АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (33-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Мен ташриф буюрган жой ғира-шираликда аранг кўзга ташланарди. Тик оёқда юраётганимни кўриб негадир ҳайрон эдим. Боягина вужудимни чирмаган кўнгилсизлик, мажолсизликлардан асар ҳам қолмаганди.

Қаршимда туманли дарани, сарғайиб битган майсазорни кўрдим. Анча наридаги лойқа суви пишқириб оқаётган катта анҳор бўйида тўнғизлар чийиллаб чопарди.

Бу манзара мени ижирғанишга мажбур этди. Жонҳолатда югуриб иблисни қидира бошладим. Ахир у эмасмиди мени осмону фалакда юлдузлар мажлисидан баҳраманд этишга ваъда берган? Қани фалак? Қани ҳурлар, ғилмонлар? Нега мен ташландиқ масканга, тўнғиз-у зоғлар макон тутган жойларга келиб қолдим? Шу ниятда жонимни озорлаганмидим? Яхшиликлар, хавотирсиз абадий умрдан умид қилгандим-ку!..

Жаҳл отига миниб қичқирмоққа шайландим. Афсуски, лабларим қимирламас, гўёки бир-бирига чиппа ёпишиб қолгандек эди.

Аламимни анҳор соҳилидаги тўнғизлардан олмоққа уриниб қўлимга тош олиш илинжида пастга эгилмоқчи бўлдим.

Оёқларим остида тош ўрнига қоп-қора балчиқ зоҳир экан. Кўнглим алланечук бўлиб қўрқа-писа ортга тислана бошладим. Яланг оёқларим ортга юрганим сайин ботқоққа чуқурроқ ботиб бораверди.

Бахтга қарши орқамга ўгирилиб қуруқ ерга қанча қолганини чамалаш ҳам мумкин эмасди. Жуссам ўзимга сира бўйсунмас, у ҳайкал шаклига кириб қолганди.

Ана шу онларда нималар қилиб қўйганимни англаб етдим. Мен… Қалбимга қулоқ тутмабман, уни ноҳақ ранжитибман, аҳмоқлик қилибман. Шайтони лаиннинг ёлғон ваъдаларига учибман. Унинг ортидангина эргашиб, ёш жонимга қасд қилибман. Муҳаббат, меҳр, оқибатнинг қадридан очиқчасига юз ўгирибман.

Худойим, энди нима бўлади? Наҳотки, шу балчиқ гирдобига ғарқ бўлсам?

Тахминан белимга қадар ботгандим. Кимнингдир беўхшов кулгиси қулоқларим остида жаранглади. Умидларим сўниб кўзларимни-да юмиб олган эканман. Сесканиб олдинга тикилиб қарадим. Не кўз билан кўрайки, мендан ўн беш-йигирма қадам нарида шохдор, гажак думли пак-пакана одамсифат жонзот иршайганча ботқоққа ботишимни кузатарди.

— Ўла, қўлимга тушдингми? — чийиллаб қичқирди у. — Мен сенга йўл кўрсатгандим. Сени ўзим тўғри йўлдан тойдиргандим.

— Кимсан? — сўрадим аламли оҳангда. — Айт, иблис сенмисан-а?

— Ҳақорат қилма! — деди у беўхшов лабларини буриб. — Мен мана шу ботқоқликнинг ягона ҳукмдориман. Сен каби йўлдан адашганларни маконимга олиб келаман-да, ғарқ қиламан. Эвазига ҳов анави тўнғизлардан мукофот оламан. Ха-ха-ха-а-а-а!..

Иблиснинг тош каби шарақлаган кулгиси дарани тутди. Мен бу орада деярли қулоғимгача ботқоққа ботиб бўлгандим. Ғарқ бўлишимга саноқли сониялар қолганди…

Ана шунда қаердандир оппоқ турналар галаси пайдо бўлди ва бараварига ёпирилиб мени ботқоқ домидан юқорига торта бошлади. Уларнинг бир қисми иблисни қувлаб учди…

Гарчи жуда секинлик билан юқорилаётган бўлсам-да, борган сари енгил тортаётганимни ҳис этдим…

Турналар мени кўтариб учганча қуруқ ерга қўнди. Ерга ётқизишлари билан яна кўнглим беҳузур бўлди. Ҳушдан кетиб бораётганимни ҳис қилдим.

Ҳушимни йўқотишдан олдин димоғимда исириқ ҳидини эслатиб юборувчи ифорни туйдим.

 

* * *

 

Димоғимга исириқ ҳиди урилгандаёқ олам гир айланиб, юрагим ҳаприқаётганини ҳис этдим.

Аллакимларнинг ғўнғир-ғўнғири қулоғимга элас-элас чалинди. Аммо қаердалигимни, нималар бўлаётганини идрок эта олмадим.

