ШАЙТАНАТ… (32-қисм.)

0

 

 

* * *

 

Зелихон бирон ғалва чиқмоғини кутган эди. Аммо бу қадарли фожиа юз берар, деб ўйламаганди.

Беозоргина тонг отди. Бу тонгни Исмоилбей одати бўйича намоз билан, кичкинтойлар уйқуларида кўраётган ширин тушлари билан кутиб олишаётган эди. Аҳадбейнинг илтимосига кўра бу уйда тунаган Зелихон ухлагандай бўлмади. Ҳар ярим соатда шовқин солиб ўтувчи поезднинг гулдирагига бу хонадондагилар кўникиб қолган, ухлайверишади. Исмоилбей бомдодни ўқиётганида яна бир поезд ўтди-ю, Зелихон ўрнидан туриб кетди. Аҳадбей ҳам уйғоқ эди, ошнасининг турганини кўриб, у ҳам қаддини кўтарди.

Исмоилбей намозни адо этиб бўлганидан кейин ҳам жойнамоздан жилмади. Отасининг узоқ ўтириб қолганидан ажабланиб, Аҳадбей унга қараб-қараб қўйди.

Қуёш кўтарилганида болалар ҳам туришиб, барчалари бирга ўтириб нонушта қилишди.

— Тўйни бекор қолдирдинг, ошна, мана, ҳаммаси тинчиганга ўхшайди, — деди Зелихон чой ича туриб.

— Тинчигани рост бўлсин, — деди Аҳадбей. — Энди тўйни қовун пишиғида қиламиз.

— Иншооллоҳ, — деди Исмоилбей ўйчан. — Бандаларига инсофу тавфиқ берсин. Зулмдан асрасин. Я бани Одама! Инни ҳаррату-з-зулма ала нафсии ва жаалтаҳу байнакум муҳарраман фала тазаламуу.

Одамлар билан гаплаша туриб, ора-орада ўзича пичирлаб қўйиш Исмоилбейнинг одати эди. Бу сафар пичирламай, ҳамма эшитадиган қилиб арабчалаб гапириши Зелихонни ажаблантирди.

— Гапингизга тушунмадим? — деди у.

— Тушунмадингми? Ҳа, бу ҳикматни англаш қийин. Англаган тақдирда ҳам амалга ошириш мушкулдир. Бошқаларни қўятур. Мана, сен, англаганингда ҳам ижро этолмайсан.

— Шу қадар бефаҳмманми ё ожизманми? Қани, айтинг-чи. Балки…

— Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики, «Эй одам фарзандлари, мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўрталарингизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар».

— Яхши гап экан, — деди Зелихон. — Лекин менга танбеҳ берганингизга тушунмадим.

Мен ҳали бировни ўлдирмаганман. Тўғри, урганман, ўмарганман, лекин ўлдирмаганман.

— Зулм фақат ўлдиришдан иборат эмасдур. Ёмон сўз айтиб бировнинг дилини оғритиш ҳам зулмдир.

— Энди бу ёғини жуда тор олиб юбордингиз. Баъзан шунақа ҳолат юз беради-ки, бирон аблаҳни ўлдириб фақат савоб топасиз. Мана, Селимни дўппосладим. Аҳадбей кўрди. Аслида қилмиши учун уни ўлдиришим шарт эди.

— Ал қасосу минал Ҳақ! Жазо беришга сенда ҳуқуқ йўқ. Жазоловчи қодир Худодир.

— Худо у аблаҳни жазолагунича, дунёни остин-устин қилиб юборади.

Исмоилбей Зелихонга гап уқдириб бўлмаслигини билгани учун «Бандаларингга инсоф бер» деб пичирлаб қўйиб, баҳсни тўхтатди. Зелихон гапни чуваламади.

Дастурхон йиғиштирилаётган пайтда кўчанинг нариги бетидаги қўшни кўринди. Кўча эшик очиқ эди, шу сабабли «Домлажон, уйдамисиз?» деб кириб келаверди. Уч-тўрт кундан бери соқол олишга ҳафсала қилмаган эллик ёшлардаги киши Исмоилбей билан қўшқўллаб сўрашди. Дастурхонни қайта ёзишмоқчи эди, унамади.

— Бозорга бормоқчиман, домлажонни бир зиёрат қилай, дедим. Кўчага чиқиб қарасам, дарвозамнинг тепасига чорси боғлаб қўйилибди. Яп-янги, денг. Ечиб, белимга боғлаб олдим, — у кулимсираб белбоғни кўрсатди. — Ҳойнаҳой домлажоннинг набиралари боғлашгандир, совчи қўймасдан олдин турклар шунақа қилармикин, деб фикр қилдим.

