АЛВИДО, ЭЙ ГУЛСАРИ!.. (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Ўртоқ Каримбеков, — унинг сўзини бўлди Сегизбоев, — раҳмимизни келтиришга уринманг. Ҳис-ҳаяжон — ҳар хил маънони англатадиган тушунча. Фактлар керак, фактлар, ҳис-ҳаяжон эмас.

— Кечирасиз, бу ерда жиноятчи устидан суд бўлаётгани йўқ. Балки партия сафидаги бир ўртоғимизнинг иши ўртоқларча муҳокама қилинмоқда, — давом этди Каримбеков. — Коммунистнинг тақдири ҳал қилинмоқда. Келинглар, биргалашиб ўйлаб кўрайлик. Ўртоқ Бакасов нима учун шундай иш қилди. Албатта, унинг ишини қоралаш керак. Лекин бу ҳол қандай юз берди. Колхознинг энг яхши чорвадорларидан бўлган Бакасов қандай қилиб бу аҳволга тушиб қолди?

— Ўтиринг, — деди норози оҳангда Қашқатоев. — Сиз бизни масаланинг асл моҳиятидан четга тортяпсиз, ўртоқ Каримбеков. Менимча, бу ерда ўтирганларнинг ҳаммасига шу нарса аниқ равшанки, коммунист Бакасов оғир жиноий иш қилган. Бу қандай гап? Қаерда кўргансиз бунақа ишни? Биз ўз ходимларимизнинг обрўсини туширишга, бизнинг вакилларимизга паншаха кўтариб ҳамла қилишга ҳеч кимга йўл қўймаймиз. Ўртоқ Каримбеков, сиз қалб, ҳиссиёт ҳақидаги ўринсиз тортишувлар ўрнига комсомол ишларининг қандай бораётгани ҳақида ўйлаб кўрсангиз бўларди. Туйғу-туйғу билан, иш-иш билан. Бакасовнинг қилган иши бизни сергаклантириши керак ва албатта, унга партия сафида ўрин йўқ.

Ўртоқ Саёқов, сиз колхоз парторги сифатида бу воқеаларнинг ҳаммасини тасдиқлайсизми? — сўради у Чородан.

— Ҳа, тасдиқлайман, — деди ранги оқариб кетган Чоро секин ўрнидан туриб. — Лекин мен бир нарсани айтмоқчи эдим…

— Нима демоқчисиз?

— Биринчидан, мен Бакасовни ўзимизнинг партия ташкилотимизда муҳокама қилишимизни сўрардим.

— Бу шарт эмас. Партия ташкилотининг аъзоларига райком бюроси қарори ҳақида ахборот берасиз. Яна нима керак?

— Шуни айтиб ўтмоқчи эдимки…

— Нимани, ўртоқ Саёқов? Бакасовнинг партияга қарши хатти-ҳаракатлари кўриниб турибди. Энди буни тушунтирадиган жойи йўқ. Сиз ҳам жавобгарсиз. Коммунистларни тарбиялаш соҳасида ишларни барбод қилганингиз учун сизга ҳам чора кўрамиз. Нима учун сиз ўртоқ Сегизбоевни бу масалани бюрога қўймасликка кўндиришга ҳаракат қилдингиз? Хаспўшламоқчимидингиз? Бемаънигарчилик! Ўтиринг!

Мунозара бошланди. МТС директори ва туман газетасининг муҳаррири Каримбековни қувватлаб чиқдилар. Бир он ҳатто Танабойни ҳимоя қилиш мумкиндек кўринди. Танабойнинг ўзи эса руҳи тушган ва ҳаяжонланганидан хеч кимнинг гапини эшитмасди. У ҳадеб ўз-ўзига савол берарди: «Менинг бутун орзу-умидларим қаёққа кетди? Бизнинг отарларда, подаларда бўлаётган аҳвол билан бу ердагиларнинг ишлари ҳам йўқ. Мен аҳмоқ бўлиб юрган эканман. Ўз умримни колхозни деб, қўй-қўзилар деб ўтказдим. Ҳозир эса буларни ҳисобга олмаяптилар. Энди мен хавфли одамман. Жин урсин сенларни! Билганларингни қилинглар — агар шу билан ишлар яхшиланиб кетадиган бўлса — ачинмайман. Мени уриб ҳайданглар, менинг куним битган, уринглар, аяманглар…»

Колхоз раиси Алданов сўзга чиқди. Унинг башараси ва ҳаракатларидан Танабой кимнидир койиётганини сезди. Лекин кимни? У «Кишан… йўрға, Гулсари…» деган сўзни эшитмагунча буни тушуниб етмади.

