ШАЙТАНАТ… (35-қисм)

0

 

 

* * *

 

Зелихоннинг диққатини ҳовлидаги одам тортди Бошқаларга нисбатан кўркамроқ солинган бу уй эгаси кранга резина ичак улаб, ўтни ўчирмоқчи бўларди. Сув ташна саҳро бағрига синггандай йўқ бўлади, аланга деразалардан олов тилларини чиқариб уни калака қилади. «Мол аччиғи ҳам ёмон», деб ўйлади Зелихон, сўнг хаёлига «Ичкарида бола бўлса-чи?» деган фикр урилиб, ҳовлига отилди.

— Одам борми? — деб сўради уй эгасидан. Уй эгаси унинг саволига тушунмади.

Зелихон гапини қайтаргач, бош ирғаб «йў-ўқ» деди. Зелихон уни бўралаб сўкди-да, изига қайтди.

— Орқадошлар! Ҳақиқат борми бу дунёда?! Юринглар, обкомга борамиз! Арз қиламиз!

Зелихон кўчанинг ўртасида туриб олиб арзга даъват этаётган одамни танимади.

Исмоилбей унга қараб бош чайқаб «нодон» деб қўйди. Даъватчи яна тўпланишга чорлади. Унинг гаплари таъсир қилиб, ночор одамлар тўплана бошлашди.

— У ҳам Московга борган эди, — деб изоҳ берди Аҳадбей.

Зелихон бир дўстига, бир унинг отасига, бир хотини, болаларига қарайди. Хотини билан болалари ёнаётган уйларига мўлтиллаб қараб туришибди. Исмоилбей кўчага чиққач, уйига бир қараганича бошқа қарамади. Аҳадбей дам-бадам ўгирилиб қарайди. Ҳар- ҳолда суюнчли, қайғули кунлари кечган уй, омонат бўлса ҳам Ватани эди.

Офатдан қутулиш йўлини билмай турганларг даъватчининг гаплари таъсир қилиб, ҳамма арзга бормоққа шайланди.

— Онангни қози урса, додингни кимга айтасан? — деди Зелихон.

— Бу нима деганинг? — ажабланди Аҳадбей.

— Бу офат қайси ғордан чиққанига ҳали ҳам тушунмадингми?

— Федяни айтасанми?

— Федя нима? Федя исқирт бир томчи. Қолганини кейин тушуниб оласан.

— Қаёққа борайлик бўлмаса, билсанг ўзинг айт.

— Мен ўғриман, донишманд эмасман. Мендан қочганлар милисага боришларини биламан. Иблисдан қочиб қайга бориш кераклигини билмайман.

— Иблисдан қочиб Оллоҳнинг паноҳига борилади, — деди Исмоилбей уларнинг баҳсига якун  ясаб.

— Орқадошлар! Мурдаларни олингиз! Кўришсин раҳбарлар! — деб қичқирди даъватчи.

Шу онда кўчанинг муюлишида пайдо бўлган йигит барчанинг эътиборини тортди. Оқзибурни қон, уст-боши йиртилган бу йигитга қараган одам унинг офат чангалидан бир мўъжиза туфайли омон қолганини фаҳмларди.

— Зуҳур-ку? — деди Аҳадбей, — машҳур боксчи йигитимиз…

Йигит узоқ йўлни югуриб босгани учунми, ҳансирарди. Оломонга яқинлашиб, бир қўлини кўтарди, сўнг тиззалаб қолди.

— Бўлинглар! — деди у. — Бўлинглар! Қочинглар! Оломон босиб келяпти!

— Қанақа оломон? — деб сўради даъватчи.

— Билмайман… Шаҳарда, ҳаммаёқда миш-миш. «Турклар ўзбекларни ўлдираётганмиш, турклар автомат билан қуролланганмиш… Турклар боғча болаларини оловда ёқишибди…» Ўзбеклар ишонишяпти шу гапларга. Ёшлар қасосга чорлаяпти…

— Астағфируллоҳ! — деб юборди Исмоилбей.

— Беркиниш керак, — деди Зелихон Йигиталига қараб.

— Уйга кирайлик, — деди Йигитали.

— Йўқ, — деди Аҳадбей. — Қасосга чорлашаётган бўлишса, ёмон. Қочиш керак.

