Фарзандларингизга ўқиб беринг: КАМПИР ВА БЎРИ…” (Ўзбек халқ эртаги)

0

 

Бор экан-да, йўқ экан, қадим ўтган замонда бир чол-у кампир бўлган экан. Уларнинг битта қизил хўрози, битта оқ кучуги ва етти эчкиси бор экан. Уларга яқин жойда бир бўри ҳам яшар экан. Бир куни кечаси чол-у кампирнинг уйига бўри келибди ва остонадан туриб, улибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Оққина кучук вов-вов этар,

Қизил хўроз қуқ-қуқ этар,

Етти эчки ма-ма этар

Мен нимани ей, Худо?

Шунда кампир: — Тошни е, тупроқни е, заҳарни е, заққумни е, битта эчкимни еб кетақол, дебди. Бўри битта эчкини еб, қорнини тўйғазиб кетибди. Орадан бир кун ўтгач, яна у кампирникига келибди ва остонага ўтириб олиб, улибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Оппоқ кучук вов-вов этар,

Қизил хўроз қуқ-қуқ этар,

Олти эчки ма-ма этар

Мен нимани ей, Худо?

Шунда кампир: — Тошни е, тупроқни е, заҳарни е, заққумни е, битта эчкини еб кетақол, дебди. Бўри яна битта эчкини еб кетибди. Кампирни Бешта эчкиси қолибди. Орадан яна бир кун ўтгач, яна бўри улибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Оппоқ кучук вов-вов этар,

Қизил хўроз қуқ-қуқ этар,

Бешта эчки ма-ма этар

Мен нимани ей, Худо?

деб нола чекибди. Кампирнинг ғазаби келиб, қичқирибди:

Заҳарни е, заққумни е, тошни е, тупроқни е, яна битта эчкини ея қол, — дебди. Бўри яна битта эчкини еб кетибди. Хуллас, бўри ҳамма эчкини еб кетибди ва яна келибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Оппоқ кучук вов-вов этар,

Қизил хўроз қуқ-қуқ этар,

Мен нимани ей, Худо?

Шунда кампир: — Заҳарни е, заққумни е, тошни е, тупроқни е, кучугимни еб кета қол, дебди. Бўри оқ кучукни еб кетибди ва орадан бир кун ўтгач, яна келибди ва остонада ўтириб олиб, улибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Қизил хўроз қуқ-қуқ этар,

Мен нимани ей, Худо?

Шунда кампир: — Тошни е, тупроқни е, заҳарни е, заққумни е, хўрозимни еб кета қол, дебди. Бўри қизил хўрозни еб кетибди. Орадан икки кун ўтгач, яна келибди, улибди:

Чол-у кампир ҳур-ҳур этар,

Мен нимани ей, Худо? — дебди.

Кампир уни яна қарғаб-қарғаб: Чолимни еб кета қол, дебди. Бўри чолни еб кетибди. Энди уйда кампирнинг бир ўзи қолибди. У жонини қутқариш мақсадида битта катта қозонни айвонга тўнтарибди ва ўзи ичига кириб ётибди, бўрининг келишини кута бошлабди. Бир кун кутибди, келмабди, икки кун кутибди, келмабди, кампир қозон тагидан чиқмай ётаверибди. Ниҳоят, учинчи кун бўри келибди, ҳаммаёқни титкилаб кўрибди, кампир йўқ эмиш. Бўри тўнтарилган қозонни кўриб қолибди ва устига чиқиб ўтириб олиб, ашула айта бошлабди. Бўрининг овози шу қадар хунук эканки, уни эшитган кампир беихтиёр кулиб юборибди. Бўри шу заҳоти қозонни ағдариб, тагидан кампирни тортиб олиб, еб олибди.

 

 

loading...