Мурожаатлар қоғозларда қолиб кетмайди!

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқатни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида Бюро директори ва ўринбосарлари томонидан республиканинг барча туман ва шаҳарларида оммавий сайёр қабуллар ўтказиш графиги ишлаб чиқилди.

Сайёр қабуллар давомида қайта-қайта мурожаат қилаётган фуқаролар муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш, қабулларнинг самарадорлигига эришиш, фуқароларни рози қилиш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, мурожаатларни холис ва тезкор кўриб чиқиш учун сайёр қабуллар биринчи навбатда олис ҳамда чекка ҳудудлар, шунингдек, аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли олдиндан хабардор қилиниб, натижалари кенг ёритиб борилмоқда, сайёр қабулларни аҳоли учун қулай жойларда ўтказиш ҳамда қабулларнинг шаффофлигини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.

График асосида жорий йилнинг март-апрель ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Жиззах, Сурхандарё, Қашқадарё, Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилиб, унда суд қарорлари, энергия ресурслари, сув, маиший чиқиндилар ва бошқа масалалар юзасидан 645 нафар фуқароларнинг мурожаати қабул қилинди.

Сайёр қабул жараёнида қабул қилинган мурожаатларнинг 66 таси Бюро фаолиятига тегишли бўлмаганлиги сабабли тегишлилигига кўра юборилган, 282 таси қаноатлантирилган, 279 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, шунингдек, 18 нафар фуқаро Бюро томонидан амалга оширилган ишлари юзасидан миннатдорчилик хатлари беришган.

Сайёр қабул давомида, «Gunwoo« қўшма корхонасининг вакили И. Горбатов суд қарорига асосан қарздор «Навоийдавсувмахсуспудрат« ДУКдан қарздорликни ундириб беришни сўраб қилган мурожаатини ўрганиш натижасига кўра, 338,2 млн сўм қарздорлик тўлиқ ундириб берилиши таъминланди.

Шунингдек, «Сапарли қўрилиш» МЧЖнинг қонуний вакили М. Нажимовнинг суд қарорига асосан «Юлдуз» АЖдан 141,9 млн сўм ва «Халкабод» ПТК АЖдан 667,7 млн сўм қарздорликларни ундиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатини ўрганиш жанаёнида «Юлдуз» АЖдан қарздорлик тўлиқ ундирилган бўлса, «Халкабод» ПТК АЖдан 198,1 млн сўм қарздорлик ундирилган ва 255,7 млн сўмлик мол-мулклари хатланган.

Ёки фуқаролар Алланиязов ва Шариповлар суд қарорига асосан қарздор «Қоникўл МТП»дан иш ҳақларини ундириб беришни сўраб қилган мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига кўра, уларнинг 8, 8 млн сўм иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилган.

Бундан ташқари, 8 нафар фуқаро алимент ундириб беришни сўраб қилган мурожаатлари юзасидан ўтказилган ўрганиш ва профилактик суҳбат натижасида тарафлар ярашиб, оилани тиклашга қарор қилишган.

Сайёр қабуллар давом этмоқда.

Шуҳрат ҲАКИМОВ

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бўлими бошлиғи

loading...