Фарзандларингизга ўқиб беринг: “Аълочи хўрозча… (шеърий эртак)

0

 

 

Танишинг мен биринчи –
«Б» синфда ўқийман.
Ўттиз бешта ҳарфнинг
Барин яхши «чўқийман».

 

Айниқса-чи, гўзал «Т»
Кўзга дарров ташланар.
Чунки, ойим номлари
Шу ҳарфдан бошланар.

 

Фарқин унча билмасдим
Аввал ҳар хил дон-дун еб.
Энди ёза олгайман
«Макка» ёки «арпа» деб.

 

Аълочиман синфда,
Тартибни ҳам ўргандим.
Фақат, бир кун домлага
Чакки савол бергандим:

 

«Нега бизлар думсиз «Х» –
Ёздик «Хўроз» деганда?
Вой, домлажон, сизнингча
Хўроз думсиз экан-да?!»

 

Той, Бўталоқ, Бузоқлар
Ўшанда хўб кулишди.
Тўполончи Кучуклар
Масхаралаб улишди.

 

Одат қилдим шундан сўнг,
Ўйлаб, кейин сўйлашни.
Ҳам ўргандим, қичқирмай,
Босиқ, майин куйлашни.

 

Аввал нодон, шўх эдим,
Энди шеър ҳам тўқийман.
Танишинг, мен биринчи –
«Б» синфда ўқийман!

Анвар Обиджон

 

 

 

loading...