АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (37-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Чиқиб кетишдан олдин Шаҳноза ўтирган хонага ўғринча назар ташладим.

Очиғи кўнглим бу уйни тарк этишга қўймасди. У яхшиликдан, меҳрдан, муҳаббатдан, шафқатдан умидвор эди.

Унга қарши боролмадим. Бўсағада тек туриб қолдим. Атайин бир неча марта йўталдим.

Шаҳнозанинг йўлакка чиқишига, менга нимадир дейишига ишондим.

Орадан бир неча сония вақт ўтди.

Мен ҳануз ичкари хонадан кўз узмас, тиқ этган товушдан ҳушёр тортардим.

Қалбим безовта, вужудим дағ-дағ титрарди.

Ниҳоят йўлак четига ўрнатилган катта кўзгуда Шаҳнозанинг акси кўринди.

Унинг кўзлари йиғидан қизарган, лабларида номаълум титроқ зоҳир эди.

Шаҳноза менга яқинлашди-да, бир муддат жим туриб қолди. Афтидан айтмоқчи бўлган гапини тилига кўчира олмай ҳалак бўлди.

Шу кўйи бир неча дақиқа қотиб тургач, кутилмаганда энгашди-да, ногирон оёғини қучиб йиғлай бошлади.

Унинг аҳволини кўриб жон-поним чиқиб кетаёзди.

— Нима бўлди сизга? — сўрадим Шаҳнозанинг елкасидан тутиб. — Оёғингиз… оғридими? Гапирсангиз-чи!

Шаҳноза жавоб бериш ўрнига янада қаттиқроқ йиғлай бошлади.

— Дўхтир чақирайми? Айтинг, чақирайми?

— Й-йўқ, — дея бошини сарак-сарак қилганча менга суяниб олди Шаҳноза. — Ҳ-ҳозирча… Диванга олиб киринг! Ў-ўлиб қоламан!..

— Қани, аста қаддингизни кўтаринг! Шунда-ай!.. Менга суяниб юринг, эҳтиёт бўлинг!..

Мен Шаҳнозани авайлаб залга олиб кирдим-да, диванга ётқиздим.

 

* * *

 

Айни чоғда Шаҳнозага жуда оғир эканини юракдан ҳис этиб турардим. Гарчи ўзи сездирмасликка, мажбуран жилмайишга уринса-да, кўзлари дардини ошкор этиб қўяётганди.

Мен унинг уялиб, тортинишига эътибор қилиб ўтирмай, ногирон оёғини уқалай бошладим. Афсуски, Шаҳноза дош беролмади. Бақириб юборди.

— Керакмас, керакмас! — дея менга илтижоли тикилиб аранг сўз қотди у. — Оғриб кетаяпти! Чидолмайман!..

— Илтимос, рози бўлинг, дўхтир чақирай!..

— Фойдаси йўқ, — деди Шаҳноза оғриқлар бироз пасанда бўлдими, гавдасини орқага ташлаб. — «Тез ёрдам» чилар баннисага обориб ётқизиб қўяди. Яхшиси, ўзимнинг дўхтиримга обора қолинг! Анчадан бери кўрикдан ўтмай қўйгандим. Ҳамма айб ўзимда…

— Хўп, унда кийининг! — дея даст ўрнимдан турдим. — Борамиз дўхтирингизга! Фақат йиғламасангиз, тишни тишга қўйсангиз бас. Бу тахлит ётишингиз менга сира ёқмаяпти.

Шаҳноза яна бир-икки дақиқа инқиллаб ётгач, эҳтиёткорлик билан ўрнидан қўзғалди-да, кийимларини алмаштириш ниятида оқсоқланганча нариги хонага ўтди.

 

* * *

 

Шу тобда кўзларим ҳеч кимни кўрмас, қулоқларим гўё кар эди. Катта кўчада Шаҳнозани қўлтиқлаганча кетиб борардим-у, бағрим эзилгандан эзиларди. Худди гуноҳ иш қилиб қўйган банда каби унинг кўзларига тик боқишга ҳайиқар, ҳар инқиллаганда ичимда қайсидир томирча узилиб кетган каби сесканардим.

«Ишқилиб қўпол ҳаракат қилиб, Шаҳнозага озор бериб қўймайин-да, — ўйлардим йўл-йўлакай бундай оғир қадам босишга одатланмаганим боис ўта эҳтиёткорлик билан кетиб борарканман. — Ҳозирги дарди ўзига етиб турибди. Мен ҳам ўлганнинг устига тепган қилсам, ўзимни кечира олмайман кейин. Тузалиб кетсин, Худойим! Бундай аччиқ йиғи бағримни пора қилмоқда…»

Дардимга дард қўшиб ўткинчилар бизга ачиниш назари билан боқар, баъзилари очиқчасига бош чайқаб ўтарди.

