Балиқ – астмадан ишончли ҳимоячи!

0

Сўнгги 30 йил давомида астма билан хасталанган инсонлар сони деярли икки баробарга ошди. Устига устак ушбу касалликка қарши мавжуд дори воситаларининг таъсир этиш самарадорлиги борган сари камайиб бормоқда. Шу сабабли тиббиёт тадқиқотчилари бундай беморлар мунтазам истеъмол қилинганда дори-дармонлар ўрнини ҳам боса оладиган фойдали маҳсулотларга кўпроқ эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблашмоқда.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, касалликнинг тез авж олишига инсонлар белгиланган диетага амал қилмаслигини асосий сабаб сифатида кўрсатишмоқда. Масалага шу нуқтаи-назардан ёндашган Австралиядаги Жеймс Кук университети олимлари маҳаллий аҳолининг фастфуд ва қовурилган картошка (фри) каби маҳсулотлар истеъмолига муккасидан кетиши астмага йўлиққанлар сонининг шиддат билан ўсиб боришига асосий сабаб эканлигини таъкидлашмоқда. Аммо ушбу қитъада “МакДональдсча овқатланиш маданияти” етиб бормаган қишлоқлар сақланиб қолган. Кундалик турмуши балиқчилик билан кечадиган ушбу ҳудудлар аҳолисининг жисмоний ҳолати ва саломатлиги устида тадқиқот олиб борган олимлар уларда астма билан хасталаниш хавфи Австралиянинг бошқа ҳудудларида яшовчи инсонларга нисбатан ўртача 70 фоизга кам эканлигини аниқлашди. Бу даражадаги улкан тафовутнинг ўзиёқ денгиз маҳсулотларининг мунтазам истеъмоли фойдали эканлигини кўрсатиб турибди.
Тадқиқотчилар сўнги 10 йилликлар давомида дунё океанларининг глобал ифлосланиши натижасида балиқ маҳсулотлари таркибида зарарли моддалар ҳам юзага кела бошлаганлигини инобатга олган ҳолда табиий шароитдаги тоза сувларда яшовчи балиқлар билан озиқланадиган инсонларда натижа бундан-да яхшироқ бўлишини эслатиб ўтишган.