ШАЙТАНАТ… (31-қисм)

0

 

 

* * *

 

Бу боланинг турқи совуқроқ эди. Бировдан сўкиш эшитса кўзини лўқ қилиб индамай тураверарди. Кейин эса… ўз билганидан қолмас эди. Баъзан мақтов ҳам эшитарди.

Шунда У совуққина тиржайиб қўярди. Турқи-тароватида совуқлик зуҳр этгани учунми бу маҳаллага кўчиб келишганидан бери болалар Уни қаторларига қўшишмасди. Тўп тепишса ҳам, чиллак ўйнашса ҳам даврага чорлашмас эди. У ҳам «мени ўйинга қўшинглар», деб ялинмасди. Ўйинни тамоша қилиб тураверарди.

Улар уч маҳалла наридаги уйда яшашарди. Ака-укалар тор ҳовлида сиқилиб қолишгач, отаси шу маҳалладаги шинам уйни сотиб олди. Узоқдан эмас, уч маҳалла наридан кўчиб келишган бўлса ҳам У болалар орасида «келгинди» деган ном олди. Уни «гап таъсир қилмайдиган без эди», десак хато гапирган бўламиз. Болаларнинг ўйинга қўшмасликлари, айниқса «келгинди» деб чақиришлари Унинг ғазабини келтирарди. Аммо ғазабга ошно бўлиб қолмаслик учун ўзида куч топа оларди. У зоҳиран тенгдошларининг ўйинини кузатарди. Хаёли эса бу болалар устидан ҳукм ўтказиш йўлларини излаш билан банд бўларди. Бир неча кун ичида У режасини пишитди. Отаси Масковга қатнайдиган поезд ресторанида ишларди. Шунинг учун ҳам уйларида бу шаҳарда топилиши қийин бўлган сигарет, шоколад, сақичлар кўп эди. Моллар вақтида сотилмагани учун баъзан тўпланиб қоларди. Отаси кўпинча йўлда, онаси эса молларни қайта-қайта санашни ёқтирмас эди. У мана шундан фойдаланди. Бир куни мактабдан қайтди-ю, иккита «ВТ» сигаретини чўнтагига солиб, кинохона томон юрди. Кинохона икки кўча нарида, шу атроф маҳаллаларининг зўрлари шу ерга макон қуришган эди. Болалар булардан қўрқишарди. Зўрларнинг зўри — Шомил деган ғилай йигитча эрта-ю кеч шу ерда. Кинохона атрофида у ўзини подшодай ҳис этар, атрофидаги болалар эса унга мулозимдай хизмат қилишар эди.

У кинохона рўпарасидаги анҳор қирғоғида икки бола билан гаплашиб ўтирган ғилай Шомил томон дадил юрди. Ғилай йўлга орқа қилиб ўтиргани учун унинг яқинлашганини сезмади.

У ғилайга яқинлашиб, тўхтади. Индамай тураверди. Йўлга ёнбош ўтирган, ғилайнинг ўнг томонидаги бола Унга қараб: «Ҳе, чумо, ишинг борми?» деб сўради. У индамади, боланинг «чумо» деб ҳақоратлаганини дилига тугиб қўйди. ғилай Унга ўгирилиб қараши билан чўнтагидаги сигаретни олиб узатди. Ғилай сигаретларни олиб, ёнидаги боладан сўради:

— Ким бу?

— Томи кетганлардан биттаси-да, — деди бола. Бу гап ҳам Унинг дилига тугилди.

 

— Сигарет олиб келишни сенга ким буюрди? — деб сўради ғилай.

— Ҳеч ким.

— Ўзингча олиб келдингми?

— Ҳа.

— Нима учун?

— Сизни яхши кўраман.

— Яхши кўрасанми? Вў, класс! Нима учун?

— Сиз — зўрсиз!

Бу баҳо ғилайга ёқиб, хахолаб кулиб юборди.

— Эшитдиларингми, вў, класс! — деди шерикларига қараб.

— Ў, бор, қулоққа лағмон осма, — деди ўнг томонда ўтирган бола.

— Тўхта, ҳайдама, — деди ғилай Шомил, — ке, братишка, ўтир. Калланг бор экан, сен ҳам зўр бўлиб кетасан. Отинг нима?

— Ҳосил.

