ёнидаги икки қайнимга кўзим тушди.

Улар жадал юриб келишар, мендан кўз узишмасди.

Олдинига таққа тўхтаб, негадир қочиб қолмоқчи бўлдим. Бироқ тезда бу фикримдан қайтиб, мен ҳам уларга пешвоз чиқиш илинжида олдинга интилдим…

Юрагимнинг аллақаерида оғриқ турганини, кўнглим ағдарилиб, бошим гир-гир айланаётганини ҳис этдим. Танамни муздек тер қоплади. Шу орада Наргизанинг «Қодир ака-а-а!» деган қичқириғи қулоғимга чалинди.

Аммо ортга ўгирилишга қурбим етмади. Наргизамнинг қабри ёнига юзтубан йиқилдим ва ҳушимдан кетдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

loading...