—… Нима бўлди дейсизми? — деди Алданов жаҳл билан. — Биз отни тушовлаб қўйишга мажбур бўлганимиз учун у очиқдан-очиқ менга, бошингни уриб ёраман, деб дўқ урди. Ўртоқ Қашқатоев, ўртоқ бюро аъзолари, мен колхоз раиси сифатида бизни Бакасовдан қутқаришларингизни сўрайман. Ҳақиқатан ҳам унинг жойи турмада. У раҳбар ходимларнинг ҳаммасини ҳам кўролмайди. Ўртоқ Қашқатоев даҳлизда Бакасовнинг менга қилган дўқ-пўписаларини тасдиқловчи гувоҳлар ўтиришибди. Уларни бу ерга таклиф қилиш мумкинми?

— Йўқ, ҳожати йўқ, — жиркангандай юзини буруштирди Қашқатоев. — Шу ҳам етади. Ўтиринг.

Кейин овозга қўйишди.

— Битта таклиф киритилди. Ўртоқ Бакасов партия аъзолари сафидан ўчирилсин. Ким қўшилади?

— Бир дақиқа, ўртоқ Қашқатоев, — яна ирғиб ўрнидан турди Каримбеков. — Ўртоқ бюро аъзолари, биз бу билан оғир хатога йўл қўяётганимиз йўқми? Бошқа таклиф бор. Бакасовнинг шахсий делосига ёзиб қўйиш шарти билан, қаттиқ хайфсан бериш билан чегаралансин. Шу билан бирга бюро аъзоси Сегизбоевга ҳам коммунист Бакасовнинг инсонлик шаънини таҳқирлагани, райкомнинг вакили сифатидаги қўллаган ярамас, иш услуби учун ҳайфсан эълон қилинсин.

— Демагогия, — бақирди Сегизбоев.

— Тинчланинглар, ўртоқлар, — деди Қашқатоев. — Сизлар райкомнинг бюросида ўтирибсизлар, уйларингда эмас, тартибга риоя қилишингизни сўрайман. — Бу ёғи энди райкомнинг биринчи секретарига боғлиқ эди. У масалани Сегизбоев мўлжаллаган томонга буриб юборди. — Бакасовни жиноий жавобгарликка тортишни менимча кераги йўқ. Лекин у партия сафида қолишга лойиқ эмас. Бу масалада ўртоқ Сегизбоев бутунлай ҳақли. Овозга қўяман. Бакасовни партиядан ўчирилсин, деган ўртоқлар қўл кўтарсин.

Бюро аъзолари етти киши эди. Учтаси ўчирилсин, деб қўл кўтарди, учтаси қарши. Фақат Қашқатоевнинг ўзи қолди. У бир оз кечикиб, ўчирилсин деб қўл кўтарди. Танабой ҳеч нарсани кўрмади. У ўз масаласининг ҳал қилинганлигини фақат Қашқатоевнинг секретарь аёлга айтган сўзларидан кейингина эшитди.

— Протоколга ёзиб қўйинг. Райком бюросининг қарори билан ўртоқ Бакасов Танабой партия сафидан ўчирилди.

«Тамом!» — деди ичида Танабой, мурдадай совиб.

— Мен Сегизбоевга ҳайфсан берилишини талаб қиламан, — деди бўш келмасдан Каримбеков.

Буни овозга қўймаса ҳам бўларди. Лекин Қашқатоев овозга қўйиш керак, деган қарорга келди. Бунда ўзининг яширин мақсади ҳам бор эди.

— Ким ўртоқ Каримбековнинг таклифига қўшилса қўл кўтаришларингизни сўрайман. — Яна уч киши уни ёқлаб, уч киши қарши қўл кўтаради. Яна Қашқатоев тўртинчи бўлиб қўл кўтариб Сегизбоевни ҳайфсандан қутқариб қолди. «Лекин у буни билармикан, бу хизматнинг қадрига етармикан? Ким билади буни… Маккор, қув».

Одамлар кетишга тайёрланиб, ўринларидан қўзғалишди. Танабой энди ҳамма нарса тамом бўлди деб ўйлади ва индамай ўрнидан турди, ҳеч кимга қарамай эшик томон юра бошлади.

— Бакасов, қаёққа? — Тўхтатди уни Қашқатоев. — Партия билетингизни қолдириб кетинг.

— Қолдириб кетай? — Нима ҳодиса бўлганини Танабой энди тушунган эди.

