ГУБЕРНАТОРНИНГ КУШАНДАСИ… (ёхуд «авторитет»нинг амалга ошмаган режаси)

0

 

Яқинда Россия пойтахти Москва шаҳрида 2016 йили Волгоград вилоят губернатори Андрей Бочаровнинг ҳаётига суиқасд уюштирган шахс қўлга олинди. У Евгений Ремезев исмли кимса бўлиб, тор доирадаги жиноий гуруҳлар орасида «авторитет» ҳисобланаркан. Шубҳасиз, то шу кунга қадар унинг ўзи ҳам уюшган жиноий гуруҳга етакчилик қилган.

Тергов материалларида таъкидланишича, Ремезев 2003 йили Волгограддаги катта бозордан ўзига савдо шоҳобчаларини ижарага олган. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, губернатор Андрей Бочаров ижарадаги савдо шоҳобчаларини вилоят ҳисобига ўтказиш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Қарорга кўра катта бозорлардаги ижарага берилган шоҳобчалар тортиб олинди. Ремезев кўп маротаба губернатор билан судлашди. Бироқ ҳар гал мағлуб бўлаверди. Нияти амалга ошишига умиди қолмаган Ремезев жиноий гуруҳ аъзоларига губернаторни ўлдириш вазифасини топширди. Ўзи эса хориж сафарига жўнади.

Ўшанда 2016 йил 16 ноябр куни эди. Жиноятчилар губернаторнинг Тракторозаводск туманидаги уйига яқинлашиб келиб тез ўт оладиган ёқилғи ёрдамида уйни ёқиб юборишга чоғланишди. Режага кўра, уйга ўт қўйилгач, губернаторни оиласи билан бирга то куйиб кул бўлмагунча ичкаридан чиқармаслик зарур эди. Бироқ ёвуз ниятли кимсаларнинг иши юришмади. Барчаларини қўлга олишди. Дастлабки тергов жараёнидаёқ, беш кишидан иборат жиноятчилар Ремезевни ҳам сотишди. Фақат Ремезев хорижда бўлгани сабабли қўлга олиш операцияси кечаги кунга қадар чўзилиб кетди. Лекин барибир қўлга тушди. Энди унинг тақдирини одил суд ҳал қилади.