Болаларингизга ўқиб беринг: “ЎРМОНДА ЗИЁФАТ” (шеърий эртак)

0

 

 

 

Шер ошхона очибди

Ўрмонда бугун,

Ёввойи ва хонаки

Ҳайвонлар учун.

 

 

Пишар турли таомлар

Қозонда «жаз-жаз».

Бўривой – ўт қаловчи,

Қуён – бош ошпаз.

 

 

Юмронқозиқ масаллиғ –

Тайёрлашда банд.

Ҳўкиз бобо – қоровул,

Эчки – официант.

 

 

Ошхонаки – ҳашамдор,

Кўринмайди гард.

Эшикка хат ёзилган:

«Туёғингни арт!»

 

 

Бирин-кетин ҳайвонлар

Келди ҳар ёндан:

Тоғу қишлоқ, яйловдан

Ҳамда ўрмондан.

 

 

Хўрандалар беҳисоб,

Зўрға етди жой.

Кучук суяк буюрди,

Маймун – аччиқ чой.

 

 

Мушук деди: «Келтиринг –

Сутга тўғраб нон.

Йўқми, сизда, мабодо,

Янгироқ сичқон?»

 

 

Тулкивой дер: «Бугун сал

Ташқари совуқ.

Менга – қайноқ какао

Ва тирик товуқ».

 

 

Қўзи беда сўради,

Олмахон – ёнғоқ.

Тўнғиз эса буюрди

Чирик ошқовоқ.

 

 

Талаб қилди Бузоқча

Кунжара, сомон.

Ёқиб тушди Кирпига

Чағир сувилон.

 

 

Иштаҳадан нолимай

Сули кавшар От.

Икки лаган бақани

Еди Бегемот.

 

 

«Менга ҳанг… ҳам қаранг!” деб

Бақирди Эшак.

Секингина деди Фил:

«Бир тонна хашак!»

 

 

Хўп яйрашди ҳайвонлар

Бўлиб жамул-жам.

Фақатгина Тошбақа

Эди бунда кам.

 

 

Тошбақа ҳам узоқда

Кўринди, ана.

Афсуски, у келгунча

Бекдир ошхона.

 

Анвар Обиджон

 

 

loading...