Йод етишмаслиги хавфлими?

0

 

 

Йод танқислиги оқибатида келиб чиқадиган касалликларга бугун дунёнинг 800 миллион аҳолиси дучор бўлган. Яна бир миллиарддан ортиқ кишининг шундай касалликка чалиниш хавфи сақланиб қолмоқда.

Жаҳонда аҳолининг 1,5миллиардга яқини йодни кам истеъмол қилади. Йод танқислиги натижасида юзага келадиган касалликлар энг кўп учрайдиган хасталиклар қаторига киради. Ушбу модда инсон саломатлиги учун сув ва ҳаводек зарур микроэлемент ҳисобланади. У қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонларнинг асосини ташкил этади. Бу гормонлар организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда танадаги барча аъзоларнинг фаолияти учун муҳимдир.

Йод танқислиги қалқонсимон без гормонлари ишлаб чиқарилишининг камайишига олиб келади. Ваҳоланки, бу модда тана ва миянинг ривожланишини таъминлаши зарур.

Организм учун муҳим элемент бўлган йод асосан озиқ-овқат маҳсулотлари орқали қабул қилинади. Лекин бизнинг тупроқ ва сувимизда, унда етиштирилаётган мева-сабзавот, дон ва гўшт маҳсулотларида йод миқдори жуда кам бўлиб, инсоннинг кундалик эҳтиёжини қондира олмайди. Унинг етарли миқдорда қабул қилинмаслиги оқибатида эса йод танқислиги ҳолатлари юзага келади.

Ушбу элемент танқислиги ўша ёшдаги инсоннинг ўсиш ва ривожланиш жараёнига ўз салбий таъсирини кўрсатади. Шунинг учун одамнинг ёши қанча кичик бўлса, йод танқислиги ҳам шунчалик катта хавф солади.

Йод етишмаслиги касалликлари ҳамма учун маълум бўлган бўқоқдан тортиб, жисмоний ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш, репродуктив саломатликнинг бузилишигача бўлган кенг қамровли касалликларни ўз ичига олади.

Йод танқислиги аёл ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг тушиши, боланинг ўлик туғилиши ва унинг турли нуқсонлар билан дунёга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Кретинизм касаллиги ҳомиладор онада йоднинг жуда оғир даражадаги сурункали етишмовчилиги оқибати бўлиб, боланинг пакана, жисмоний нуқсонлар ва ақлий етишмовчилик билан туғилишига олиб келади.

Агар кишининг ақлий ва жисмоний меҳнат қобилияти сусайса, у тез чарчайдиган, хасталикка бошқаларга нисбатан тезроқ чалинадиган бўлиб қолса, демак унинг организмида йод етишмайди. Йод етишмаслиги оқибатида кўпинча одамнинг кайфияти тушкун (апатия, депрессия) ҳолатда бўлади ёки бемор уйқучи бўлиб қолади.

 

Йод танқислигидан қандай ҳимояланиш мумкин?

 

Аҳолини йод билан таъминлашнинг энг самарали ва иқтисодий жиҳатдан қулай усули – овқатланиш рационига йодланган ош тузини киритиш ҳисобланади. 5-20 грамм йодланган туз (бунга харид қилинган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда нондаги туз миқдори ҳам киради) одамнинг йодга бўлган бир кеча-кундузлик эҳтиёжини қондиради.

 

 

 

loading...