Сал ўтмай мени кўтариб қаергадир олиб кета бошлашди.

Жасадим чайқалиши сабабми, яна кўнглим айниди. Кўксим кўтарилиб-кўтарилиб тушиб қур-қур ўқчирдим-у, ҳайрон бўлардим.

«Наҳотки, одам ўлгандан кейин ҳам шундай азобларни бошидан кечирса?»

Йўқ, ўлмаганман шекилли. Акс ҳолда зулмат қўйнида қолиб кетмасдим. Ҳеч қурса ўз мурдамни кўра олардим. Мени кўтариб чопаётган кимсаларни ҳис этардим. Ҳозир эса карахтман холос. Худди қуриган дарахт ҳолига тушгандекман. Танам оғриқни, иссиқ-совуқни-да ҳис этмаяпти. Фақат миям ишлаб турибди, қулоқларим товушларни илғай олаяпти.

Ниҳоят мени қандайдир иссиқ хонага олиб киришди. Буни музлаган оёқларимга бирдан илиқлик югуришидан сездим. Қолаверса, кимнингдир қайноқ кафти юзимни силаб ўтди. Шундан сўнг кўз ўнгимни қоплаб олган қоронғилик ғойиб бўлиб, кўзларимни очдим.

Мен ним қоронғи хонада ётар, тепамда сочлари қордек оппоқ, чўзинчоқ юзли кекса момо, унинг ёнида эса ҳусни кўзни қамаштиргулик оқ сариқдан келган сарвқомат қиз ўтирарди.

Қизнинг ойдек ҳуснини кўриб бироз енгил тортган каби хўрсиниб қўйдим. Боқий дунёга ташриф буюрганимга шубҳам қолмади.

Хайрият, ниятимга етибман. Ёруғ дунёни тарк этибман. Мана, тепамда ҳури ғилмонларнинг бири ўтирибди. Ёнидаги кекса момо ҳам шу дунёнинг фаришталаридан бўлса керак. Миқ этмай менга тикилганча қолибди…

Қизиқ, нега улар ҳеч нарса дейишмаяпти? Наҳотки, дунёдан ўтганлар гапиришмаса? Унда боя кимларнинг овозини эшитдим? Шулар эмасмиди? Ё менга шундай туюлдимикан?..

Нималар бўлаётганига тушуна олмай жағимни қимирлатдим. Тишларим билан тилим бор-йўқлигини текшириб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Демак, мен гапира оламан. У ҳолда нима учун индамаяпман? Ё гапиришга ҳолим йўқми?..

Ўйлаб ўйимнинг охирига етмай, кекса момо пешонамга кафтини босди-да, мулойимлик билан сўради:

— Чироғим, тузукмисан?

Бу саволни эшитиб азбаройи қувонганимдан бошимни қимирлатиб момонинг саволига жавоб берган бўлдим.

— Кимнинг ёлғизисан, болам? — сўрашда давом этди момо. — Нима қилиб бу кўйга тушдинг? Қўрқитиб юбординг-ку ҳаммамизни!..

— Мен… Тирикманми? — сўрадим таҳликали оҳангда. — Қ-қайдаман ўзи?

— Албатта тириксан! — деди момо дардли жилмайиб. — Худога шукр қил, менинг кулбамдасан!

Бу гапни эшитдим-у, вужудимга муз югурди. Оғзим қуруқшади. Томирларим ҳозир-ҳозир тортишадигандек, мени азобга соладигандек увиша бошлади. Ичимдан зил кетдим. Қалбимни пушаймонлик туйғуси забтига олди.

Нега бу сафар ҳам ниятимга ета олмадим? Уч кун беҳуда азобландимми? Тағин ёруғ дунёнинг мушкулотларига асир бўламанми? Ҳеч кимсиз, овунчоғим, маслаҳатгўйим, меҳрибонимсиз қандай яшайман? Бунинг нима қизиғи бор? Нима роҳат топаман? Керакмас! Хоҳламайман бундай ҳаётни! Жирканаман ҳаммасидан! Нафратланаман!..

Қалб туғёним сал бўшашсам тилимга кўчгудек эди. Базўр ўзимни тийиб истар-истамас тепамда чўнқайганча ўтирган момога, унинг ёнидаги соҳибжамолга ҳиссиз нигоҳларимни тикдим.

Икковлари ҳам менга ачиниш назари билан қараб туришар, бошимни кўтаришимни кутишарди.

— Бекор қилибсиз, момо, — дедим аранг бошимни кўтариб. — Мени ўша ётган еримда қолдирсангиз дуруст эди. Бирдан бир орзум ўлиш бўлганди. Орзумни армонга айлантирдингиз.