— Ҳа. Столга қўйинг. Энди сиз партия аъзоси эмассиз ва уни олиб юришга ҳаққингиз йўқ.

Танабой партбилетини олиш учун қўйнига қўл солди. Орага чўккан жимликда у анча ивирсиди. Унинг партбилети фуфайкаси, костюми остидаги чарм сумкачада бўлиб, буни Жайдар тикиб берган эди. Бу сумкачани Танабой қайиш ўтказиб елкасига тақиб юрарди. Хуллас, у сумкачани олди. Қўйнидан кўксига тегиб, баданининг илиқ ҳид уриб қолган партия билетини олди ва Қашқатоевнинг совуқ, ярқироқ столи устига қўйди. Ҳатто ўзи ҳам совуққа қотгандек жунжикиб кетди. Яна ҳеч кимга қарамасдан сумкачасини қўйнига солиб кетмоқчи бўлди.

— Ўртоқ Бакасов, — орқадан Каримбековнинг овози эшитилди. Унинг юраги ачигани билиниб турарди.

— Ўзингиз нима дейсиз? Ахир сиз бу ерда ҳеч гап айтмадингиз-ку. Эҳтимол сизга қийин бўлгандир. Биз ўйлаймизки, юзингизга эшик ёпилгани йўқ, эртами, кечми яна партия сафига қайтишингиз мумкин. Айтинг-чи, ҳозир нима ҳақида ўйлаяпсиз?!

Танабой ноқулай аҳволга тушиб, ҳали ҳам қандай бўлмасин ўз елкасига тушган ғам юкини енгиллатишга ҳаракат қилаётган нотаниш йигитга алам билан қайрилиб қаради.

— Мен нима ҳам дердим. Бу ерда ҳаммасини гапириб бўлмайди, — деди ғамгин. — Фақат бир нарсани айтишим мумкин. Агар қўл кўтарган бўлсам ҳам, ёмон гаплар айтган бўлсам ҳам, ҳеч айбдор эмасман. Буни мен сизларга тушунтира олмайман. Гапнинг бори шу.

Орага оғир жимлик чўкди.

— Ҳм, демак, сен партиядан хафа бўляпсанми? — жаҳли чиқиб деди Қашқатоев. — Лекин ўзинг биласан, ўртоқ. Партия сенга маслаҳат бериб тўғри йўлга солди, сени суддан асраб қолди. Сен бўлсанг бундан рози эмассан, қайтага хафа бўляпсан. Демак, сен ҳақиқатан ҳам партия аъзоси деган номга муносиб эмассан. Бундан кейин сенга эшик очиқ бўлиши даргумон.

Танабой райкомдан бамайлихотир кўринишда чиқди. Ҳаддан зиёд хотиржам кўринарди. Бу ёмон аломат эди. Ҳаво илиқ, қуёш чарақлаб турарди. Кеч кирмоқда. Одамлар ўз ишлари билан ўтиб кетаётган эдилар. Клуб олдидаги майдонда болалар югуриб ўйнашарди. Танабой буларга қараган сари ўз-ўзидан юраги эзиларди. Бу ердан тезроқ жўнаш керак, тоққа, ўз уйига. Бундан ҳам ёмонроқ ҳодиса юз бермасдан жўнаб қолиш керак.

От боғлайдиган ғов олдида унинг оти билан ёнма-ён Гулсари турарди. Танабой яқинлашиши билан катта, узун, бақувват от бир оёғини қўйиб, иккинчи оёғини босди, қора, осойишта кўзлари ишонч билан унга тикилиб турди. Танабой паншаха билан унинг бошига қандай урганини йўрға аллақачон унутган эди. Шунинг учун ҳам у от-да.

— Эсингдан чиқар, Гулсари, хафа бўлма, — шивирлади йўрғага Танабой. -Менинг қайғум оғир. Жуда оғир. — Отнинг бўйнидан қучоқлаб хўрсинди, ўтиб турган одамлардан уялганидан ўзини зўрға йиғидан тийди.

