МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (61-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Нега жимсиз? Рухсатсиз девордан ошиб ўтдингиз…

— Ҳа, ошиб ўтдим. Биласанми, нимага? Билмайсан, шунинг учун сув обораётгандинг менга. Шунинг учун…

— Етарли. Қолганини мелисахонага борганингизда гапириб берасиз, — деб қиз қўлидаги идишни ерга ташлаб юборди.

«Мелисахона» деган сўзни эшитиши билан Саиднинг эти жимирлаб кетди. Идишнинг ерга тушиши эса нақ юрагини ёраёзди.

— Мен сени тушунмадим… — деди у ҳансираб нафас оларкан.

— Нимаси тушунарлимас? Сув олишдан олдин мелисахонага телефон қилдим. «Бизнинг кўчада шубҳали бир одам юрибди», дедим. «Мендан сув сўраяпти», дедим. Улар менга: «Бир нарсалар деб алдаб туринг, ҳозир етиб борамиз», дейишди. Шундай экан, кимсиз, нимасиз — ҳаммасини мелисахонага борганда айтиб берасиз. Айтмасангиз, ўзлари айттиришади.

Саиднинг кўзи олайиб кетди. Энди қутулдим деганида, мана бундай аҳволга тушиб турса… «Йўқ, қочиш, бошқа бирор жойдан бошпана топиш керак» деб ўйлади у ва энди ортига бурилган эди ҳамки, кўчадан машина овози эшитилди.

Тамом. Саиднинг бутун аъзойи бадани бўшашди, қалтиради. «Ётиб қолгунча отиб қол» деган ўй кечди Саиднинг хаёлидан ва қиз томон қайрилди-да, икки ҳатлашда унинг ёнида пайдо бўлди ҳамда бир қўли билан оғзини бекитди. Иккинчиси билан томоғидан бўғди.

— Агар типирчиласанг, бўғиб ўлдираман! Тез ичкарига юр!

Саид уни уйга олиб кирди. Қўйиб юборди. Қиз ўша-ўша. Қовоғи осилган, кўзида бир олам нафрат.

— Менга қара, — деди ҳали-ҳамон титроғи босилмаган Саид, — сен қиз ўзингдан кетиб қопсан. Агар мени шу ердан мелисалар ушлаб олиб кетса, сенинг ўлигинг эшикнинг тагида ётган бўлади!

— Бошқа гапингиз йўқми? — деди зиғирча ҳам ўзгармаган қиз.

— Бошқа гапим? Бошқа гапим бор. Мен ашаддий жиноятчиман! Беҳисоб ўғирлик қилганман, одамларни қўрқитиб, пулларини олганман. Одам ўлдирганман. Сенга ўхшаганлардан беш-олтитасининг шўрини қуритганман. Эшитяпсанми, сенга ўхшаган ёшгина қизчалардан беш-олтитасини-и-и!

Саид чидолмади — бақириб юборди. Аммо унинг томоғига зўр бергани ҳам қизга таъсир қилмади.

— Одаммас экансиз! Бемалол ўзингизни оссангиз ҳам бўлавераркан!

— Нима? Шундай одам уйингга кирса, қўрқмайсанми?

— Йўқ.

— Нимага қўрқмайсан?

— Акам прокурор.

— Прокурор аканг… Прокурор аканг ҳеч нарса қилолмай қолади. Тушуняпсанми? Балки, мен сени аввал топтаб, кейин ўлдирарман.

— Барибир, қўрқмайман.

— Нимага қўрқмайсан?! — бақириб юборди Саид.

— Чунки таэквондо бўйича республика чемпиониман.

— Нима?! Таэквондо?! Тушунмадим?!

Қиз довдираб турган Саиднинг жағига чунонам тепдики, йигит шўрликнинг кўз олди қоронғилашиб, гурсиллаганча полга қулади. Бирор дақиқа ўзига келолмади. Қўлини олдинга чўзиб, ўзича бир нималар қилган бўлди. Кейин кўзини очди.

— Айтдим-ку, — деди айёрона жилмайиб турган қиз, — ишонмадингиз…

— Сен… Сен…

— Ҳа, мен. Энди, ҳурматсиз жаноб, анави беш-олти қизнинг хунини оламан. Топтадим, дедингизми? Жуда яхши, демак, мен ҳам топтайман. Ялинасиз, лекин тошбағирман, ялинишингиздан роҳатланаман. Ўзи анчадан бери шунақанги ярамас жиноятчи дуч келишини орзу қилиб юргандим. Мана, ўз оёғингиз билан келдингиз, — деди қиз ва чаққонлик билан Саиднинг битта оёғини ушлаб кўтарди-да, қайира бошлади.