— Йигитали ака, бизда бунақа одат йўқ. Совчи қўйишга ҳали беш-ўн йил бор.

— Энди бу бир омади гап-да, Аҳадбей иним. Ҳозирдан чорси боғлаб турилса, чорсидан

ялчиб қолармидик, дейман-да. — У шундай деб кулди-да, ажабланиб қараб турган

Зелихонга кўзи тушиб, жиддийлашди. — Бу ҳазил, домлажон, омади гап шуки, мен мундай қарасам, яна уч-тўрт дарвоза тепасига боғланган. Шунга бошим гаранг бўлди. Бозорга боришга ҳам оёғим тортмай қолди. Йўлдан қайтдим. Юрагимга бир ғулғула оралаганга ўхшайди.

Йигиталининг кейинги гапини эшитиб, Исмоилбей бошини эгди. Унинг юраги бир неча кундан бери нотинч эди. Бир неча кундан бери кўзини юмди дегунича, она юрти Месхетияни кўради. Денгиз мавжлари кўзларини қувнатади. Денгиз соҳилида, қирғоқдаги майда

тошларни оҳиста силаётган ожиз тўлқинларни безовта қилиб югураётган иштончан болани кўради. «Сен кимсан?» деб сўрайди ажабланиб. Бола қиқирлаб кулади. «Мен — ўзингизман, мен — Исмоилбейман. Мен бунда бобомни кутаётирман». Ҳаётни фақат шодликдан иборат деб ўйловчи бола — Исмоилбей қийқириб, қувнаб югуради. Дунёдан ризқи узилай деб турган қария — Исмоилбей эса унга ҳавас билан қарайди. Унга эргашиб югургиси келади. Аммо оёқларини ердан уза олмайди. Бола — Исмоилбей югуради.

Сачраган сув томчилари қуёш нурида зумрад мисол бир товланиш беради-ю, яна ўз ўрнига қайтади. Боланинг қувнашидан денгиз ҳам маст, қуёш ҳам яйраб нур сочади… Сўнг… денгизнинг уфққа туташ ерини ёндириб қуёш ботади. Сўнг Ой кўтарилиб, бу ёнғиндан азият чеккан денгиз юзини силаб, овутади. Ой нури денгиз узра узун пояндоз солади… Шу онда пояндоз устида бобоси кўринади. Бола — Исмоилбейни кўтариб, елкасига ўтқизади. Изига қайта бошлайди. Бола хурсанд. Бобоси ғамгин.

Индамайди. Нур пояндоз бўйлаб юраверади. Қария — Исмоилбей бобосини чақиради.

Жавоб бўлмайди. Сўнг у ҳам пояндозга оёқ қўяди. Юраверади, юраверади… Охири денгиз тубига қараб туша бошлайди. Бола — Исмоилбей билан бобосини сув ютади. Унинг эса нафаси қайта бошлайди… Чўчиб уйғонади. Калима келтиради… Неча кундан бери аҳвол шу. «Бу нимадан дарак беради?» деб ўйлайди. Ўй ўйлаб, ўйининг ниҳоясига ета олмайди.

Йигиталининг гапи хавотирини яна уйғотади.

— Кимларнинг уйига чорси боғланибди? — деб сўради Исмоилбей.

— Ҳайдарали, Муҳсинали, Зиёдали, Ниёзали…

Бу маҳаллада ўзбекларга нисбатан турклар кўпроқ эди. Йигитали номини тилга олган одамлар ўзбеклар бўлгани учун, Исмоилбейнинг гумони ҳақиқатга айлангандай бўлди.

Лекин Йигиталига сир бой бермади.

— Йигитали, сиз бозорга баҳузур бораверинг. Бу болаларнинг бир ўйини бўлса керак-да.

Йигитали чиқиб кетгач, Исмоилбей Зелихон билан Аҳадбейни ёнига чорлади:

— Бу ўйинда бир шумлик бор кўринади, — деди у. — Зийрак бўлинглар. Кимдир ўзбекларнинг уйларини белгилаб чиқибди. Шу уйларга бало ёғилмасин, зийрак бўлинглар.

Зелихон нонуштадан кейин кетмоқчи эди. Бу гапни эшитиб, жойидан жилмади.

Барчаларининг кўнглига булут соя ташлаган, бироқ улар бу булутнинг номи офат экани, ундан тез орада ёғажак офат ёмғирининг неча ширин жонларни суғуриб олмоғини, неча одамларнинг саргардонлик балосига мубтало этмоғини билмас эдилар.