— Қочиш?..

Қочиш кераклигини ҳамма биларди. Лекин «қаёққа?» деган саволга ҳеч ким тайинли жавоб бера олмасди. Бу саволга биринчи бўлиб жавобни даъватчи топди:

— Обкомга! — деб чинқирди у. — У ерга ҳеч ким яқинлаша олмайди!

Бу орада йигитлар иккита тобут кўтариб келишди. Мурдаларни солиб шаҳар сари жадал юриб кетдилар. Қуёшнинг қиздираётгани, ҳозиргина оташ бағридан чиқиб келганларига қарамай тез юрдилар.

Обком биносини ўраб турган милитсионерлар уларни тўхтатишга журъат этолмадилар.

Ичкаридан чиққан раҳбарлардан бири зинадан югуриб тушди-да, олдинда тобут кўтариб келаётганларни тўхтатди:

— Тўхтанглар, ўртоқлар, тинчланинглар!

— Қандай тинчланиш мумкин? — деди даъватчи олдинга чиқиб. — Уйларни ёқишди, одамларни ёқишди. Ким булар, нимага индамайсиз?

— Биламиз, вазият кескин. Сизлар бу ердан тез кетинглар. Ўзбеклардан бир йигит ўлдирилган. Маълумотга қараганда, унинг мурдасини кўтариб шу томонга келишяпти.

Туркларни айблайдиган миш-мишлар тарқалган.

— Қаёққа кетайлик?

— Ҳозир автобуслар келади. Сизларни бехавотир жойга олиб борамиз. Фақат ваҳимага берилманглар. Жиноятчилар албатта жазоланади!

Чиндан ҳам кўча оғзида ўнга яқин автобус кўринди. Оломон автобусларга чиқиб улгурмасидан кўчанинг нариги бошида тобут кўтарган бошқа оломон кўринди.

— Бўлди, бўлди, юринглар! — деб буюрди раҳбарлардан бири.

— Мурдаларни нима қиламиз? — деди даъватчи.

— Кетаверинглар, ўзимиз кўмамиз!

Автобуслар худди пойгадагидай шошилиб қўзғолишди. Мурдаларнинг эгалари фарёд урдилар. Тўхташнинг иложи йўқ эди. Озгина фурсат бой берилса, яна бир қирғин бошланиб кетмоғи мумкин эди.

Автобус шаҳардан чиқар маҳалда Зелихон Йигиталига қараб, ажабланди. Шунча пайтдан бери унинг бирга эканига аҳамият бермаган экан.

— Сиз нима қилиб юрибсиз? — деб сўради Зелихон ундан.

— Сизлар нима бўлсангиз, бизлар ҳам шу-да, — деди Йигитали.

Исмоилбей ҳам унга ажабланиб қаради. Афтидан, ўз ғамига банди бўлиб у ҳам Йигиталининг бирга юрганига эътибор бермаган эди.

— Иним, сиз бола-чақангизнинг ёнига боринг. Яна сизни йўқотиб ҳайрон бўлиб юришмасин. Раҳмат сизга. Эсон-омон кўришмоқни Оллоҳ насиб этсин.

— Ие, домлажон… — Йигитали эътироз билдирмоқчи эди, Исмоилбей унинг гапини узди:

— Биз сиздан розимиз, сиз ҳам рози бўлинг. Бу ғалвалар ўтар-кетар, иншооллоҳ, фарзандларимиз омон бўлишсин. Йигитали, иним, сиз бошқалар учун хижолат бўлманг.

Мусулмон мусулмонга қўл кўтарар экан, билингки, орада шайтон бор. Шайтон борлигини унутдик, шайтон ҳукмига бўйсуниб қолдик. Бу ҳам қиёматнинг бир белгиси. Қалбимизни дунё ҳаваслари билан банд этмасак эдик… — Исмоилбей яна одати бўйича пичирлади.

— Ад-дунёя мазраъутул-охира… *

Зелихон ҳайдовчига яқинлашди.

— Биродар, қаёққа кетяпмиз?

— Билмайман. Айтишмади. Олдиндаги мошин қаёққа юрса, биз ҳам ашаққа юроврамиз. Аққа-баққа қарамасдан юришасанлар, деб буюришган.