— Аҳмоқ бўлма, — мени уришиб ташлади момо. — Ажални Оллоҳ беради. Сенга ким қўйибди жонингга қасд қилишни? Ёшгина бўла туриб гапирган гапини қаранглар буни!..

Индамадим. Ортиқ сўзлашга ҳолим етмади. Олам қайтадан қоронғилаша бораётганини пайқаган заҳоти кўзларимни чирт юмиб олдим. Уйқуга кетишдан, қайтиб уйғонмасликдан умидвор бўлдим.

 

* * *

 

Момоникида уч кун қолиб кетдим. Барибир ўлим мени четлаб ўтди. Момо кексалигига қарамай, олдимга турли егуликларни келтириб қўяр, лекин бошимдан ўтган ишларни суриштиришга шошилмасди.

«Эҳ, момо, — ўйлардим шифтга тикилганча ётиб. — Нега ўзингизни бу қадар уринтирасиз? Наҳотки, шу таомлар, меҳрибончиликларнинг менга заррача қиммати қолган деб ўйласангиз? Сизникидан чиққан тақдиримда ҳам барибир ёруғ дунёда қолишни хоҳламайман. Ҳаммасидан тўйганимни, бир қарорга келганимни билмайсиз холос. Қанийди, шу тобда журъатим етса-ю, ичимдагиларни сизга тўкиб солсам! Фақат қўрқаман. Мени бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қиласиз. Насиҳатларингиз билан хаёлимни бузасиз. Мен сиздек фариштамисол кекса онанинг истакларига қарши сўзлаб қўйишдан, эзгулик тўла кўнглингизга озор бериб қўйишдан қўрқаман…»

Йўқ, учинчи куни қош қорайгач, тик оёқда юра олишимга кўзим етди. Энди бу хонадонда ортиқ қола олмасдим. Сусанна кўз ўнгимда намоён бўлди дегунча вужудим музлай бошлаяпти. Борлиғимни қоплаб олган алам ўти баттар аланга олаяпти. Бу ҳолда узоққа бора олмаслигим аниқлигини ҳис этдим. Момо билан хайрлашишга, тезроқ қишлоққа етиб олишга шошилдим. Бу лаҳзаларда иш ҳам кўнглимга сиғмасди…

Момо ҳам безовталанаётганимни сездими, қизига маъноли кўз ташлаб қўйди-да, ёнимга ўтирди.

— Сен, болам, бошингга не кун тушмасин, ўзбошимчалик қилмагин! — насиҳат қила кетди момо. — Қара, қадди бастинг бинойидай экан. Ишла, не аламинг бўлса, ишдан ол! Ёруғ дунёга боқиб лаззатлан! Ёш жонингга қасд қилиб нима наф топардинг?!. Ҳеч киминг бўлмаса, мана, меникида қол! Ўғлим йўғиди, ўғил бўл! Уч кундаёқ сенга жуда суяниб қолдим. Дуои жонингни қилардим…

Бу қайноқ сўзлар менга бол каби тотли туюлди. Кекса кампирнинг нигоҳларида акс эта бошлаган яширин дард юрагимни эзди. Шу биргина дардли қарашлари учун момога бутун умримни бағишласам озлигига кўзим етди. Афсуски, бу уйда қололмайман. Ғурурим, армонларим, алам, андуҳлар йўл бермайди. Ҳамон миям шайтони лаиннинг омонат таъсиридан чиқа олмаган. Тезроқ ёлғиз бўлишни, сўнгги бор қишлоқ жамолини тўйиб томоша қилиш-у, сўнгра боқий дунёга равона бўлишнинг бошқачароқ йўлини топишга ошиқмоқдаман. Шундай экан, қулоғимга момонинг илиқ сўзлари кирармиди…

— Яхшиям бахтимга сиз учрабсиз, — дедим ёлғондан. — Берган тузингизга рози бўлинг, момо! Мен энди бормасам бўлмайди. Ишхонамдагилар ҳам излашаётгандир… Рухсат беринг!..

— Шунақами?.. — маъюс тортиб ер чизди момо. — Қолсанг бўларди. Бизам қизим иккимиз сенсиз зерикиб қоламиз-ку!..

— Нима қилай? — дедим иложи борича момонинг кўзларига тик боқмасликка уриниб. — Кетмасам бўлмайди. Аммо… Ишонинг, тез-тез келиб тураман. Менам сизларга ўрганиб қолдим.

— Фақат аҳмоқлик қилмагин! — тайинлади момо қароримни ўзгартирмаслигимга кўзи етиб. — Ақлминан иш тутгин! Ёмон одамлардан нари юргин!

— Хўп бўлади!

Мен аста ўрнимдан турдим-да, кийимларимни тўғрилаган бўлиб кетишга чоғландим…

Момо мени кузатиб ташқарига чиқмади. Сездим. Мени сира йўқотгиси келмади…

На илож?.. Мен бу хокисор кампирга ўлигим юк бўлишини хоҳламасдим.

