“Жониворлар ҳаёти” туркумидан: “АФРИКА ҚЎРИҚХОНАСИДАГИ БУҚАЛАР ЖАНГИ…”

0

 

Шерлар маслаҳати

 

 

Оналаридан айрилган уч-тўрт яшар оралиғидаги, навқирон шерларнинг олтитаси ўзаро маслаҳатлашиб биргаликда ов қиладиган бўлишди.

— Агар ишимиз ўнгидан келса, — дея бошқаларга юзланди шерлардан бири. — бир оила бўлиб яшайверамиз. Ов қилишни қотириб қўйсак, бунинг устига ҳаммамизни оналаримиз ташлаб кетган. Келинглар, бугун омадимизни синаб кўрамиз.

— Унда ов режасини пухта тузиш керак, — унга жавобан бошқа бир шер бош силкиди. — Бусиз бўлмайди.

— Режанг нимаси? — чўзиб ўкирди урғочи шер. — Куч-қувватга тўлган пайтимиз-ку! Ҳозир икки гуруҳга бўлинамиз-да, буқалар келишини кутамиз. Керак бўлса, энг катта буқани йиқитишга кучимиз етади. Шунгаям бош қотириб ўтирамизми?

— Жуда маъқул таклиф, — тўртинчи шер ҳам урғочининг гапига қўшилгандек бош ирғаб қўйди. — Ҳали замон буқалар соҳилга чанқоқ қондириш учун етиб келишади. Қани, тез иккига бўлиниб, пайт пойлайлик. Фақат айтиб қўяй, то буқалар яқин келиб қолмагунча биронтангиз қимирламайсиз.

— Келишдик!

Шундай қилиб навқирон шерлар икки гуруҳга бўлинганча ўлжани кута бошлади.

Оёқ остидан чиққан ўлжа
Шерлар шу кўйи бир соатча биқиниб вақт ўтказишди. Ниҳоят олисдан буқаларнинг дупур-дупури қулоққа чалинди. Шерлар бараварига ҳушёр тортиб бошларини кўтаришди.

— Ёт ҳамманг! — буйруқ оҳангида паст овоз билан ўкирди чап тарафда ётган шерлардан бири. — Ҳозир сездириб қўясанлар!

— Қаранглар, ҳов анавиларни кўраяпсизларми? — олдинга ишора қилди бошқа бир шер. — Икки буқа бузоқчасини эргаштириб биз томонга келаяпти.

— Ў, зўр-ку! — бараварига ириллаб қўйишди шерлар. — Нима қилдик?

— Бузоқчани оламиз. Каттакони билан ишимиз бўлмайди.

— Унда чопдик!

Шубҳасиз, буқалар хавфни сезганлари ҳамоно ими-жимида жуфтакни ростлашганди. Фақат бузоқгина негадир қочиб қолишга шошилмас, ўртача тезликда тўда томон кетиб борарди.

Шерлардан бири жонҳолатда югуриб келиб бузоқнинг бўйнига чанг солди. Афсуски, соҳилга яқин бўлганлари боис азбаройи қўрқиб кетган бузоқ жон аччиғида ўзини сувга отди.

Шундай ўлжани қайси маҳлуқ қўйиб юборарди. Шер ҳам уни чангалида тутганча биргаликда дарёга шўнғиди.

 

Тимсоҳ ҳамласи

 

Аслида мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқичлар сувдан қўрқишади. Қўрқмаган тақдирда ҳам уларга сув ёқимсиз туюлади. Бугун эса гўшт илинжида жон фидо қилаётган шерлар қўрқув нималигини билишмасди. Ботирларча бузоқни маҳкам тутиб қирғоққа судраётган шерикларига ёрдам бериш учун яна уч шер сувга сакради. Барчалари ўлжани тортқилаб юқорига олиб чиқиш пайида бўлишди.