Бу тонг қуёш беозоргина бош кўтарган эди. Одати бўйича беозор нур сочарди.

Ажабки, бу беозор нур-дан ғофил бандалар ҳам, аҳли шайтанат ҳам нур эмарди.

Офат булути кутилмаган тезликда, кутилмаган ёвузлик дўлини ёғдириб бу маҳаллага ҳам етиб келди. Булутнинг совуқ шабадасини аввал Йигитали келтирди. У ҳовлиқиб кирди-да:

— Домлажон, омади гап шуки, дам ғанимат! Туркларнинг уйларига ўт қўйишяпти!

Ўзларини калтаклашяпти, қочинглар! — деди.

— Ким ёқяпти, ким уряпти? — деб сўради Зелихон.

— Ким бўларди? — деди Аҳадбей унга жавобан. Ўғлининг заҳарли гапини эшитган Исмоилбей бош чайқади:

— Ундай гумон қилма, ўғлим. Нон берган жон олмайди.

Маҳалланинг кунботар этагидан қуюқ қора тутун ўрлай бошлади.

— Қаранглар! — деди Йигитали.

— Болалар қани?! — деб бақирди Зелихон. — Тез бўл!

Улар кўчага чиқишганида оломон кўринди.

— Бизникига, бизникига киринглар, — деди Йигитали ҳовлиқиб.

Фикрлашмоққа, маслаҳатлашмоққа фурсат йўқ эди. Ҳаммалари ваҳима тўрига ўралган ҳолда Йигиталиникига отилишди.

— Дарвозага боғланган чорсининг маъносини энди тушундингизми? — деди Зелихон. —

Ўзбекларнинг уйини белгилашган, бу уйларга тегишмайди.

— Мен аҳмоқ, уни ечиб олибман, — Йигитали шундай деб, кўчага чиқди.

Одамларнинг ҳайқириқлари, фарёдлар, ёнаётган уйларнинг томидаги шиферларнинг оташ забтига чидамай қарсиллаб ёрилиши — ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетди.

Оломон Исмоилбейнинг уйига яқинлашганида Йигитали уларнинг йўлини тўсмоқчи бўлди.

— Ҳой, яхшилар, бу уйда домла турадилар. Тегманглар, Худодан қўрқинглар!

Оломонни бошлаб келаётган малла одам унга таниш кўринди. Бироқ уни қаерда кўрганини бу саросимада эслай олмади. Малла бензин тўлдирилган пластмас идишни қўлтиқлаб олган эди. Йигитали уни қўлидан ушлади.

— Биродар, бу уйга тегманглар. Домланинг уйи. Болаларимизни ўқитган.

— Нари тур! — малла шундай деб сўкинди-да, тирсаги билан қаттиқ туртди.

Йигитали шундан кейин эслади: буни кеча оқшом чоғи шу кўчада кўрган эди. У ўзига ўхшаган уч-тўрттаси билан кўзлари олазарак ҳолда кўчадан секин ўтиб бораётганида Йигитали: «Биродарлар, бировни қидиряпсизларми?» деб сўраб, «Аммангнинг эрини, бор ишингни қил», деган жавоб эшитган эди.

Кўкрагидан зарба еган Йигитали аччиқланди-да, уни ёқасидан олди:

— Тегма, деяпман сенга, итдан тарқаган!

Малла унинг оёғига зарб билан тепди. Йигитали оғриққа чидолмай чўккалаб қолганида жағидан тепки еб, чўзилди. Малла бир оёғи билан томоғини эзган ҳолда устидан бензин қуя бошлади. Ана шу онда Зелихон эшикдан мўралади. Маллани таниди — Федя! У яшин тезлигида эшикни очиб, кўчага отилди. «Федя!» деб бақирди. Федя овоз қаёқдан келганини фаҳмламай туриб жағига тушган мушт зарбидан қалқиб кетди.

Қорнига тушган тепкидан букчайиб, қўлидаги идишни тушириб юборди. Зелихон ҳушидан кетаёзган Йигиталини турғизмоқчи бўлди.

— Ўзларингнинг ўзбекларингни ўлдиртириб томоша қилиб турасанларми! — деб бақирди

Зелихон оломонга қараб.

— Урларинг, бу туркни! — деб бақирди жон аччиғида Федя. Шу заҳоти Зелихон гарданида оғриқ сезди. Йигиталининг: «Биродарлар, бу турк эмас!» деган бақириғини эшитди.