Сўнгги бор момонинг кўримсизгина ҳовлисига қараб олдим-да, ҳали оғриқлар тарк этиб улгурмаган бўйнимни хиёл эгганча автобус бекати томон жўнадим.

 

* * *

 

Водийга қатнайдиган йўловчи машина бир маромда чайқалиб борарди.

Ёнимда ўтирган икки аёл ўзаро пичир-пичир қилганча кимларнидир ғийбат қилиш билан овора. Радиодан таралаётган ёқимли мусиқа кўнгилни аллаласа кошкийди.

Кўзларимни юмганча гоҳ мусиқага, гоҳ аёлларнинг ғийбатига қулоқ тутаман. Энсам қотади.

«Нега эшитишади шу мусиқани? Манавилар-чи? Ғийбатдан бўшай дейишмайди. Нима учун? Йўл четида бир гала қўйнинг ортидан чопаётган ҳов анави чўпон йигит-чи? Нима мақсадда елиб-югуради? Кимлардир пиёда, кимлардир от-уловда қаергадир йўл олган. Нима наф шундай яшашдан?.. Қизиқ, ҳозир бирдан дунё бўшаб қолса нима бўлади? Тана, руҳ бир-биридан айро қандай яшаркин?.. Биламан, руҳим албатта шодон умр кечиради. Кимларнингдир заҳри тикондан-да аччиқроқ таъналарини эшитмайман. Ҳеч ким мени ташлаб ҳам кетмайди… Эҳ, Сусанна, кун келарки, сен ҳам чин дунёга равона бўларсан. Биз учрашармиз… Унда ҳолинг не кечаркин? Кўзларимга қандай тик боқаркансан?.. Йўқ, сен қалбингга қарши бординг, биламан. Мени севасан. Фақат қийналишимга, ўртанишларимга тек қараб туришга бардошинг етмади. Аммо бир йигитнинг умрига зомин бўлишингни ўйлаб кўрмадинг, азизам!.. Сенга ишонгандим, суянгандим, топингандим… Умримнинг ҳақиқий лаззатини сени учратганимдан кейингина туя бошлаганимни билардинг…»

Шу тобда қалбимда ростакам қўзғолон бошлангандек эди. Кўнглим бўшаб, танамни надомат юки босиб келгани сайин юрагимнинг бир четидан қайноқ, пушаймонга йўғрилган сатрлар қуйилиб келди.

 

Қиш чилласи…

Қаҳратон ортгинамдан қувлайди,

Девонаман, даллиман,

Мени ҳеч ким суймайди.

Қоп-қора тун бағрига,

Қўрқув ила ястандим.

Ёмонликнинг қаҳрига қолдим…

Ёмон алдандим.

Ахир… Ул ён гўшанга,

Бўш қолди-ку, музлайди!

Хаёлимда минг бир ўй,

Ёрим шўрлик йиғлайди.

Оҳ, азалим, куйинма,

Овунчоғим, овунгил.

Севгим қолди қалбингда,

Севгим ҳаққи севингил…

 

Бу сатрлар менинг аччиқ кўз ёшларим, қалбимнинг ҳайқириғи, йиллар армони, ўкинчи эди.

«Майли, — ўйладим ўзимча бўғзимга тиқилиб келаётган фарёдни аллалаб, босиб. — Мана шу сатрларимни қачондир бир кун Сусанна албатта ўқийди. Мени ёдга олади. Армонлар бағрини тиғлаганча қабрим тепасига бориб йиғлайди…

Ҳа, мен энди ортга қайта олмайман. Мени вояга еткарган кенггина, бағрига сиғдирмаган мўъжазгина она тупроғимга бош қўйиб жон беришни маъқул кўраяпман. Шундай қилмасам, дунё ўзгаларга тор қолаётгандек туюлмоқда. Алдамчи дунёнинг алдовларига ортиқ бардош бера олмайман, Худойим!.. Ўзинг кечир!..»

 

* * *

 

Туман марказига етиб келгач, машинадан тушиб ҳам қишлоқ томон юришга шошилмадим. Ажабтовур дўконлар, кабобхона-ю, чойхоналар олдидан ўтгим, танимасам-да, ўзим учун ҳамиша қадрдон туюладиган одамларни томоша қилгим, сўнгги бор уларнинг борликларидан руҳан баҳра олгим келди.

Ана, кабобпазнинг қўли қўлига тегмайди. Шу кабобпазнинг негадир қўли ширин. Қиймали кабобни боплайди. Илгарилари қачон катта шаҳардан қишлоққа қайтсам, албатта шу ерда тўхтаб, икки сих кабоб тановул қилмагунча кетмасдим.