Отига миниб уйга жўнади. Александровка тепалигидан ўтгандан кейин Чоро унга етиб олди. Орқадан елиб келаётган йўрғанинг таниш туёқ товушларини эшитиши билан Танабой зарда билан лабини қимтиб, ўшшайди. Қайрилиб ҳам қарамади. Аламидан унинг кўнгли ғаш, кўз олди қоронғи эди. Энди Чоро бутунлай бошқа, аввалгига сира ўхшамасди. Мана бугун Қашқатоев бир бақириб бериши билан у худди интизомли ўқувчидек итоаткорона ўрнига ўтириб қолди. Кейин нима бўлади? Одамлар унга ишонишади, у бўлса тўғри гапни айтишдан қўрқади. Ҳар гапида ўзини эҳтиёт қилиб гапиради. Буни унга ким ўргатди? Майли, Танабой қолоқ одам, оддий колхозчи бўлсин, аммо у саводли, ҳамма нарсани билади, бутун умр раҳбар бўлиб юради-ку. Буларнинг ҳаммаси Сегизбоевлар ва Қашқатоевлар айтганидек эмас эканлигини наҳотки Чоро пайқамаса! Уларнинг сўзлари сирти ялтироқ, аслида эса ёлғон ва сафсатадан иборат эканлигини наҳотки билмаса. У кимни алдаяпти, нима мақсадда?

Чоро чопавериб қизиб кетган йўрғани жиловидан тортиб етиб олганида, ёнма-ён кетаётганларида ҳам Танабой унга ўгирилиб қарамади.

— Мен бирга қайтамиз деб ўйлаган эдим, Танабой — деди у нафасини ростлаб. — Қарасам, сен жўнаб қолибсан…

— Сенга нима? — деди ҳамон унга қарамай Танабой. — Ўз йўлингга кетавер.

— Кел, гаплашиб олайлик. Юз ўгирма, Танабой. Дўстона, коммунистларча гапиришамиз, — гап бошлади Чоро ва гапи оғзида қолди.

— Мен сенга дўст эмасман, бунинг устига энди коммунист ҳам эмасман. Ҳа, сен ҳам кўпдан бери коммунист эмассан. Тилёғламалик қиляпсан.

— Сен буни жиддий гапиряпсанми? — сўради Чоро, паст овоз билан.

— Албатта, жиддий. Сўз танлашни ҳам ўрганганим йўқ. Нимани, қаерда ва қандай гапиришни ҳам билмайман. Хайр бўлмаса, сен тўғрига кетасан, мен эса бу ёққа буриламан. — Танабой отни йўлдан четга бурди, қайрилмасдан ва дўстининг юзига бирон марта ҳам қарамасдан отни тўғри дала орқали тоққа ҳайдаб кетди.

У Чоронинг мурдага ўхшаб оқариб кетганини, қўлини чўзиб буни тўхтатишни истаганини ва кейин томирлари тортишиб, кўкрагини ушлаганча, йўрғанинг ёлига ётиб олганини, оғзини каппа-каппа очиб нафас олаётганини кўрмади.

— Аҳволим чатоқ, — пичирлади Чоро, чидаб бўлмас оғриқдан ғужанак бўлиб, — вой, аҳволим ёмон! — хирилларди у кўкариб, нафаси қисилиб. — Тезроқ, овулга, Гулсари, тезроқ, овулга.

Йўрға қоронғи, кимсасиз даштда овул сари учиб борарди, устидаги одамнинг овози отни чўчитарди, овозида аллақандай қўрқинчли, ваҳимали нарса бор эди. Чопиб бораётиб Гулсари қўрқувдан пишқирар ва қулоқларини чимирарди. Одам эса эгар устида азоб чекар, ғужанак бўлиб, титраган қўллари ва тишлари билан отнинг ёлига маҳкам ёпишиб олган эди. Тизгин чопиб бораётган Гулсарининг бўйнида осилиб борарди.

 

***

 

Кеч пайти эди, Танабой ҳали йўлда тоққа кетаётганида, овул кўчаларидан бир отлиқ чопиб ўтди, безовталанган итлар ҳурий бошлади.

— Ҳой, бу ҳовлида ким бор? Бу ёққа чиқ! — чақирди у ҳовли эгасини. — Идорага, партия мажлисига.

— Нима гап ўзи? Нега мунча шошилинч?

— Билмадим, — жавоб берди хабарчи. — Чоро чақиряпти. Тезроқ келишсин деди.

Чоронинг ўзи эса шу маҳал идорада ўтирган эди. Елкаларини стол четига қўйиб ҳансираб нафас олар, панжаси билан кўйлаги остидан кўкрагини қаттиқ ғижимларди. Оғриқ азобидан инграр, лабларини тишларди. Кўкариб кетган юзларидан совуқ тер чиқди. Қовоқлари кўкарган, кўзлари ичига тушиб кетганди. Баъзан у ҳушидан кетиб, назарида яна қоронғи даштликда йўрға устида келаётгандай эди, Танабойни чақиришни истарди-ю, у ништардай ботадиган сўзларни айтиб, орқасига ҳам қарамай кетарди. Танабойнинг сўзлари унинг юрак-бағрини ёндириб, ўртар эди…

Пичан устида ётиб бир оз дам олгандан сўнг парторгни қўлтиғидан ушлаб отхонадан бу ёққа олиб келдилар. Отбоқарлар уни ҳовлисига олиб кетмоқчи бўлдилар, лекин у бунга кўнмади. Коммунистларни чақириб келишга одам юбориб, энди уларни ана келади, мана келади деб кутарди.

