Хуршида ТИЛЛАЕВА: «Менга уй бериб, Президентимиз кетгандан кейин чиқариб юборишди, деб интернет орқали овоза тарқатсанг, коттеж-уйли бўласан, деб алдашганди»

0

 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган “Андижонлик Хуршида Тиллаева кимни алдамоқда?..”номли мақола юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган турли фикрларни ўқиб, орамизда ўзининг кимлигини айтмаса-да, ўзгалар тақдири учун қайғурадиган, куйиб-пишиб гапирадиган, ким ёлғончи, ким ҳақу ким нохақ, ким тўғри ишлаяптию, кимни кимга кўпроқ фойдаси тегаётганини барчага уқтириб қўяётган юрдошларимиз борлигидан очиғи, хурсанд бўлдим.

Ўттиз йилдан ортиқ матбуот соҳасида ишлаган бўлсам, ёзган материалларим, муҳаррирлик қилган юзлаб китобларим (“Андижон” нашриёти муҳаррири сифатида) бўйича ҳеч ким ёлғон ёзибсан, нотўғри таҳрир қилибсан, деган гапни эшитмаган эдим. Аммо айрим мени билмаган, танимаган одамлар ёлғончига чиқаришини унчалик ҳазм қила олмадим. Беайб парвардигор, хатоларга йўл қўйган бўлишим мумкин, камчиликларим ҳам йўқ эмасдир.

Лекин ана шу тоифадаги инсонларга бир нарсани эслатиб ўтишни лозим, деб биламан. Журналист бор нарсани, кўрган, эшитган, ўзи ишонч ҳосил қилган маълумотни ёзади. Шахсан мен фаолиятимда ана шу принципга қатъий амал қиламан, ҳар бир ёзган сўз, айтган гапга масъулликни ҳис этаман. Жумладан, юқорида келтирилган мақоладаги ҳар бир фикр, гап учун қўлимда етарли асослар борки, ёзганман.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Хуршида Тиллаева телевидениега интервью берган, оиласига янги уй берилгани учун Президентимизга, вилоят ҳокимига, ана шундай хайрли ишлар бошидан турган инсонларга миннатдорчилик билдирган. Лекин ана шу уй онасининг номига берилганини, ўзига кейинчалик янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан икки хонали квартира берилишини билган. Шундай бўлса-да, ўзининг атрофидаги фисқу-фасод тарқатувчи, тирноқнинг орасидан кир қидирувчи баъзи бир инсонларнинг гапига кириб, ана шундай ишга қўл урган, яъни улар “Менга уй бериб, Президентимиз кетгандан кейин чиқариб юборишди, деб интернет орқали овоза тарқатсанг, коттеж-уйли бўласан”, дейишган. Табиатан содда қиз уларга ишонди.

“Менга уй бериб, Президентимиз кетгандан кейин чиқариб 
юборишди, деб интернет орқали овоза тарқатсанг, коттеж-уйли бўласан”, 
дейишган. Табиатан содда қиз уларга ишонди. 

– Мен адашдим, – дейди Хуршида Тиллаева биз билан суҳбатда. – Кимларнингдир гапига қулоқ солиб, видеомурожаат тайёрлаб, “Озодлик”ка юборибман. Аслида қилган бу ишим нотўғри экан. Ахир аввал қандай оғир шароитда яшар эдик. Янги уйдаги шароитлар билан ер билан осмонча фарқи бор. Онам, укам, синглимга, қолаверса, опамга барча шароитларга эга уй берилганидан қалбимда фақат шукроналик туяман. Насиб этса, мустақиллик байрами арафасида ўзим ҳам фарзандларим билан янги уйга кўчиб ўтаман. Худога шукр, бугун ишим бор, даромад топяпман, қизим Жасмина, ўғлим Аброрбек бағримда.

Юртимизда кейинги йилларда амалга оширилган ишлар, ўзгаришларни шунчаки айтиш мумкин эмас. Бутун юртни, миллатни юксакликка кўтараётган оламшумул ишлар бўлаётганини бутун дунё кўриб, эътироф этмоқда. Айниқса, Андижондаги қурилиш, бунёдкорлик ишларини, одамларнинг кайфиятидаги ўзгаришларни, уларнинг турмуш фаровонликлари юксалаётганини оддийгина қилиб айтиш мумкин эмас. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби, Андижонда ҳам асрларга татигулик ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда вилоятда 54 минг нафардан зиёд ногирон истиқомат қилади.
 Биринчи навбатда, яшаш шароитлари ўта оғир оилаларни уй-жой 
билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят ҳокимлиги 
томонидан уй-жой билан таъминланиши зарур бўлган ногирони бор оилалар 
рўйхати шакллантирилган. Бу рўйхатга ногирон фарзанд боқаётган 
Халимахон Тиллаева, яъни Хуршида Тиллаеванинг онаси ҳам киритилган. 