Бугун эса томоғимдан қил ҳам ўтмаяпти. Кабоб тугул бир қултум сув ичишга-да ихтиёрим йўқ.

Шундай хаёллар оғушида ҳавас билан одамларга термилганча олдинга юрдим. Бир маҳал столлардан бири қаршисида ўтириб ароқ ичаётган таниш кимсага кўзим тушди ва қадамимни тезлатдим.

Биламан, у қўшни маҳаллада яшайдиган Марайим пиён. Машҳур этикдўз бўлишига қарамай, топганини ичади. Маҳалладагилар зада бўлиб кетган. Марайим пиённинг кайфи ошганини сезди дегунча уйларига қамалиб олишади. Кўчадан ўтиб кетаётган одам ҳам у минг бақириб чақирмасин, эътибор қилмайди. Тезроқ ундан узоқлашишга уринади.

Болалигимда Марайим пиённинг мени «Каримбувалик» деб туғилган юртим бошқалиги, бу қишлоққа гўё бегоналигимга писанда қилавериши жиғимга тегарди.

Афсуски, таниб қолибди. Кабобхонани бошига кўтаргудек бақириб ортимдан чопди.

— Вей, намунча?.. — елкамдан маҳкам тутиб тўхтатди Марайим пиён. — Биз бечораларминанам мундей сўрашиб ўтовур, шаҳарлик олифта!.. Ё ар-рзимаймизми?..

Пиёнистанинг сўнгги жумласи ғашимни келтирган бўлса-да, паст тушишга ҳаракат қилиб жилмайганча унга сўрашиш учун қўл узатдим.

— Ўлай агар, сизни кўрмай қоппан, ака! — дедим ўзимни хижолат тортганга олиб. — Кўрсам, югуриб бориб кўришардим-ку!..

Пиёниста қизарган кўзларини чақчайтирган кўйи менга совуқ боқди-да, бир қадам ортга тисланди.

Ерга чирт этиб тупурди-да, афтини бужмайтирди.

— Олий мактабда ўқийман, катта шаҳарда юрибман деб жа ҳавойиланиб кетибсан шекилли? — деди пиёниста. — Биламиз катта шаҳарда қандай кун кўраётганингни аллақачон эшитганмиз. Ҳадеб керилавермагин?!. Ниманггаям кериласан ўзи?!.

Шу тобда кетма-кет ёғдираётган ҳақоратлари учун Марайим пиённи бўғиб ташлашга тайёр эдим.

Жаҳдимни жиловлай олмай, унга яқинлашдим.

— Ким керилибди? — сўрадим заҳархандалик билан. — Айт, ким керилибди?!.

Пиёниста хезланишимдан энсаси қотган каби тиржайиб қўйди ва икки елкамни маҳкам сиқди.

— Вей, отанг ким эди-ю, сен ким бўлардинг? — таҳдидли оҳангда дўқлади Марайим.

— Нима?.. — Азбаройи аччиқланганимдан пиёнистанинг томоғига чанг солдим. — Отам ким бўпти?.. Гапир, хунаса!.. Ўзинг-чи, ўзинг?

Марайим аранг томоғидан қўлларимни бўшатиб олди. Бироқ бўш келай демасди.

— Отанг менданам баттар пиёниста, билдингми? Мен-ку, топганимнинг ярмини ичсам, қолганини уйга обораман. Сени отанг-чи?.. Ўла, уйларгача сотиб ичиб сени беватан қолдирди-ку! Гапиргилигинг бормиди сенинг?..

— Аблаҳ!.. — Мен жонҳолатда Марайим пиённи уришга тутиндим. Аммо дарҳол қўлларимни қайтариб олдим. Чунки унинг бир муштчалик ҳоли бор. Қолаверса, аччиқ ҳақиқат яширин таъналари кўзларимни оча бошлаганди. Ҳақиқатга тик боқишга, барчасига бардош қилишга мажбурман. У… Тўғри айтди. Мен зўрға кун кўриб юрган, пиёниста ишора қилганидек беватан бир одамман. Ҳатто, унга қўл кўтаришга ожизлигимни тан олиб қўйсам ёмон бўлмасди…

Шу каби ўйлар кўнглимдан ўтди-ю, дарҳол пиёнистани қўйиб юбориб, унга бир совуқ қараш қилганча йўлимда давом этдим.

 

* * *

 

Одам боласининг теварак атрофга, ҳаётга умидли кўзлар билан боқа бошлаши учун биргина жумла кифоя қиларкан.

Қишлоқда зиғирча ҳурмати бўлмаган, ичавериб қовоқлари силқиган, тунларни деярли қум кўчаларда думалаб ўтказишга маҳкум пиёнистанинг бир оғиз таънаси мени тамомила оёққа турғазгандек эди. Энди жонимга қасд қилишдек даҳшатли фикримдан қайта бошлагандим. Шундай хаёл қилишнинг ўзидан қўрқаётгандек титрардим.