Ғамли нигоҳларимни Шаҳнозага тикдим. У ҳамон сукутда эди. Гавдасини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ташлаганча ҳорғин қадам ташларди.

«Мана, ўйлаган ниятимга етмоқдаман, — кўнглимдан кечирдим Шаҳнозанинг тирсагидан маҳкамроқ тутиб. — Ниҳоят Шаҳноза мени қалбан қабул қилди. Унга нисбатан кўнглимда ёқимли туйғулар йўқ эмаслигини англади. Ҳақиқатан, мен у ҳақида сўнгги пайтларда кўп ўйлайдиган бўлдим, умидлар уммонида чўмила бошладим. У билан худди ҳозиргидек кўчаларда бирга кезмоқни, бахтимни барчага кўз-кўз этмоқни ният қилдим. Севгимдан завқ олишни мақсад қилдим…

Энди қўрқмайман, ҳеч нарсани ўйламайман, қайғурмайман, тушкунлик ботқоғига ботмайман, алам, гиналарга бўйин эгмайман. Фақат Шаҳнозанинг ёнида бўламан, ширин ташвишлар чекаман… Ҳеч кимдан ор қилмайман, андишаларга қул бўлмайман…»

 

* * *

 

Биз ярим соат деганда Шаҳноза айтган касалхонага етиб келиб ичкарига кирдик.

Илгари бундай вазиятларга сира дуч келмаганим учунми, ғалати аҳволга туша бошлагандим. Кимнингдир аравачада бошини қийшайтирган кўйи жавдираши, юзлари дока билан ўраб ташланган аёлнинг ногиронлар аравачасида сукут сақлаши кўксимни тирмалаб, вузудимга муз босгандек титрай бошладим.

Айниқса, врач кабинети эшиги қаршисида турган ногиронларга шунчаки қарашнинг имкони йўқ эди.

Уларнинг аксарияти мажруҳ, боши эгик, нигоҳлари совуққон. Ҳар бир саволга зардали оҳангда жавоб қайтаришга мойил эдилар.

Шаҳноза врач қабулига кириб кетгач, қўлтиқтаёғига суянганча ўй сураётган, соқоллари ўсиқ ўрта яшар бир эркакнинг ёнига чўкдим.

Унинг қўллари асабий титрар, гоҳи-гоҳида ўзича нималардир дея шивирлаб қўяр, кимларнидир уришган бўларди.

«Шўрлик, — ўйладим эркакка ер остидан разм солиб. — Дард туфайли асабий бўлиб қолгандир-да!.. Дунё шунақа экан. Буларга қараб туриб беихтиёр шукр қила бошларкансан. Ишқилиб, Шаҳноза шу кўйга тушмасин!..»

— Ҳаммангни ёмон кўраман, ифлослар! — эркак беихтиёр мен томон юзланди-да, тишларини ғижирлатиб аламли оҳангда сўз қотди. — Ўлдирмаяпсанлар мени, ўлдирмаяпсан! Нега? Нимага мени қийнаяпсанлар?

Менга у алаҳсирагандек туюлди. Эътибор қилмасликка уриндим. Аммо эркак тинчланадиган эмасди.

— Ҳамма ногиронлар эрта ўлади, — давом этди эркак. — Ҳаммалари эзилган, хўрланган. Шунинг учун яшашга хоҳишлари йўқ. Худойим… Фақат угина бизларга меҳр кўрсатиб, жонимизни эртароқ олади. Азобланмасин дейди. Бизнинг юракларимиз хаста. Ўламиз, эрта ўламиз!..

Бу гапларни эшитгач, даъфатан юрагимни ваҳима босди. Безовталаниб эркакка қаттиқроқ тикилдим.

— Нега ундай деяпсиз? — аста сўрадим ундан. — Нимага энди ногирон одам эрта ўлиши керак?

— Ишонмаяпсанми? Ишонмай қай гўрга борардинг?

— Тушунмадим, амаки, умуман тушунмадим.

— Сен анави… чиройли қизни опкелганмидинг?

— Ҳа, ўшани опкелдим.

— У қизингам кўп яшамайди. Туриши айтиб турибди.

— Бекор гап, — дедим эркакнинг сўзидан беихтиёр аччиқланиб. — Худо билади ҳаммасини.

— Сен ниманиям тушунардинг? Бошингга тушсин, ўшанда кўрасан.

Мен ортиқ унинг совуқдан совуқ сўзларини тинглаб ўтира олмасдим.