Эшитди-ю, ҳушидан кетди. Димоғига аччиқ тутун кириб, кўнгли айниди.

 

***

 

«Ман залла фи нафсиҳи рафаъаллоҳу қадраҳу ва ман азза фи нафсиҳи азаллаҳу фи аъюни ибодиҳи»*.

Асадбек бу ҳикматдан бехабар эди. Бола чоғида, бундай ҳикматлар қалбига муҳрланиши лозим бўлган паллада отаси урушда эди. Онаси тирикчилик ташвишидан ортмасди. Маҳалладаги қари-қартанглар ҳам болаларга одоб ўргатиш юмушига бефарқ бўлиб қолган эдилар. Гўё улар уруш тамом бўлганидан кейин ҳам ҳаёт давом этажагини, жамият яхши хулқ эгаларига муҳтож бўлажагини унутган эдилар. Барча ўз қайғуси, ўз ташвиши билан банд эди. Кейинчалик оғир замонлар ўтди. Қорин тўйди.

Аммо руҳ оч қолаверди. Одамлар эса баргсиз, мевасиз дарахтга айландилар.

Асадбекнинг руҳи баъзан очликдан чириллар, вужудини тилка-тилка қилиб ташларди. У чорасиз, бу ёшда энди руҳини тўйдира оладиган озуқа топа олмас эди. Руҳи оч одамнинг бу дунёда умр кечирмоғи оғир, жуда оғир. Мол-мулк ҳисобсиз, аммо руҳ оч. У баъзан ҳолатига ўзи ҳам тушунмай ўйга толади: «Менга яна нима етишмайди?» деб ўзига ўзи савол беради. Савол беришга беради-ю, жавоб топа олмайди. Бу ожиз банда билмайдики, бойликда ҳеч қандай улуғворлик йўқтур. Бойлик — сокиндай кўринган денгиз узра қурилган бир қасрдир. Денгиз бир чайқалса, тамом, қасрдан ном-нишон қолмас.

Сиртдан қараган кишига балки у бахтли кўринар. Асадбек файласуфона фикрлар билан машғул бўлмоқни ёқтирмайди. Мушоҳада қилмоқни Чувриндига чиқарган. Бир куни у:

«Кимнинг қалби бўлмаса — у бахтсиздир», деган эди. Кесакполвон: «Бунақа гапларинг билан миямнинг астарини тескари қилиб юборасан», деб сўзини бўлган, Асадбекка эса мана шу ҳикмат ёққан эди. Ҳатто бир неча кун бу ҳикматнинг мағзини чақмоқчи бўлиб ўйланиб ҳам юрди. Кейин эса… ёдидан чиқарди.

Зайнаб ўзини осгач, хотирасининг қай бир бурчакларида ғафлат босиб ётган бу ҳикмат уйғонди. «Менинг қалбим йўқми, мен бахтсизманми?» деган савол уни оғир аҳволга солиб қўйди. Қизининг ўзини осиб қўйганини эшитиб қўрқди. Нимадан қўрқди — билмайди. Зайнаб ўғирланиб, сўнг қайтиб келган маҳалда, «бундан кўра ўлдириб юборганлари яхши эди», деган ўйга ҳам борган эди. Қизи ажал билан юзма-юз бўлганида эса, қўрқди. Кечагина номус унга ҳукм ўтказган эди. Шу номус бандилигида Жамшидга ўлимни раво кўрган эди. Бугун номус туйғуси уни тарк этди. Боласининг ўлиши мумкинлиги уни қўрқувга солди. Шу қўрқув туфайли қизи ётган уйга киришга юраги бетламади. Манзура фожианинг сабабини билмас эди. У эса, аниқ билмаса-да, тахмин қиларди.

Шу боис уйга кириб қизининг кўзига қарашга ботинмас эди. Манзура бир-икки ҳовлига чиқиб, унга маънодор қараб қўйгач, киришга мажбур бўлди. Зайнаб кўзларини шифтга қадаб ётарди. Отаси кирганини билса ҳам, ҳатто киприк қоқмади. У ўзини осганини билади.

Аммо ҳозир тирикми ё ўликми эканини билолмайди. Онасининг йиғламсираган овозини эшитади. Бироқ гапларини дуруст уқмайди. Отаси кирди, томоқ қирди. Энди у ҳам «Қизим…» деб гап бошлайди…

… Кумуш ўлар чоғида қайнотаси кирар эди. Кумуш, аҳволи оғир бўлса ҳам бир қўзғолар эди. У эса қилт этмай ётибди. У Кумушнинг тақдирига йиғлаган эди, унга ким йиғлайди? Шу фикр Зайнабнинг хўрлигини келтирди. Киприклари пирпираб, кўзларида ёш қалқиди. Асадбек буни кўрди. Бирданига унинг ҳам йиғлагиси келди. Ўзини ночор сезди.