Қишлоқ томон пиёда кетиб борардим-у, беихтиёр янги бахт қуриш ҳақида ўйлардим. Сусаннанинг садоқат қилмагани эвазига Оллоҳдан ўзимга ҳақиқий янгича, ҳеч қачон йўқотилмайдиган бахт сўрашни дуруст билардим.

— Мен ўз боламни бағримга босиб яшашни, ҳар тонг фарзандимнинг ёнида уйғонишни орзу қиламан, — дердим хаёлан. — Илгари ҳаётдан кечган бўлсам-да, айни паллада умидларим янгиланди. Мен Марайим пиёниста кабиларнинг таъналарини эшитмаслик, улар олдида мулзам бўлмаслик учун курашишим лозим, Худойим! Негаки, ўлиб кетсам, бундайлар янада қаттиқроқ чапак чалиб оламга жар солади. Ўзи бўлмағур эди дея ортимдан кулади. Йўқ, менга қувват ато эт! Мени шайтон васвасасидан ўзинг халос қил! Токи мен ҳам бир пайтлар ўзим ҳавас қилиб қўлини олган бадавлат кишилар қаторига қўшилай! Сендан бойлик сўрамайман. Биргина фарзанд бер! Миттигина чақалоқнинг инга-ингасига, қиқирлаб кулишларига, тетапоя юришларига зорман, зор!.. Зорликларимга, оҳларимга қулоқ тут!..

Оёқларим мени қишлоқ қабристонига етаклади. Турли пала-партиш ўйлар қуршовида қабристонга кириб келдим.

Ана, устини майсалар қоплаган шу икки ёнма-ён қабрда меҳрибонларим абадий уйқуга кетган. Ҳозир улар келганимни сезиб сергак тортган бўлсалар не ажаб. Марҳумлар дарров пайқашади. Яқинлари ташриф буюрди дегунча ҳушёр туриб дуо кутишади. Демак, мен ҳам жондан азиз бувижоним ва бобожоним ҳақига тиловат қилишим шарт.

Зарур дуоларни ўқиб юзимга фотиҳа тортгач, бир неча дақиқа сукутга толдим.

Хаёлан яқинларим билан саломлашдим. Кўнгил сўрадим. Ҳасратларимни тўкиб солдим.

— Қадрдонларим, — дея ҳайқирдим хаёлан. — Сизлар ҳаёт эканингизда ҳеч ким юрак ютиб менга таъна тошларини ота олмасди. Энди бўлса, ёмонларга ягона нишон бўлдим-қолдим. Ҳар бир отилган тош албатта мен томон учади. Бу тошларнинг зарбидан қалбим бардамалайди. Яралар оғриб, жонимни азоблайди. Кўп бор сизлар томон ошиқдим. Ета олмадим. Бугун эса ўша ғаразли кимсалар қаршисида тобора юқорига интилишим, уларнинг ҳасад булути қоплаган кўзларини баттар куйдиришим, қаддимни тик тутиб яшашим шартлигини англаб етдим. Бувижон, бобожон, менга қанот бўлинг! Емирилмас тоғ каби суянч бўлинг! Сизларсиз бу оғир дардни енгиб ўта олмайман! Мен сизларнинг кўмагингизсиз адо бўламан, адо!..

Шу пайт қаердандир ғойибдан овоз келгандек бўлди.

— Мен Худойимдан сен учун бир этак бахт сўраб бераман!..

Довдираб қолдим. Ахир бу бувижонимнинг товушига жуда ўхшарди. Бироқ қаердан келди? Қабрданми? Ё бу қалбиммиди?..

— Бувижоним бу, худи ўзи! — ҳаяжон ва аросат ичра ўйладим ва аста-секин ортга чекина бошладим. — У киши оҳимни эшитиб безовта бўлди! Мени ҳимоясига олмоқни истади!.. Бу рост… Мен телба эмасман!.. Аниқ эшитдим ғойибона айтилган сўзларни. Ҳа, мен ҳушимдан айрилмадим!.. Соппа-соғман!.. Бувим мени қўлламоққа шайланди холос!..

Ғойибдан айтилган бир оғиз гап қалбимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаёзганди. Шу ёқимли товуш, сўзлар таъсирида ростакамига бир қарорга келгандим. Юрагимда ишонч учқунлари порлаб танимга роҳат ва чексиз қувват бағишлаётгандек тетик, бардам эдим.

— Шошилай, тезроқ катта шаҳарга жўнай! — дея кўчага чопдим. — Сусаннани топаман! Зарур келса, пойида тиз чўкаман. У менга албатта фарзанд туғиб беради! Мен ҳеч қачон марҳум бувижонимнинг истакларини оёқости қилмайман!