Шу тобда кутилмаган воқеа юз берди. Буқаларни сув остида икки юз килолик улкан тимсоҳ ҳам пойлаб ётган экан. Тайёрга айёрлиги тутдими, йиртқичлардан азбаройи қўрқиши ҳам ёдидан кўтарилиб, шерлар чангалидаги бузоқнинг орқасидан тишлашга шайланди. Бахтга қарши биринчи ҳаракат бекор кетди. Негадир бузоқ тишига илинмай иккинчи марта юқорига отилди.

— Ҳой, анави тимсоҳга бўш келмаларинг! — ўкириб шерикларига далда берарди юқорида турган икки шер. — Бўлмаса, оч қоламиз! Тезроқ тортларинг, тезроқ!

— Тимсоҳни ғажиб ташласак-чи? — қичқирди шерлардан бири. — Келинглар, бир адабини бериб қўяйлик!

— Бўлмайди. Сувда у билан олишиб барака топмайсан. Юқорига чиқсин, ўшанда кунини кўради!

 

Ура, биз ғолиб бўлдик!

 

Тимсоҳ ҳам сира ортга чекинай демасди. Учинчи бор ташланишда бузоқнинг орқа тўшидан деярли тишлаб олган, лекин тўрт забардаст шерга бас кела олмай ҳалак эди.

— Олиб бўпсан, аҳмоқ тимсоҳ! — ириллай-ириллай бузоқни қирғоққа тортиш билан банд бўлган шерлар душманга қур-қур ўқрайиб олишарди. — Бизни бекорга ҳайвонлар шоҳи дейишмайди. Биз кучлимиз. Қани, чиран, чиран! Кучингни кўрайлик!

Тимсоҳ бу қадар улкан бўлишига қарамай шерларга ташланишдан, шу йўл билан ўлжани тортиб олишдан ўзини тиярди. Оқибати қандай фожиа билан тугаши мумкинлигини билгани сабаб қуввати етганча бузоқни ортга тортмоқчи бўларди.

Йўқ, шерларнинг қўли баланд келди. Қирғоққа яқинлашган бузоқни курашга шай турган икки шер юқорига олди. Бузоқнинг кетидан қолган шерлар ҳам юқорилаб бараварига ўкира бошлашди.

— Биз ғолибмиз! — қичқиришарди улар. — Ҳой тимсоҳ, қўлингдан нима келди? Кўриб қўй, биз шерлармиз!

Улар тимсоҳнинг орқама-орқа қирғоққа чиқади деб ўйлашганди. Умидлари пучга чиқди. Олти шерга аламли нигоҳ ташлагач, тимсоҳ қайтадан сув остига ўзини урди.

 

Буқалар жанги

 

— Энди зудлик билан бузоқчани еб битириш керак, — шерикларига белги берди шерлардан бири.

— Ҳали ўлмаган-ку, — норози оҳангда ғингшиди бошқаси. — Жони қаттиқ экан ярамаснинг. Шунча тортқиласак ҳам ўлмаяпти.

Бир маҳал шерлардан бири бошини кўтарди-ю, тобора яқинлашиб келаётган буқалар тўдасини кўриб бор овозда ўкирди.

— Қаранглар, буқалар биз томонга бостириб келишаяпти. Энди нима қилдик?..

Қолганлар унинг ишораси билан ўша томонга қараб олишди. Бироқ у қадар безовталанишмади. Бузоқни ўлдириш пайида бўлишди.

— Келишса нима бўпти? — бош ирғаб қўйди урғочи шер сал ортга тисланиб. — Биз ҳам олтитамиз. Ғажиб ташлаймиз уларни.

Тўдани боя шерлардан қочиб кетган икки буқа бошлаб келганди. Улар душманга у қадар яқинлашмай, эллик метрлар нарида тўхташди.

Кўпчилик шерларга ҳужум қилишга қўрқар, фақат катталар талабини рад этолмагани боис титраб-қақшаб бўлса-да, йиртқичларга тик боқарди.

Тўда орасидан ёши улуғроғи олдинга чиқиб бошқаларга тик боқди.