— Класс! Зўр от! Сен прўста Ҳосил эмас, Ҳосилбойвачча бўласан. Кетворган бойвачча бўласан! — Шомил шундай деб унинг елкасига уриб қўйди. Сигаретни очиб биттасини лабига қистирди, сўнг шерикларига тутди.

У эртасига ҳам сигарет олиб келди. Таклифни кутмаёқ, ғилайнинг ёнидан жой олди. Бундан болаларнинг ғаши келди, аммо ғилай индамагани учун улар ҳам мум тишлаб қолаверишди. Шу-шу бўлди-ю, У ғилай Шомилнинг ёнидан доимий жой олди. Масковдан келган тоза ароқ (Шомил шундай деб баҳо берди) лардан бирини олиб чиққач, мартабаси яна ҳам юқорилагандай бўлди.

Бир куни оқшом чоғи Шомилнинг ёнидан қайтаётиб кўчасидаги болаларнинг тўп ўйинига дуч келди. Ўйинга бир оз қараб турди. Тўп ёнидан ўтаётганида шартта тутди-да, устига ўтириб олди. Уни «келгинди» деб менсимайдиган болалардан бири:

— Коптокни бу ёққа чўз! — деб буюрди.

У тиржайиб қўйди. Жойидан жилмади. Унинг мақсади жанжал чиқариш эди. «Яна бир дўқ урсин, сўксин, кейин кўрадиганини кўради», деб ўйлади. Лекин у бола бошқа бақирмади, сўкмади. Тўғрироғи, сўкишга улгурмади. Бошқа бир бола келиб, қулоғига нимадир деб пичирлади. Афтидан: «Бу билан ҳазиллашма, Шомилнинг одами», деди шекилли.

Дўқ урган бола унга ўқрайиб қаради-да, бурилиб кетди. Ўйин бузилди. Унинг жанжал чиқариш мақсади амалга ошмади — қалъа жангсиз таслим бўлди. Бу Унинг биринчи ғалабаси эди! У чўнтагидан пичоқча чиқариб, тўпни иккига бўлди. Тарқалмай турган болалардан бири «коптогим!» деб юборди. У эса ишшайди. Мағрур ҳолда чўнтагидан битта ўн сўмлик чиқариб, бўлинган тўп устига ташлади.

— Ўйнайдиган бўлсаларинг, тузукроқ коптокда ўйналаринг, — деб мағрур қадамлар билан уйига қараб кетди. Бу — унинг кибр йўлидаги дастлабки қадами эди. Кўп ўтмай хоинлик кўчасидаги қадамини ҳам қўйди. У Шомилнинг ўғирлик қилишини аниқ билмасди, аммо гумони бор эди. Бир куни гап орасида отасининг яқин дўсти бой экани, савдогар эканини айтди. Шомил эса уйида нималар борлиги билан қизиқди. У билганича айтди. Шомилга шу билганларининг ўзи кифоя қилди. Икки кундан сўнг уни мактабидан, дарс пайтида чақиртирди.

— Братишка, ҳозир паханингнинг оғайнисиникига борасан. Оти нимайди, Ҳасанми? Ҳа, опоқингга айтасан: «Ҳасан амакимни ментлар тутиб олди, нарсаларни гум қилар экансиз», дейсан.

Унга бир гапни икки марта тушунтиришнинг ҳожати йўқ эди — Шомил айтганидай қилди.

Унинг ҳовлиқиб айтган гапини эшитиб опоқиси тамом гангиб қолди. Бир оз нима қиларини билмай талмовсираб турди-да, сўнг: «Вой, айланай сендан», деб ичкарига бошлади. У эса ўзини гўлликка солиб ёрдам берди. Ҳар хил қимматбаҳо матолар, кийимлар тугилди, тилла тақинчоқлар ўралди. Энди қўшниникига олиб чиқиб яширамиз, деб туришганида эшик қўнғироғи жиринглади. Опоқи қўрққанидан тугун устига ўтириб олди. У эшикни очди.