Қоровул аёл чироқни ёқиб, Чорони ҳоли қолдирди-да, даҳлиздаги печкага ўт қўйиш билан овора бўлди, у баъзан қия очилган эшикдан қараб уҳ тортиб, бошини чайқаб қўярди.

Чоро одамларни кутарди, вақт эса имиллаб ўтаётган эди. Унга ато қилинган ва кўпгина қисмини яшаб бўлгандан кейингина қадрига ета бошлаган бу ҳаёт энди ҳар дақиқа сайин аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб тамом бўлаётгандай эди. У кунлари ва йиллари қандай ўтганини пайқамай қолди. Ҳаш-паш дегунча улар меҳнат билан ўтиб кетди. Унинг кутган нарсасининг ҳаммаси рўёбга чиқмади; ҳамма нарса у истаганча бўлмади. Ҳаракат қилди, курашди, бироқ мушкулдан қутулиш учун, юриш бунчалик хатарли бўлмасин учун аллақаерларда чекинди, четлаб ўтди. Аммо уларни четлаб ўтолмади. Тўқнаш келиб қолишдан қўрқиб юрган куч уни боши берк кўчага сиқиб қўйган эди, энди чекиниш мумкин эмасди, йўл тамом бўлганди. Эҳ, агар у ўз хатосини эртароқ тушунгандами, ҳаёт кўзига тик қарашга ўзини вақтлироқ мажбур этгандами…

Ҳаёт аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб тугаб бораётганди. Одамлар тезроқ келақолса бўлмайдими! Мунча узоқ куттиришяпти!

«Фақат улгурсам бўлгани, — қўрқув аралаш ўйларди Чоро. — Ҳаммасини айтишга улгурсам бас! — Бу умидсиз, унсиз нидо билан сўниб тугалланаётган ҳаётини сақлаб турарди. Ўзини дадил тутишга ҳаракат қилиб, сўнгги жангга ҳозирланарди. — Ишнинг қандай содир бўлганлигини, бюронинг қандай ўтганлигини, Танабойнинг партиядан қандай чиқарганликларини ҳаммасини гапириб бераман. Билиб қўйишсин: мен райкомнинг бу қарорига қўшила олмайман. Билиб қўйишсин: мен Танабойнинг партиядан чиқарилишига рози эмасман. Алданов ҳақида қандай фикрда бўлсам, барини айтиб бераман. Майли, мендан кейин унинг маърузасини эшитишсин. Майли, коммунистлар ҳал қилишсин.

Мен ким эканлигимни батафсил сўзлаб бераман. Колхозимиз ҳақида, кишилар ҳақида гапираман… Фақат улгуриш керак, тезроқ келишса эди, тезроқ…»

Биринчи бўлиб хотини дори билан етиб келди. У жуда қўрқиб кетган эди, бир нарсалар деб йиғларди.

— Ақлинг жойидами ўзи? Наҳотки шу мажлислардан тўймаган бўлсанг. Юр уйга. Ранг-рўйингга қара, ҳеч бўлмаса ўзинг тўғрингда ўйлаб кўрсанг-чи.

Чоро эшитишни истамасди. Дорини ичатуриб қўл силтади. Тишлари стаканга урилиб, кўкрагига оқиб тушди.

— Ҳечқиси йўқ, энди ўзимни яхши сезяпман, — дерди у бир маромда нафас олишга ҳаракат қилиб. — Сен мени у ерда кутиб тур, кейин бошлаб олиб кетасан. Қўрқма, боравер.

Кўчада кишиларнинг оёқ товуши эшитилиши билан Чоро стол ёнида қаддини ростлади, ўзининг сўнгги бурчи деб ҳисоблаган нарсаларни адо этиш учун оғриққа бардош бериб, бор кучини тўплади:

— Нима ҳодиса юз берди? Сенга нима бўлди, Чоро? — сўрашарди ундан.

— Ҳеч нима. Ҳозир айтаман, ҳаммаси келишсин, — жавоб берди у.

Умр аччиқ ва аламли томчилар сингари томиб, тугаб бораётганди.