Даст ўрнимдан турдим-у, эркакка нафрат аралаш қараб қўйиб нари кетдим.

 

* * *

 

Сўнгги эшитганларим аъзойи баданимда музлик зоҳир этгандек азобда эдим. Айниқса, Шаҳноза тушкун кайфиятда врач ҳузуридан чиққач, кўнглимдаги ғашлик баттар зўрайди. Шайтоний хаёллар қулига айлана бордим.

«Наҳотки шу гаплар рост бўлса? — ўйладим ўзимча. — Тағин шўримга шўрва тўкиладиганми? Яна тобут қучоқлаб оҳ чекиш пешонамда бормиди? Кейин-чи? Нима бўлади? Ахир… Қайси гуноҳларим учун шундай кўйга тушаяпман? Нима учун айланиб-айланиб ҳозиргидек тўсиқларга урилавераман?..

Қайтадан Шаҳнозага юзландим. У ҳеч нарса демасди. Оғриқ зўриданми лаб тишлаганча юриб борарди. Ҳойнаҳой, тезроқ дорихонага етиб олгиси келарди.

Қанчалар ёш!.. Ҳали дунёга келиб ҳеч нарсани кўрмаган, фақат азобларга кўндаланг яшаган. Ногиронлигидан ич-этини еяверади. Гарчи кўзлари кулиб турса-да, ҳар сонияда ич-ичидан зил кетади. Сиқилади, озорланади, тақдирига лаънатлар ўқийди. Афсус, ҳеч нарса ўзгармайди, ҳаёт давом этаверади, у оғриқлар зарбига дуч келаверади…

«Тўхта, — деди ички бир овоз. — Сен ўзгаларга ачинасан, уларни асраб-авайлагинг келади. Имконинг етганича кўмаклашишни хоҳлайсан. Ҳатто қалбингда ширин ҳислар уйғонади. Лекин сенга-чи?.. Ўзингни ўтдан чўғга урганинг оқибати нима билан тугашини билмайсанми? Биласан. Тан олгинг келмаяпти. Гўзал ҳуснга шайдо бўлдингми, тамом, ҳаммасини унутасан. Кўзингни оч, Қодир! Бу сафар ҳам тубсиз жар ёқасида турибсан. Агар тушиб кетсанг, ҳеч қачон чиқа олмайсан. Қўй, бир-икки йил, балки бир-икки ойлик лаззатли ҳаётга аччиқ қисматни алишма! Кўзларингни чирт юмгин-у, Шаҳнозадан воз кеч! Шунда тўғри йўл тутган бўласан!..

Ички овоз беихтиёр мени сергак торттирди. Қадамимни секинлатиб, янада чуқурроқ фикрлашга, мулоҳаза юритишга тутиндим.

Ҳа, ҳа, эҳтиётимни кўрмасам бўлмайдиган кўринади. Ногирон эркакнинг гапида жон бор. Қишлоғимизда ногирон бир амаки бўларди. Ўша ҳам қирқ ёшга етмай оламдан ўтган…

Эҳ, нега бошида эсламадим, ўйламадим, калламни ишлатмадим? Гўзаллик, жозиба, тароватнинг кетидан қолмадим?.. Тўхта, ундай қилсам, Шаҳнозанинг ҳоли не кечади? Бир дардига минг дард қўшилиб адо бўлмайдими? Мен унинг қарғишига қолмайманми?

Шундай ўйлар миямни кемираверди. То дорихонага етгунча тинчлана олмадим. Безовталик қалбимни тарк эта қолмади.

 

* * *

 

Биз чамаси бир соат деганда керакли дориларни харид қилиб Шаҳнозанинг квартирасига кириб келдик.

Чарчоқ, оғриқ енгдими, дориларини ичиб бўлгач, Шаҳноза диванга чўзилди-ю, ухлаб қолди. Мен бўлсам, балконда бошимни чангаллаганча ўтирардим. Ўйлардим, бироқ ўйларимнинг охири кўринмасди.

Нима қилай? Кимга қулоқ тутай? Ўзимгами? Ё қалбимгами? Ким ҳақ-у, ким ноҳақ? Ногирон бир қизнинг кўнглига билиб-билмай қўл солиб қўйдим-ку! У қаршилик қилса, уриб-сўкиб ҳайдаётган бўлса-да, кўнглининг бир четида менга нисбатан янги туйғу уйғонганига шубҳам йўқ. Бу туйғу Шаҳноза учун жуда қимматли бўлса керак. Туйғуларини оёқости қилиб кетсам, гуноҳга ботмайманми? Бевақт ўлимига ўзим сабабчи бўлиб қолмайманми?