— Бирпасга тўхтанг, ўзбак ошнамиз адашиб чиқиб қолибди.

— Мумкин эмас, колонна тўхтайди. Кетовурсинлар, қайтишимда ҳамроҳ бўлаллар.

Зелихон жойига қайтиб, ҳайдовчининг гапини айтгач, ҳаммалари яна жимиб қолишди.

Ортиқча гапга ҳеч кимда тоқат йўқ эди. Ҳамма автобус деразаси оша ташқарига эътиборсиз боқиб, ҳар бири ўз хаёлига банди бўлиб борарди.

Шаҳар ҳам, қишлоқ уйлари ҳам ортда қолди. Асфалт йўл тугаб, адирнинг нотекис йўли бошланди. Автобуслар чайқала-чайқала, йўлдаги тупроқни тўзитиб боришади. Шаҳарда тутундан бўғилаёзган одамлар тўзон туфайли ҳолдан тойган бир пайтда автобуслар тўхтади. Атрофда на бир уй, на бир дарахт кўринади. Адирнинг уфққа туташ қисмида самолётларнинг қораси кўзга ташланади. Ўша томондан бўғиқ гулдурак овози келади.

Автобуслардан тушган одамлар бир-бирларига ҳайрон боқишади. «Қаерга келдик?»

Барчамиз мана шу ўт-ўланлардай қовжираймизми шу ерда, барчанинг хаёлида шу савол. Олдиндаги машинадан тушган вакил баланд овозда гапириб, одамларга тасалли бермоқчи бўлади:

— Озгина чиданглар, ўртоқлар. Ҳозир нон-сув, озиқ-овқат, чодирлар олиб келишади. У ёқда оломон тинчлангунича шу ерда кутамиз.

— Шундай деб авраб жўнаб қоласизлар, биз қовжираб ўтираверамиз.

— Жўнамаймиз. Биз сизлар билан шу ерда қоламиз. Фожиа биз учун ҳам тасодифан бўлди, қурбонлар сони кўпаймаслиги учун шундай қилишга мажбурмиз.

— Ўзбекларга нима ёмонлик қилувдик? — деди кимдир.

— Бунақа гапларни қўйиб туринг, илтимос. Олдин тинчиб олайлик, жиноятчилар билан кейин гаплашамиз.

«Гаплашиб бўпсан!» деди Зелихон ўзича. Сўнг вакилнинг гапларидан энсаси қотиб, нари кетди.

Кунни офтоб тиғида, очлик, ташналик азобида ўтқазишди. Ваъда этилган нарсалар ўрнига яна автобусларда одамлар келишди. Фақат қуёш бота бошлаган онда юк машиналари кўринди. Одамлар ҳеч нарсага қарамай сувли машина атрофини ўраб олишди. Бошқа пайтда кўнгилни айнитиши мумкин бўлган илиқ сув жонга роҳат ато этди. Шундан сўнггина очлик эсга тушди. Шундан сўнггина тунни қай аҳволда ўтказиш ташвиши уйғонди. Шундан сўнггина таҳлика билан ўтган кундаги фожиалар кўз олдиларида қайта қад ростлади. Кечагина кимсасиз бўлган бу адирга яна одамлар келди. Одамлар бу ерга қўлга илинган нарсалари билан келишарди. Ким тўн, ким кўйлак, ким чойшаб… олишга улгурган. Кимдир боласини йўргаклашга ҳам улгурмаган. Тўплаган молмулклари уйларида қолди. Бу ердагиларнинг ягона мулки — ташвиш, алам, таҳлика… Бу мулкдан барчага мўл берилган.

Зелихон ботаётган қуёшга қараб ўтириб, ўйга толди. Аёлларнинг нолалари, болаларнинг чинқираб йиғлаши уни унутиб бўлмас хотираларини қитиқлаб уйғотди. Тун… икки тугунни орқалаб йўл юриш… бобоси, онаси… Сўнг поезддаги йўл машаққати… Аёлларнинг нолалари, гўдакларнинг биғиллаб йиғлаши, қорни оч болаларнинг инграшлари… қарияларнинг яратганга муножотлари… Қандайдир ўхшашлик бор. Фарқ шундаки, қишлоқларга ўт қўйишмади. Бир кечада, ҳеч кутилмаганда, важ-корсон кўрсатиб ўтирмай кўчиришди.