Вилоятда кейинги икки йил ичида биргина уй-жойга муҳтож, оғир турмуш шароитида яшаётган, жисмоний имконияти чекланган кишиларни уй-жой билан таъминлаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Яна фактларни келтириб ўтаман. Айни кунда вилоятда 54 минг нафардан зиёд ногирон истиқомат қилади. Биринчи навбатда, яшаш шароитлари ўта оғир оилаларни уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан уй-жой билан таъминланиши зарур бўлган ногирони бор оилалар рўйхати шакллантирилган. Бу рўйхатга ногирон фарзанд боқаётган Халимахон Тиллаева, яъни Хуршида Тиллаеванинг онаси ҳам киритилган.

Хидирша массивида барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласидаги янги қурилган уйлардан бири, 263- янги коттеж уй биринчи навбатда ўша оилага берилди.

– Аввал, бундай уйларда яшашни ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз, – дейди Халимахон ая Тиллаева. – Икки қизим турмушдан ажраган, ногирон фарзандим бор, яшаш шароитимиз жуда оғир эди. Янги уй қилиш биз учун фақат орзу эди. Давлатимизга, Президентимизга раҳмат. Биздай оддий инсонларга мана шундай кошона уйлар қуриб берилди.

Қизим, кимларнингдир гапига кириб, нотўғри иш қилибди. Бундан мен жуда афсусдаман. Агар шунчалик эътиборга, кўмакка шукр қилмасак, гуноҳкор бўламиз.

Бугун Андижондаги “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласига борган киши атрофдаги гўзал манзаралардан, ободликдан, адир бағрида мана шундай обод маҳалла барпо этилганидан ҳайратланади. Кенг, ёруғ кўчалар, шинам уйлар дилни яйратади. Маҳаллада бир неча савдо дўкони, боғча фаолият кўрсатмоқда. Янги мактаб барпо этилмоқда, янги ўқув йилига қадар у фойдаланишга топширилади.

– Маҳалламизда қисқа давр ичида мингдан ортиқ янги уйлар барпо этилди, – дейди маҳалла раиси Зиёдулло Жабборов. – Табиий газ, ичимлик суви билан тўла таъминланган. Яратилган шароитлардан маҳалла аҳли беҳад мамнун.

Вилоят ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар томонидан одамларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, яшаш шароитини яхшилиш учун зарур ишлар олиб борилмоқда. Имкониятдан келиб чиқиб, энг оғир шароитда яшаётган, шунингдек, ногирони бор оилаларни уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қилинаётир. Ўтган йили 459 та, жорий йилнинг ўтган даврида 59 та ана шундай оилалар уй-жой билан таъминланди. Бугунги кунда, биринчи навбатда, уй-жой билан таъминланиши зарур оилалар талайгина.

Уй-жойга муҳтож оилаларнинг барчасини бирданига уй билан таъминлаш мантиққа тўғри келадиган иш эмас. Ҳамма нарса бирданига бўлиши мумкин эмас, иш бор жойда камчилик бўлиши табиий.

Юртимизда юқоридаги каби хайрли ишлар олиб борилаётгани, қанчадан-қанча уй-жойга муҳтож инсонлар уйли бўлаётгани қувонарли, албатта. Лекин ана шу ишларнинг ичидан кир қидираётган кишилар “Давлат уни қилиб бериш керак, буни қилиб бериш керак”, деган иддоларни тўхтатса яхши бўлармиди, деган ўй ўтаеради ҳаёлимдан…

Сўнги сўз ўрнида бир гап айтмоқчиман: Баъзи «халқпарвар куюнчак»лар юртдошимиз Хуршида Тиллаева ҳақида ёзганларимизга ишонмаса, Андижонга келиб ўзи билан суҳбатлашсин. Андижондаги бунёдкорлик ишларини кўрсин. Зора, фисқу-фасод тарқатишдан тийилса.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА

 

 

loading...