Қараса — қора «Волга», башанг кийинган икки йигит. «Бу кимнинг уйи?» деб сўраб ҳам ўтиришмади. «Биз тинтув қилгани келдик», деб остона ҳатлашди. Семизлигидан юрганида ҳансираб қоладиган опоқи тугун устида ҳайкалдай қотган, оёқ-қўлининг енгил титрашидан унинг ҳали ҳаёт эканини пайқаш мумкин эди. Йигитлар зинага яқинлашганда унда яна бир жон нишонаси сезилди: «Вой ўлдим, вой хонавайрон бўлдим», деб фиғонини бошлади. «Сизлар кимсизлар, ўзи? Тинтувга рухсат қоғозинглар борми?» дейиш хаёлига ҳам келмас эди. Назарида эри қамоқда азоб чекмоқда, ҳозир уни ҳам олиб бориб илон, чаён билан тўла зиндонга ташлашади.

— Агар молларни яширмай ўз хоҳишингиз билан топширсангиз, эрингизнинг гуноҳи енгиллашади. Уч-тўрт ойда эсон-омон қайтади. Ўжарлик қилсангиз, камида ўн йилга кетади. Шерик сифатида сиз ҳам қамаласиз, уйингиз мусодара қилинади, — деди келганлардан бири.

— Вой, қамалмай мен ўла қолай, — деди опоқи йиғламсираб. — Мана, ҳаммаси тайёр, ҳозир ўзим олиб бориб топшираман, деб турувдим, Ҳосилжон, болам, сен айтгин, топширмоқчийдим, а? Ана қўшним гувоҳ, айт, болам.

— Ҳа, топширмоқчийдилар, — деди У минғирлаб.

— Совет кишисининг фазилати шундай, — деди қўрқитаётган йигит. — Ҳалоллик — соғлик гарови.

У айвонга чиқиб тугунлардан бирининг четини очиб кўрди.

— Ҳаммасими? Яширмадингизми?

— Вой, яшириб гўримга ортмоқлаб кетаманми? Худо урсин, ҳаммаси шу, ана, гувоҳ болам айтсин.

— Қани, братишка, кўтар, машинага олиб чиқ.

«Братишка»… демак, «Шомилнинг одамлари», деб ўйлади У. Томошадан завқланган ҳолда, буюрилган ишни бажарди.

— Эртага соат ўнда идорага борасиз. Тилхат ёзиб берамиз.

Улар шундай деб чиқиб кетишди.

Томошани-ку, кўриб маза қилди. Айни чоқда, томоша нима билан тугашини фаҳмлаб, жавобларини ҳам пухталаб қўйди. Шомил ўшанда Унга қойил қолган эди. Бошқа бола бўлганида югуриб келарди, «энди нима қиламан», деб зир титраган бўларди. Ёки уйидан қочиб кетарди. У эса парвойи палак — қуёш ботишини кутиб, уйида ўтирди.

Қуёш ботдими, демак, бозордагилар ҳам уй-жойлари борлигини эслашади. Кун бўйи минг қиёфага кириб, дам алдаб, дам ялиниб, дам мақтаб, Худодан эмас, назоратчилардан қўрқиб чарчаган бозорчилар сўнгги ҳунарларини ишга солиб, автобусга кира ҳақи тўламай, уйларига етиб оладилар. Сўнг ёстиққа ёнбошлаб пул санайдилар. Ана шу пулни санаш чоғида бир кунлик ҳордиқ кўтарилади… Ҳасан ака эса бу шом ёстиққа ёнбошлашга, пул санашга улгурмайди. У Ҳасан аканинг уйга кириб келишини, хотини билан учрашишини ўзича кўз олдига келтириб кулимсираб қўяди.

… Шубҳасизки, Ҳасан ака уйга кириб келгач, хотини довдирайди. Отаси гўрдан қайтиб келса бунчалик ажабланмас, аммо «камида уч-тўрт ой қамоқда ўтириши лозим бўлган» эрининг кириб келишидан ҳайрон бўлади.

— Вой, Худойимдан айланай, қўйиб юборишдими, а? — дейди хотин.

— Ким қўйиб юборади? — деб ажабланади эр.

Сўнг… бошланади. Сўнг… ғазаб отига минган эр-хотин узун-қисқа бўлиб кириб келишади.

Шундай бўлди. «Онагинангни Учқўрғондан кўрсатаман!» деб Ҳасан ака дўқ урди.