Қишлоқ кўчаларини кезиш, гўзалликда тенгсиз табиатини томоша қилиб кўнгил ёзиш каби ниятларим ҳам бир четда қолди.

Ярим соат деганда туман марказига етиб бориб, катта шаҳарга қатнайдиган йўловчи машиналардан бирига ўтирдим.

Йўловчи машинада катта шаҳарга қайтардим-у, мошдек очила бошлаган кўзларим оламга яшил либос кийдириб, бу либосга лолақизғалдоқлардан гул тиккан табиатнинг ҳуснини, тароватини кўрмасди. Хаёлим, қалбим, вужудим фақат Сусаннани туяр, жоним омон қолганига, аҳмоқлигим зулмат гирдобига ғарқ бўлганига шукр қилардим.

У билан ўтган кунлар хаёлимда гавдаланар, гоҳ оғринсам, гоҳ мамнун жилмайиб қўярдим. Лекин руҳим безовта эди. Уни қаердан излашни билмасдим. Топган тақдиримда ҳам оилага қайтаришга ҳақсиз эканимни, бундай бахтга эриша олмаслигимни сеза борардим.

Тоғ оша пастга тушганимизда тўсатдан осмону фалакни бўрон қоплаб, чанг-тўзон қуюн шаклига кирганча олдимизда шайтони лаин каби чир айланиб уча бошлади.

Ҳайдовчи ёшроқ бўлгани учунми, машинани тўхтатди. Ҳаммамиз ташқарига чиқдик.

Тоғ чўққиси тарафдан худди мўри малах каби қора булутлар тўдаси бостириб келарди. Демак, ҳадемай жала қуяди. Мен тоғ ёмғирини яхши биламан. Унинг ҳар томчиси бошга гўё тош каби келиб урилганда, ўзини ботирман деб билган ҳар қандай кимса тирақайлаб панага қочади. Шундай экан, машинада ўтираверганим дуруст эди. Фақат… Машинага ўтирдим дегунча тағин Сусанна ҳақидаги турли шубҳалар, тахминлар юрагимни эза бошлайди. Бу ер эса ўша қийноқларни нари ҳайдагандек кўнглимга хотиржамлик бахш этмоқда. Бўрон увиллаши мени чалғита бошлаяпти. Демак кучли жала ёғса ҳам туриб беришга тайёрман. Катта шаҳарга етгунча чалғий олсам, тек ўтира олсам бас.

Йўқ, бахтга қарши ҳайдовчи бизларни машинага ўтиришга чорлади.

— Тез машинага чиқинглар! — қичқирди у ингичка овозда. — Қўшни туманга олшиб борадиган катта йўлга чиқиб олсак, ҳаммаси жойида бўлади.

Машина жойидан қўзғалди.

Хайрият, ҳайдовчи йигит радиосини варанглатиб қўйибди. Мен умуман танимайдиган йигитнинг ясама ноласи машина салонини тутди…

Аслида шу тобда куй, қўшиқ қандай бўлиши мен учун фарқсиз эди. Хаёллар олиб кетмаса, бағрим тиғланмаса бас…

Катта шаҳарга шомга яқин кириб келдик. Йўл бўйи ҳеч ким билан сўзлашмадим. Ўз дардларим, қайғуларим билан овора бўлдим. Шу баҳонада бир тўхтамга келиб олдим. Мен Сусаннани бу гал ҳам дугонаси Ленаникидан излаб кўраман. Чунки улар бир-бирисиз тура олишмасди. Бир чимдим қаҳва топишса ҳам дарров бир-бирларини йўқлашга тушишарди. Балки Лена дугоналик қилиб Сусаннани мендан беркитаётгандир. Тағин Худо билади…

Аввал уйга киришни-да хоҳламай тўғри Лена яшайдиган мавзе томон йўл олдим.

Етгунимча қоронғи тушди. Қоронғи зиналардан юқорига кўтариларканман, юрагим қинидан чиққудек потирлар, кўп йил кўрмаган қадрдон инсон билан учрашадигандек безовта эдим.

«Сусаннани кўндирсам зўр иш бўларди, — ўйлардим ўзимча. — Эртага ишга бормай ёнида ўтирардим. Барча орзуларимни, мақсадларимни тўкиб солардим. Уни бўлмағур хаёллардан нари бўлишга ундардим…»

Эшикни икки-уч бор оҳиста тақиллатганим ҳамоно Лена қаршимда ҳозир бўлди.

Гап бошлашга шошилмадим. Ундан бирор янгилик кутиб кўзларига сирли тикилдим. Аммо Лена ҳеч нима демоқчи эмасди. Мен каби жимгина туриб қолганди.