Саид умри бино бўлиб қиз боладан бунақа шармандаларча жазоланаман деб сира ўйламаган эди. Чинқириб юборди.

 

* * *

 

Шокир уйига келди-ю, костюмини ечиб отди. Хотин ҳайрон, болалар ҳайрон.

— Нимага менга безрайиб қараб турибсизлар? Мен қувонганимдан шундай қиляпман. Бугун менинг ҳақиқий омадим келди! Бугун мўлжални аниқ олдим! — деди Шокир бақириб.

— Дадаси, доим омадингиз келиб юраверсин-у, нега устингиздагини улоқтирдингиз. Сизни кўрган одам…

Аёлнинг гапи оғзида қолди.

— Бу иш учун шундан бошқаси бўлмайди, хотин, — деб у икки ўғил, бир қизига қаради.

Уларнинг учови ҳам мактабда ўқийди. Ҳар учови ҳам Абдухалил хотинини етаклаб келганида дарсда эди. Отанинг қилиқларини кўришмаганди. Кўрганларида борми?..

— Сенлар бориб мол-ҳолга қараб туринглар, мен аянг билан гаплашиб олай.

Болалар хўп дейишди. Ташқарига чиқиб кетишди. Ана ундан кейин Шокир хотинининг белидан қучоқлади.

— Қўйинг, нима қиляпсиз, биров кириб қолса…

— Майли, кўришсин, дадаси билан аяси бир-бировини қанчалик яхши кўришини.

— Яхши кўрасиз, сиз-а?! — дея аччиқ кулди жувон. — Абдухалилнинг акаси билан нимага жанжаллашдингиз? Сиз хурсанд бўлганингиздан кийимларингизни отмадингиз. Ҳамма ёғининг дабдаласи чиқиб кетгани учун, тупроққа ағанаганингиз учун…

Жувоннинг лаби титради. Ортиқ сўзлаёлмади. Шокирнинг эса бирдан ранги гезарди.

— Ҳа! — дея у хотинини қўйиб юборди. — Бердиқул пиён билан муштлашдим! Ҳамма ёғим дабдала бўлди! Қолганиниям айтайинми?!

— Нимага мушталашасиз?

— Нимага?! Нимагалигини суюнчи олганлар айтишмадими?! Мингтаси қараб турганди-ку!

— Дадаси, ўзингизни босинг. Олий маълумотли, шаҳар кўрган одамсиз.

— Босолмай қолдик-да, хоним. Сиз менинг гапларимдан кўра одамларнинг гапларига кўпроқ ишонганингиздан кейин нима қилайлик? Иржайиб-тиржайиб турайликми? Бу ёғи кучукдай ишлаб, топганимни чумолидай уйга ташисам-у, сен манави ерда туриб, мени сўроққа тутсанг. Эй, тўғри, аслида, шундай бўлиши керак. Мен бор-йўғи қулваччаман-ку! Қулваччалар эшакдай ишлайди-да, яна калтакланади, тўғрими?!

Аёл жилмайди. Секин эрининг белидан қучиб, бошини унинг кўксига қўйди.

— Шокир ака, мен сизга ишонаман. Мени кечиринг, хўпми? Шу ишга ўтганингиздан бери, ҳақиқатан ҳам, тиним билмаяпсиз. Балки, яна шу ўқитувчилигингизга қайтсангиз бўлармиди? Ҳар қалай, ҳамма…

— Йўқ, орқага йўл йўқ. Энди-энди катталар қаторига қўшиляпман. Агар ҳозир ҳамма нарсани ташласам, ўша одамларинг устимдан кулишади, — деди негадир бирдан жаҳлидан тушган Шокир. — Дарров бошқа кийимларимни тайёрла. Шаҳарга кетаман.

Жувон эрини қўйиб юборди. Киприкларини пирпиратиб, эндигина турмушга чиққан келинчакдай:

— Нега? — деди.

— Поездга улгуришим керак. Пойтахтга чақиришган. Семинарга. Областдан уч кишини чақиришган. Шулардан биттаси менман. Бу обрў. Бу Ҳайбатулло аканинг веси.