Бунисига ҳам важ-корсон кўрсатилмади. Тунда эмас, куппа-кундузи ёқишди… ўлдиришди… Энг ашаддий жиноятчилар ҳам бунчалик очиқ ишлашга журъат этишолмас эди. Федя… улар қандай журъат этишди? Нима учун ҳеч кимдан қўрқишмади? Уларни ким ёллаган ўзи? Зелихон дастлаб бу иш тепасида Асадбек ёки Ҳосилбойваччага ўхшаганлар турибди, деб фикр қилган эди. Бугунги даҳшатни кўриб, фикридан қайтди. «Йўқ, улар бундай кенг миқёсда ишлай олишмайди», деган хулосага келди. Бугунги ишбоши лозим бўлса юзта, балки мингта, балки ундан ҳам кўпроқ Асадбекларни ўлик сичқондай ўйнатиб, сўнг бир чеккага тахлаб қўйиши мумкин. Зелихоннинг ўткир зеҳни буни фаҳм этиб турибди. У фақат бир нарсага тушунмайди: нима учун қирғинга айнан турклар танланди?

Исмоилбей аста юриб келиб Зелихоннинг ўнг томонидаги дўнгликка Йигитали ташлаб кетган чорсини ёйди. Таяммум қилди-да, шом намозига азон чақирди. Азон чақириғини эшитганлар орасида намоз ўқиғувчилар йўқ эди. Исмоилбей такбир тушириб, ёлғиз ўзи ўқий бошлади. Зелихон унга қараб туриб яна бобосини эслади. Кўнглида ўзи ҳам тушунмаган ғалати бир туйғу уйғониб, энтикди. Ўрнидан туриб, Исмоилбей ёнида намоз

ўқигиси келди. Ўрнидан турди ҳам, чолга яқинлашди ҳам… Аммо намоз ўқишни билмасди. Ҳатто намоз ўқиётган мўъмин бандага иқтидо қилиб турмоқни ҳам билмас эди.

Шу боис Исмоилбейдан бир қадам орқароқда ўтирди. Исмоилбей намоз ўқиб бўлиб ҳам жойидан жилмади. «Қиблага қараб Худодан бир нарсалар сўраётгандир», деб ўйлади Зелихон.

Исмоилбей Оллоҳдан кўп нарсани сўрамади. Бандаларига инсофу тавфиқ, фарзандлар умрига барака… Ҳар куни сўрайдиганига бугун «Бизга-ку ватангадоликни раво кўрдинг, шу жойлардан ризқ бердинг, нолимаймиз. Биламиз, имон икки нарсадан иборат, бири шукр, бири сабр. Ўзингга шукр қиламиз, чунки биздан бешбаттар аҳволга тушганлар ҳам бор.

Шунча йил сабр қилдик, бундан кейин ҳам сабрли бўламиз, иншооллоҳ. Аммо болаларимизни ватангадо қилма. Шу ерга киндик қонлари тўкилди, энди бу азиз ерларга бегона қилма», деб қўшимча қилди. Сўнг кун ботишга тикилиб она юртини кўз олдига келтирди. Чунки унинг Месхетияси ҳам шу томонда, кунботарда эди…

 

***

 

Одамлар тушиши билан автобусларнинг ҳайдовчиларига «шаҳарга қайтилсин!» деб буйруқ берилди. Йигитали шошилинчда қўшнилари билан дурустроқ хайрлашишга ҳам улгурмади.

Автобуслар чангли доира ясаб бурилдилару чайқала-чайқала тезликни оширдилар. Катта йўлга чиққунча Йигитали ҳам, ҳайдовчи ҳам жим кетишди. Чанг босилиб, юриш енгиллашгач, ҳайдовчи пешойна тепасидаги кўзгу орқали Йигиталига қараб олди-да:

— Буларнинг ичида нима қилиб юрибсиз, тоға? — деди.

Унинг «булар» деб беписанд гапиргани Йигиталига малол келди. Шу сабабли «булар» сўзига атайин урғу бериб, жавоб қайтарди:

— Булар, менинг қиёматли қўшниларим. Иссиғим ҳам, совуғим ҳам шулар билан эди.