Коммунистлар тўпланишганда парторг Чоро Саёқов столдан туриб, бошидан телпагини олди ва партия мажлисини очиқ деб эълон қилди…

 

***

 

Танабой уйига тунда етиб келди. Жайдар ҳовлига фонарь кўтариб чиқди. Кутавериб кўзлари тўрт бўлганди. У эрига кўзи тушиши биланоқ аллақандай мусибат юз берганини англади. Танабой жимгина отининг сувлиғини чиқарди, эгарини олиб қўйди. Жайдар эса чироқни тутиб турарди. Танабой лом-мим демасди. Унинг бу сукути тобора даҳшатлироқ бўлиб туюларди. Бечора Жайдар бўлса уни хурсанд қилмоқчи эди: тумандан бир оз хашак, сомон ва арпа уни келтиришганди. Ҳаво ҳам анча исиб, қўзиларни яйловга чиқардилар, улар энди майсаларни чимтиб емоқдалар.

— Бектойнинг отарини олиб кетишди, янги чўпон юборишди, — деди у.

— Э, Худо урсин, ўша чўпонингни ҳам, Бектой-у отарингни ҳам.

— Чарчадингми?

— Нега чарчар эканман? Партиядан ҳайдашди!

— Секинроқ, сақмончилар эшитиб қолишади.

— Эшитса нима? Нега яширар эканман. Дайди итдек ҳайдаб юборишди. Шундай қилишлари керак эди. Сени ҳам шундай қилиш керак. Биздақангиларга бу ҳам оз. Нега туриб қолдинг? Мунча анграясан?

— Бориб дам олгин.

— Буни ўзим ҳам биламан.

Танабой қўйхона томон кетди. Қўйларни кўздан кечирди. Сўнг қўрага чиқиб, қоронғида тентираб юрди-да, яна қўйхонага қайтиб келди. Ўзини қўярга жой тополмасди. У овқатланишдан ҳам, гапиришдан ҳам бош тортган эди. Бир бурчакдаги сомон устига ўзини ташлаб қимир этмай ётди. Тирикчилик, кундалик ташвиш, ҳадиксирашлар энди бир пул эди. Унинг кўнглига қил сиғмасди. Яшашни ҳам, ўйлашни ҳам, атрофдаги бирон нарсани кўришни ҳам истамасди.

Танабой у ёққа ағанарди, бу ёққа ағанарди, ҳамма нарсани эсдан чиқариб ухламоқчи бўларди. Бироқ ҳамма нарсани унутиб бўлармиди? У яна ўтган ишларни эслади. Бектойнинг қай тарзда отарни ташлаб кетганлиги, оппоқ қорда унинг қора излари қолганлиги, Бектойнинг сўзига жавобан оғиз оча олмаганлигини бирма-бир эсга олди, яна Сегизбоевнинг йўрға устидан туриб бақириб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан уни сўккани, турмага соламан деб дўқ ургани, туман партия комитетининг бюросида Танабойни зарарли шахс ва халқ душмани деб атаганларини хаёлдан ўтказди. Шу билан ҳамма нарса, унинг бутун ҳаёти тугагандай эди. Яна бирон бир жарга йиқилиб тушиб бўйни синмагунча паншахани ушлаб, қоронғи тун қаърига қараб чопиш, додлаш, фарёд чекишни истарди.

Кўзи уйқуга кетаркан, у бундай ҳаётдан кўра ўлим афзал деб ўйларди. Ҳа, ҳа, ўлим афзал!

… Боши оғриб уйқудан турди. Бир неча дақиқа ўзининг қаердалигини, нима бўлганлигини англай олмади. Ён-атрофида қўйлар йўталишар, қўзичоқлар маърашарди. Энди билса қўйхонада ётган экан. Ҳовлида тонг ёришиб келмоқда. Нега уйғонди? Нима учун? Уйғонмагани маъқул эди. Биргина ўлимдан бошқа илож қолмади, ўзини ўлдириши керак.