Жувон ҳеч нарсага тушунмади. Бироқ хурсанд бўлди. Яна мактабга бориб, мақтанишга гап топилди. «Бутун бошли областдан фақат менинг эримни республикага семинарга чақиришибди», дейди. Ҳамманинг ҳаваси келади. Ҳамма ҳасад қилади. Уларнинг куйиб-пишиши унга мойдай ёқади.

Кун кеч бўлиб қолгани учун Шокир машинада йўлга чиқди. Машинани шаҳарда бирорта меҳмонхона ёнида қолдириб, у ёғига поездда кетмоқчи эди. Аммо шаҳарга етмасидан айниди. «Машинам яп-янги, дунёнинг нариги бошигача бемалол чопиб бора олади. Поездда эзилиб кетгандан кўра, ўзимнинг тойчоғим яхши» дея ўйлади ва газни янада қаттиқроқ босаркан, Зарифанинг жилмайиши, нозланишини кўз ўнгидан ўтказди.

 

* * *

 

Ҳайбатулло бундай бўлишини мутлақо кутмаганди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандай осон кечади деб ўйлаганди. Аммо чучварани хом санаган экан. Шокирни уйига жўнатиб юбориши билан идорага Нозим Пардаев ва Қобил муаллим келди. «Раисдан буйруқ бор, — деди бош бухгалтер, — бригадирларнинг ҳаммасини идорага йиғарканмиз».

Ҳайбатуллонинг энсаси қотди. Бошини қашлади.

— Ҳали одамга ўхшаб тузалмаган, бунинг устига, бугун хотинини чиқарган бўлса, бригадирларни йиғиб нима қиларкан? Усиз ҳам эплаб турувдик. Шунчалик ишини соғиниб қолибдими? — деди.

У агар Қобил муаллим бўлмаганида яна бир дунё гапларни гапириб ташлаган бўларди. Шунинг билан бирга, Нозим Пардаевни ўйиб-ўйиб оларди. «Сенга эртароқ ҳаракат қилайлик, дедим. Пайсалга солдинг, мана, оқибати!» дерди.

— Раис: «Шокир молхонада сўйдириб, уникига опкелган гўштни бригадаларга бўлинглар», деди. «Кейин комиссия тузиб, протокол қилинглар», деди. «Қобил муаллимга комиссия раҳбарлигини топширинглар», деди…

— Эҳҳе! — деб юборди Ҳайбатулло Нозим Пардаевнинг гапини бўлиб. — Мен нимаймиш дебман. Нима, шу пайтгача фермада мол сўйилмаганмикан? Толмас Бадриддиновичнинг ўзи қанча-қанчасини сўйдириб юборган. Уларнинг ҳаммаси энди рўйхат қилинган.

— У ёғи раиснинг ўзига ҳавола, — деди Қобил муаллим. — Бизга буйруқ шундай бўлди.

— Қачондан бери муаллим колхознинг ишларига аралашадиган бўп қолди? Тем более, пенсиядаги муаллим! — деди ростмана жаҳли чиққан Ҳайбатулло.

Бош бухгалтер бу ердан ҳам оппоқ чиқишни ўйлади ва иккала қўлини ёнига ёйиб қўйди.

— Нозим ака, — деди Қобил муаллим, — бригадирларга одам жўнатиш керак.

— Одам йўқ, — жавоб берди унинг ўрнига Ҳайбатулло, — шопирлар, тракторчилар пахтада, ҳозир сезон пайти. Бригадир керак бўлса, кечқурунни кутасиз, ҳурматли бош комиссия!

Кесатиқ Қобил муаллимнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Шунда ҳам у ўзини босди. Ахир бунгача ҳам озмунча бунақанги гапларни эшитганми? Ҳар сафар босиқлик билан ҳаммасини енгиб ўтган. Ҳозир ҳам худди шундай йўл тутди.

— Раис ҳалиям раис. Уни биров ўзгартиргани йўқ. Шунинг учун сизга вақтинчалик шофёрлик қилаётган болани жўнатасиз-да. Ҳа, шундай бўлгани маъқул. Толмас Бадриддиновичнинг бошига қўша-қўша кулфатлар тушяпти. Лекин Худога ёққан бир феъли борки, ақл-ҳуши жойида.

— Ҳайбатулло ака, ҳозир биз шу ишни қилмасак, участка нозири қилади. Ана ундан кейин кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Шунинг учун ярани газак олдирмасдан, ўзимиз тузатиб қўйганимиз маъқул.