«Ергина юткур, писмиқ», деб хотини қарғади. Уларга отаси билан онаси қўшилди. У эса киприк қоқмай тураверди. Фақат отаси уриб юборганидан сўнг тилга кирди. У отасидан ҳеч бўлмаса бир шапалоқ ейишини, шапалоқдан кейин мушт тушиб қолмаслиги учун йиғламсираб бақириши лозимлигини ҳам ҳисобга олган эди.

— Урманг! Агар урсангиз, буларнинг уйини ёқиб кетишади.

— Ким ёқади? — деб сўрашди бараварига.

— Ўша одамлар.

— Сен уларни танийсанми?

— Йўқ. Кўчада турувдим. Биттаси келди. Ҳасан акангникига кириб шу гапни айтасан, деди. Мен айтмайман, дедим. Алдаётган бўлсангиз, мени ўлдиришади, дедим. У киши «агар сени биров чертса ҳам мана шу уйни ёқиб юборамиз», деди. Агар кириб айтмасанг, сени сўямиз, дейишди. Мана бу еримга пичоқ тиқиб олай деди, — У шундай деб бармоғини бўғзига ниқтади. Онаси Унинг гапига чиппа-чин ишониб, қўрқиб кетди. У эса гапи таъсир эта бошлаганини сезиб, сўнгги, ҳал қилувчи зарбани берди:

— Ишонмасангиз ментларга хабар қилинг. Ҳаммасини айтиб бераман. Улар ўғриларни топишади.

— Ментларинг ким? — деди опоқиси тушунмай.

— Милиса, — деб пўнғиллади У.

— Адаси, гапи тўғри, а?

— Йўқ, милисанинг кераги йўқ. Уларни ўзимиз топамиз. Ҳасанжон ошна, буни менга қўйиб беринг, билганларини жонига қўшиб бўлса ҳам суғуриб оламан. Топилмаса, молларнинг тенг ярми менинг бўйнимда.

Улар чиқиб кетишгач, отаси яна исканжага олди. Яна урди. Энди онаси ёнини олди.

— Айтмасам ўлдиришарди, деяпти-ку? Шуларнинг моли деб менинг болам ўлиб кетиши керакмиди?

— Ҳовлиқма, э галварс, бунингни қўрқитишган. Бу ҳезалак битта гапга лаққа тушган.

— Лаққа тушмадим. Қўрққаним ҳам йўқ. Мен ҳезалак эмасман, — деди У дадил. —

Ўлдирмаслигини билардим. Лекин бошқа ишни албатта қиларди.

— Қанақа ишни?

— Ҳасан аканики бўлмаса, бизникига киришарди. Шу кўчадан иккита уйни мўлжаллашган экан.

Шу гапи боши узра қуюқлашаётган абри балони тарқатди. Отаси шаштидан тушди, онаси Унинг ақлига тасанно айтди.

У қуруқ қолмади ўшанда. Чўнтаги пулга тўлди. Шомил учун қилиб юрган барча харажатлари қопланди. «Сизга билдирмай сигарет сотувдим», деб онасига ҳам пулдан бериб, олқиш олди. Қолган пулни Шомилнинг атрофидаги болаларни ийдиришга сарфлай бошлади.

Шомил бошқаларга нисбатан кўпроқ унга ишонарди. Шу ишонч туфайли Шомилнинг катта акалари даврасига кириб борди. Катта акалар билан Унинг орасида Шомил бор эди. Уни йўлдан олиш, катта акаларга воситачисиз яқинлашишни ўйлади. Бир неча уйни ўмаришда ёрдам бергач, катта акалар ҳам уни яхши кўриб қолишди. Ана ўшанда у ақлини ишга солди. Шомилни мустақил ишлашга ундай бошлади. Шомил ёнига уч болани олиб, у кўрсатган уйга тушди. У эса ўша заҳоти милитсияга хабар қилди. Бир марта судланган Шомил қулоғини ушлаб кетди. У эса олға бораверди. Аввал кинохона атрофининг мутлақ хўжайини бўлди. Шомил болаларни куч билан ушлаб турарди. У эса пули билан ушлади. Шомил қамоқдан қутулиб чиққанида Унинг таъсир доираси анча кенгайган, оддий Ҳосил эмас, чиндан ҳам Ҳосилбойваччага айланган эди. Шомилга хиёнат қилган бўлса ҳам, қамоқдан чиқишини аниқлаб, ўзи кутиб олди. Шоҳона иззат кўрсатди.