— Нега келганимни пайқагандирсан? — сўрадим ниҳоят қовоғимни уйиб. — Ҳаммасидан хабардорсан, гувоҳсан. Шундай эмасми?

— Биласанми, — деди Лена асабий оҳангда. — Сенларнинг ташвишинг мана бу еримга келди. Жанжаллашиб қолдингми, меникига югурасан. Нима, сенларга қўриқчи, ё қозимидим?

— Гапни айлантирма, — совуқ тиржайдим мен. — Биламан, жа гапдонсан. Ёлғонгаям қалпоқ кийдира оласан. Лекин ҳозир бу ҳунаринг ўтмайди. Яхшиси, Сусаннани чақир!

— Нима?.. — масхараомуз тиржайди Лена. — Кимни чақирай? Сусаннани?.. Мана, кўр, липпамга қистириб олганман хотинингни! Кўрасанми-а, кўрасанми?..

— Майнавозчиликни бас қил, — овозимни бир парда кўтариб дўқлаган бўлдим. — Ҳозир ҳазил сиғмайди кўнглимга!

Лена оғир уф тортганча бир муддат бош эгди. Сўнгра илкис бошини кўтариб кўзларини чақчайтирди.

— Ҳа, Сусаннани мен йўлдан урганман, — деди у. — Хўш, шунга нима бўпти?

— Нима?.. Нега йўлдан урасан? Сенга нима ёмонлик қилгандим?

— Сен Сусаннага нима бердинг? Қайғу, азобдан бўлак ҳеч вақоинг йўқ-ку! У эса ҳали ёш. Ўйнаб-кулгиси келади. Ҳашаматли ҳаётга лойиқ аёл.

— Илтимос, бу гапларни бас қилайлик! — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Ҳарқалай, Сусанна менинг никоҳимдаги хотиним. Шундай экан, тезроқ унинг қаердалигини айт! Жуда шошиб турибман.

— Ундан умидингни уз. Мен Сусаннани қўшни давлатдаги қариндошларимникига жўнатиб юбордим. Амакиваччам бор. Ўша ёқтириб қолибди.

— Нима?.. — Ленанинг бу қадар юзсизларча сўзлаши асаб томирларимни таранг торттириб юборди. Нима қилишни билмай, гангиб қолдим. Ахир… Бу нимаси?.. Наҳотки, одамлар, аёллар шунчалар юзсиз, номуссиз, шафқатсиз бўлсалар? Бу аёл нима деётганини биладими ўзи? Ё мени текшириб кўрмоқчими? Нега текширади? Бор йўғи Сусаннага дугона эди холос. Нима учун бундай йўл тутди?.. — Кел, гапни айлантирмайлик! Биламан, Сусанна мени ўзидан нари суриш мақсадида сендан илтимос қилган. Сезиб турибман, сен ундай қилмагансан. Мени қийнама-да, Сусаннанинг қаердалигини айт!..

— Мен айтадиганимни айтдим, — жавоб қилди Лена гезариб. — Бошқа айтадиган гапим йўқ. Хайр!

— Йў-ўқ, тўхта, — унинг йўлини тўсдим. — Ҳозирги қилиғинг учун-чи, абжағингни чиқариб юборсам ҳам оз!.. Афсуски, аёл кишисан. Йўқса…

— Хўш, нима қиласан? Урасанми? Ур!.. Ё милисага берасанми? Нима дейсан? Хотинимни ўғирлади дейсанми?..

— Ифлос!.. — лабларимни тишлаб аранг ўзимни босиб турардим. — Сендақаларни…

— Йўқол! — энди шармандаларча бақира бошлади Лена. Унинг қичқириғини эшитган қўшнилар бирин-сирин эшикларини очиб мўралай бошлашди. — Ҳозир ўзингни қаматиб юбораман! Мени зўрламоқчи бўлди дейман!.. Даф бўл, ифлос!..

Аёлга бас кела олмаслигим яна бир карра панд берди. Ленанинг ҳайқириғи туфайли азбаройи довдираб қолганимдан, нега келганимни ҳам унутиб, ит қувган соқов каби ортга чопишга мажбур бўлдим.

Ғира-шира қоронғиликда кўп қаватли уйларни оралаб кетиб борардим-у, тўйганча ичиб ухлаб қолган ва бир неча соатдан сўнг уйғонган одам каби карахт эдим.

Тақдирнинг бу зарбаси мени телба қиёфасига солиб қўйгандек туюларди. Қаерга, нима учун кетаётганимни фарқламасдим. Хаёлларим чалкашиб кетган, нуқул овоз чиқариб-чиқармай Ленани қарғардим. Қисматимга, шафқатсиз дунё, у бағрига олган номуссиз кимсаларни лаънатлардим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