Яқин орада ҳеч ким “хизмат доирасидан ташқари”га чиқиб кета олмайди!

0

SpaceX компанияси фазога парвозни муваффақиятли амалга оширган улкан Falcon 9 ракета ташувчиси 60 та мини-сунъий йўлдошларни орбитага олиб чиққанлигини маълум қилди.
Ушбу сунъий йўлдошлар Starlink туркумидаги бутунжаҳон интернет тармоғининг янги тузилмасини яратиш вазифасини бажаришга киришади.
Парвоз NASAнинг Флорида штатида жойлашган космодромидан амалга оширилган бўлиб, манзилга етказилган юкнинг умумий оғирлиги 18,5 тоннани ташкил этади.
Starlink сунъий йўлдошлари – бутунжаҳон интернет тармоғига янги имкониятларни тақдим этувчи космик қурилмаларнинг янги авлоди бўлиб, улар келгусида инсониятга Ер юзининг исталган нуқтасида интернетга юқори тезликда уланиш имконини яратиб беради.
Режага мувофиқ 2020 йил сўнггига қадар шундай туркумдаги сунъий йўлдошлардан қарийб 12 мингтаси орбитага олиб чиқилиши кўзда тутилган.
Демак, яқин икки йилдан сўнг, она сайёрамизнинг одам оёғи етмаган қисмига қочиб борсангиз ҳам “хизмат доирасидан ташқари”га чиқиб кета олмайсиз.
Технологияларга қарамликдан безор бўлган, вақти-вақти билан бир нафас бўлса ҳам улардан ҳоли ҳолда эркин нафас олишни истайдиган инсонлар учун нақадар ҳайратланарли, айни дамда даҳшатли келажак.