— Хоинлигингни билсам ҳам сени сотмадим, — деди Шомил унга.

— Сиз — зўрсиз! Сотмаслигингизни билардим.

— Нимага атрофимда пашшахўрда бўляпсан, энди қўрқяпсанми?

— Сизданми? — У кулди. — Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Сиз менга кераксиз. Мен эсам сизга керакман. Сиз — зўрсиз, лекин катта ишлар қўлингиздан келмайди.

Шомил бир-икки кун суриштириб, мавқеини аниқлагач, Унга тобе бўла қолди. Илгарилари У Шомилнинг ёнидан жилмаган бўлса, энди Шомил унинг ёнидан жилмайдиган бўлди. Ғилайнинг ўқрайиб қарашиёқ кўпчилик кўнглига ғулғула соларди. Ана шу қараш туфайли айрим ишлар «Тинч йўл билан ҳал этилар эди»…

Ҳосилбойвачча ҳали кенг қанот ёймасдан аввал Асадбек пинжига киришга уриниб ҳам кўрди. Унинг нияти қалъа ичига ўтиб, сўнг аста емириш эди. Бироқ қалъа саркардалари У ўйлагандек анқов эмас эдилар — яқинлаштирмадилар. Асадбек Унинг турқини кўргандаёқ энсаси қотди. Чувринди Унинг таржимаи ҳоли билан эринмай қизиқиб,

Асадбекни хавфдан огоҳ этди. У ҳатто Кесакполвонга ҳам ёқмади. «Бу мижғовнинг қўлидан фақат мижғов ишлар келади», деди. На илож, йўли тўсилган экан. У ҳам анойи эмас, индамай орқасига қайтавермайди. Қалъани қамал қилади. Ўн йилми, йигирма йилми, қамал қилиб тураверади. Охир-оқибат қўлга олади. Сўнг қўпориб ташлайди. Кейинги воқеалар, айниқса Қилич Сулаймонов воқеаси унга қалъа нурай бошлаганидан далолат берди. У аввалига винзавод бошқонига ёрдам берди. Сўнг қўл-оёғини боғлаб эгасига топширди. Қилич Сулаймонов Ҳосилбойваччага суянаман, деб гўллик қилди.

Болаликдаги воқеалар, гаплар унинг эсидан чиққан эди, Ҳосилбойваччанинг эса хотираси тиниқ, ўйинга қўшмаган, «келгинди» деб ҳақорат қилган болани у ҳали унутмаганди.

Қилич Сулаймонов баҳонасида Асадбекка қарши олиб бораётган пинҳона уруши яширин ҳолатидан чиқа бошлади. Элчинни тўйга таклиф этиб шарманда қилганида буни кўпчилик сезди. У даври-даврони келаётганини сезди. Айниқса Жамшиднинг ўлими «душман лагери»нинг парокандаликка учраётганини аён этди.

Чувриндиникига фотиҳага борди. Мақсад — фотиҳа ўқиш эмас, мақсад — Асадбекнинг, аъёнларининг ранг-рўйини кўрмоқ, кайфиятлари қандай эканини аниқламоқ эди. Асадбекни ҳам, Кесакполвонни ҳам учратмади. Уни Чувриндининг ёлғиз ўзи, сир бермаган ҳолатда кутиб олди.

— Кимнинг иши экан бу? — деди Ҳосилбойвачча.

— Дунёда ғаламислар камми? — деб жавоб берди Чувринди.

— Ҳарҳолда ғафлатда қолибсизлар. Бек акамга айтинг, ғафлат ёмон нарса. Бу иккинчиси, а?

— Ҳа, иккинчиси.

— Бизга хизмат борми? Топайлик ўша ғаламисларни.

— Э, бойвачча, ташвиш чекманг. Ўрганнинг нонини яримта қилмайлик. Ғилай аламисларни топиш — уларнинг юмуши. Биз тирикчилик орқасида тинчгина юрган одамлармиз…

Шу суҳбатнинг эртасига «Асадбекнинг қизи ўзини осибди» деган таҳликали хабарни эшитгач, унга кўп нарса ойдин бўлди. «Бек ака тугабдилар, асфаласофилинга

жўнашларига бир қадам қолибди», деб қўйди.

Шу куни Ҳосилбойвачча қамал ҳолати якунланганини англади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...