— Биз бузоқчамизни қайтариб олишимиз шарт, — ишора билан уқтирган бўлди у. — Қаранглар, ҳали она сути оғзидан кетмай туриб оиламиз тинчини бузишга қандай ҳадди сиғди бу шўртумшуқларнинг? Сизлар нега қараб турибсиз? Шохлаб ташламайсизми? Хўш, орангизда мард борми ўзи?..

— Б-биз… Уларга бас кела олмаймиз? — дегандек бир қадам ортга тисланди тўда. — Жон ширин-да, ота! Кимнинг ажалидан олдин ўлгиси келарди дейсиз. Ўзингиз кўраяпсиз, шерлар олтита. Олти ёғимиздан ўраб олишса, тамом бўламиз.

— Хайф сенларга, хайф! — Кекса, басавлат буқа тўдага жаҳд билан боқди. — Юз элликтамиз-а, юз элликта! Шундаям қаёқдаги шерваччалардан қўрқиб, бузоқчанинг ҳаётини хавф остига қўйяпсанлар! Кўриб қўйларинг! Мен ҳозир ҳақиқий буқа ким эканини уларга кўрсатиб қўяман!

Кекса буқа ғазаб билан йиртқичларга яқин борди-да, улардан бирини шохлаб нарига ирғитди. Бундай кескин ҳаракатни кутмаган шерлар бузоқни ташлаб ортга чекинишди.

Бир-икки буқага яқинлашмоқчи бўлишди-ю, аммо важоҳатини кўриб тирақайлаб қочишга мажбур бўлишди.

Бузоқча эса ҳали тирик эди. У азбаройи мамнунлигидан баданидаги жароҳатларга-да эътибор қилмай югурганча бориб тўдага қўшилди. Шундан сўнг тинчланган буқалар ҳамон қочиб бораётган шерларга масхаралагандек қараб қўйиб ортга қайтишди…

 

Афсусда қолган маҳлуқлар

 

Олти шернинг алами дунёга сиғмасди. Очлик, мағлубият бир-бирини еб битирарди.

Улар буқалар кўздан ғойиб бўлганига амин бўлгачгина қадамларини секинлатиб бир-бирларига савол назари билан тикилиб қолишди.

— Ота-оналаримизнинг йўқлиги билинди, — дегандек олисга суқ билан нигоҳ ташлади урғочи шер. — Буқалардан енгилдик. Тайёр ўлжани олдириб қуруқ қўл билан қолавердик. Тирақайлаб қочганимиз-чи? Агар буни оддий маймун кўрса ҳам роса устимиздан кулган бўларди.

— Ҳа, — урғочининг фикрини маъқуллаб бош силкитди бошқа бир шер. — Сал шошилдик. Ота-онамиздан айрилганимизга ҳали кўп бўлмаганди. Олдин ов қилиш сирларини обдон ўрганишимиз лозим эди. Биз бўлсак, тура солиб катта ўлжага ташландик.

— Ота-онанинг ўрни бошқача-да, — суҳбатга қўшилди яна бир шер. — Улар бўлишганида, анави қари буқа қочишга жой топа олмай қоларди. Бизнинг ёшлигимизни билгани учун ҳам қўрқиб ўтирмади. Майли, бўлар иш бўлди. Энди нима қиламиз? Ҳаммамиз очмиз. Нимадир ейиш керак-ку!

— Ўрмонга борамиз, — шерлар бараварига қалин ўрмон томон ўгирилишди. — Гуруҳлигимизча қоламиз. Олдин бир маймунларнинг адабини бериб қорин тўйдирайлик. Ҳали вақти келади. Бояги буқани барибир қўлга оламиз.

— Тўғри, шундай қиламиз. — шерлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб йўлга отланишди. — Кетдик! Биз бир кун келиб албатта ота-оналаримиз каби кучли ва абжир шерларга айланамиз.

Олти навқирон шер бир қарорга келишгандан сўнг қаторлашганча кўзланган манзил томон йўл олди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...