— Қўшнилардан ҳам тоз-за буюрган экан-да, а? — деди ҳайдовчи яна кўзгу орқали қараб.

— Нега ундай дейсиз? Худога шукр, қўшниларим тилло одамлар.

— Ҳа, энди битта-яримтаси тузукдир, қолганлари ярамайди. Мана мен уларни бехавотир жойга олиб бориб қўйдим. Мен уларнинг жонини сақлаб қолдим, тўғри эмасми? Биз бўлмасак ашақда гум бўлишарди. Мен жонларини сақладиму, омма хизматимга рози эмасман.

— Гапларингиз қизиқ-ку, иним, улар сизга нима ёмонлик қилишди?

— Менга-ку ёмонлик қилишмади. Қилиб ҳам кўрсин-чи, киндигидан томоғигача тилиб ташларман. Омма тозза қирғин қилишган-да, булар.

— Қаерда?

— Кўп жойларда. Автоматлари бор экан. Тўрт ойли чақалоқни оловда куйдиришганмиш.

— Ўзингиз кўрдингизми?

— Йўқ, эшитдим.

— Эшитган бўлсангиз… балки ёлғондир? Эсимни таниганимдан бери шу одамлар билан биргаман. Ўзимизга ўхшаган мўмин-мусулмон улар. Тўғри, ёшлари ичади, муштлашади. Жуда ошириб юборса пичоқ тиқиб олар. Лекин сиз айтгандай болани тириклайин куйдирмайди.

— Биттагина сиз ишонмас экансиз. Ағда Қувасой, бағда Марғилон, ана ағда яна Фарғона. Ҳамманинг оғзида шу гап. Шу пайтгача биров буларнинг мушугини пишт дедими? Уруш пайтида келишган эканми, ҳа, шундан берисига юришибди кайфини суриб.

Омма бойиб, босар-тусарларини билмай қолишувди. Ўзинг-ку, бировнинг уйида меҳмонсан. Нима қиласан керили-иб, — йигит шундай деб сўкинди. Йигитали унга эътироз билдириш ортиқча эканини фаҳмлади.

— Ҳа, тоға, индамай қолдингиз? Гапимнинг чатағи бўлса айтовринг.

— Гапингизнинг чатағи шуки, ҳаммамиз бу дунёга меҳмонмиз, бу бирламчи.

Иккиламчиси — беш қўл баробар эмас. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, дейишганини эшитганмисиз? Одамнинг қорни тўйиб, чўнтаги қаппайса, ўзидан кетади, туғёнга келади. Босар-тусарини билмайди. Буниси миллатга қараб бўладиган иш эмас.

— Энди тоға, ўзимизнинг бойлар бир нима қилса ярашади. Ҳар ҳолда ўзимизники-да.

Булар-чи?.. Одаммисан дейишмайди. Бўламни пивохонадан ҳайдаб чиқаришибди энағарлар.

— Тўғри қилишибди.

— Ие, тоға, бу нима деганингиз? Жудайла ён босаверманг-да буларга.

— Ён босаётганим йўқ. Пивохонада ўтирган йигитларни кўрсам, ғашим келади.

— Энди ичмасангиз мазасини билмайсиз-да. Ишдан кейин шундан бўлмаса ҳордиқ чиқмайди.

Йигитали ҳайдовчининг гап уқмайдиганлар хилидан эканига ишонч ҳосил қилиб, у билан суҳбатни давом эттирмади. Йигит ҳам яна бир-икки гап айтгач, тинчиди. Йигитали шаҳарга яқин қолганида автобусдан тушди. Ҳайдовчи унга хайр ҳам демади. Йигитали айтган «раҳмат»га жавоб ҳам бермади.

Йигитали шаҳарга кираверишдаги қишлоққа бориб синглисининг оиласидан хабар олиб

кетмоқчи эди. Шу ниятда йўловчи машиналарни тўхтатмоқчи бўлди. Бироқ, юзи шилинган, уст-боши кирланган одамни кўрган ҳайдовчилар тўхтамай ўтиб кетаверишди.

Оқибатда у пиёда юрди. Синглиси тинч-омон экан. Бу томонларга фақат миш-мишлар, ваҳимали гаплар етиб келибди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...