Қамоқхонада маҳбуслар исён кўтарди

0

19 май куни Тожикистоннинг Ваҳдатдаги колониясида юз берган исён муносабати билан 5 нафар назоратчи ва 40 га яқин маҳбус жазоланади. Бош прокуратураси тартибсизликлар вақтида хавфсиз жойга яшириниб олган назоратчиларга нисбатан жиноий иш очди, дея хабар беради ТР Адлия вазирлигидаги манба.

Расмий маълумотларга қараганда, “Ислом давлати” (ИД) гуруҳининг тарафдорлари бўлган маҳбуслар қамоқхонада исён кўтарган. Улар аввалига уч нафар назоратчини гаровга олган ва ўлдирган, шундан кейин 29 нафар маҳбусни, жумладан, мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП)нинг жазони ижро этиш муассасасида муддатни ўтаётган аъзоларини ҳам шафқатсизларча ўлдиришган.

ТР Адлия вазирлигидаги манбанинг маълум қилишича, Ваҳдат колониясида юз берган исён бўйича Бош прокуратура ходимлари томонидан олиб борилаётган тергов ҳозирча якунланмаган.

“Бош прокуратура исён вақтида хавфсиз жойга яшириниб олган 5 нафар назоратчига нисбатан жиноий иш очди. Шунингдек, тартибсизликларда иштирок этган 40га яқин маҳбусга ҳам яна муддат қўшиб берилади. Ҳозир улар терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда”, дейди манба.

Унинг таъкидлашича, колония бошлиғи Маҳмад Абдуллоев жавобгарликка тортилмайди.

“Қамоқхона бошлиғи тартибсизликлар келиб чиқмаслиги учун қўлидан келган ишни қилди”, дейди Адлия вазирлиги ходими.

Тартибсизликлар Душанбедан 15 километр жанубий-шарқда бўлган Ваҳдат қамоқхонасида юз берди. Тожикистон Адлия вазирлигининг таъкидлашича, исёнга Беҳруз Гулмурод – республика ОМОНнинг собиқ қўмондони, 2015 йилда Сурияга қочиб кетган ва ИД сафларига қўшилган полковник Гулмурода Ҳалимовнинг ўғли раҳбарлик қилган (ҳарбийнинг ўғли 2017 йилнинг май ойида ҳибсга олинган эди).

Колонияда юз берган исённинг асосий ташкилотчилари сифатида расмийлар “фаолияти тақиқланган террор ва экстремист гуруҳларнинг, жумладан “Ислом Давлати“нинг аъзолари”ни айблашди.

Ҳодиса шундай ривожланган. Пичоқ ва ўткир буюмлар билан қуролланган исёнкорлар колониянинг уч нафар назоратчиси – майор Бурҳониддин Муродов, майор Абдужаббор Ҳалимова ва катта лейтенант Маҳмуд Асоевни аввалига гаровга олди ва кейинчалик ўлдиришди.

Сўнг жарима изоляторидан 8 нафар ўта хавфли жиноятчини, жумладан “ИД”га алоқаси бўлганларни озод қилишди. Шундан кейин ўзларига қўшилмаганларни қўрқитиш ва мақсадларини амалга ошириш йўлидан қайтмасликларини кўрсатиб қўйиш учун улар бошқа маҳбуслар олдида беш нафар маҳбусни сўйиб ташлашди.

Улар орасида Саид Қиёмиддин Ғози, Саттор Каримов (Махсуми Саттор) ва Саидмаҳдихон Сатторов (Шейх Темур) бор эди.

Шунингдек, улар ўнлаб маҳбусларни яраладилар, дейилади Тожикистон Адлия вазирлигига қаровчи Жазони ижро этиш Бош бошқармаси хабарида. Шундан сўнг исёнкорлар колония тиббиёт қисмини ёқиб юборишди, бир нечта маҳбусни гаровга олиб ўзларининг озод қилинишини талаб қилдилар.

Ваҳдат колониясида тергов тадбирлари давом этмоқда.

Маълум қилинишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан колонияда маҳбусларнинг, жумладан исёнда иштирок этган маҳбусларнинг қариндошлари билан учрашувлари вақтинча тақиқланган.

ЎзА

 

loading...