Ҳайбатуллонинг кўнишдан ўзга иложи йўқ эди, шу боис секретарга Элёрни чақириб келишни буюрди. Ҳайдовчига олдин Шокирни агар у ер остига кириб кетган бўлса ҳам топишни, ундан кейин бригадирларга зудлик билан идорага етиб келишни тайинлашни буюрди. Сўнгра Нозим Пардаев билан Қобил муаллимга ғўдайиб қаради. Қаранглар, менсиз ҳеч нима қилолмайсизлар, демоқчи бўлди. Бироқ айтмади, бунинг ўрнига Қобил муаллимга ўта юмшоқлик билан:

— Аъзоларни йиғинг. Рўйхат қилинг. Унгача биз Нозим Пардаев билан керакли, фойдали ишларни қилиб турамиз, — деди.

Бу очиқдан-очиқ ҳайдаш эди. Яримта гапдан одамнинг нима демоқчилигини англашнинг ҳадисини олган Қобил муаллим дарров ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.

— Нималар бўляпти? — сўради Ҳайбатулло нафрат билан муаллимнинг ортидан кузатиб қоларкан. — Ҳеч нарсага тушунмай қолдим.

— Толмас ўз-ўзидан раис бўп қолмагани, етарлича ақли борлигини кўрсатиб қўйди. Ўзи шу ишга бошдан норози эдим. Яна эшак ҳаммага кўз-кўз қилиб, тележкага ортиб борибди! — деди жаҳли чиққан Нозим Пардаев.

Ҳайбатулло унга ўқрайди. Сўнг шошилмасдан сигарета олиб, лабига қистирди. Тутатди. Ўпкасини тўлдириб тутун ютди. Унинг қилиғини кузатиб ўтирган бош бухгалтер «Сабримни синаяпти. Ҳозир шундай портлайманки, хонумонини куйдириб юбораман» дея ўйлади.

— Бу дейман, Нозим Пардаев, уйингиздаги гапларимиз эсингиздан чиққан кўринади. Лекин мен райкомга топшириб келган қоғоздаги гажак қўлингизни эсдан чиқариб бўлмайди. Ҳали сиз Толмаснинг биргина пўписасидан қочишга жой қидириб қолган бўлсангиз, ҳақиқий жанг бошланганида ҳаммани сотаркансиз-да. Бунчаликка борасиз деб сира ўйламагандим, — деб Ҳайбатулло сигаретаси кукунини кулдонга тўкди.

— Мен у нарса тўғрисида бир нима деяётганим йўқ. Нимага қандай қўл қўйган бўлсам, бемалол жавоб бераман. Лекин таъзия бўп турган пайтда қилинган иш ҳеч нимага тўғри келмайди. Мен буни сизга айтгандим.

— Нима бўлса, бўлди. Уни энди орқага қайтариб бўлмайди. Шокирни жиноятчига айлантириб ташлаган билан жабрини Толмас эмас, сиз билан мен тортамиз. Ундан кейин сиз қаердан биласиз, балки, Толмас рўйхатда турадиган ҳўкизни сўйишни буюрган-у, кейин гапидан тониб тургандир. Одамлар кўриб қолгани учун. Қолаверса, унинг уйи ёниб кетди. Ким билсин, балки, ҳамма пулидан ҳам айрилгандир. Яъни айтмоқчи бўлганим, Шокирнинг ферма мудири бўлиши учун олган икки минг олдинги поралари билан бирга куйгандир. Шунга чидолмаётган Толмас жазавага тушиб қолгандир. Ахир ҳар ойда озмунча одамнинг номига қўшимча ҳақ ёзилганми? Ҳар қалай, кассир айтди, деган гапларингиз ёлғонмасдир. Энди шуларнинг ҳаммаси бирдан куйиб, кулга айланган бўлса, қандай чидаш мумкин?

— Лекин мол қандай сўйилганини бошқалар билмасаям, сиз билан мен…

— Нозим ака! — дея бирдан унинг гапини бўлди Ҳайбатулло. — Кемага тушганнинг жони бир! Ўша протокол падар лаънатига биринчи бўлиб Толмаснинг оти тиркалиши керак! Менимча, «Раис Шокирга буйруқ берганини ўз қулоғим билан эшитувдим», десангиз, бир жойингиз камайиб қолмас. Қолаверса, мен ҳам гапингизни тасдиқлайман. «Пардаев, раис шундай-шундай деди, нима қиламиз энди, деб сўради», дейман. Шу билан олам гулистон бўлади.

Нозим Пардаевнинг дами ичига тушиб кетди. Зеро, у яна ўйинга ўралашиб қолишдан чўчиётган эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...