Миямда айланган бу ўйлардан қўрқиб кетдим. Ҳалитдан ўзимни қотил, шафқатсиз бир кимса қиёфасида кўра бошладим. Даст ўрнимдан турдим-да, Шаҳноза ухлаётган хонага кирдим.

У қошларини чимирган ҳолда ухларди.

Оҳиста тепасига бориб узун киприклари, ой ўроғини эслатувчи қалин қошларига суқ билан боқдим.

Йўқ, йўқ, дарров ташлаб кетмаслигим шарт! Бундай йўл тутишим яхшиликка олиб келмаслигини кўнглим сезаяпти. Сабр керак, сабр! Шундай қилишим керакки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин!..

Эҳ, дунё, дунё! Нега бизларга бу қадар торлик қилаверасан? Шу кўнгли ярим қиз ҳам узоқ яшаса, олам гўзаллигига қонса бўлмайдими? Эл қатори севинишга, ҳаётдан лаззат олишга ҳақи йўқми?.. Мен-чи? Унинг кўнглини опичлаб яшасам бўлмасмиди? Умримнинг қолганини у билан роҳатда ўтказсам арзимасмиди? Кексалик гаштини иккаламиз биргаликда сурсак ярашмасмиди?

Шуларни ўйларканман, барибир шафқатсизлик қила олмаслигимга кўзим етгандек бўлди.

Қалбим — энг яқин ҳамроҳимдан маслаҳат сўрашга аҳд қилиб эҳтиёткорона хонани тарк этдим.

 

* * *

 

Шу тахлит кунни кеч қилдим. Ташқарида зулмат шарпаси кеза бошлади. Одамнинг тинчини бузадиган шовқин-суронлар тинди. Бу ҳолат кўнглимни янада музлатгандек туюлди. Хаёлан ўйлаган ўйларим ўрнини қайтадан қўрқув, ҳадик эгаллай бошлади.

Кўз ўнгимда Сусанна намоён бўлиб, энтикдим. Унинг саломат экани туйғуларимни тиниқлаштиргандек бўлди. Кўз қарашлари, баъзан қаттиқроқ сўзласам индамай бош эгиб ўтиришлари, саволимга хўрсиниқ аралаш жавоб қайтаришлари хаёлимдан ўтди. Лекин бу бир неча сониялик ёқимли лаҳза эди холос. Ўзимни кераксиз, ташландиқ, абгор ҳис этганим ҳамоно, вужудим алам тўрига ўралди. Сўнгги бор Ленадан эшитган таъналар, Сусаннанинг изсиз ғойиб бўлиши, уйқусиз кечирилган тунлар, телбанамо тентирашлар, қайғу шаробининг тахир таъми таъсири мени оёққа турғазди.

Мен шоша-пиша Шаҳноза ухлаётган хонага кириб бордим.

Хайрият, у уйғонибди. Мени кўриши билан аста ўрнидан қўзғалиб, ёқимли жилмайди. Жилмайишнинг жозибасини ғира-шираликда бўлса-да, туя билдим.

Йўқ, бундай малоҳатдан осонликча воз кечиб кета олмаслигим тайинга ўхшайди. Майин жилмайиш, узун киприклар пирпираб-пирпираб қўйишининг ўзига мингта жонимни бағишласам оз-ку!.. Нега ундан юз ўгириш ҳаракатига тушдим? Ўша ногирон эркакнинг бир оғиз сўзи туфайлими? Ўлмаса-чи? Мендан-да, ўша эркакдан-да узоқроқ яшаб қолса-чи?..

Нималар бўлаяпти менга ўзи?.. Қандай ўйларни миямга қамаб олдим?.. Асло… Наргизани ҳам ҳеч қачон ўлмайди дейишган. У албатта тузалади дейишган…

Ахир… Ногирон эркак… Қўшнимизнинг туйқусдан ўлиб қолиши… Шуларнинг ўзи ҳақиқат эмасми?.. Қолаверса, Шаҳнозага Сусанначалик кўнгил қўя олмасам, ачиниш сабаб мажбуран суйсам, эркаласам, парвариш этсам, хушомадлар қилсам, бир кун сезади-ку!.. Сезибоқ хаста қалби баттар ўксимайдими? Албатта ўксийди. Унда тағин бир бегуноҳ умрининг завол топишига ўзим бош сабабчи бўламан. Демак, қандай йўл билан бўлмасин, Шаҳнозани тарк этишим лозим. Шундай қилишим керакки, мени ёмон кўриб қолсин. Кўришга кўзи бўлмасин! Шунда руҳи синмайди, қалби яраланмайди. Севгининг дастидан озор чекмайди. Нафрат эса уни олдинга бошлаши, яшашга ундаши аниқ…

Топдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