… Шундан сўнг у ариқдан ҳовучлаб сув ичди. Сув ниҳоятда совуқ бўлиб, юзи юпқагина музлаган эди. Қалтироқ бармоқлари орасидан сув шилдираб оқиб тушар, у бўлса яна ҳовучини сувга тўлдириб, сипқориб ичарди. Бир оз нафасини ростлаб ўзига келди, фақат шундагина у ўзини ўлдириш ҳақидаги фикри аҳмоқона фикр эканлигини тушуниб етди. Инсонга бир марта бериладиган ҳаётдан қандай қилиб ўзини маҳрум этиш мумкин?! Сегизбоевлар шунга арзийдими? Йўқ, ҳали Танабой яшашни хоҳлайди, ҳали у тоғни талқон қилади…

Уйига қайтиб келиб милтиқ ва патронтошни секингина бекитиб қўйди ва шу куни кечгача ишлади. Хотини билан қизчалари ва сақмончи аёллар билан ширин муомалада бўлмоқчи эди-ю, лекин хотинлар бирон нарсани сезиб қолишмасин деб ўзини қўлга олди. Хотинлар эса, гўё ҳеч нарса рўй бермагандай, ҳамма иш жойида экандай, ўз ишлари билан машғул эдилар. Танабой уларнинг бу қилиғидан ғоят хурсанд эди ва лом-мим демасдан ишни давом эттираверарди. У яйловга чиқиб, қўйларни ҳайдаб келишга ёрдам берди. Кечқурун ҳаво айний бошлади. Қор ёки ёмғир ёғиши аниқ эди. Чор- атрофдаги тоғларни туман қоплаб, кўк юзини қалин булутлар чулғаб олган эди. Яна қўзичоқларни совуқдан асраш ҳақида бош қотириш керак. Яна қирғин бошланмасин учун қўйхонани тозалаб, остига сомон сочиш лозим эди. Танабой диққат бўлар, лекин ўтган воқеаларни имкон қадар унутишга, умидсизликка тушмасликка ҳаракат қиларди.

Ҳаво қоронғилашганда қўрада бир отлиқ пайдо бўлди. Жайдар уни қарши олди. Улар алланималар ҳақида гаплашишарди. Бу вақт Танабой қўйхонада иш билан банд эди.

— Бир дақиқага бу ёққа чиқ, — хотини уни чақирди, — бир одам келибди. — Танабой хотинининг овозидан қандайдир кўнгилсиз воқеа рўй берганини сезди.

Ҳовлига чиқиб, отлиқ билан кўришди. У одам қўшни овулнинг чўпони экан.

— Э, Айтбой, сенмисан? Отдан туш. Қаерлардан сўраймиз?

— Овулдан келаётирман. Бир иш билан борган эдим. Айтишларича, Чоро қаттиқ касал экан. Сен албатта олдига борармишсан. Шундай деб тайинладилар.

«Яна Чоро». Унутилган ғам-аламлар яна қайтадан янгиланади. Танабой унинг дийдорини кўришни истамасди.

— Нима, мен дўхтирмидим? У ҳамиша касал. Усиз ҳам ташвишим бошимдан ошиб ётибди. Кўриб турибсан-ку, ҳавонинг авзойи ҳам бузилиб келяпти.

— Борасизми, бормайсизми, бу ёғини ўзингиз биласиз. Менга тайинлаган гапларини келиб айтдим. Хайр, вақтим зиқ, кеч тушиб қолди.

Айтбой отини йўлга бурди-ю, лекин яна жиловини тортиб деди:

— Танака, яна бир ўйлаб кўр. Аҳволи ёмон. Ўғлини ўқишдан чақиртирибдилар. Вокзалга кутиб олгани кетишибди.

— Хабар келтирганинг учун раҳмат. Аммо мен бормайман.

— Боради, — уялиб-қизариб гапга аралашди Жайдар, — ташвиш тортманг, боради у.

Танабой индамади. Аммо Айтбой бир оз узоқлашгач, хотинига ўшқирди:

— Сен бу одатингни ташла. Нега менинг номимдан сен жавоб берасан? Нима қилишимни ўзим биламан. Бормайман дедимми, бормайман!

— Нима деяётганингни биляпсанми, Танабой?

— Ўйлаб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Етар энди. Андиша қила-қила партиядан ҳам чиқиб қолдим. Менинг энди ҳеч кимим йўқ. Мен касал бўлсам, бирон кимса кўргани келмасин. Бир ўзим пешонамдагини кўрарман! -деди ғазаб билан қўл силтаб ва қўйхона томон одимлаб кетди.

Лекин кўнгли ҳамон жойига тушмасди. Она қўйлар олдидан янги туғилган қўзичоқларни кўтариб, уларни бир бурчакка элтиб қўяр, қўйлар орасида юриб бораётиб, маъраётган қўйларга «чу» деб, ўз-ўзича дўнғиллаб қўярди:

— Аллақачонлар кетганида бунчалик азоб тортмасди. Қачон қарасанг юрагини чангаллаб юради-ю, лекин эгардан тушмайди. Бошлиқ эмиш! Елкамнинг чуқури кўрсин сени. Хафа бўлсанг бўлавер, мен ҳам сендан хафаман. Ҳеч ким билан ишим йўқ…

Ҳовли қоронғи. Қор аста-секин ёға бошлади. Коинот шу даражада хомуш ва сокин эдики, ҳатто қор заррачаларининг ерга тушаётгани ҳам эшитиларди.