«Боланг олдида қаддингни букма! Ҳамиша адл тут. Ҳамиша дадил юр. Боланг сени ерпарчин ҳолда кўрмасин. Дардга таслим бўлганингни сезмасин. Сени ҳамиша кучли деб билсин ва фахрлансин!» — мана шу ақидага қаттиқ риоя қилиб яшаётган Асадбекда қаддини букмоққа мойиллик сезилди. Белдан қувват, оёқдан мадор кетгандай туюлди.

Аммо ожизлик ҳисси унга бир дақиқагина ҳукм ўтказди. Бир дақиқадан сўнг у аслига қайтди.

— Қизим…

Зайнаб бошини буриб, отасига қаради. Асадбек бу қарашда «Жамшид акамни нега ўлдирдингиз?» деган саволни ўқиди. Зайнаб бу саволни тилга чиқариб сўраган тақдирида ҳам жавоб ололмас эди. Кўзларда зуҳурланган саволдан қутулиш осон — нигоҳ олиб қочилса кифоя. Асадбек шундай қилди.

— Қизим… ўзингни тут. Ҳаммаси яхши бўлади, — деди. Кейин яна Зайнабга қаради.

— Нима яхши бўлади? Жамшид акамни тирилтириш қўлингиздан келадими? — деб савол берди Зайнабнинг кўзлари.

Жавоб ўрнига яна нигоҳини олиб қочди. Бу ҳолда узоқ туролмаслигини билиб, оҳиста бурилдида, уйдан чиқди.

Зайнаб отасининг изидан қараб қолди. «Ҳаммаси яхши бўлармиш… Бир одам бекордан бекорга ўлиб кетди. Энди нимаси яхши бўлади? Ҳа, мен ўлмай қолдим. Буларга шуниси яхши бўлди. Бир оз ўзимга келганимдан кейин эрим олиб кетади. Вужудимизни яна сохта меҳр ниқоби билан чирмаб яшайверамиз. Кейин бола туғилади… «Бола туғилганидан кейин мени ўлдиринг», дейман. «Сизга хиёнат қилдим», дейман. Ёлғон гапираманми?

Нима учун ёлғон гапиришим керак? Ўлдирсин, дебми? Ўлдирармикин? Ўлдира олармикин? Мендан ўлим қочди…»

Орадан кўп ўтмай ҳовлида Элчин кўринди.

Бу пайтда Асадбек Кесакполвон билан катта хонада ўтирар эди. Элчинни кўриб,

Кесакполвонга «чақир уни» деган маънода қаради. Кесакполвон ҳовлига чиққунича Элчинни Манзура қаршилаб Зайнаб ётган хонага бошлади. Манзура ичкари кирмай остонада қолди. Шунда Кесакполвон «Янга!» деб чақирди. Манзура қараши билан «куёвни бек чақиряпти» деган маънода имлади. У хонага қайтиб кирганида Асадбек ўрнидан туриб олган, қўллари орқасида, бошини сал эгган, қовоғи эса уюлган эди.

«Куёвини кўриб, феъли айниди-ку?» деб ўйлади Кесакполвон. Асадбек туриб олгани учун у ҳам жойига бориб ўтирмади. Элчин келмасидан аввал ҳам гаплари қовушмаётган эди.

Кесакполвон Асадбекнинг феълини яхши билгани учун «нима бўлди?» деб сўраб ўтирмади. Юпатишга ҳам ҳаракат қилмади. У хўжаси бошига савдо тушганини фаҳмлади.

Бундай пайтда унинг ёнида бўлмоғи шарт эканини эслатиш ортиқча. Гап-гапга қовушмаса ҳам, умуман, гапирилмаса ҳам майли, Асадбекнинг ёнидан жилмайди.

Асадбек соқов бўлса, у ҳам соқов, юрса юрар, ўтирса ўтирарди. Асадбекнинг жаҳли чиққанида ёки юраги сиқилганида Кесакполвон ўзини билмаганга олади. Хўжайинни гапга солиб, кўнглини юмшатишга ҳаракат қилмайди. Асадбек қадрдон аъёнининг бу қилиғига кўникиб қолган, унинг сояга айланиб юриши ғашини келтирмайди. Ҳозир ҳам кўп йиллар мобайнида шаклланган бу анъана бузилмади.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...