Танабой ўтовга кирмади, хотини билан гаплашишдан ўзини олиб қочиб юрди. Жайдар ҳам унинг олдига келмасди. «Ўша ерда ўтирсанг ўтиравер, — деб ўйлади Танабой. — Лекин мени боришга мажбур этолмайсан. Энди мен учун буларнинг ҳаммаси аҳамиятсиз. Мен билан Чоро мутлақо бегона кишилармиз. Унинг йўли бошқа, менинг йўлим бошқа. Олдин дўст бўлсак энди бегонамиз. Агар мен унинг дўсти бўлсам шу маҳалгача у қаерда эди? Йўқ, мен учун энди бу аҳамиятсиз…»

Охири Жайдар унинг олдига келди. У эрининг кишилик чакмони, янги этик, белбоғ, қўлқоп ва телпагини келтирганди.

— Кийимингни кий, — деди у.

— Бекорга уриняпсан. Ҳеч қаерга бормайман.

— Вақтни ўтказма, бирон ҳодиса содир бўлса, кейин ўзинг умр бўйи пушаймон бўлиб юрасан.

— Пушаймон бўлмайман. Ҳеч қандай ҳодиса ҳам рўй бермайди. Бир оз ётади-да, яна ишига чиқиб кетади. Биз уни энди кўрибмизми.

— Танабой, мен сендан ҳеч вақт бирон нарса илтимос қилмаган эдим. Мана энди сендан илтимос қиламан: алам-қайғуларингни менга қолдиргин-у, ўзинг боргин, бир одамгарчилик қил!

— Йўқ! — қайсарлик билан бош чайқади Танабой. — Бормайман. Энди мен учун буларнинг ҳаммаси барибир. Сен одоб ва одатни ўйлайсан. «Одамлар нима дейди» деб ўйлайсан энди. Менинг ҳеч нарса билан ишим йўқ.

— Эсингни йиғиб ол, Танабой. Мен бориб оловдан хабар олай, яна кигизга чўғ сачрамасин.

Жайдар эрининг уст-бошларини унинг олдида қолдириб кетди. Лекин Танабой ўрнидан қимирламади. Бир бурчакда хаёлга чўмиб ўтираверди, ўз қарорини бузишга журъат этолмади. Чорога айтган сўзларини ҳам хотирасидан чиқариб ташлай олмасди. Энди-чи: «Ассалому алайкум, бир кўриб кетай деб келдим, соғлигинг қалай? Бирон ёрдамим керак эмасми» деб борсинми? Йўқ-йўқ, у бундай қила олмайди, бунга одатланмаган.

Жайдар қайтиб келди:

— Ҳали кийимларингни киймадингми?

— Жонимга тегаверма. Бормайман дедим-ку…

— Ўрнингдан тур! — Ғазаб билан бақирди Жайдар. Танабой худди командирнинг буйруғини бажарган солдатдек ўрнидан сакраб турганини сезмай қолди. Жайдар яқин келиб фонарнинг хира шуъласида ғам чўккан ғазабли кўзларини эрига тикди. — Агар сен эркак бўлмасанг, инсон бўлмасанг, муштипар бир ожиза бўлсанг, сен учун мен бораман, сен эса лаб-лунжингни осилтириб ўтиравер! Ҳозироқ жўнайман. Бор, отни дарҳол эгарла.

Танабой хотинининг фармонига бўйсуниб, отни эгарлагани кетди. Эшикда майдалаб қор ёғаётган эди. Зулмат гўё гирдобдек чархпалаксимон товушсиз айланарди. Зим-зиё қоронғиликда ҳатто тоғлар ҳам кўринмасди. «Энди бу кўргилик ҳам бор экан! Шундай қоронғи кечада танҳо ўзи қаерга боради? — қоронғида от устига эгар ташлар экан, дилидан ўтказди у, — кошки гапга кирса. Айтганини қилмасдан қўймайди. Ўлдирсанг ҳам қайтмайди. Йўлда бирон ҳодиса юз берса нима бўлади? Ҳе, ўзидан кўрсин…»

(давоми бор)

Чингиз АЙТМАТОВ

loading...